ЕЧЛ чорак финал доирасидаги 4та учрашув яна бир бор исботладики, футбол билан боғлиқ умумий тасаввур ва тушунчалар ўзгармасдир. Аммо унга ёндашув, ўйинни тушуниш турли ҳудудлар ва даврлар, мураббийларнинг феъл-атворию, дунёқарашидан келиб чиқиб, ранг-баранглик касб этаверади. Бизнинг авлод, яъни катта ёшли мухлислар Константин Бесков «Спартак»да қўллаган ва Юрий Гаврилов - Фёдор Черенков - Сергей Родионов томонидан ажойиб тарзда ижро этилган «триугольник»ни кўриб роҳатланган, Нодар Ахалкаци фалсафасининг маҳсули бўлмиш Давид Кипиани, Виталий Дараселия, Рамаз Шенгелия каби «импровизатор»лар ўйинидан завқланган. Валерий Лобановский йўлга қўйган яшин тезликда ўйновчи «квартет» (Павел Яковенко - Василий Рац - Александр Заваров - Игорь Беланов) ҳаракатларидан ҳайратланган. Шу уч услуб, уч хил фалсафа ёшлик чоғларимизда онгу шууримизга муҳрланган. Диего Марадона, Мишель Платини, Карл-Хайнц Румменигге, Зико, Рууд Гуллит, Лотар Маттеус, Марко ван Бастен ўйинларини ҳам юқоридаги уч хил услуб фонида томоша қилиб, уларни ўзаро қиёслардик...
Ҳа, ХХ асрнинг 50-60-йилларидаги жаҳон, Европа ва собиқ иттифоқ футболи юлдузлари тарихига жиддий қизиқардик. Қарийб 30 йилдан буён кўришмасак-да, Мансур Абдураимов, Ёрқин Собитов каби курсдошларимиз билан бўлиб ўтган қизғин баҳс-мунозаралар ҳамон ёдимизда. Хўш, хотира маъносида бу қадар ёрқинликнинг сабаби нима? Футболга қизиқишми? Инкор этмаймиз. Лекин асосий сабаб - ўша давр футболи.
Ўйлаб қарасак, бугун қайси мураббий ўша давр футболидан озиқланиб, уни «тирилтириш»га эришса ва янги бўёқлар билан безаса, албатта, муваффақият қозонмоқда. 2010 йилнинг кузидаги машҳур «Эль-класико»дан сўнг «Новокласико»га асос солинди» номли мақола ёзгандик. Хосеп Гвардиоланинг еврофутболни ларзага солган фалсафасини ўзимизча номлашга интилган ва уни «Новокласико» ибораси билан таърифлагандик. Рақибни тўпсиз қолдириш эвазига чарчатиш, қийноқ ва унинг устидан «кулиш»га асосланган бу фалсафа 10 йил ўтиб, ниҳоят, янгича ёндашувлар қаршисида буткул бош эгди. «Лион» аввал «Ювентус»ни, кейин «Манчестер Сити»ни нари сурди. «ПСЖ» навқирон «Аталанта» чиғириғидан аранг ўтди. Юлиан Нагельсман тушмагур, кимсан Диего Симеонега сабоқ берди. Энг даҳшатли зарбани эса «Бавария» берди. Лионель Месси фактори ишламади ва буюк «Барселона» «немис машина»си ғилдираклари остида қолди. Месси «Барселона»ни, Роналду «Ювентус»ни, Гвардиола «Манчестер Сити»ни, Диего Симеоне «Атлетико»ни қутқаролмади. Месси ва Роналдудан ёшроқ бўлишгани учунми, Неймар ҳамда Мбаппе бу ишни бир амаллашди. Бугунги «Бавария» тинмай югурадиган шижоат, чарчашни билмайдиган шиддат, кўз юмган ҳолда бир-бирини тушуниш, фақат олдинга интилиш ва мислсиз сурон эвазига рақибнинг эсхонасини чиқариб юборишдир. Бундан 7 йил муқаддам, яъни 2013 йил баҳорида ҳам «Бавария» ва «Боруссия» Д. тегишлича «Барселона» ва «Реал»га нисбатан шундай «ҳунар» кўрсатганди. Орадан шунча вақт ўтиб, яна ўша ҳол такрорланди. Таъкидлаш жоизки, ўшанда Месси ҳам, Роналду ҳам айни кучда эди. Бироқ майдонда тошиб турадиган бу икки улуғвор куч ҳам Юпп Хайнкес ва Юрген Клопп фалсафасини енголмаганди. Ўша немисча «вулқон» яна уйғонди. Вулқонга бас келиб бўлармиди?! Унинг қудрати, важоҳати, энергияси қаршисида қолиш - шубҳасиз, мағлубият демакдир.
Бир ўйлаб кўринг, Раҳим Стерлинг нима учун очиқ дарвозага гол уролмади? У ҳовлиқмаса, ҳисоб тенглашарди ва бундан «Сити» руҳланиб, кучаярмиди? Эҳтимол. Бироқ «Лион»ни тўхтатолмасди. Раҳим Стерлингга чарчоқ, ҳаяжон, шошқалоқлик эмас, балки эндигина майдонга тушган Мусса Дембеледаги чақноқлик ва чанқоқлик «шок терапия» каби таъсир кўрсатди. Раҳим Стерлинг - моҳир футболчи ва у унча-мунчага адашмайди. Шанба оқшомида эса адашди. Тўғрироғи, у адашишга маҳкум эди. «Бир капалак Фарғона водийсида гулдан-гулга қўнса, Америкада бўрон туриши мумкин» дейишади. Боғлиқликни қаранг. Назаримизда, Мусса Дембеле кучли рақиб ҳаракатидаги аниқликни шундай таъсир орқали издан чиқарди.
О! Бу ўйинлар олдида «Бухоро» ва «Бунёдкор» ўртасидаги баҳс (қанақа баҳс?) шу қадар ғариб кўринди, шу қадар ғариб кўринди, асти қўяверасиз. Ғариблик ичра нотавон, бенаво бу футболни Михаил Ан ва Владимир Фёдоров руҳи қачон йўқлар, Бахтиёр Ашурматов каби аввалги хатоларни тузатишга ўтарми қанча-қанча кўзи очу, вале қорни тўқлар?!
Немисча «вулқон» маълум муддатларда уйғониб еврофутболни янгилайверади. Бизда-чи, бизда ўша шонли «вулқон»лар қачон уйғонади ва футболимизни фусунга тўлдиради?!
Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20