Қайднома

Қидирув

Рекордларга бурканган соврин ёхуд яна "Олтин бутса" ҳақида

Рекордларга бурканган соврин ёхуд яна "Олтин бутса" ҳақида

  22.08.2020 09:08
  0
  465
Рекордларга бурканган соврин ёхуд яна

«Лацио» гарчи Италия «А» серияси охирги турида «Наполи»га 1:3 ҳисобида ютқазган бўлсада, римлик мухлислар мағлубиятдан у қадар ранжишгани йўқ. Зеро, уларнинг суюкли тўпурарлари - Чиро Иммобиле шу оқшом неаполликлар дарвозасини ишғол қилиб, чемпионатда урган голлари сонини 36тага етказиб қўйди. Шунча гол италиялик ҳужумчига тан олинган тўпурарлар - Роберт Левандовски (34та гол) ва Криш­тиану Роналду (31та гол)ни ортда қолдирган ҳолда, нуфузли «Олтин бутса» совринини қўлга киритиш имкониятини берди. Энг муҳими, тиниб-тинчимас Чиро пойгадаги ғолиблик сари юришида «А» сериянинг бир қатор рекордларини янгилади. Унинг «Олтин бутса»си шуниси билан  ҳам бошқача товланаётгандир...

 

Энг эътиборли жиҳати шуки, Чиро Иммобиле маҳсулдорлик бобида 1959 йилдан буён Италия чемпионатида италияликлар учун тенгсиз саналган кўрсаткични яхшилади. Яъни бу борада «Интер»нинг собиқ тўпурари Антонио Анжелиллога тегишли рекорд натижа (33та гол)ни «қулатди».

Иммобиле шунинг баробарида мавсум давомида пенальтилардан унумли фойдаланиб, «нуқта»дан аниқ зарба йўллаш борасида Европанинг кучли 5та биринчилигида энг юқори кўрсаткич қайд этди. Рақамларда айтсак, унинг жами 36та голидан 14таси пенальти самарасидир. Хуллас, «Лацио» голеадори шу тариқа яна бир ватандоши - Жузеппе Синьори рекордини ҳам янгилади. Собиқ ҳужумчи бир мавсумда «нуқта»дан 12та гол урганди. Дарвоқе, Криштиану Роналду ҳам якунланган мавсум жами 12та 11 метрли жарима зарбасини голга айлантирди. Германияда тинмай гол урган Роберт Левандовски эса «нуқта»дан бор-йўғи 5 марта аниқ зарба йўллади.

Яна бир диққатга сазовор факт - Симоне Инзаги - Чиро Иммобиле жуфтлиги «А» сериянинг энг сермаҳсул мураббий-футболчи тандеми сифатида эътироф этилди. Бинобарин, Чиро ушбу мураббий қўл остида рақиблар дарвозасини жами 103 марта нишонга олди. Бу борада аввалги рекорд Симоненинг акаси Филиппо Инзагига тегишли бўлиб, у Карло Анчелотти бошқарувида «А» серия вакилларини 95 марта ранжитган эди.

Бир мавсумда 36 гол - бу Италия чемпионатидаги энг юксак маҳсулдорлик. Уни 2015|2016 йиллар мавсумида Гонсало Игуаин («Наполи» таркибида) қайд этганди. Хуллас, Чиро чемпионат рекордини такрорлади, яна бир бора айтиш керак, бунга қадар италиялик футболчиларга бундай маҳсулдорлик кўрсатиш насиб этган эмасди.

«Олтин бутса» охирги 13 йил бадалига илк марта «А» серия вакили мулкига айланди. Чиродан аввал 2007 йили афсонавий Франческо Тотти Европадаги барча мерганларни ортда қолдирганди.

- Агар чинакам ишонч билан тўп сурсангиз, орзулар бирма-бир рўёбга чиқаверади. Албатта, мураббийлар, клуб ходимлари ва жамоадошларимдан беҳад миннатдорман. Яна шуни алоҳида таъкидлашим керакки, «Олтин бутса» соврини бир ўзим эмас, бутун жамоага тегишли. Шунингдек, майдонда ўзимни кучли ва эркин ҳис этишимда яқиндан ёрдам берган «Лацио» мухлисларига ҳам алоҳида ташаккур айтаман. Айнан уларнинг кучли далдалари билан шундай натижага эришдим, - деди «Олтин бутса»нинг янги соҳиби. Савол - Чиро қандай қилиб, Европанинг энг яхши тўпурарига айланди? Бунга жавоб қайтариш бир вақтнинг ўзида ҳам жуда осон ва қийин. Моҳиятан олганда, Иммобиле - «Лацио»даги етакчи куч. У аслида тезкор рейдлари, кучли зарбалари ёки ажабтовур дриблинг маҳорати билан ортиқча мақтанолмайди. Шу маънода айтсак, Чиронинг ютуғида бош мураббий Симоне Инзагининг улуши сезиларли даражада катта. Ҳар ҳолда, у фахрий шогирдининг энг устун жиҳатлари - позиция танлаш ва жарима майдони ичида самарали ўйнаш фазилатларини тўла-тўкис юзага чиқарди. Муҳими, ҳужумчи ёш устозининг барча кўрсатмаларини ўзига тўлиқ ишонган ҳолда, дадиллик билан бажаради. Зеро, унга майдонда эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи берилган ва фахрий футболчи бундай шароитда ўзини қушдек енгил ҳис этади, асосан, тезкор қарши ҳужумлардан самара чиқаришга уринади. Умуман олганда, «Лацио» шу йўсинда урилган голлар сони (9та)нинг жарима майдони ичидан йўлланган аниқ зарбалар улушига нисбати (63 фоиз) бўйича «А» серия етакчисидир. Яна бир томони, Симоне Инзаги тўпурарнинг жамоада асосий «фигура» эканлигини ҳеч қачон ва ҳеч кимдан яширмайди. Баъзан улар ўртасидаги ака-укалик ришталари яққол бўй кўрсатиб туради - Чиро ва Симоне  кўпинча клуб базаси таомхонасида ёнма-ён ўтирадилар, оилавий борди-келдилари ҳам йўқ эмас. Хуллас, айтиш мумкинки, ана шу аҳиллик майдонда ажойиб самара бермоқда. «Инзаги - Европа футболига мутлақо мос мураббий. Асосий фазилатларим айнан унинг даврида яққол намоён бўлди. Ҳа, у шогирдларига мотивация бериш бобида ўша Юрген Клоппга ўхшайди. «Лацио»да илк кунданоқ ўзимни эркин ҳис эта бошладим. Мирослав Клозе ўрнини тўлдиргач, Дортмундда йўл қўйган хатоларни такрорламадим. Германияда Роберт Левандовски ўрнида ўйнаганим учунми, ортиқча босим остида қолгандим. Римда эса бу ҳақда ўйламадим. Босимсиз тўп суриш қандай яхши...» - дейди Чиронинг ўзи.

Таркибда испаниялик Луис Альбертодек узатмалар устаси борлиги ҳам Иммобиленинг маҳсулдорлигига сезиларли таъсир кўрсатди. Бу футболчи голга ассистентлик қилиш бўйича (15та самарали узатма) биргина «Аталанта» вакили Пап Гомесни олдинга ўтказиб юборди, холос. Аслида Чиро барча жамоадошлари билан жуда аҳил, самимий муносабатда. Майдонда айниқса, тўпни жарима майдони томон оширадиган футболчилар билан ўзаро тушуниб ҳаракатланади: «Жамоамиздаги барча йигитларга ҳурмат билан қарайман - ажойиб футболчилар. Энди шаҳарга шахсий ҳайдовчим - Лаццарри ҳамроҳлигида бормай қўйдим, уни ишдан бўшатдим. Чунки Рим йўлларини унча яхши билмайди. Луис Альберто эса мени ҳаттоки, рафиқамдан ҳам яхшироқ тушунади. Хоакин Корреа ва Фелипе Кайседо - энг яқин дўстларим, яна тенгсиз футболчилар. Сергей Милинкович-Савич ва Томас Стракоша билан яхши чиқишаман, Лукас Лейва эса ҳам майдон, ҳам унинг ташқарисида ўзини ҳақиқий чемпиондек тутади». 

Аслида «А» серия бош тўпурарига аталган соврин Чиро учун бегона эмас. У 2017|2018 йиллар мавсумида «Интер»да тўп сурган Мауро Икарди билан бир хил натижа (29та гол) кўрсатиб, нуфузли сов­ринга шерикчиликда эга чиққанди. Мавсум-2012|2013да эса, 22та гол Иммобиленинг пойгада ғолиб бўлишига кифоя қилганди. Қаҳрамонимиз шундан кейин туғма тўпурар Роберт Левандовски ўрнини тўлдириш учун Дортмундга йўл олди. Бироқ бу юриш ўзини оқламади - Чиро Бундеслига доирасидаги ўйинларда атиги 3та гол урди. «Германия клуби кийиниш хонасида ўзига яраша муаммолар йўқ эмасди. Тўғриси, «Боруссия» мен ўйлаган жамоа бўлиб чиқмади. Ҳаттоки, немис футболчилар учун ҳам вазият ўта мураккаб эди. Италиялик ёки бошқа легионерларни гапирмай қўя қолай. ЕЧЛ­да жамоа учун 4та гол урдим, аммо бундан анча кўпроқ манфаат келтиришга қодир эдим. Афсуски, ўхшамади, ҳаммаси шу билан тугади. Турмуш ўртоғим билан шовқин кўтариб, қўшниларимизни уйғотиб юборганимиз ва немис тилини ўрганишдан бош торт­ганим ҳақидаги гап-сўзлар - ғирт ёлғон. Ўзи бу тилни ўзлаштириш анча мушкул. Лекин Клопп сўзларни бемалол таржима қилиб турарди. Тухель эса шунчаки, мени хуш кўрмасди. Бунинг асл сабабини тушунолмадим» - дея эслайди Чиро Бундеслигадаги фао­лия­тини.

Охир-оқибат, «Боруссия» Иммобилени аввалига ижара сафарига юборди, кейин «Севилья»га 11 млн. еврога сотди. Бироқ Испанияда ҳам ҳужумчининг ишлари юришмади - Унаи Эмери билан ҳеч чиқишолмади. «Яширмайман, «Севилья»да ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим. Январдаёқ кетишга отлангандим, лекин Эмери қолишимга кўндирди: «Чиро, биламан, савияли ҳужумчисан, жамоада қол, ҳали ҳаммаси яхши бўлади». Мураббийнинг сўзларига ишондим ва имконият беришини кута бошладим. Аммо деярли майдонга тушмадим. Кейин қаторасига 2та учрашувда гол уриб, ўзимга нисбатан ишончни қайтардим. Афсуски, фойдасиз - Эмери мени таркибдан яна узоқлаштирди. Ҳаттоки, гол урганимда ҳам... Бу мураббийни тушуниш қийин. Хуллас, ўзимни жамоанинг бир бўлаги сифатида ҳис этолмадим. Бундай вазиятда табиийки, ҳар қанча уриниш самара бермайди» - буниси футболчининг Испания­даги фаолияти юзасидан хотиралари. Шу тариқа Иммобиле 2015|2016 йиллар мавсумининг иккинчи ярмида ижара келишуви асосида Италияга қайтди ва «Торино»даги 14та ўйин­да 5та гол урган ҳолда, «Лацио» эътиборини тортди. «Севилья» эса 26 ёшли ҳужумчини мамнуният билан 9 млн. евро эвазига римликлар ихтиёрига берди. Кейин қандай воқеалар юз бергани - чинакам тарих. «А» серияга қайтганидан кейинги илк тўлақонли мавсумни 29та гол билан якунлаган тўпурар бу йил 100та аниқ зарба маррасига етди.

Дарвоқе, «Лацио» ўйин­ларида пасайиш кузатилган вақт ижтимоий тармоқлар орқали Иммобиле ва унинг оиласига ҳужумлар бўлди. Тўпурар эса ғаламислардан тинч қўйишларини сўраб, мерганликни давом эттирди. Асли неаполлик йигитнинг асосий мақсади - «Наполи» либосида майдонга тушиш. Тақдирнинг қалтис ҳазилини қарангки, у ўзининг 36-голини айнан шу жамоа дарвозасига йўллади. Яна сўнгги турда! Июль ойида Иммобиле учун «Ньюкасл» 135 млн. евродан воз кечишга тайёр эканлиги хусусида гап-сўзлар тарқалди. Лекин Рим клуби «Олтин бутса»нинг янги соҳиби билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида, футболчи эса, ҳаттоки, фаолиятини охиригача ҳам қолишга рози. Қисқаси, томонлар ўртадаги шарт­нома муддатини 2025 йилгача узайтиришни мўлжаллашмоқда. Ўшанда Чиро 35 ёшга тўлади. Лекин италиялик ҳужумчилар учун бу фахрийлик даври эмас, балки айни навқиронлик палласи ҳисобланади. Римликлар буни жуда яхши биладилар.

 

«Олтин бутса»-2019|2020 якуни

 

 

«Олтин бутса» совринининг барча соҳиблари

Мавсум       Футболчи              Мамлакати    Клуби                       Очко

1968—1991 йиллар

1967|1968    Эйсебио                 Португалия    «Бенфика»                42

1968|1969    Петр Жеков            Болгария       ЦСКА (София)          36

1969|1970    Герд Мюллер         ГФР                «Бавария»                38

1970|1971    Йосип Скоблар      Югославия     «Марсель»                44

1971|1972    Герд Мюллер         ГФР                «Бавария»                40

1972|1973    Эйсебио                 Португалия    «Бенфика»                40

1973|1974    Эктор Ясальде       Аргентина      «Спортинг» (Лиссабон)           46

1974|1975    Дуду Жоржеску      Руминия         «Динамо» (Бухарест)  33

1975|1976    Сотирис Кайафас   Кипр               «Омония»                 39

1976|1977    Дуду Жоржеску      Руминия         «Динамо» (Бухарест)  47

1977|1978    Ханс Кранкль         Австрия         «Рапид»                    41

1978|1979    Кес Кист                 Нидерландия АЗ                            34

1979|1980    Эрвин Ванденберг  Бельгия          «Льерс»                    39

1980|1981    Георгий Славков    Болгария       «Тракия»                   31

1981|1982    Вим Кифт               Нидерландия «Аякс»                      32

1982|1983    Фернанду Гомеш    Португалия    «Порту»                    36

1983|1984    Иан Раш                 Уэльс             «Ливерпуль»             32

1984|1885    Фернанду Гомеш    Португалия    «Порту»                    39

1985|1986    Марко ван Бастен  Нидерландия «Аякс»                      37

1986|1987    Родион Кэмэтару   Руминия         «Динамо» (Бухарест)  44

1986|1987    Тони Польстер       Австрия         «Аустрия»                 39

1987|1988    Танжу Чолак           Туркия            «Галатасарой»          39

1988|1989    Дорин Матеуц        Руминия         «Динамо» (Бухарест)  43

1989|1990    Христо Стоичков    Болгария       ЦСКА (София)          38

                   Уго Санчес             Мексика         «Реал»                     

1990|1991    Дарко Панчев         Югославия     «Црвена Звезда»      34

1992—1996 йиллар

1991|1992    Алли Маккойст       Шотландия     «Рейнжерс»              34

1992|1993    Алли Маккойст       Шотландия     «Рейнжерс»              34

1993|1994    Дэвид Тейлор         Уэльс             «Портмадог»            43

1994|1995    Арсен Аветисян      Арманистон   АОСС                        39

1995|1996    Звиад Энделадзе   Грузия            «Маргвети»               40

1997—... йиллар

1996|1997    Роналдо                 Бразилия       «Барселона»            68 (34та гол)

1997|1998    Никос Махлас        Греция           «Витесс»                   68 (34та гол)

1998|1999    Марио Жардел       Бразилия       «Порту»                    54 (36та гол)

1999|2000    Кевин Филипс         Англия           «Сандерленд»          60 (30та гол)

2000|2001    Хенрик Ларссон     Швеция          «Селтик»                   52,5 (35та гол)

2001|2002    Марио Жардел       Бразилия       «Спортинг» (Лиссабон)           63 (42та гол)

2002|2003    Рой Макаай            Нидерландия «Депортиво»             58 (29та гол)

2003|2004    Тьерри Анри           Франция         «Арсенал»                60 (30та гол)

2004|2005    Тьерри Анри           Франция         «Арсенал»                50 (25та гол)

                   Диего Форлан        Уругвай          «Вильярреал»

2005|2006    Лука Тони               Италия           «Фиорентина»           62 (31та гол)

2006|2007    Франческо Тотти    Италия           «Рома»                     52 (26та гол)

2007|2008    Криштиану Роналду                     Португалия               «МЮ»    62 (31та гол)

2008|2009    Диего Форлан        Уругвай          «Атлетико»               64 (32та гол)

2009|2010    Лионель Месси      Аргентина      «Барселона»            68 (34та гол)

2010|2011    Криштиану Роналду                     Португалия               «Реал»  80 (40та гол)

2011|2012    Лионель Месси      Аргентина      «Барселона»            100 (50та гол)

2012|2013    Лионель Месси      Аргентина      «Барселона»            92 (46та гол)

2013|2014    Криштиану Роналду                     Португалия               «Реал»  62 (31та гол)

                   Луис Суарес           Уругвай          «Ливерпуль»

2014|2015    Криштиану Роналду                     Португалия               «Реал»  96 (48та гол)

2015|2016    Луис Суарес           Уругвай          «Барселона»            80 (40та гол)

2016|2017    Лионель Месси      Аргентина      «Барселона»            74 (37та гол)

2017|2018    Лионель Месси      Аргентина      «Барселона»            68 (34та гол)

2018|2019    Лионель Месси      Аргентина      «Барселона»            72 (36та гол)

2019|2020         Чиро Иммобиле          Италия «Лацио»           72 (36та гол)

 

Изоҳ: мавсум-1996|1997гача 1та голга 1 очко берилган; 1992-1996 йиллар оралиғида соврин расман топширилмаган; Родион Кэмэтару қоидабузарлик аниқлангани учун совриндан маҳрум этилган ва ўша мавсум расман иккинчи бўлган Тони Польстер «Олтин бутса» соҳибига айланган; Дарко Панчев совринни 15 йилдан кейин, 2006 йили қабул қилиб олган; 1990 йили соврин илк марта икки футболчига берилган;  мавсум-1996|1997дан эътиборан соврин соҳиби коэффициент очколарига қараб берилмоқда (кучли лигаларда урилган 1та гол 2 очко келтиради); 2005 ва 2014 йилларда ҳам соврин икки футболчига берилган.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz