Қайднома

Қидирув

Футболга қачон тўясан, Миура?

Футболга қачон тўясан, Миура?

  21.08.2020 10:42
  0
  343
Футболга қачон тўясан, Миура?

ОСИЁ ФУТБОЛИ ФАХРИ. Япониянинг «Йокогама» клубида тўп сураётган 53 ёшли Казуёши Миура ўз рекордларини янгилашдан сира тўхтамаяпти. Япониялик футболчи-бобо яқинда «Саган Тосу»га қарши баҳс (0:1)да бошланғич таркибда майдонга тушиб, 63 дақиқа ҳаракатланди. У шу тариқа  «Вентфорет Кофу» вакили Юкио Цучиининг 2017 йилги кўрсаткичини янгилади. Юкио Япония чемпионати элит лигасида 42 ёшу 10 ойлик пайти ўйнаганди. Юрген Клопп, Пол Гаскойн ва Роберто Баджо билан бир йилда туғилган Миура эса 50 ёшдан ошиб, майдонга тушган дастлабки профессионал футболчига айланди.

Қишда шартномасини янгилади, охирги голини 3 йил аввал урганди. Япониялик ҳужумчи жорий йил бошида «Йокогама» билан шартномасини яна бир мавсумга узайтирди, февралда эса 53 ёшга тўлди. У ўтган мавсум клубининг «J»-лигага чиқишига баҳоли қудрат ёрдамлашди, яъни йокогамаликлар сафида 5та ўйинда иштирок этди. «Ҳамон футболдан роҳатланишни хоҳлайман, миннатдорликни унутмайман. Жамоага олий дивизиондаги ўрнини сақлаб қолишида кўмаклашишга тайёрман. Клубимиз ғалаба қозониши учун боримни бераман», - деди Миура шартнома остига имзо чекканидан сўнг. Айни пайт қаҳрамонимиз фаолиятидаги 35-мавсум (!)ни ўтказмоқда. Эндиликда у аввалгидан камроқ майдонга тушмоқда, сўнгги голини эса 2017 йилнинг мартида урганди. Ўшанда 50 ёшли Миура Япония чемпионати иккинчи дивизиони доирасида «Кусуацу»га қарши кечган баҳсда рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг 1:0 ҳисобида зафар қучишини таъминлаганди.

Япониялик форварднинг фаолияти ҳақида китоб ёзса арзийди. У футболга узоқ 1986 йили кириб келган - Бразилияда «Сантос» шарафини ҳимоя қилган. Бразилиянинг бош­қа клубларида ҳам бир неча мавсум тўп сургач, Японияга қайтиб, 4 карра мамлакат чемпионига айланди. Шунда бу футболчини миллий термага таклиф қилиш фикри туғилди. Казуё­ши ке­йинчалик ижара келишуви асосида «А» серия вакили «Женоа» таркибига қўшилди. Миура жумладан, «Генуя дербиси»да «Сампдория» дарвозасини ишғол қилиб, «Женоа» ғалабасига катта ҳисса қўшди - 3:2. Япониялик ҳужумчи 1999 йили Загребнинг «Кроация» (ҳозирги номи - «Динамо») клубига ўтди ва Хорватиядаги дастлабки ва ягона мавсумида мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Ўша паллада футболчи миллий термадаги фаолиятини якунлаганди («самурайлар» сафида 89 марта майдонга тушиб, 55та гол урган). Янги аср бошида Миура яна ватанига қайтди, 2005 йилдан буён «Йокогама» шарафини ҳимоя қилмоқда: мазкур жамоа таркибида 288та учрашувда майдонга тушиб, 27та гол урди. Тахминларга кўра, Япония клуби ёши ўтиб қолган футболчини бежиз сақлаб қолмаяпти. Тушунарлики, Миура ўйинчи сифатида у қадар кўп фойда келтирмаяпти, аммо унинг ҳар гал майдонда кўриниш бериши «Йокогама»нинг футбол оламидаги довруғини янада оширмоқда. Ахир шу туфайли Европа ва жаҳоннинг етакчи нашрларида жамоа ҳақида мақолалар чоп этилади. Катта эҳтимолки, Миура кейиги йил клуб билан шартномасини яна бир мавсумга узайтиради.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz