Қайднома

Қидирув

Ўғри, қоровул энди «хит»...

Ўғри, қоровул энди «хит»...

  15.08.2020 01:27
  0
  421
 Ўғри, қоровул энди «хит»...

У вақтида раҳбарнинг сейфини очган ва 2 йил давомида суд ишига қатнаган, кейин тунги клуб қоровули, ҳовли тозаловчиси сифатида ишлаган, янги туғилган қизалоғи реанимацион ҳолатини бошдан ўтказган. Энди эса Испанияда «хит» мақомида - кўпчилик эътиборини ўзига қаратди. Мавсум-2019|2020 Эсекьел Авила (ёки шунчаки, Чими Авила) учун Европа футболидаги учинчиси бўлди. Қарангки, Авила «Осасуна»даги дебют мавсуми давомида жамоанинг энг яхши ҳужумчиси ролини бажарди, Ла Лигада Антуан Гризманн, Альваро Мората каби тан олинган тўпурарлардан кўпроқ гол урди. Мана, «Осасуна» бош мураббийи Ягоб Аррасате эътирофидан бир парча: «Агар таркибимизда Чими бўлмаганида, қандай ўйнардик, билмайман. Шундай ажойиб ижрочини нисбатан арзонга сотиб олганимиз - омадимиз келганидан дарак».

 

******

Авиланинг юксакликка йўли - жиноят, умидсизлик, севги, ишонч ва омад аралашмасидан иборат адреналин. Биринчидан, Чими ўқлар ва безорилар орасида улғайган. Ҳаттоки, бир сафар ёлғиз ўзи спорт директорини тунашга уринган. Иккинчидан, Авиланинг бутун болалиги қашшоқлик ҳақидаги эртакка ўхшайди. У катта оила фарзанди. Эҳтиёж учун пул йўқ, отаси ташлаб кетган, онаси суткалаб ишда.  Авиланинг ўзи эса 10 ёшидан шиша заводи, озиқ-овқат дўкони ва бозорда ишлаган. Атроф жиноятга тўла. «Аслида даврамиз фақат яхши кишилардан иборат эди. Аммо кўпчилик битта сабаб - пул етишмаслиги ортидан ёмон йўлга кирган. Сен институтда таҳсил олишни хоҳлайсан, бироқ молиявий етишмовчилик ўз-ўзидан гиёҳванд моддалар истеъмол қилишинг, жиноят содир этишингга мажбурлайди. Афсуски, бундай қисмат оқибати ўлароқ, кўплаб яхши дўстларим тўдалар ўртасидаги жанжаллар ёки полиция билан отишмаларда ҳаётдан кўз юмишди...», - дея ёшлигини хотирлайди футболчи.

******

Чими Авила футболчилик фаолиятидаги дастлабки клуб - «Тиро Федерал» тизимига қўшилганида, 11 ёшли безоригина йигитча эди.  Уйидан клуб базасига автобусда чамаси 30 дақиқада етиб борарди. Бироқ йигитча ҳар куни ҳам йўлкирага пул тополмасди. Шунинг учун баъзан машғулотларга бувисига тегишли фермадан олинган отда қатнарди. Аниқроқ айтсак, Чими базадан икки квартал (маҳалла) нарида тўхтаб, отини дўстининг уйи ҳовлиси ёки шу атрофга боғлаб қўярди. Чунки жамоадошлари отини кўриб, кулишларини хоҳламасди.

******

Маурисио Почеттино қаҳрамонимизни ўсмирлик давридаёқ «Эспаньол»га чақиради. Аргентиналик мутахассиснинг шахсан ўзи Авила иштирокидаги ёшлар мусобақасига ташриф буюради ва унинг якунида йигитчанинг онаси билан келишиб олади. Шу тариқа Авила Барселонага йўл олиб, 6 ой давомида «тўтиқушлар» тизимида шуғулланади, аммо мамлакатда ўқишга рухсат ололмай, Аргентинага қайтиб кетади. У ерда болакайни ўзининг қадрдон ва чангли клуби - «Тиро Федерал» кутиб олади. Чимининг ўша пайтдаги хотиралари: «Тиро»да ҳаммаси менга маъқул келганди. Аммо клуб жуда қашшоқ эди. Баъзан ҳаттоки, янги тўп сотиб олишга пул топилмасди ва ночорликдан скотч билан ямалган коптокларда машқ қилардик...».

******

Авила 2012 йили «Тиро Федерал» офисига кириб, клуб спорт директори сейфини очишга уринади. Ёш футболчи ғараз мақсадини амалга оширгунича соқчи воқеадан хабар топиб, уни қўлга олади. Авила бунинг оқибатида бир неча кун тергов ҳибсхонасида ўтиради. Энг эътиборлиси, клуб бу жинояти учун уни на ҳайдаб юборади, на амалдаги шартномасини бекор қилади. Тўғри, жазо тариқасида деярли бутун маошини кесиб ташлайди ва машғулотларда қатнашишини ҳам тақиқлаб қўяди. Умуман, Авила ишига боғлиқ суд жараёни нақ 2 йилга чўзилади ва у якунда қамоқ жазосидан қутулиб қолади. Чими бу вақт давомида футболсиз қолганди. Клуб унинг тавба-тазарруларига асло қулоқ солмайди. Бошқа жамоалар эса безори футболчини ўз таркибига қўшиб олишни хоҳламайди. Хуллас, Авилани яна молиявий муаммолар қийнай бошлайди. Зеро, у бу вақтга келиб, уйланган ва ёнида ёш хотини ҳам бор эди. Вазият оғирлигини тушунган Чими мажбурликдан ҳар қандай юмушга қўл уради: тунги клубда қоровулчилик қилади, маълум муддат шиша идишлар ва металл парчаларини йиғади, қурувчи сифатида тер тўкади, ҳаттоки, ҳовлиларни супуриш билан шуғулланади, яна фермаларда ишлайди. Муҳими, футболчи бундан асло уялмайди: «Яқин атрофимда бўлган барча инсонлардан миннатдорман. Ўша давр ҳаётимнинг энг мураккаб қисми эди. Айтишим жоиз, шу қийинчилик мени ҳар томонлама чиниқтирди ва янада кучлироқ қилди».

******

Янги туғилган қизалоғи оғир хасталик билан реанимацияга тушиб қолганида, Авила фақат Яратганга ишонади, ундан умид қилади ва қурол билан ишлашдан мутлақо бош тортади. 2013 йили туғилган қизи атиги 10 кундан кейин нафас йўллари ўткир инфекцияси ташхиси билан шифохонанинг жонлантириш бўлимига тушади. Оддий шифохона чақалоққа ёрдам беролмай, хусусий клиникаларда даволатиш учун эса оилада етарли пули йўқ эди. Авила «Тиро Федерал» раҳбариятига ҳам мурожаат қилади, бироқ клуб ёрдам бермайди.  Кейинчалик фақат Росарио футболчилар иттифоқи оз миқдорда маблағ йиғиб беради. Авила ҳаётининг ўша даврини асло унутмайди: «Ошкора тан оламан, бунга қадар Худога ишонмасдим. Аммо қизим бетоб бўлган пайт, хусусан, даволаниш курслари бошлаганида, чин қалбдан кўп йиғладим, ибодат қилдим. Шукрки, Яратганнинг инояти билан яхши одамлар ёрдам қўлини чўзишди. Худонинг ўзи қўллади. Фарзандим соғайиб шифохонадан чиққанида, ўзимни тутиб туролмадим ва яна ҳўнграб йиғлаб юбордим. Фарқи шуки, буниси қувонч кўз ёшлари эди. Ўша даврдан эътиборан мустақил равишда ўз устимда кўпроқ ишлай бошладим, тинмай машқ қилдим. Бу вақтда турмуш ўртоғим эрталабдан кечгача шифохонада қизалоғимизга қарарди. Ҳаттоки, такси ёки автобус кираси пулини тежаш учун ҳар куни кичик спорт марказигача 30 километр йўлни велосипедда босиб ўтардим. Чунки аёлим оғир дамларда лоақал бир стакан қаҳва ичишга лойиқ эди».

******

Шундай кунлардан бирида тумандаги таниши Авилага муайян иш билан шуғулланиши учун мўмайгина пул таклиф қилади. Лекин қандай иш эканлигини айтмайди. Авила эса юмушнинг қонунга зид эмаслигига ишонмагани учун таклифни рад этади. Чунки ўша таниши олдидан кетаё­тиб, йигитларнинг машинага қурол юклаётганларини сезиб қолганди. Унинг нечоғли тўғри қарорга келгани кўп ўтмай ўз исботини топади: «Аслида ишлашга деярли рози бўлгандим, чунки пулга муҳтож эдим. Аммо охирги паллада қандайдир ички туйғу бу ишга қўл уришимга йўл қўймади. Орадан атиги 3 ой ўтгач, айнан ўша жойда 2 кишининг ҳибсга олинганини эшитдим».

******

Эсекьел Авила ва «Тиро Федерал» ўртасидаги шартнома 2015 йили якунланади. Футболчига янги жамоа топишда айни пайт «Атлетико»да ўйнаётган Анхель Корреа яқиндан ёрдам беради. Чими бу футболчи билан ўсмирлар терма жамоа­сида бирга ўйнаганди. Хуллас, Корреа «Сан-Лоренцо» раҳбарларига дўсти ҳақида барчасини айтади ва алоҳида таъкидлайди: «Ишонинг, у жуда иқтидорли». Натижада «Лоренцо» Авилани ўз сафига олишга қарор қилади...

 

Эсекьел Авила тарихидан яна 1-2та факт

 

***Чими 2 йилга чўзилган суд жараёнида янги жамоа билан атиги бир марта муваффақиятли музокара олиб борган. Яъни MLSнинг қайсидир клуби билан дастлабки келишувга эришади. Бироқ кутилмаган жароҳат барчасини барбод қилади.

***Испаниянинг «Уэска» клуби Авилани Аргентинадан «Атлетико»нинг собиқ дарвозабони Лео Франко тавсиясига кўра, чақиради. Улар «Сан-Лоренцо»да бирга ўйнашган. Чими шу тариқа «Уэска»да 2 йил ижара келишуви асосида ўйнади, аммо клуб молиявий етишмовчилик туфайли футболчининг трансферини тўлиқ сотиб ололмади. Дарвоқе, бу вақт давомида Авиланинг оиласи Аргентинада яшади.

***«Осасуна» эса Авилани 2,7 миллион еврога сотиб олди. Футболчи шундан кейин оиласи билан Испанияга кўчиб ўтди. Чимининг рафиқаси аввалига самолётда  учишдан қўрқиши туфайли Аргентинадан ташқарига чиқишни хоҳламади ва эридан илтимос қилди: «Уйимизга яқин жойдан клуб топ ёки бизсиз учиб кетавер...». Чими эса уйқу дори ёрдамида оиласини Испанияга олиб келди, барибир. Яъни рафиқаси бутун парвоз давомида дори таъсирида ухлаб, ҳеч нарсани сезгани йўқ.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz