28 июль куни туғилган айёмини нишонлаган «МЮ»нинг собиқ футболчиси ва айни пайт мураббийлар штабида Оле-Гуннар Сульшерга кўмаклашаётган Майкл Кэррик яқинда United We Stand нашрига махсус интервью берди. Суҳбат давомида унинг мухлислардан тушган ажабтовур ва ўта ноқулай саволларга ҳам жавоб қайтаришига тўғри келди. Оддий айтганда, «Юнайтед» фанатлари клубнинг яқин ўтмишдаги энг жонкуяр футболчиларидан бирига турли-туман мавзуларда мурожаат қилишди.
- Майкл, соқол баджаҳл эркак қиёфасини беради, деб ўйлайсанми?
- Баджаҳл? Қайсидир маънода, ҳа. Ҳар ҳолда, ўзимни соқол билан ҳақиқий эркакдек сезаман. Агар соқолим бўлмаса, мактаб ўқувчисидан фарқим қолмайди.
- Сен учун «МЮ»даги энг бахтиёр лаҳза...?
- ЕЧЛдаги ғолиблик онлари. Бундай ғалаба инсонга мислсиз серзавқ туйғу бағишлайди.
- Инглизча нонуштада столингга қайси таомлар қўйилишини хоҳлайсан?
- Тўлақонли инглизча нонуштага жуда кам дуч келаман. Кўпинча қуймоқ, бутерброд ва дудланган балиқ тамадди қиламан. Баъзан бу аристократларга хос нонуштадек туюлади. Аслида сифатли колбаса, қуймоқ ёки омлет ва бутербродга етадигани йўқ. Пудинг (коктейл) ва ловияни унча хуш кўрмайман.
- Агар WhatsApp 2008 йили алоҳида гуруҳ ташкил этганида, ким унинг энг фаол мижозига айланарди?
- Рио (Фердинанд), у ҳеч қачон телефондан ажрамайди.
- Гарчи «МЮ»нинг асосий ўйинчиларидан бири сифатида халқаро майдонда муваффақиятли тўп сурган бўлсангда, терма жамоадан таклиф олмадинг. Бундан афсусланасанми?
- Йўқ, буларнинг ҳаммаси ўтмишда қолди, афсусланишдан маъно йўқ. Вақтида терма жамоада ҳам ўйнаганман, аммо ўшанда клубда барқарорликка эришолмагандим. Клубда рисоладагидек тўп сурганимда эса, миллий жамоага чақиришмади. Парадокс!
- Норт-Шилдсми ёки Саут-Шилдс?
- Норт.
- Севимли ҳаваскор жамоанг?
- «Блайт Спартанз» Болалигимда бир нечта кубок беллашувларида унинг сафида майдонга ҳам тушганман.
- Австралия пойтахти...?
- Канберра (ўйламай).
- Сен ёқтирадиган Андерсон билан боғлиқ энг қизиқ воқеа?
- У жуда кўп сигир харид қилди. Ҳозир улар катта даромад келтираётгандир. Андерсонга омад!
- Кучукми ёки мушук?
- Кучук, албатта.
- Фаолиятинг давомидаги энг ёрқин учрашув?
- Сермазмун ва сифатли ўйинлар кўп. 2011 йили ЕЧЛ ярим финали доирасида «Шальке» меҳмони бўлдик. Жуда чиройли ўйин кўрсатдик. Ҳаттоки, ҳайрон қолдим - «Бу жамоа қанақақасига шу босқичга етиб келди?» Эҳтимол, у мусобақадан чиқиб кетган кўплаб жамоалардан кучсизроқ бўлгандир. Афтидан, немисларга омад кулиб боққан. Шунингдек, «Сан Сиро»да «Интер»га қарши кечган баҳсни ҳам яхши эслайман. Дастлабки учрашув 0:0 ҳисобида тугаганди, якунда ортга ғалаба билан қайтдик. Муҳим учрашув тақдирини ўз томонингга оғдира олсанг, атрофда сендан бахтлироқ инсон кўринмайди! Манчестерда «Рома» билан бўлган учрашув ҳам ёрқин таассурот қолдирган.
- Вақтида «Вест Хэм» сафида тўп сурганингда, «Олд Траффорд»да бурчак тўпини амалга оширгандинг. Ўшанда мухлислар ҳақоратига жавобан табассум улашганинг ёққанди.
- Ҳаётда ҳар қандай ҳолатни табассум билан қарши олишга одатланганман. Ҳаттоки, болалигимда ҳам ҳақоратни хуш кўрардим. Тўғрироғи, улар кулгули ва қизиқ туюларди, ўзимни қандайдир енгил ҳис этардим. Кўпчилик «Галатасарой» ёки «Бешиктош» майдонидаги муҳитни даҳшат билан таърифлайди. Менга эса шундай қайноқлик ёқади. Дейлик, Туркияда мухлислар бизни трибунаости йўлагига қадар таъқиб этишганида, роса роҳатлангандим.
- Сенда «Ньюкасл» сафида ўйнаш истаги бормиди, шундай имкониятчи?
- Бундай имконият 14 ёшимда юзага келган. Ўшанда «Вест Хэм» ҳам қизиққанди. Бироқ «МЮ»га келгач, охиригача шу ерда қолиш истаги туғилди. Фақат ҳайдаб юборишсагина кетардим...
- 2002-2009 йиллардаги таркиб хизматига яраша эътирофга эришдими, сенингча?
- Йўқ, ахир бу вақтда АПЛда 5 марта ғолиб чиқдик, атиги 2 марта совринни бой бердик: 1 марта тўплар нисбати фарқига кўра, иккинчисида 1 очко туфайли. Асосийси, 4 йилда 3 марта ЧЛ финалига йўл олдик. Умуман, барқарор ўйин кўрсатгандик. Аммо хизматга яраша эътироф бўлгани йўқ. Бундан хафаман, албатта.
- Пишлоқ билан боғлиқ қандай муаммо бор?
- Бу маҳсулотни умуман ёқтирмайман, ҳидига тоқат қилолмайман. Баъзан пармезан татиб кўришим мумкин, лекин пишлоқдан узоқ юраман.
- «МЮ»нинг пуштиранг либосида ўзингни қандай ҳис этардинг?
- Очиғи, рисоладагидек.
- Жамоа ўйинини четдан кузатганингда, «Мен яхшироқ ўйнардим» қабилида ўйлармидинг?
- Доимо.
- Тасаввур қилайлик, вақт машинасига эгасан ва 2009 йилги Рим ва 2011 йилги «Уэмбли» финалларига қайтиш имконияти бор. Бу учрашувларда қандай тактика қўллардинг?
- Ажойиб ўтмишга саёҳат. Римда дастлабки 10 дақиқани яхши ўтказдик, 2та имкониятдан бирини рақиб бартараф этди. Ҳар икки учрашувда илк гол муҳим роль ўйнади. Римда шунчаки, очилиб кетдик. «Уэмбли»даги баҳс мутлақо бошқа - рақиб жуда кучли эди.
- «Рома» устидан эришилган 7:1 ҳисобидаги зафардан сўнг жамоанг турнир ғолиби бўлишига ишонганмидинг?
- 2007|2008 йиллар мавсуми арафасида ёнимга «Вест Хэм»да танишган дўстим Тони Струдвик келди. Унга ЧЛ кубогини қўлга киритишимизни айтдим. Ўшанда жамоа қудратини ҳис этган ва маррага етишимизга шубҳа қилмагандим.
- Юрагингдаги нозик жарроҳлик муолажасидан кейин ўзингда қандайдир жисмоний ёки руҳий ўзгаришни ҳис этдингми?
- Муолажани хотиржам қабул қилдим. Оёққа тургач, тез орада вазифамга қайтдим. Буни одатий операция сифатида қабул қилдим.
- Тайн (Англиядаги дарё)да ҳеч чўмилганмисан?
- Йўқ.
- Унинг остидан ўтган тоннелда бўлганмисан?
- Албатта, жуда кўп марта.
- Йўқ, пиёдалар учун мўлжалланган тоннелни назарда тутяпман.
- Ҳа, у ерда велосипедда сайр қилганман.
- Бу ҳудудда яшамайсанку, қандай сайрга чиққансан?
- Болалигимда.
- Дам олиш оқшоми нимани томоша қилишни афзал кўрасан: Райдер кубоги ёки АПЛ ўйини?
- Райдер кубогини.
- Сен билан тўп сурган 11 нафар энг яхши футболчи...
- Ўта мураккаб савол.
- Агар «МЮ» сен билан ўйнаган бир футболчини таркибга қайтаришни хоҳласа, кимни тавсия этардинг?
- Скоулзни.
- Сафар учрашувларида қайси жамоа мухлислари кучлироқ таассурот қолдиришган?
- «КПР» фанатлари. Улар бутун ўйин давомида жўр ҳолда исмимни айтиб, ҳайқиришганди.
- Кетчупни музлаткичда сақлайсанми ёки шкафчада?
- Шкафчада.
- Қандай профессионал усулларни маромига етказдингу, қайсилари ишловга муҳтожлигича қолди?
- Билганим - кўпроқ гол уришим лозим эди. Қайсидир ҳаракатни мукаммал даражада уддалаганимни айтолмайман. Аммо узатма бобида чакки эмасдим.
- Сенда хориж жамоаси, масалан, «Барселона»да ўйнаш истаги ҳеч туғилганми?
- Йўқ.
- Шу пайтгача ёнма-ён тўп сурган жамоадошларингни мураббий сифатида бошқариш осонми ёки қийин?
- Осон эмас. Чунки энди янги соҳага ўтдим, аввало, йўналиш ва мувозанатни аниқлаб олишим лозим. Кўп нарса ўзаро ҳурматга боғлиқ. Лекин барча йигитлар билан аъло муносабатдаман.
- Соч турмагинг учун қайси гелдан фойдаланасан? Соқолингни қандай парваришлайсан?
- Соч-соқолимга машинка ёрдамида ўзим қарайман. Рафиқам узун соқолга қарши эмас. Гель борасида инжиқлик қилмайман, дуч келганидан фойдаланавераман.
- Агар таклиф этишса, «Ньюкасл» бошқарувини қабул қиласанми?
- Ҳозир йўқ. Келажак хусусида бир нарса деёлмайман.
- Қай бири маъқул: метро машинистими ёки ҳайдовчилик?
- Автомобиль анча қулай.
- Соқолинг «Байкер-Гроув»даги Жеффникига ўхшашини истармидинг?
- Жеффнинг соқоли кўркам. Бундай соқол ўстириш учун анча вақт керак.
- Қайси таомни ҳар куни ейишга тайёрсан?
- О, музқаймоқни.
- У таом эмаску?
- Фарқи йўқ. Жавобим - музқаймоқ.
- Севимли шоу: «Жоссиз Жайантс», «Жонни Бриггс», «Фрэгглов қояси», «Саймон ва афсунгар»...
- «Жоссиз Жайантс»
- Яшил майдонга қайтишга заррача бўлсада, умид борми? Жамоага марказда ишончли ўйнайдиган футболчи керак.
- Ишонинг, иложим йўқ.
- Тиғиз машғулотларнинг тўхтаб қолиши сенга қандай таъсир ўтказди?
- Аввалига спорт формасини сақлаб қолишга уриндим, кейин бир неча ҳафта бекорчиликдан завқ олдим. Келаси йили Ньюкаслдаги ярим марафонда иштирок этмоқчиман. Ахир спорт формасини тиклашим лозим. Ҳали, семирганимча йўқ, ортиқча вазндан қутулиш муаммо эмас. Шунчаки, бироз шуғуллансам, бас.
- ЧЛ финали учун 5 нафар пенальтичи ва дарвозабон танлаб берсанг...
- Дарвозада Эдвин (ван дер Сар) кўмагига муҳтожман. Унинг ўта ҳайратланарли «сэйв»ларини кўп кўрганман. Зарба ижрочиларига келсак, ўзим, Тевес, Оуэн Харгривз, Гиггз ва Андо (Андерсон)ни тавсия этаман. Шу футболчилар Москвада гол уришганди. Роналду эса имкониятдан фойдаланолмаган. Шу боис рўйхатдан жой олмади.
У.УМАРОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20