Қайднома

Қидирув

Футболчининг кровати нархи – 35 минг евро...

Футболчининг кровати нархи – 35 минг евро...

  14.08.2020 01:55
  0
  495
Футболчининг кровати нархи – 35 минг евро...

Ушбу қимматбаҳо маҳсулотнинг афзаллиги нима? Испания Примеросини диққат билан кузатмайдиган мухлислар ҳам, катта эҳтимолки, Маркос Льорентени Чемпионлар Лигасида кўрсатган қаҳрамонлиги туфайли эслаб қолишгандир. У шовқинли «Энфилд»да «дубль» қайд этиб, турнирнинг амалдаги ғолиби - «Ливерпул»ни мусобақадан чиқариб юборганди. Льоренте қатъий парҳезга амал қилади, шахсий мураббийи бор, шунингдек, AS маълумотига кўра, бу футболчи ўйинлардан кейин HOGO фирмасида ишлаб чиқарилган махсус кроватда тикланиш жараёнини ўтайди. Ушбу жиҳознинг нархи - 35 минг евро. Худди шундай тўшак «Атлетик» аъзоси Ибай Гомесда ҳам бор. Бу кровать нега бунчалик қиммат? Унинг устунлиги нима? Gol.ru порталининг мақоласи шу ҳақда.

***HOGO мутахассисларининг таъкидлашларича, фирма жиҳози юқори сифатли, экологик тоза маҳсулотлардан ишлаб чиқарилган.

***Уйқу пайти кровать организм­даги электромагнит ифлосланишни йўқотади, инсон атрофида ўзига хос пуфак ҳосил қилиш орқали унинг ичкарига киришига йўл қўймайди.

***Ҳордиқ тизими инсоннинг биологик ёшини ўртача 15 йилга камайтиради.

Одамнинг биологик ёши организм­да алмашув жараёнининг қандай кечишига боғлиқ. Яъни у асл ёшдан юқори ёки паст бўлиши мумкин. Барчасини қон таҳлили орқали аниқлаш имконияти бор, шунингдек, уй шарои­тида амалга ошириладиган усуллар ҳам мавжуд (30 марта ўтириб-туришдан кейин юрак уриши - пульсни санаб, фарқ аниқланади). Масалан, 2018 йилги жаҳон чемпионатидан аввал Криштиану Роналду биологик тестлар унинг ёши 33 эмас, 23да эканлигини кўрсатгани ҳақида гапирганди.

Мадриддаги Уомплутенсе университетининг генетика, физиология ва микробиология кафедраси профессор Моника де ла Фуэнте бошчилигида тажриба ўтказди. 30 нафар кўнгилли икки ой мобайнида турли кроватларда ётди: айримлари HOGOда, бошқалар оддий жиҳозда. Тадқиқот хулосаси - янги маҳсулот иммун тизимини мустаҳкамлайди. Умуман, HOGO элит тоифадаги спортчилар учун кроватлар ишлаб чиқаради. Маҳсулот илмий кафолатланган ягона патентли тизимга эга бўлиб, уйқу пайти табиий тарзда биологик ёшни камайтиради - фирманинг расмий сайтида худди шундай ёзилган. Спортчилар учун энг мақбул хусусияти - жароҳатланиш эҳтимолини камайтиради ва тикланиш учун кетадиган вақтни қисқартиради.

 

HOGO тўшагининг асосий хусусиятлари:

***Кроватнинг асоси бел умуртқаси уйқу пайти одамнинг ҳаракатларига мослаштиради. Кроватнинг ўзи ерга уланган симга боғланади.

***Матраси пружина ва кўпиклардан холи, фақат табиий материаллардан тайёрланган.

***Матрас ости қисми - графит ва кумушдан тайёрланган тўр электромагнит ифлосланишни бартараф этади.

***Терморегуляторлар исиш ёки совиш даражаси ошишининг олдини олади.

***Материаллар: Руминиядан келтирилган, сунъий қуритиш тизимидан холи ёғоч; Янги Зеландия меринос қўйларининг пестицид аралашмаган жуни; Эквадор экспорти ҳисобланган намликни шимишга мўлжалланган кокос толаси; табиий латекс. 90 фоиз иш қўлда бажарилади.

Бундай ишлаб чиқариш ғояси Марино Сидга тегишли. У 20 ёшга тўлганида, уйқусизликдан азият чеккан - асосан тонгга яқин ухлар, шунда ҳам уйқу доридан фойдаланарди. Шифокорлар билан маслаҳатлашарди, илмий тадқиқотлар битилган китобларни ўқирди. Сўнгра Гранададаги матраслар фабрикаси боради, мазкур муассаса уйқу сифатини яхшиловчи маҳсулотга патент олганди. «Улар даҳолар ёки ақлдан озишган», - деб ўйлайди Сид ўшанда, аммо фабрика мутахассисларига ишонади. Кўп ўтмай, у фабрика эгаси билан бирга HOGO лойиҳасини амалга татбиқ этади. Сид 1982 йили таваллуд топган, ҳозир унинг биологик ёши 1993 йили туғилган кишига мос. Турли саволлар туғилса, Марино Мадрид, Гранада ва Америка институтлари тадқиқотларига асосан жавоб қайтаради. Унинг айтишича, бир йилда 2400та маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда, сирли формуладан эса фақат икки киши хабардор - ўзи ва фабрика хўжайини.

Гранадада 10 йил аввал BioVital номли компания электромагнит ифлосланишдан ҳимояловчи кроватга патент олганди. Ғоя она ва ўғилдан чиққан, қора қайин ва латекс кўринишидаги шунга ўхшаш материаллардан фойдаланилган, нархи эса 6-12 минг евро эди. Форумларнинг бирида BioVital айнан HOGOнинг ўзи эканлигини таъкидлашганди - мазкур фирмаларнинг логотиплари ҳам бир-бирига ўхшаш. HOGO сайтида компанияга 1990 йили асос солингани ёзилган. Испания неврологлари берган маълумотда айтилишича, мамлакатда 4 миллиондан ортиқ киши сурункали уйқусизликдан азият чекади. Компаниядагилар ўзлари ишлаб чиқараётган кровать ушбу муаммони ҳал этишда асқотишига ишонишади. Моделлар тоифасига қараб, 18-39 минг еврога баҳоланади. HOGO иммун тизими яхшиланишига кафолат беради, мабодо, икки ойдан кейин ҳам ўзгариш сезилмаса, маҳсулотини қайтариб олиш кафолати бор. Сиднинг сўзларига кўра, ҳозиргача ҳеч бир мижоз кроватлардан шикоят қилмаган, уларни ортга қайтармаган.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz