Қайднома

Қидирув

Мурод Исмоилов: «Турон»нинг мақсади жиддий»

Мурод Исмоилов: «Турон»нинг мақсади жиддий»

  14.08.2020 08:28
  0
  404
Мурод Исмоилов: «Турон»нинг мақсади жиддий»

Охирги 2 йилда «Металлург»да бош мураббий Андрей Шипиловга яқиндан ёрдам бериб келган Мурод Исмоилов яқинда янги жамоада иш бошлади. Вақтида «Пахтакор» ва «Нефтчи» жамоаларини самарали бошқарган тажрибали мутахассис эндиликда Про-лига вакили «Турон»-(Фарғона)да муайян вазифаларни бажаради. Айнан қандай юмушлар? Шу масалага ойдинлик кириш мақсадида Исмоиловнинг ўзига мурожаат қилдик.

- Янги жамоада иш бошлаганингиз яқиндагина эълон қилинди. Лекин «Металлург»дан анча олдин,  яъни мавсум бошида кетган эдингиз. Мана, маълум вақт ўтди, энди Бекобод клуби билан нега хайрлашганингиз сабабини айта оласизми?

- Бунда ҳеч қандай ғайритабиий томони йўқ - шунчаки, оилавий шароит шуни тақозо этди. Қисқаси, уйга яқинроқ жойда ишлаш мақсадида «Металлург»  билан дўстона хайрлашдик. Қолаверса, Бекободга боришдан олдин бирор жамоани мустақил бошқариш ниятида эдим. «Металлург»га  Андрей Шипилов бош мураббий сифатида тайинлангач, унга ёрдам бериб туришимни сўраб, таклиф қилишди. Чунки жамоани янгитдан шакллантиришга ҳаракат бошланган эди. Ўйлайманки, икки йил давомида ёмон иш олиб бормадик. Мана, «Металлург» тобора юксалмоқда, аввалги мавсумларда ҳам чакки натижа қайд этмади. Бир сўз билан айтганда, Бекободда яхшигина жамоа юзага келди. Буёғига Шипиловнинг ўзи мустақил қарорлар қабул қилиб, клубни бемалол юқори мақсадлар сари етаклай олади, менимча. Шундай экан, у ердаги миссиям ниҳоясига етганди. Ўз ўрнида, «Металлург» фақат омад тилайман.

- Андрей Шипилов четдан оғир феъл-атворга эгадек кўринади. Бу мутахассис билан бевосита бирга ишлаган мураббий сифатида унинг характери ҳақида қандай фикрдасиз?

- Шипилов нафақат қўл остидагилар, балки ўзига ҳам ниҳоятда талабчан. Менимча, бу мураббийнинг ўзини тутиши ҳеч кимда эътироз уйғотмаслиги керак - иши юзасидан шундай. Айтиш жоиз, Шипилов ҳозирги даражага етгунича кўплаб таниқли мураббийлар ёнида ишлади, тажриба орттирди. Дейлик, узоқ йиллар давомида жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида фаолият юритди. Агарда талабчанликни меъёрида ушлаб турмаса, клубни бошқаришда қийинчиликларга дуч келади. Тўғри, ташқаридан қараганда, бироз оғир табиатли кўринар, лекин аслида унинг ўзини тутишида ишга дахлдор омиллар борлигини унутмаслик керак.

- «Металлург»нинг сўнгги йилларда ҳар томонлама ўсишга эришгани - айни ҳақиқат. Айтингчи, бу борада клубда қандай ишлар амалга оширилди ва айнан нималар ўзгартирилди?

- Биринчи навбатда, клубнинг ташкилий ишларини тартибга солдик. Чунончи, икки йил аввал кўплаб футболчилар жамоадан кетишган ва мураббийлардан фақат Февзи Давлетов ҳамда Алишер Аҳмедов қолишганди. Шароитнинг ўзи Бекободда янги жамоа шакллантиришни тақозо этди. Шу тариқа таркибга янги футболчилар жалб этилди, мураббийлар штаби шакллантирилди. Шипилов футболчи танлаш масаласида асосан «Пахтакор»да ўзи билан бирга ишлаган ўйинчиларга эътибор қаратди. Зеро, уларни яхши биларди. У шунинг баробарида бошқа клублардан ҳам айрим тажрибали йигитларни таклиф қилди. Бундан ташқари, мутасаддиларнинг саъй-ҳаракатлари билан стадион чими янгиланди, база тўлиқ таъмирланди, академия ташкил қилинди. Хуллас, икки йил давомида катта кўламда иш бажарилди. Бунинг самараси ўлароқ, «Металлург» юртимизнинг олд жамоалари қаторига қўшилди. Муҳими, жамоанинг ўсишига қаратилган ишлар ҳозир ҳам давом этмоқда. Албатта, бундай самарали иш олиб бориш учун молиявий барқарорлик ҳам талаб этилади. Айни пайт «Металлург»га «УзМетКомбинат» ҳомийлик қилмоқда. Айтиш керак, озми-кўп ютуқларда шу ташкилотнинг эътибори асосий омилдир, ҳиссаси катта. Дейлик, раҳбарлар Шипиловни астойдил қўллаб-қувватламоқдалар, асосий жамоа учун шароитларни яратиб беришмоқда. Асосийси, футболчиларнинг мао­ши ва мукофот пули вақтида тўланмоқда. Муҳими, шу ҳаракатлар бесамар кетмаяпти, жамоа натижаларида ўз аксини топмоқда.

- Жамоаларга савияли футболчиларни жалб қилишда уларни клуб стратегияси ҳамда молиявий масалалар вақтида бажарилишига ишонтириш муҳим. Айтганларингиздан келиб чиқсак, «Металлург»­да бу борада муаммо йўқ, шундайми?

- Кулгули туюлса ҳам айтишим керак, ҳозирги кунда энг яхши почта - бу футболчиларники. Улар ўзаро маълумот алмашишда ҳаттоки, айрим ижтимоий тармоқ турларидан ҳам яхшироқ ишлашади. Демоқчиманки, барча футболчилар жамоаларда олиб борилаётган ишлар, уларнинг умумий ҳолати ҳақида муайян тасаввурга эгалар. Зеро, бошқа клубларда ўйнаётган футболчилар билан мунтазам фикр алмашиб туришади, ўз клубларидаги вазият ҳақида ҳам ҳамкасбларига маълумот беришади. Тушунарлики, ҳозирда футболчиларни қизиқтирадиган биринчи масала - бу клубнинг молиявий имконияти. Агар бу борада муаммо йўқлигини билишса, шундан кейин бош мураббий ва раҳбарлар ёндашувига қизиқишади. Шундай экан, «Металлург»даги умумий ҳолатдан юртимиздаги кўплаб футболчилар хабардор.

- Энди мавзуни ўзгартирайлик - янги иш жойингиз «Турон»да қандай юмушлар билан бандсиз?

- Айни пайт клубда академия очиш масаласида ҳаракат бошланган. Айтиш керак, академия ишга тушганидан кейингина аниқ бир вазифани зиммамга оламан. Унгача тумандаги спорт мактабларининг  футбол гуруҳлари мураббийлари билан учрашиб, ўзаро фикр алмашаман, зарур маслаҳатлар беришим мумкин. Хуллас, тумандаги ёш иқтидорларни кўздан кечириб, селекция ишлари билан шуғулланишим айтилган. Шу билан бирга «Турон» ва жамоа рақиблари ўйинларини таҳлил қилиб, мураббийларга қўлдан келганча маълумот етказиб туришим ҳам кўзда тутилган. Фақат алоҳида таъкидлашим керак, асосий жамоа мураббийлари билан бевосита ҳамкорликда ишласакда, уларнинг машғулотлари ва шу каби бирор ишларига аралашмайман. Вазифам - таҳлил ишларида кўмаклашиш, холос.

- Жамоада амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам маълумот берсангиз.

- Бу ерда катта ҳажмда иш олиб борилмоқда. Жумладан, асосий майдон чими талаб даражасига етказилиб, Суперлига жамоалари ҳам ҳавас қиладиган кўринишга келтирилди. Трибуна ўриндиқлари замонавийлаштирилди, мухлислар учун қулайликлар яратилди. Кийиниш хоналари ҳам керакли жиҳозлар билан бо­йитилди. Яқинда асосий стадион ёнида 2та табиий майдон ҳам барпо этилди. Бундан ташқари, катта ҳудуд ижара асосида олинди ва академия, шунингдек, клуб қароргоҳи қуриш ишлари ҳал қилувчи босқичда турибди. Яна жамоага янги замонавий  автобус буюртма қилинган. Умуман олганда, клуб мутасаддиларида режалар кўп.  Асосийси, мақсад жиддий, қандайдир кўр-кўрона иш кетаётгани йўқ. Барча ишлар узоқни кўзлаб, Ўзбекистон тумани манфаатини инобатга олган ҳолда амалга оширилмоқда. Табиийки, ҳаммасига бирданига эришишнинг иложи йўқ. Ҳозирда ишлар режага асосан босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Илоҳим, бундай лойиҳалар самарали ва давомли бўлсин.

- «Турон» чиндан ҳам, хусусий сармоядорлар маблағи эвазига молиялаштирилаётган клубми?

- Шундай. Сармоядорлар - Ўзбекистон тумани тадбиркорлари. Ўз ўрнида айтишим керак, уларга шу ишни бошлашдан олдин жуда кўп масканларни ривожлантиришни тавсия қилишган экан. Муҳими, клуб мутасаддилари тадбиркорларни ўз лойиҳалари туман тараққиётига ҳисса қўшишига ишонтира олишган. Очиғи, ҳозирда футболга сармоя киритиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди, айниқса, бизда.

- Қачондир сарфланган маблағ ўзини оқлаши керак. Келгусида сармоядорлар қандайдир манфаат олишлари мумкинми? Бу борада келишув ёки режа борми?

- Сармоядорларнинг асосий мақсадлари - «Турон» сафида туман академиясида тарбияланган маҳаллий футболчиларни кўриш. Яна тумандан чиққан футболчиларни мамлакатимизнинг турли ёш тоифасидаги терма жамоалари сафида ўйнашларига гувоҳ бўлиш. Шундан кейин тарбияланувчиларни бошқа жамоаларга сотиш ўз-ўзидан амалга ошаверади. Тўғри, академияга келган ҳар бир бола футболчи бўлолмас, лекин муҳими, жамиятимизга фойдаси тегадиган инсон сифатида вояга етса - бу раҳбарлар учун катта ютуқ. Масалан, 1000 нафардан зиёд тарбияланувчига эга «Краснодар» академияси раҳбари яқинда борини дангал айтди: «Ўқувчиларимиздан 5 фоизи етук футболчи бўлиб етишса ҳам, бу катта ютуқ ҳисобланади».

- Фарғона вилояти бош жамоаси саналган «Нефтчи»нинг вазиятни ўнглашига нима тўсқинлик қилмоқда, сизнингча?

- Тўғриси, билмайман. Мана, вилоятга қайтдим, ҳозирда ­«Нефтчи»даги ишларни четдан кузатиб турибман, холос. Жамоа базасига бош суқишни эп кўрмадим, албатта, одоб юзасидан. Яна нима дейишим мумкин? Клубда йигитлар ишлашяпти, ҳаракат қилишяпти. Астойдил интилиб, жамоани Суперлигага қайтаришларига тилакдошман.

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz