Қайднома

Қидирув

«Шеффилд» - АПЛ бош кашфиёти...

«Шеффилд» - АПЛ бош кашфиёти...

  24.08.2020 03:55
  0
  734
«Шеффилд» - АПЛ бош кашфиёти...

Ишониш қийин, атиги 3 йил муқаддам мамлакат чемпионати учинчи дивизионида нимагадир даъво қилмай, сокингина иштирок этган камтаргина жамоа бу мавсум АПЛдек энг кучли лиганинг бош каш­фиёти бўлди. Ҳа, «Шеффилд» якунда еврокубокларга йўлланма ололмади, лекин шунчаки, вазият тақозоси ва омадсизлик туфайли...

Кузда британиялик букмекерлар «Норвич»ни элита билан хайрлашишга асосий номзод сифатида қайд этишганди. Унинг ортидан «Астон Вилла», «Саутгемптон», «Уотфорд» ва «Шеффилд» клублари омадсизлар  гуруҳига киритилган эди. Бундай идораларнинг моддий фаровонлиги башорат тўғрилигига ҳам боғлиқ, албатта ва букмекерлар камдан-кам ҳолатда жамоа кучига баҳо беришда қаттиқ янглишадилар. «Лестер»-2016 мўъжизаси ҳали ҳамманинг ёдида. Ваҳоланки, букмекерлар ўшанда «тулкилар»ни Чемпионшипга «равона қилишганди». Бироқ бу каби адашиш аҳён-аҳёнда учрайди. Дейлик, британиялик букмекерлар шундан кейин бу қадар адашишмаганди. Мана, энди «Шеффилд» уларнинг хулосаларини «бир тийин»га чиқарди. Тўғри, Крис Уайлдер жамоа­си борасида йўл қўйилган хатолик кўлами «Лестер»да бўлганидек жуда ваҳимали эмас. Ҳар ҳолда, шеффилд­ликлар еврокубоклар ҳудудига кўтарилолмадилар. Бироқ факт шуки, жадвалнинг юқори ўнталигидан жой олишнинг ўзи бугунги «Шеффилд» учун мўъжиза саналади. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун жамоа фаолиятини салгина ўрганиш керак, шунда юксалишнинг кўлами бор бўйи билан кўринади.

«Шеффилд» яқин-яқинда ҳам қуйи дивизионлар аутсайдери эди. Бугунги мўъжиза муаллифи Крис Уайлдер жамоа бошқарувини 2016 йили қўлга олди. Ўшанда «Шеффилд» Биринчи лига (Чемпионшипдан пастки дивизион)да мавсумни атиги 11-ўринда якунлади. Кейин учинчи дивизионнинг ўртамиёна жамоаси харидори чиққан барча футболчилари - Че Адамс, Доминик Калверт-Льюин ва Аарон Рэмдейлни сотди. Бу йигитлар ҳозир АПЛ­да ўйнашмоқда. Тўғри, «Шеффилд» шунинг баробарида таркибни «ямаш» учун 800000 евро ажратди. Жамоа бунда асосан эркин агент мақомига эга ўйинчилар, яъни текинга тушадиганларни қидирди. Шу тариқа «Ковентри»дан Жон Флек, «Брентфорд»дан Жек О~Коннелл «Шеффилд» сафини тўлдиришди. Шу футболчилар ва яна Крис Бэшем ҳамда Билли Шарпни алоҳида эслаб қолинг (бу иккиси Уайл­дер жамоада иш бошлаганида, таркибда эди). Айни шу квартет аъзолари якунланган мавсум жамоада етакчилик ролини қўлга олишди. Хуллас, «Шеффилд» янги мураббий бошқарувидаги илк мавсумдаёқ учинчи дивизион ғолибига айланди, яна айтарли муаммосиз. Бинобарин, 100 очко тўплаб, таъқибчиларига имконият қолдирмади, ҳисоб. Кейин Чемпионшипдаги дебютида қуйига қайтмаслик вазифасини уддалади. Ваҳоланки, таркибини деярли кучайтирмаганди: янги футболчилар учун атиги 5 млн. евро сарфлади.  Чемпионшип мезонларига кўра, бу ўта кам. Умуман, «Шеффилд» таркибнинг умумий қиймати бўйича 24та жамоа орасида охиридан 2-ўринни банд этганди. Оддий айтганда, дебю­тант яна қуйига қайтишга яққол номзод эди. Амалда янги футболчилар - Жорж Болдок, Жон Ландстрём ва Энди Стивенс юксак савияни намойиш этишди (мухлислар сарфланган маблағ миқдорига қараб, улардан катта жасорат кутишмаганди). Жамоа учун энг муҳими футболчиларнинг мураббий услубига мослашишлари эди. Яққол аутсайдернинг Чемпионшипга мустаҳкам ўрнашиб олишида Уайлдернинг ҳиссаси беқиёс бўлди. Бироқ мураббий шу билан чекланиб қолмади ва жамоани навбатдаги нурли чўққи - АПЛ сари етаклади. Айтиш жоиз, Уайлдер Чемпионшип, айниқса, АПЛ учун «нотаниш келгинди» ҳисобланарди. Зеро, у 10 йиллик фаолияти давомида учинчи дивизиондан нарига ўтолмаганди. Мана, аён бўлдики, изланувчан мутахассис қуйи лига шароитида ҳам самарали тизимни яратиши мумкин экан. Уайлдер айнан шундай ижодкор мураббийлар сирасидан. Унинг услубида ҳар бир ўйинчининг ўз ўрни, вазифаси қатъий белгилаб қўйилган.

3-5-2 тактик схемасини олсак, Уайл­дернинг сюрпризлари ҳимоя чизиғидаёқ бўй кўрсатади. Марказий ҳимоячи - ўз ҳудудида дарвоза хавфсизлиги учун жавобгар, ўнг ва сўл томондаги амплуадошлари эса ярим ҳимоя чизиғига яқинроқ жойлашадилар. Тўпни олиб юриш ва олис масофаларга аниқ етказиб бериш - улар учун қатъий вазифа. Баъзан ҳимоя учлигининг бир вакили тўп билан рақиб жарима майдончасигача бориши ҳеч гап эмас. Бундай ҳолатда 2 нафар шериги ҳимояда қолиши шарт. Мудофаа ишларига масъул футболчилар олдида шунчаки, рақиб ҳужумини бузадиган таянч ярим ҳимоячиси эмас, олис масофаларга тўпни аниқ етказиб берадиган асл плеймекер жойлашади. Унинг икки ёнида мунтазам равишда ҳужумда иштирок этадиган, нафақат иккинчи тўлқинга қўшиладиган, балки ҳужумчилар билан бир чизиқда очиладиган тажовузкор ўйинчилар тўп сурадилар. Барча футболчилардан биринчи навбатда, чидамлилик талаб қилинади. Иккинчи талаб - яккакурашларда тиришқоқлик кўрсатиш, ундан кейин эса техник маҳорат ва олға интилиш тезлиги. Энг муҳими - футболчиларнинг тўғри позиция танлашлари. Фулбэклар -  Болдок ва Стивенс бундан мустасно. Улар қулай вазият туғилса, дриблинг намойиш қилишлари ёки тезкор рейдни амалга оширишлари мумкин.

Хуллас, «Шеффилд» шу пухта режа - марказий ҳимоячилар ва ярим ҳимоячиларнинг дадилликлари эвазига камтарин таркиби билан ҳам рақиб прессингини осонликча бартараф этади, тўпни ишончли тарзда назорат қилади. Бордию, прессингни ёриб ўтишда муаммо юзага келса, Уайлдер «Б» режасига мурожаат қилади. Бунисида жамоа тўпни тинмай олдинги чизиққа етказиб беришга уринади. Қолгани бўйдор ҳужумчининг ҳаракатига боғлиқ. Мураббий бу вазифани асосан Дэвид Мак Голдрик зиммасига юклайди: ҳужумчи гарчи 35-турга қадар гол уролмаган бўлсада, ҳар ўйинда «иккинчи қават»­даги курашларда 3-6 марта ғолиб чиқди. Умуман, Голдрик бу борада АПЛдаги марказий ҳужумчилар орасида 7-яхши кўрсаткичга эга. Уни тўп билан таъминлаш асосан марказий ҳимоячилар (Жек О~Коннелл ёки Жон Иган) зиммасида. Шунингдек, таянч ярим ҳимоячиси (Оливер Норвуд) ҳам уларга яқиндан ёрдам беради.

«Шеффилд» қанотлардан ҳужум уюштиришни хуш кўради. Узатмаларнинг 20 фоизи марказий чизиқ томон йўналтирилади. Тушунарлики, тўпни рақиб жарима майдончасига аниқ етказиш учун жамоанинг қанотларда сон жиҳатдан устунликка эришиши талаб этилади. Шу боис ҳужум пайти фулбэклар ва марказий ярим ҳимоячилар (яна қанотдаги ҳимоячи ҳам) олдинга ўтишади. Тўпсиз қолган пайт эса, «Шеффилд» ихчам марказий блокни ташкил этади. Фулбэк ва марказий ярим ҳимоячилар ўз ҳудудларини тез-тез тарк этиб, рақибни тўп билан ортга қайтаришга уринадилар. Ҳа, бу анъанавий ҳимоя услубидир. Бироқ Уайлдер ўз қўшимчасини киритган. Асосий ўзгариш - тажовузкор қарши прессинг. Тўп йўқотилган вақт «Шеффилд» бирданига ортга қайтмайди, аксинча, уни жойида қайтариб олиш ёки рақибни пала-партиш узатмаларни амалга оширишга мажбур этишга уринади. Бу вазиятда қайтган тўпни эгаллаб олишнинг аҳамияти катта. Эътиборга олиш керак, Уайлдернинг шогирдлари номдор юлдузлар эмас, шунчаки, ўртамиё­на ўйинчилар. Улар маҳорат тақчиллигини ҳушёрлик ва кўпроқ югуриш эвазига билинтирмайдилар.

Табиийки, арзимас икир-чикирларга ҳам жиддий эътибор қаратадиган мураббий стандарт вазиятларга алоҳида ёндашади. Дейлик, машғулотларда ҳаттоки, тўпни ён чизиқдан ўйинга киритишга ҳам вақт ажратилган. «Шеффилд» бу борада саноқли клублардан биридир, шубҳасиз. Дейлик, Чемпионшипда ҳеч қайси жамоа бу жиҳатга эътибор қаратмаса керак. Жамоада стандарт вазиятларни амалга ошириш Оливер Норвуд ва чапақай Жон Флек зиммасига юклатилган. Оддий айтганда, Уайлдер йўлга қўйган тизим ўртамиёна ижрочилардан тузилган жамоага ҳар қандай рақиб билан тенгма-тенг курашиш имкониятини бермоқда. 2018 йилнинг октябрида чоп этилган мақолада Чемпионшипга қайтган жамоанинг стартдаёқ етакчиликни ўз қўлига олгани ва АПЛ йўлланмасига даъвогарлик қилаётгани ҳайрат билан эътироф этилганди. Энди жамоа мавсумни элита жадвалининг юқори қисмида якунлади. Қўшимчасига, омадсизликдан хафа бўлишга ҳам асоси бор. Бинобарин, «Шеффилд» пандемия бошланишидан аввал турнир жадвалининг 6-поғонасида бораётган ва ҳаттоки, ЧЛ йўлланмасига ҳам қўл узатишга шайланаётганди.

2019 йилнинг ёзида «Шеффилд» таркибни кучайтиришга 50 млн. евро сарфлади. Қишда «Генк»дан Сандер Бергни харид қилиш учун эса 20 миллиондан воз кечди. Бу сезиларли сармоя, албатта. Лекин анча савиялироқ таркиб шакллантирган «Астон Вилла» ажратган 160 миллион олдида арзимас маблағ. Флек, О~Коннелл ва Бэшем - бошланғич таркиб ўйинчилари, Шарп - ротация вакили. Булар учинчи дивизионда ҳам «Шеффилд» шарафини ҳимоя қилишган. Норвуд, Стивенс, Мак Голдрик, Иган, Болдок, Ландстрём ва дарвозабон Дин Хендерсон - Чемпионшипда асосий таркиб вакиллари бўлишган, элитада ҳам шу мақомда қолишди. Хуллас, асосий таркибнинг 80 фоизи ўзгармаган. Аввалги мавсум таркибда бўлмаган 3 нафар футболчи (Ли Муссе, Оливер МакБёрни ва Бен Осборн) ҳам АПЛда муносиб тўп сурди. Премьер-лига вакиллари мажбурий танаффусга йўл олган 9 март куни 27та тур ортда қолган ва «Шеффилд» 4-ўриндаги жамоадан атиги 3 очко ортда бораётганди. Клуб бу суръат билан бемалол ЕЛ йўлланмасини қўлга киритиши, «МЮ», «Тоттенхэм» ва «Арсенал»даги инқироз ҳолатини инобатга олганда эса, ЧЛга ҳам даъвогарлик қилиши мумкин эди, агар мавсум одатий тус олганида. Зеро, «Тоттенхэм» «ўлик» жамоа ҳолатига тушиб қолганди. Бу экспертлар эмас, шахсан Жозе Муориньонинг изоҳи: «Таркибнинг ярми жароҳатланган, соғломлар эса ўйнай олмаяптилар. «Ўлик» ўйинчилар». Поль Погба ва Маркус  Рэшфордсиз қолган «МЮ» эса, орада фақат аутсайдерларга қарши яхши ўйнашга одатланди. «Арсенал» янги мураббий услубига мослашишда роса қийналди. «Шеффилд» бу паллада барча жамоалар учун ноқулай рақибга айланиб, уларни аяб ўтирмади - «Арсенал»ни маҳв этди, «Тоттенхэм», «Челси» ва «МЮ»дан қимматли очколарни тортиб олди. Бироқ футболсиз ўтган 3 ой вазиятни ўзгартириб юборди. Биринчидан, фаворитлар ўзларига келиб олдилар. «Тоттенхэм»да Гарри Кейн ва Сон Хюн Мин сафга қайтишди, «МЮ»да Рэшфорд ҳамда Погба. Иккинчидан, танаффус пайти ўйинни савия бобидаги устунлик эмас, қатъий интизомга риоя қилган ҳолда мураббий ғояларини юзага чиқариш эвазига ўз томонига оғдирадиган «Шеффилд» каби жамоаларда пасайиш кузатилиши сир эмас. Захира ўриндиғининг қисқалиги ҳам муаммони кучайтирди. Оддий хулоса шуки, «Шеффилд» мажбурий таътилдан кейин аввалгидек самарали тўп суришга тайёр эмасди. Жамоанинг «Ньюкасл»дан йирик ҳисобда енгилгани бу фикрни тасдиқлайди. Тўғри, «Шеффилд» ўйинчилари ҳам рестартдан кейин аста-секин ўз ўйинларини топа бошладилар. Аммо савиядаги тенгсизликни йўққа чиқаришнинг иложи топилмади. Бундан ташқари, омад ҳам дебютантдан юз ўгирди. Мисол учун, «Астон Вилла» билан ўйинда яққол гол инобатга олинмади. Ваҳоланки, тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтганди, лекин назорат тизими уни қайд этмади. Бу носозлик учун Hawk-eye компанияси жамоадан ҳаттоки, расман узр сўради. Бироқ узрга очко берилмайди. Энди хатонинг аҳамиятига эътибор беринг: бой берилган шу 2 очко ҳал қилувчи бос­қични омадсиз ўтказган «Шеффилд»­нинг еврокубоклар йўлланмаси учун курашиш имкониятини сақлаб қоларди. Якуний натижа «Шеффилд» ва унинг мухлисларини қониқтирмаслиги мумкин. Аммо адолат юзасидан тан олиш керак, дебют мавсумидаёқ навқирон жамоанинг турнир жадвали юқори ўнталигидан жой олишини ҳеч ким кутмаганди. Ахир билағон букмекерлар «Шеффилд»га жой тайёрлаб қўйишга ҳам улгуришган

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz