Қайднома

Қидирув

АПЛ якунлари: Рекордчи «Ливерпуль», қайта уйғонган «МЮ» ва омадсиз «Тоттенхэм»...

АПЛ якунлари: Рекордчи «Ливерпуль», қайта уйғонган «МЮ» ва омадсиз «Тоттенхэм»...

  14.08.2020 12:49
  0
  433
АПЛ якунлари: Рекордчи «Ливерпуль», қайта уйғонган «МЮ» ва омадсиз «Тоттенхэм»...

Англия Премьер Лигасининг 2019/20 йилги мавсуми ўзгача бир руҳда ўтди. Бир томондан, «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги иккинчи ўйиндан сўнг чемпионат интригаси пасайиб кетган бўлса, бошқа томондан, жамоалар кучли 4-ўрин кириш, яъни Еврокубоклар йўлланмаси учун сўнгги паллагача кураш олиб борди. Умуман олганда, Премьер Лига қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Қуйида айнан ўша қизиқарли воқеалар ҳақида батафсил.

Мавсумнинг энг яхши тўпурари

Очиғи, 33 ёшли Жейми Вардининг мавсумнинг энг яхши тўпурари бўлишига ишонганлар жуда кам эди. Аммо якунда шундай бўлиб чиқди. «Лестер» ҳужумчиси Премьер Лигада «Олтин бутса» совринини қўлга киритиш учун 35 учрашувда 23 та гол урди. Варди «Арсенал» ҳужумчиси Пьер-Эмерик Обамеянг ва «Саутҳэмптон» форварди Дэнни Ингзни атиги 1 та голга ортда қолдирди. Қайд этиш жоиз, габонлик 22 та гол учун 36 та, Ингз эса 38 та учрашув сарфлади.

Варди «Лестер»нинг кучли тўртликда қолиши учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилди. Бироқ«тулкилар» мавсум қайта бошлаганидан кейин анча суст ҳаракат қилди. Натижада клуб 5-ўринни эгаллаб, Европа Лигаси билан кифояланди. Аммо Жейми ҳақиқатан ҳам мавсумни яхши ўтказди. Ортда қолган мавсумда у ўзининг Премьер Лигадаги 100-голини урди. Шуни ҳисобга олиш керакки, ҳужумчи бор-йўғи 2014 йилдан бери юқори дивизионда тўп тепмоқда. Шунингдек, Варди Премьер Лигада 72 йил ичидаги «Олтин бутса»ни қўлга киритган энг «кекса» ўйинчи бўлди.

Мавсумнинг энг яхши ассистенти

«Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Кевин де Брюйне 20 та голли узатма билан 2019/20 йилги мавсумнинг энг яхши ассистенти бўлди. Ярим ҳимоячи бу йўлда энг яқин таъқибчиси Трент Александер-Арнольдни 7 та узатмага ортда қолдирди. Кевин жамоаси учун ярим ҳимоячи нима қилиши керак бўлса, бунинг ҳаммасини бажарди.

Де Брюйне 2019/20 йилги мавсумни бемалол фаолиятидаги энг яхшилари қаторига қўшиши мумкин. Кевин талайгина ассистлардан ташқари, ўз номига 13 та гол ҳам расмийлаштириб қўйди. Афсуски, бельгияликнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, «Манчестер Сити» чемпионлик пойгасидан анча эрта чиқиб кетди. Аммо бунда Кевиннинг «ҳисса»си деярли йўқ. Қолаверса, шаҳарликлар ҳали Чемпионлар Лигасидаги иштирокини давом эттирмоқда. Де Брюйненинг ишлари Чемпионлар Лигасида ҳам ёмон эмас. Унинг ҳисобида иккитадан гол ва голли узатма бор.

Мавсумнинг энг яхши дарвозабони

Мазкур унвон ўтган мавсумда «Манчестер Сити» дарвозабони Эдерсонга насиб этди. Ўтган мавсумда бразилиялик посбон 16 та «қуруқ» ўйин ўтказди. У иккинчи ўриндаги Ник Поупдан («Бёрнли») 1 тага кўпроқ ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олди.

Эътиборга молик жиҳати, бу мавсум Эдерсон учун энг яхшиси бўлмади. У 2018/19 йилги мавсумда Премьер Лигада 38 та ўйин ўтказиб, шулардан 20 тасида гол ўтказиб юбормаганди. Бу сафар эса дарвозабон 35 та ўйинда қатнашиб, 16 марта «қуруқ» ўйнади.

Мавсум сенсацияси

Қайсидир маънода «Манчестер Юнайтед»ни ушбу тоифага киритиш мумкин эди. Манкунианликлар 1 февралдан кейин ички чемпионатда мағлубиятга учрамади ва қутқариб бўлмайдигандек туюлган мавсумни сақлаб қолди. «Манчестер Юнайтед» 14 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серияни ўтказди ва турнир жадвалида учинчи ўринни эгаллади. Гап шундаки, «Манчестер Юнайтед» учун ички чемпионатдаги бронза медалларини катта ютуқ деб ҳисоблаш мушкул бўлган жамоалар қаторига киради.

Шу сабабли «Шеффилд Юнайтед»ни мавсум сенсацияси деб тасниф этиш мантиққа яқинроқ бўларди. Жамоа ўзи учун ажойиб мавсумни ўтказди. Крис Уайлдер жамоаси узоқ вақт давомида кучли олтилик учун курашди. Бироқ чемпионат қайта бошлангач, «Шеффилд» беқарор ўйнади ва мавсумни 9-ўринда якунлади. Аммо жамоа бир йил олдин Чемпионшипда ҳаракат қиларди, ҳозир эса Премьер Лиганинг ўртамиёна жамоаси. Бундан ортиқ яна қандай муваффақият бўлиши мумкин.

Мавсумдан кўнгли тўлмаган жамоа

Юқоридаги ҳолат каби, ушбу тоифага ҳам бир нечта жамоаларни киритиш мумкин. Улар орасида эса «Тоттенҳэм» етакчи ҳисобланади. Боиси Лондон клуби танаффусгача фақат қоқилди. Камига ана шундан мураккаб бир вазиятда Маурисио Почеттино ишдан бўшатилди. Жамоанинг таназзулга юз тутаётгани сезилиб турарди, аммо бу фақат мураббийнинг хатоси эмасди. Мутахассис унга трансферлар кераклигини таъкидлади. Клуб раҳбарияти эса унинг шартларини бажариш ўрнига унга чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйди.

 

Фото: «Тоттенҳэм»

2019 йил ноябрь ойида Жозе Моуриньо «Тоттенҳэм» бошқарувига келди. Португалиялик «беназир» келган бўлса-да, жамоа беқарор ўйнашда давом этаверди. Бундан ташқари, клуб жароҳатлар борасида катта муаммоларга дуч келди, бирин-кетин етакчи ўйинчилар сафдан чиқа бошлади. Бироқ «Тоттенҳэм» карантиндан ўзгача бир важоҳат билан чиқди. «Шпорлар» ўтказилган 9 ўйиннинг 5 тасида ғалаба қозонди, 3 бор дуранг ўйнади ва 1 марта имконият бой бериб қўйди. Ҳар қалай Моурнинг келгани шу ерда билинди. Шу тариқа лондонликлар Европа Лигасига йўл олди. Лекин ўтган йили Чемпионлар Лигаси финалида ўйнаган жамоа учун бу натижани ижобий баҳолаш бироз мушкулдек таассурот уйғотмоқда.

Мавсумнинг энг яхши трансфери

Мавсумнинг энг яхши трансфери, шубҳасиз, Бруну Фернандешнинг Манчестерга келишидир. Январь ойи охирида «Манчестер Юнайтед» «Спортинг»га ҳужумкор ярим ҳимоячи учун 55 миллион евро тўлади. Фернандеш эса дарҳол унга қўйилган капитални оқлай бошлади. Янги клуби учун иккинчи ўйиндаёқ, у ўз ҳисобига голли узатма ёздириб қўйди. Футболчи Премьер Лигада 14 та ўйин ўтказиб, шулардан 10 тасида самарали ҳаракатлари билан ажралиб турди, баъзида эса битта билан (гол ёки ассист) чекланмади.

Бруну Фернандеш

Фернандеш келганидан кейин «Манчестер Юнайтед» ички чемпионат баҳсларида бирорта ҳам ўйинда ютқазмади. Брунуни манчестерликлар дарҳол «ўзиники» қилиб олди. Ҳозирда у жамоанинг етакчи ўйинчиларидан. Айнан унинг хизматлари жамоанинг муваффақиятларида муҳим аҳамият касб этади.

Мавсумнинг асосий рекордлари

Ва ниҳоят, мусобақа чемпиони ҳақида. Айнан «Ливерпуль» ўтган мавсумда Премьер Лигадаги аксарият рекордларнинг муаллифи бўлди. Мисол учун, «қизиллар» турнирда 31 та ўйинда ғалаба қозониб, бир мавсумда бундай кўрсаткичга эришган ягона жамоага айланди. Бундан ташқари, мерсисайдликлар лига тарихидаги энг эрта чемпионликни қайд этди. Юрген Клопп шогирдлари чемпионат якунланишига 7 тур қолганида ўзлари учун чемпионликни кафолатлаб қўйганди.

 

Жамоа You’ll Never Walk Alone қўшиғини биргаликда куйламоқда

«Ливерпуль» бутун йил давомида ажойиб формада бўлди. «Қизиллар» кучли бешлик чемпионатларида мавсумнинг энг яхши стартини амалга оширди — 21-турдан кейин 61 очко. Шунга қарамай, жамоага «Манчестер Сити»нинг 2017/18 йилдаги рекордини (100 очко) такрорлаш учун бор-йўғи икки очко етмай қолди. Аммо бу Мерсисайд томонини заррача ҳам хафа қилмаган бўлса керак. «Ливерпуль»нинг такрорлаган, янгилаган ва ўрнатган рекордлари ҳақида соатлаб тўхтамасдан гапириш мумкин. Асосийси, «қизиллар» 30 йиллик танаффусдан кейин муносиб тарзда чемпионликни қўлга киритди. Муҳими шу, шундай эмасми?


Манба: daryo.uz, iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz