Қайднома

Қидирув

Ҳаммасига айбдор – Hawk-eye....

Ҳаммасига айбдор – Hawk-eye....

  14.08.2020 04:44
  0
  339
Ҳаммасига айбдор – Hawk-eye....

Мавсум якунларига кўра, АПЛдан тушиб кетган «Борнмут» клуби Англия чемпионати 28-туридан ўрин олган «Астон Вилла» - «Шеффилд» учрашувидаги битта эътиборга молик вазият юзасидан эътироз билдиряпти. Ўша учрашувнинг 42-дақиқасида «шамширлар» ярим ҳимоячиси Оливер Норвуд жарима зарбасини ижро этгач, тўпни Бирмингем дарвозабони Эрьян Нюланд эгаллаб олди. Такрорий вазиятда норвегиялик кипер тўпни дарвоза чизиғи ичида ушлагани кўринди. Бироқ голни аниқлаш тизими - Hawk-Eye иш бермади ва ўйин нурсиз дуранг (0:0) натижа билан якунланди. Хуллас, Sky Sports тарқатган хабарда айтилишича, «Борнмут» директорлар кенгаши ушбу компания устидан судга шикоят қилмоқчи, зеро, айнан шу хато клубнинг элита сафидан «ўчирилиши»га сабаб бўлибди. «Олчалар» бу билан клубни АПЛга қайтариш ёки «Вилла Парк»да ўтган баҳс натижасини бекор қилиш ниятида эмаслар, шунчаки, моддий компенсация ундирмоқчилар.

Hawk-Eye вакиллари ўйиндан кейиноқ узр сўрашди

Компания тўп чизиқни кесиб ўтгани ва гол инобатга олиниши керак бўлганини тан олди. Бу ҳақда танаффус пайти ўйин ҳаками Майкл Оливерга ҳам айтишган, зеро, рефери ўша вазиятда шунчаки, технологияга ишонганди. «Астон Вилла» - «Шеффилд Юнайтед» баҳсининг биринчи бўлимида тўп мезбонлар посбони Эрьян Нюланд қўриқлаётган дарвоза чизиғини кесиб ўтди. Бироқ учрашув расмийларининг соатларига ҳам, қулоқчинларига ҳам бу ҳақда хабар келмади. Дарвоза атрофидаги трибуналарга ўрнатилган 7та камера голкипер, ҳимоячи ва устун билан тўсиб қўйилганди. Шу пайтгача Hawk-Eye голни аниқлаш тизими 9000тадан ортиқ ўйинда ишлатилган, лекин бундай ҳолат ҳеч қачон кузатилмаганди. Ускуна ўйиндан олдин синовдан ўтказилганида, ишлаётганди. Hawk-Eye АПЛ, «Шеффилд Юнайтед» ва мазкур вазиятдан жабр кўрган барча-барчадан узр сўрайди», — дейилади компания баёнотида.

Англия футболида расмий кишилар тайинловига масъул орган - Professional Game Match Officials Limited ҳам худди шундай баёнот билан чиқди ва VAR тизимида ишлаган ҳакамлар нима сабабдан мазкур вазиятга эътибор қаратишмагани тушунтирди. «IFAB (Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши) протоколига кўра, VAR бундай вазиятларни кўриб чиқиши мумкин, аммо ўша ҳолатда ўйин расмийлари майдонда тегишли сигнал олишмагани сабабли тизим вазиятга аралашмади», - дейишди ташкилот вакиллари.

Адвокатлар ва спорт юристларининг фикрлари қандай?

Адвокат Томас Хортон «Борнмут» қай тариқа Hawk-Eye тизимидаги носозлик туфайли компенсация ундириши мумкинлигига изоҳ берди. «Нафақат «Борнмут», балки АПЛнинг бошқа клубларида ҳам Hawk-Eye гуруҳидан товон пули талаб қилиш учун етарли далил бор. Жамоа лигада юқори ўринларни эгаллолмагани сабабли, даромаддан қуруқ қолди. Бунақаси 9 минг­тадан кўпроқ ўйиндан сўнг илк марта кузатилди, мазкур ҳолат ажабланарли. Ўйлашимча, «Борнмут»нинг эътирози суд томонидан маъқулланиши керак», - дея адвокат сўзларидан иқтибос келтирди Sky Sports.

Россиялик спорт юристи Михаил Прокопец ҳам ўз интервьюсида жабрдийда томон устунликка эгалигини таъкидлади: «Агар глобал мушоҳада юритсак, бундай ҳолатлар жаҳоннинг энг обрўли чемпионатида рўй бермаслиги керак. Гап турнир жадвалидаги якуний ўринларни тақсимлашга таъсир кўрсатган хато ҳақида бормоқда. Биз одатда шу каби вазиятлар учун ўз лигамизни танқид қиламиз. Юридик жиҳатдан айтганда, Hawk-Eye тизимига масъул компания ўз айбини тан олди ва шикоятчида устунлик бор. Бироқ тушуниш керакки, бу тан олиш «Борнмут»нинг элитани тарк этиши эмас, балки ўша голли вазиятга тааллуқли. Агар клуб судга борса, ушбу ҳолат туфайли зарар кўрганини исботлаши лозим. Бу қийин эмас. Иккинчидан, ўша хато ва лигани тарк этиш ўртасида боғлиқлик борлигини ҳам исботлаш зарур. Суд сўраши мумкин: «Ўша вазиятдан кейин «Астон Вилла» ҳам жавоб голини урмаслиги кафолати борми?» Алоқадорлик бўйича аниқ сабаб йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, суд жабрдийда фойдасига қарор чиқариши мумкин. Агар «Борнмут» алоқадорлик, зиён ҳажми ва фактини исботласа, албатта. Эътибор беринг, Hawk-Eye аниқ хато учун айбни тан олиб, «Борнмут»дан эмас, фақат «Шеффилд»дан узр сўради».

Яқин кунларда «Борнмут» директорлар кенгаши юристлар билан учрашиб, суд масаласида якуний қарор қабул қилади. «Олчалар»да бу ишда ғолиб чиқиб, яхшигина товон пули ундириш учун ажойиб имконият бор.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz