Остон Ўрунов «Спартак» сафига қўшилгач, рус матбуоти табиий равишда унинг шу кунгача қандай ўйнаганига қизиқа бошлади. Тўғри, руслар Ўруновнинг «Уфа»даги фаолиятини бевосита кузатиб, муайян хулоса чиқаришган. Аммо россиялик мухлислар учун футболчининг Ўзбекистонда нималарга улгурганини билиш ҳам қизиқарли, албатта. Metaratings сайти ижодкорлари шуни инобатга олиб, «Навбаҳор»да Ўруновга устозлик қилган россиялик мутахассис Андрей Канчельскисга мурожаат қилишди. Натижада «лочинлар»нинг танқидий қарашларни хуш кўрувчи устози «Спартак» дебютанти салоҳиятига тўхталиш баробарида бутун рус футболини «оёқ ости» қилди. Оддий айтганда, «МЮ» афсонаси собиқ шогирдининг «Спартак» ўйинига киришиб кетишига ишонч билдиришдан ташқари, унинг заиф томонлари ҳақида ҳам гапирди, яна имкониятдан фойдаланиб, РФИни боплаб «тузлади».
Ўруновнинг устунлиги. «Спартак» раҳбарияти ва мураббийлар штаби уни жамоа сафида кўришни хоҳлаган экан, бу ўтишни ўринли трансфер сифатида баҳолаш мумкин. Ҳа, Ўрунов билан бевосита ишлаганман ва айтишим керакки, унинг кўрсаткичлари ақлга сиғмайди, салоҳияти ҳам яхши. Хуллас, устун жиҳатларини тўғри йўналиш бўйича ривожлантирса, келажакда кучли футболчи бўлиб етишади. Биринчидан, йигитнинг жисмоний кўрсаткичлари зўр, техник салоҳияти ҳам чакки эмас, тезлиги жойида ва яккама-якка курашларда рақиблардан бемалол ўзиб кетиши мумкин. Менимча, «Спартак» яхши харидга қўл урди, фақат энди Остоннинг ўйинчилик фазилатларини мукаммаллаштириш талаб этилади. Бироқ Ўрунов мухлислар босимини қандай кўтаради ва «Спартак» ундан қайси ролда фойдаланади - бу савол. Остон аввало, қандай клубга тушгани, талаб ўта юқорилиги ва мухлислар нимани кутишларини тушуниши керак. Яъни «Спартак» Россияда ҳамон биринчи рақамли клуб эканлиги ва у провинциал ҳудуд шарафини ҳимоя қиладиган «Уфа» эмаслигини тушуниши даркор. У бутун шу ҳолатни руҳий томондан нечоғли кўтаради - буниси ҳам катта савол. Дарвоқе, Ўруновнинг жуда яхшигина зарба йўллаш иқтидорини алоҳида айтишим керак. Баъзан ҳеч ким кутмаган ҳолда, қўққисдан дарвозани нишонга олиши мумкин. Узоқ масофалардан гол уришни ҳам, рақиб жарима майдонида хавфли вазиятлар яратишни ҳам билади. Тўпни чап оёғига нисбатан ўнгида яхшироқ назорат қилади. Муҳими, ўнг оёғида таъбир жоиз бўлса, «нуқта қўёвчи» зарба бериш салоҳиятига эга».
Остоннинг камчиликлари. «Албатта, Ўруновда ҳали бир неча камчиликлари ҳам бор. Биринчиси - тўпни майдоннинг ўз жамоасига тегишли ярмида олиб юришни ёқтиради. Бунда баъзан алдамчи ҳаракатларга берилиб, тўпни йўқотиши ҳеч гап эмас. Биз Ўруновни майдон марказидан узоқлаштиришга урингандик. Яъни у қўл остимда инсайд, қанот вакили, учинчи ҳужумчи сифатида ўйнаган. Терма жамоада эса, Остонга кенг ҳуқуқ беришган, бошини силашган. Фақат биз борганимиздан кейин у ўзгаришга юз тутиб, ўсишни бошлади. Остонга эркинлик бериб ҳам кўрдик, аммо бу жамоа зарарига ишлади. Натижада йигитчадан асосан ҳужум ҳаракатларида фойдалана бошладим, чунки майдоннинг рақибга тегишли ярмида тўп йўқотиш унча ваҳимали эмас.
Яна бир фикрим шуки, Ўруновда узатма масаласи ҳам ривожланмаган. Демак, ўргатиш керак. Йўқ, уни тўп ошириш борасида катта муаммоли ўйинчи дейишим ноўрин. Албатта, Остон дейлик, Фернандо эмас, Тедеско штаби унинг ўйинларини кузатгани аниқ ва энг яхши сифатларидан унумли фойдаланишни билса керак. Ҳаммаси кўп жиҳатдан жамоада Остонни қандай қабул қилишлари ва йигитнинг катта клубда руҳий босимни нечоғли енга олишига боғлиқ. Яна бир минуси бор - мураббийлар кўрсатмаларини тўғри тушуниши учун рус тилини тезроқ ўрганиши керак. Менимча, «Спартак»даги муҳитда тилни муаммосиз ўзлаштириш имконияти кўпроқ. Билишимча, Ўрунов «Уфа»да ҳам русча, ҳам бошқирчани анча ўрганган».
Ўзбекистонлик бошқа футболчилар билан таққос. «Локомотив» томонидан харид қилган ўша Жалоллидиновни олсак, у ҳали шаклланган футболчи эмас, албатта, Ўрунов билан таққослаганда. Остонда қувват бор, жисмоний кўрсаткичлари ва техник салоҳияти ҳам яхши. Ўруновни Шомуродов билан таққослаш мумкиндир, аммо Элдор - гол уришга ихтисослашган ҳужумчи. Тўғри, коронавирус туфайли юзага келган танаффус унинг нишондорлигига путур етказди. Бу оғир эканлигини барчамиз яхши тушунамиз. Иккинчи томондан, Covid-танаффус Ўрунов фойдасига ишлади. Остонга фақат омад, саломатлик ва «Спартак» таркибига ўрнашиб олишни тилашим қолди, холос. Гап буюк жамоа ҳақида кетяпти. Нима дейишимдан қатъий назар, бу клуб сафига қўшилиш - чиндан ҳам, зўр. Бундай катта жамоада ўйнаш салмоқли вазнга эга».
Ўзбекларга нисбатан мода қаердан пайдо бўлди? «Россия Премьер-лигасига баъзан яхши савияли ўйинчилар йўл олишади, бироқ мамлакат футбол мактабларида катта муаммо бор. Бунинг оқибатида футболимизга келгиндилар ва ҳаваскорлар қаттиқ халақит беришади... Ҳаммаси, доимгидек, пул билан изоҳланади, РФИда эса қаллоблар ишлашади. Футболга дахли йўқ одамлар билан нимани ҳам гаплашиш мумкин? Россиянинг деярли ҳам бир клубида ўтиб кетувчилар ўтиришади. Россияга собиқ иттифоқ ҳудудидан йигитлар келишаётгани ҳақида нима дейишим мумкин...? Тўғриси, билмадим, мана, Ўзбекистонда ишлаяпман ва у ерда талабга жавоб берадиган яхшигина футболчилар борлигини кўриб турибман. Улар шаклланиб, Хитой, Ж.Корея ва Япония томонларга кетишяпти. Оддий айтганда, ўзбеклар тараққиёт йўлида, биз эса жойимизда қотиб турибмиз - мана сизга бор жавоб...».
Игнатьев хулосаси – Ўрунов Россия футболи юлдузчаси!
Bobsoccer.ru сайтида ёзилишича, «Уфа»да атиги ярим мавсум ўйнаб, «Спартак» эътиборига тушган ярим ҳимоячимиз Остон Ўруновнинг трансфери яқин орада бир қатор футболчилар тақдирига таъсир кўрсатиши мумкин. Москваликлар кимларнидир ижара сафарига юбориш ва баъзи ортиқча ўйинчиларни сотишни режалаштиришмоқда. Шунинг баробарида «қизил-оқлар» сафига яна янги футболчилар қўшилишлари эҳтимоли йўқ эмас. Италиялик Доменико Тедеско «Спартак» бош мураббийи сифатида Ўрунов трансферига ижобий муносабат билдирди: «Остон жуда иқтидорли ва ёш футболчи. Бизнинг ўйин чизмамизда «8-рақам» позициясида, икккинчи ҳужумчи ролида, қанот ҳимоячиси, таянч нуқтаси вакили ёки ҳаттоки, марказий ҳимоячи сифатида ҳаракатланиши мумкин - ахир у жисмонан жуда бақувват. Ҳозирча янги футболчидан қайси нуқтада фойдаланишимизни аниқ билмайман, лекин савияли ижрочига ҳамиша жой топилади, албатта». Тўғри, Тедесконинг охирги ибораси, яъни Ўрунов позицияси бўйича фикри бироз ҳайратланарли, барибир. Шундай тасаввур борки, бу трансфер «Спартак» мураббийлар штаби учун қайсидир даражада кутилмаганда амалга ошган. Лекин бу хато тасаввур бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Кўрамиз. Ўруновнинг нималарга қодирлигини ва Тедеско унинг кучли сифатларидан қандай самара чиқаришини чемпионат ўйинлари кўрсатади, албатта. Bobsoccer.ru сайти илтимосига кўра, Россияда хизмат кўрсатган мураббий, манбанинг доимий эксперти Борис Игнатьев ҳам Остон Ўруновнинг «Спартак»ка ўтганига муносабат билдирди.
- Борис Петрович, бу футболчининг «Уфа»даги ўйинларини кўргандирсиз, у ҳақда нима дея оласиз?
- Кузатган ўйинларимда Ўрунов менда жуда ёқимли таассурот қолдирди. Назаримда, бу футболчи ҳозир ҳар қандай жамоа учун қизиқарли. Зеро, Остон якка ҳолда натижа таъминлашга қодир ўйинчилар тоифасидан. Айниқса, техник томондан яхши ривожланган. Очиғи, айни пайт бизнинг Премьер-лигада бундай йигитлар оз. Ўрунов яна ақл билан ўйнаш масаласида ҳам чакки эмас. У гўёки, футболимизга Гаврилов, Черенков, Добровольский, Кирьяков кабилар даврини қайтармоқда. Бугун ҳамма ўйнашни билади, фақат жамоавий ҳаракатлар қолипига қатъий амал қилган ҳолда: тўп узатади - олади... Ўрунов эса айнан ностандарт ҳаракатланиши билан ажралиб туради. Унинг руҳияти, ўзига тўла ишонган ҳолда қарор чиқариши, ижрода худди шундай ҳаракатланиши чиндан ҳам, футболнинг муҳим жиҳатини асосли тарзда ўзлаштирганидан далолат. Хуллас, «Спартак» қизиқарли трансферни расмийлаштирди.
- Ҳа, бироқ Ўрунов камчиликларини кўраётган мутахассисларнинг айтишларича, у тез-тез ўйинни ўзига олади, аммо шерикларини кўрмай қолади, яна дарвоза олдида қулай вазиятга чиқиб, имкониятдан фойдаланолмайди. Яъни гол урмайди...
- Шундай, бу фикрга қўшиламан. Ўрунов - майдон марказининг типик ўйинчиси. Сиз санаб ўтган камчиликлари - ҳақиқат. Қолаверса, ҳали унинг атлетик сифатлари захираси қандайлигини аниқлай олмадим. Қанчалик чидамли, оёғида нечоғли мустаҳкам туради? Ҳа, ҳужум пайти вақтида шерикларига тўп узатиш бобида муаммолари бор. Бироқ бунга бошқа тарафдан изоҳ беришни истайман: жамоангиз ҳимояланиб, ҳимояланиб, тинкаси қурийди... Шу чоғда Ўрунов тўпни олади-да рақибларни айлантиришни бошлайди. Жамоа эса бу орада озгина тин олиб, куч тўплайди. Остон шу аснода рақибларни ўз атрофига йиғиб, жамоадошларига бўш ҳудуд ҳозирлаши ҳам мумкин.
- Хўш, уни «Спартак»нинг қайси позициясида кўряпсиз?
- Буни бош мураббий Тедеско ҳал қилади. Агар шахсий фикримни сўраётган бўлсангиз, жавоб беришим мумкин. Менга қолса, схемани шундай тузардим - чўзинчоқ учбурчакда таянч ҳудуди хавбеки ва икки нафар ярим ҳимоячи. Бунда Ўрунов чапроқда, Зобнин эса ўнгроқда ҳаракатланиши ммукин. Яна икки нафар таянч хавбеки билан ўйин ташкил этишга уриниб кўриш имконияти бор. Бири асосан бузиш ишлари билан шуғулланса, Ўрунов шу позициядан олдинга илтилади, албатта, тўп билан. Бироқ, барибир... Мураббий ҳар куни футболчилар билан ишлайди ва ким қандай ҳолатда эканлигини ва майдонда нима бера олишини яхшироқ билади. Демак, барчасини айнан у ҳал қилиши керак. Ўрунов учун олдинда бўшлиқ бўлиши муҳим. Чунки тўп билан ишлаш ва тезликда рақибларни алдаб ўтишни хуш кўради. Эътиборлиси, одатий суръатда эмас. Демоқчиманки, унда айнан тўп билан ишлашда тезлик кўзга ташланади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20