Қайднома

Қидирув

Ферран Торресс: «Валенсия»дан кетмоқчи эмасдим, аммо...»

Ферран Торресс: «Валенсия»дан кетмоқчи эмасдим, аммо...»

  20.08.2020 05:46
  0
  230
Ферран Торресс: «Валенсия»дан кетмоқчи эмасдим, аммо...»

20 ёшли иқтидор - Ферран Торрес кўз очиб кўрган қадрдон клуби - «Валенсия» билан хайрлашиб, Хосеп Гвардиола бошқарувидаги «Манчестер Сити» таркибидан жой олди. Испаниялик вингернинг АПЛ грандларидан бири сафида қандай ўйнашини вақт кўрсатади, албатта. Хўш, унинг ўзи Англия сафарига қандай қарамоқда? Ферран Marca нашрига берган интервьюсида «Валенсия»дан кетиши сабабига ҳам тўхталди. Кўринишидан, у «кўршапалаклар» ички муҳитидаги ўзбошимчаликлар ва бошқа кирдикорлардан безиганди...

- Айтчи, айнан «Сити» таркибига қўшилишингдан қачон хабар топдинг?

- Охирги кунлар ўта ҳаяжонли дамларни бошдан кечирдим. Чунки шахсий агентим «Манчестер Сити» раҳбарияти билан учрашиш учун Англияга кетганди. Орадан кўп ўтмай, қўнғироқ қилиб, келишувга эришганини маълум қилди. Бу жамоа барча мусобақаларда ғалабани кўзлайди, Хосеп Гвардиола эса дунё футболидаги энг яхши мураббийдир. Хуллас, «Сити»да маҳоратимни ошириб, янги даражага чиқишни хоҳлайман ва ўсишимга шубҳа қилмайман.

- Гвардиола билан суҳбатлашишга улгурдингми?

- Ҳа, учрашувда оз-моз ҳаяжон ҳам босди. У янги жамоага ўтганим билан табриклаб, хотиржам бўлишга чақирди. Яъни Гвардиоланинг самимийлиги ҳаяжонимни тарқатиб юборди.

- Хўш, «Сити»даги дастлабки мақсадинг нима?

- Имкон борича янги муҳитга тезроқ мослашиш. Асосий таркибдан жой олиш учун талаб даражасида ишлашга тайёрман. Рақобат қанчалик юқори бўлса, маҳорат шунчалик ошади. Табиийки, клубда ҳар доим юксак савияни намойиш этиш керак. Бундай қилолмаган футболчининг ўрни захирада.

- «Манчестер Сити» футболчиси мақомини олганингдан сўнг ўзингда қандай ўзгаришларни сездинг?

- Бир томондан, ғоят бахтиёрман. Лекин ҳаётим мазмунига айланган жамоадан кетганим учун қалбимда маҳзунлик ҳукмрон. Зеро, «Валенсия» бор меҳрини берди, 7 ёшдан унинг бағрида таҳсил олдим. Бироқ охир-оқибат, ҳафсаламни пир қилган ўта оғир дамлар ҳам кузатилди. Шунинг таъсирида кетишни лозим топдим. Лекин алоҳида таъкидлашим керак, клубдан бир умрга миннатдорман ва қаерда ўйнашимдан қатъий назар, унинг тақдирига қайғураман. Асосий муаммо шуки, жамоа тизимидаги бир қатор шахслар ва журналистлар мендан очиқчасига юз ўгирдилар, иззат-нафсимни булғадилар. Аслида «Валенсия»дан кетмоқчи эмасдим. Чунки шу клуб ва шаҳар фарзандиман.

- Нима, кучли босим остида қолдингми?

- Эътибор беринг, мутасаддилар илтимосимни кутиб ўтирмай, ўринбосарлар жамоасидан асосий таркибга ўтказишга қарор қилишгач, таклифни рад этишимни хоҳлайдиганлар босим ўтказа бошладилар. Асоссиз танқид тошини отганлар ҳаттоки, мени ва бутун оиламни обрўсизлантиришга уринишди. Уларнинг иддаоларига қараганда, асосий жамоада ўйнашга тайёр эмас эканман. Тўғриси, бу камситишлар жуда оғир ботди. Ваҳоланки, кўплаб журналистлар ва ОАВ вакиллари менга нисбатан самимий муносабатда эдилар. Энг аламлиси, нуфузимга путур етказиш ниятидаги шахслар ҳанузгача «Валенсия» тизимида ишлаяптилар.

- Улардан қаттиқ ранжиганинг шундоқ сезилиб турибди. Келажакда Валенсияга қайтишинг мумкинми?

- Албатта, қайтаман. Мен учун ўзга йўл йўқ - ўйлайманки, бунга қаршилик қиладиганлар бир неча йилдан кейин клубдан кетадилар. Шунда қайтиб, ўз ўйинларим билан ҳақ эканлигимни исботлашимдан умидворман.

- Мухлисларга нималарни етказишимизни истайсан?

- Аввало, уларга кучли эътибор, меҳр-оқибат учун миннатдорчилик билдиришим керак. Мухлисларнинг далдаларини ҳамиша ҳис қилиб турдим - бу жуда муҳим. Трансферим кимнидир ранжитган бўлса, узр сўрайман. Такрорлайман, ўзим буни истамагандим. Фанатлар эсда тутишсин - чин валенсияликман ва шаҳар ёки клубдан ҳеч қачон воз кечмайман. Бироқ атрофдаги воқеалар кўзлаган мақсаддан юз буришимни тақозо этди.

- Ўзи жамоадан кетиш ҳақида қачон ўйлай бошлагандинг?

- Ўтган йилнинг ёзида, 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Европа чемпионатидан ғалаба ва катта орзулар билан қайтганимда. Клуб вакиллари шахсан ўзим ва агентимга хизматимга эҳтиёж сезмасликларини билдиришди, жамоада 5-рақамли ҳужумчи бўлишимни айтишди. Бундан ташқари, ҳужум чизиғини кучайтириш учун янги футболчилар сотиб олишларини яширишмади. Бундай муносабат - футболчи учун оғир зарба. Қўшимчасига, кўп ўтмай, мени трансферга ҳам қўйишди. Якунда «Валенсия» мени Ла Лиганинг барча жамоаларига тавсия этди ва 12таси, жумладан, «Леванте» («кўршапалаклар»нинг азалий рақиблари) ҳам қизиқиш билдирди. Оқибатда кетиш фикри юзага келди.

- Наҳотки, шунчаликка борган бўлсалар...

- Ҳа, шу совуқ муносабатдан ке­йин кўзларим очилди. Шунингдек, бошқа қийинчиликлар ҳам йўқ эмасди. Масалан, коронавирус туфайли юзага келган узилиш. Тестларнинг ижобий натижа бергани мени  чўчитиб юборди. Шу пайтда ҳам ОАВ ҳамда клуб вакилларининг танқидлари тўхтамади. Бу сабр косасининг сўнгги томчиси бўлди...

- Умуман, шартнома муддатини узайтириш имконияти ҳам бормиди?

- Ҳа, бор эди. Сезар Санчес («Валенсия» бош директори) клубга келганида, тез-тез учрашиб турардик. Мени трансферга қўйишганида, агентим клуб олдига маълум шартларни қўйди. Ахир барчасини клубнинг ўзи бошлади-да. Хуллас, 3та шартнинг лоақал 2таси бажарилсагина янги келишувга имзо чекишимни маълум қилдик. Бироқ 1та шарт ҳам бажарилмади.

- Қандай талаблар қўйганингизни билсак бўладими?

- Албатта. Биринчидан, шартнома муддатини узайтириш жараёнида шахсан Питер Лим («Валенсия» президенти) иштирок этиши ва клубга қанчалик муҳимлигимни тасдиқлаши керак эди. Иккинчидан, сардорлик боғичини олишни истадим. Бу азалий орзум, қолаверса, бошқа жамоаларда ёшларга катта ишонч билдиришаётганини кўриб турибман. Масалан, «Реал Сосьедад» Ойарсабални шу йўл билан ўз сафида олиб қолди. Учинчидан, жамоада энг кўп маош оладиган футболчилар қаторига қўшилишим лозим эди. Бор гап шу.

- Талабларга Сезар Санчес қандай муносабат билдирди?

- Унинг реакцияси ишни боши берк кўчага киритиб қўйди. Фақат икки юмушни амалга оширди: яккама-якка мулоқот чоғи агентим айтган сўзлар ёзувини матбуот вакилларига тортиқ этди ва почтамизга янги шарт­номага оид таклиф жўнатди. Қисқаси, уринишлар ҳеч қандай самара бергани йўқ.

- Яъни «Валенсия» таклифини қабул қилмадинг.

- Ҳа. Матеу Алемани (собиқ бош директор) биз билан келишишга уриниб кўрди, аммо Сезар келдию, тамоман ўзгача иш тутди. Энг ажаблантиргани шуки, клуб президенти жараёнга умуман аралашмади. Ваҳоланки, у кўп ҳолатларда футболчиларга ён босарди. Шунингдек, шартнома муддатини узайтиришни электрон почта орқали амалга оширишни таклиф этишгани ҳам ажаблантирди.

- «Валенсия»да қолиш учун барча чораларни кўрганингни айта оласанми?

- Шубҳасиз. Қолиш мақсадида шарт­ларни баён этдик, молиявий талабларимиз клуб имкониятлари доирасида эди. «Валенсия» Европа грандлари каби катта маош беролмаслигини яхши биламан. Лекин лойиҳанинг бош ижрочисига айланиш қўлимдан келишига ақлим етарди. Клубдан шунга яраша ҳаракат кутдим. Бироқ...

- «Сити»га ўтишинг қандай юз берди?

- Ҳаммаси аниқ-равшан амалга оширилди. Манчестерликлар аввалига клуб раҳбарлари билан боғланиб, биз билан музокара бошлашга рухсат сўрашди. Келишиб олганимиздан кейин эса, «Сити» вакиллари «Валенсия» билан трансфер қиймати муҳокамасига киришишди. Шунда ҳам «Валенсия»дан вазиятга тўғри баҳо бериб, менга нисбатан муносабатини ўзгартиришини кутдим. Лекин ҳаммаси ўзгача якун топди.

- Айтишларича, жамоа сардори Парехо билан чиқишолмаган экансан, шу тўғрими?

- Таъкидлаш жоиз, асосий таркибда 3 йил шуғулландим ва руҳан кучли, анча улғайган футболчига айландим. 17 ёшда бўлганимда, вазият анча мураккаб эди. Парехо - ажо­йиб ўйинчи, аммо негадир ўзаро тил топишолмадик. Таркибга энди қўшилганимда, ундан «Хайрли тонг» иборасини бир неча ҳафта кутганман. Очиғи, Парехони яхши сардор сифатида мақтолмайман. Энг ёмони Марселино кетганидан кейин бошланди. Мен ва Ли Кан Ин жамоадаги барча қилғиликларга балогардон бўлиб қолдик ва ҳаттоки, бир неча ҳафта бошқа йигитлар билан умуман гаплашмадик.

- Ли Кан Иннинг умумий ҳолатига қандай баҳо берасан?

- Ҳурматга лойиқ йигит. Ўйлайманки, яқин орада ажойиб футболчи мақомига эришади. Умид қиламанки, «Валенсия» менга нисбатан йўл қўйган хатони такрорламайди. Ли Кан Ин ишончга муҳтож, ўта оғир даврни босиб ўтди, ўзини ёлғиз ҳис қилмаслиги керак. 

- Марселиночи?

- Ажойиб мураббий. Кўп жиҳатларда ундан қарздорман.

- Матеу Алимани ва Пабло Лонгория (собиқ спорт директори) хусусида нима дейсан? Жамоадан нима учун кетишганини тушундингми?

- Бу ҳалокат. Агар улар клубда қолганларида, шартномам муддати узайтириларди, албатта. Алемани жамоада менга ишонч билдирганлардан биридир.

- Бир неча кун аввал янги синовга тайёрлигингни таъкидлагандинг...

- Такрор айтаман, «Валенсия» мени трансферга қўйди ва кетиш ҳақида ўйлашимга мажбур этди.

- Сендаги иззатталаблик Роналдуни эслатмоқда...

- Криштиану - буюк спортчи, футболда юксак чўққиларни кўзлаганлар учун эталон мақомида.

- «Сити»га қайтамиз. Бугунги жамоа учун ЕЧЛда иштирок этишнинг ўзи етарли эмас...

- Ҳа, «Манчестер Сити» дунё футболидаги энг сара 5та клуб орасида ва ҳамиша бош совринга даъвогарлик қилади.

- Охирги савол: бошқа топ-клублардан ҳам таклифлар тушганмиди?

- Ҳа, ўта номдор жамоалар вакиллари алоқага чиқишди. Лекин ҳозир бу ҳақда гапиришдан маъно йўқ - сир бўлиб қолгани маъқул.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz