Қайднома

Қидирув

Темур Кападзеда йиғин таассуротлари қандай?

Темур Кападзеда йиғин таассуротлари қандай?

  21.08.2020 03:36
  0
  518
Темур Кападзеда йиғин таассуротлари қандай?

Тақвим бўйича 14-30 октябрь оралиғида юртимизда U-19 тоифасидаги Осиё чемпионати бўлиб ўтиши керак. Гарчи карантин тартиби кучайтирилган ва Суперлигада яна танаффус юзага келган бўлсада, ЎФА миллий жамоа қатори ёшлар термасига ҳам йиғин олиб бориш шароитини яратиб берди. Темур Кападзе шогирдлари мазкур машғулотлар доирасида миллий жамоа (2:3) ва «Бухоро» (2:2) клубига қарши ўйинларда майдонга тушишди. Хўш, навбатдаги йиғин жамоага нима берди? Бош мураббий Темур Кападзе билан суҳбатда шу масалага ҳам қизиқдик, албатта.

- Юртимизда карантин қоидалари қайта жорий этилгач, Суперлига баҳслари вақтинча тўхтатилди, лекин қўл остингиздаги жамоа йиғинда иштирок этди, барибир. Асосий савол - машғулотлар жараёнидан кўнглингиз нечоғли тўлди? Шогирдларингизнинг жисмоний ва индивидуал тайёргарлигида муаммо йўқми?

- Бу борада баъзи ташвишланарли ҳолатлар йўқ эмас. Зеро, ўйинлар бир маромда давом этмаяпти. Албатта, Суперлигадаги тўхталишлар ва Биринчи лиганинг кеч бошланиб, яна танаффус олгани номзод футболчиларнинг умумий ҳолатига маълум даражада таъсир қиляпти, барибир. Яна футболчиларни кузатиш ишлари бузилди. Шунга қарамай, йиғин давомида футболчиларнинг жисмоний ва индивидуал тайёргарлигини талаб даражасига олиб чиқишга уриндик. Ўйлайманки, айни пайт бўлажак турнирда қатнашадиган барча жамоаларда шундай ҳолат ҳукмрон. Муҳими, вазиятдан келиб чиқиб, мусобақага яхшироқ тайёргарлик кўриш мақсадида қўлдан келганича иш олиб боряпмиз. Қувонарлиси, Суперлига баҳсларига қайта старт берилди. Энди жисмоний тайёргарлик ҳам, ўйин амалиёти ҳам жойига тушиши керак. Ўзи йиғин ташкил этишдан кўра, спарринг-рақиб топиш қийин эди. Шукрки, йиғин доирасида миллий жамоа ва «Бухоро» клуби билан куч синашиш имконияти яратилди. Мени хурсанд қилгани, футболчиларимиз миллий жамоа вакиллари олдида ўзларини йўқотиб қўйишмади, уларга муносиб қаршилик кўрсатишди. Алоҳида таъкидлашим керак, айнан миллий жамоа билан ўйин ниҳоятда фойдали бўлди. Биринчидан, йигитларда ўз кучларига ишонч анча ортди. Иккинчидан, кучли рақибга қарши учрашувда камчиликлар яққолроқ кўзга ташланади. Заиф томонларимизни айни ҳозир аниқлаб олганимиз яхши. Энди кузатилган хато ва камчиликларни бартараф этиш устида изланамиз.

- Билишимизча, кейинги йиғин сентябрь ойига режалаштирилмоқда. Унда хориж жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказилиши ҳам мумкинми?

- «Ўртоқлик» масаласида иш кет­япти. Аслида терма жамоани мусобақага тайёрлаш бўйича аниқ режага эга эдик. Масалан, октябрь ойигача қатор турнирлар ва ўртоқлик учрашувларида майдонга тушишимиз кўзда тутилганди. Афсуски, пандемия режаларни бузиб юборди. Кўрамиз, эҳтимол, навбатдаги йиғинда Суперлиганинг кучли жамоаларидан бири билан ўйнаш имконияти туғилар... Ҳозирча аниқ гап айтишим қийин. Аввало, Суперлига биринчи давраси тугашини кутамиз. Шундан ке­йин янги режалар тузиб, шу бўйича иш олиб борамиз. Қолаверса, мусобақа старти яқинлашган сайин иштирокчи термалар юртимизга кела бошлайди. Балки турнирдан аввал халқаро «ўртоқлик» ташкиллаштириш имконияти топилар... Масалан, Малайзия термаси турнирдан олдин ўртоқлик учрашуви ўтказиш ниятини билдирди. Шунга ўхшаш таклифлар йўқ эмас. Хуллас, вазиятдан келиб чиқиб, иш тутамиз. Ўйлайманки, тайёргарлик борасида катта муаммо юзага чиқмайди. Асосийси, номзод футболчилар старт­га соғ-саломат етиб олишса, бас. Албатта, қўлдан келганича ҳаракат қиламиз. Мақсад - олдимизга қўйилган вазифани уддалаш баробарида халқимиз олдида юзимизни ёруғ қилиш ҳамда чиройли ўйинлар билан уларни қувонтириш.

- Гуруҳдаги рақибларни ўрганиш жараёни қандай кетмоқда? Табиийки, уларда ҳам йиғинлар ва ўртоқлик учрашувлари ташкиллашда ўзига яраша муаммолар мавжуд.

- Афсуски, бу борада кичик қийинчиликлар юзага келяпти. Рақибларнинг Осиё чемпионати саралаш босқичи доирасидаги ўйинлари видеотасмаларини топдик. Яъни ҳозирча ихтиёримизда шу тасмалар бор, холос. Менимча, улар худди биз каби шароитда шуғулланишмоқда. Бироқ маш­ғулотлар ёки клубларга қарши кечадиган учрашувлар видеоёзувини топиш қийин. Шунга қарамай, рақиблар ҳақида маълумот излашдан тўхтамаяпмиз. Бу борада алоҳида иш олиб бораётган  ходимларимиз бор. Улар ижтимоий тармоқлар орқали рақиблар қачон ва қандай йиғин ўтказишларини аниқлаб, барчасини кузатиб боришади. Ҳозирча гуруҳдошларимизга боғлиқ катта янгилик йўқ. Тўғри, яқинда Эрон термасида бош мураббий ўзгарди. Нима бўлганда ҳам, кузатишда давом этамиз, балки мусобақа яқинлашгани сайин жамоа­лар йиғинлар ва ўртоқлик учрашувларига кўпроқ эътибор қаратар... Шундагина рақибларни яхшироқ ўрганиш имконияти туғилади. Менимча, бу масалага ҳам улгурамиз, албатта.

- Про-лигада саноқли ўйинлар ўтказилгани, Ёшлар лигаси эса икки бора тўхтаб қолганини инобатга олсак, иқтидорли ёшларни топиш катта муаммога айлангани - айни ҳақиқат. Бундай шароитда фақат карантиндан аввал кўздан кечирган футболчиларга ишонч билдиришингизга тўғри келмайдими?

- Карантиндан аввал икки бор - декабрь ва январь ойларида йиғин ташкил қилинди. Уларда деярли 80 нафар футболчини синаб кўрдик. Энг муносиб йигитларга кейинги йиғинда ҳам имконият берилди. Афсуски, ҳозирги шароитда ҳудудларга бориб, футболчиларни кузатиш имконияти йўқ, ҳисоби. Лекин селекция ишлари бир дам ҳам тўхтагани йўқ. Зеро, чемпионат ўйинлари ўтказилмаса ҳам, жамоалар ўз қароргоҳидаги маш­ғулотларда ишлади. Хуллас, клублар бош мураббийлари билан доимий алоқадамиз, улар ўзларини кўрсатаётган ёшларни тавсия қилишлари мумкин. Яна номзодларнинг функционал ва жисмоний тайёргарлиги, қаерда қандай ўйнаши бўйича ҳам фикр алмашяпмиз. Шунга асосан янги номзодларни ҳам синаб кўришга ҳаракат қиламиз, албатта.

- «А» гуруҳида Эрон, Индонезия ва Камбоджа термаларига қарши ўйнаймиз. Бу ёш тоифасидаги ЖЧ-2021га Индонезия мезбонлик қилишини инобатга олсак, мазкур рақибнинг тайёргарлиги яхшироқ бўлса керак...

- Футбол ҳеч қаерда бир жойда тўхтаб тургани йўқ. Мунтазам ўсиш ва ривожланишда. Демоқчиманки, ҳар бир рақибга ҳурмат билан қарашимиз керак. Индонезия термаси Осиё чемпионати саралашида ниҳоятда тартибли ўйини билан кўзга ташланди. Бунда мураббийнинг меҳнати катта.  Лекин айтганимдек, ҳозир рақибларнинг айни дамдаги кучи ва ҳолати тасвирини аниқлаш имкония­ти йўқ. Ўйлайманки, ҳар бир жамоа турнирга жиддий тайёргарлик кўради, барибир. Ўзимдаги маълумотларга таяниб айтсам, Эрон термаси қолган икки рақибимиздан ҳам кучлироқ. Турнирни эса айнан форсларга қарши учрашув билан бошлаймиз. Биласиз, бундай мусобақаларда 1-ўйин катта ахамият касб этади. Шуни инобатга олиб, аввало, Эрон термаси ҳақида маълумот тўплашга урин­япмиз. Тўғри, жамоанинг янги бош мураббий қўл остида қандай ўйнаши номаълум. Умид қиламанки, турнирни ғалаба билан бошлаб, юришни юқори кайфиятда давом эттирамиз.

- Бу ёш тоифасидаги футболчилар ҳиссиётга тез берилишади. Уларга мухлислар қаршисида ўйнаш қўшимча куч бағишлармиди? 

- Бўлмасамчи! Қолаверса, футбол мухлислар билан гўзал. Афсуски, шундай муҳим турнирда «12»-рақамли ўйинчилар хизматидан фойдаланолмасак керак, бу ачинарли. Боз устига, бу ҳолат рақибларимизга қўшимча имкониятдир. Чунки барча бир хил шароитда, меҳмонлар ортиқча босимсиз ўйнашади. Лекин халқимизнинг қўллаб-қувватлаб турганини ҳис қилган ҳолда майдонга тушамиз. Ҳар қандай шароитда мухлислар меҳри, далдасини ҳис қилишимиз шарт.  Албатта, уларсиз қийин, бироқ мураббийлар штаби ва жамоага бириктирилган руҳшунослар ёрдамида футболчиларга ўйин аҳамияти ва ғалаба қадри ҳақида керакли тушунча берамиз. Мухлислардан эса ҳар қандай ҳолатда ҳам, йигитлар шаънига фақат яхши сўзлар айтиб, уларни руҳан қўллаб-қувватлаб туришларини сўрайман. Ҳар қандай негатив фикр ёш футболчиларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Зеро, улар ҳозир шундай давр­даки,  1та ўйинда яхши ҳаракатланишса, кейингисида ўйинлари қовушмаслиги ҳеч гап эмас. Буни тўғри тушуниш керак.

- Мураббийлик фаолиятингизда дастлабки ва муҳим вазифа қаршисида турибсиз. Синовдан муваффақиятли ўтиш йўлида қандай изланишларга қўл уряпсиз, кимлар билан маслаҳатлашяпсиз?

- Ҳозир тинимсиз изланишдаман. Фикру хаёлим - жамоа ўйинига қандайдир ўзгартириш киритиш. Очиғи, ярим йил аввалги фикр ва режаларимдан асар ҳам қолмади. Изланиш ва ўрганиш жараёнида қарашларим ўзгариб бормоқда. Миллий жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов маслаҳатларини оляпман, яна бундай турнирларда катта тажриба тўплаган Равшан ака Ҳайдаровдан ҳам кўп нарса ўрган­япман. Бу устозим қисқа турнирларга қандай тайёргарлик кўриш борасида етарли кўнимка ҳосил қилган. Муҳими, Равшан ака билан исталган пайт кўришиб, жамоага тааллуқли масалалар устида фикр алмашишга келишиб олганмиз.

- Миллий жамоада кўп нарсани кўрган инсон сифатида айтингчи, қўл остингиздаги термага яратилган шароитлардан қониқяпсизми?

- Ҳар қандай даврда терма жамоа­ларимизга етарлича эътибор қаратилган, камчилик ва муаммолар баҳоли қудрат бартараф этилган. Ҳозир ҳам раҳбарият терма жамоалар учун керакли шароитлар яратиб бермоқда. Бу борада муаммо йўқ. Бироқ шу кунгача бизда терма жамоалар учун алоҳида база ва стадион йўқ эди. Машғулот ўтказиш учун қайсидир клуб стадионидан фойдаланиб туришга тўғри келарди. Мана, мазкур муаммо ўз ечимини топяпти - терма жамоалар учун база қуриш ишлари бошлаб юборилди. Албатта, база атрофида машғулот майдонлари ҳам барпо этилади. Бу эса жамоа­ларимизнинг мусобақаларга тайёргарлик кўришида қўшимча қулайликлар яратади.

Хуршидбек ЮСУПОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" нашри.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz