Қайднома

Қидирув

Қадр топмаган кипер...

Қадр топмаган кипер...

  25.08.2020 01:18
  0
  248
Қадр топмаган кипер...

Таажжубки, футбол оламига Диего Армандо Марадона ва Лионель Мессидек афсоналар ва қатор-қатор ёрқин юлдузларни етказиб берган Аргентина мактаби дарвозабонлар борасида сира мақтанолмайди. «Альбисе­лестлар»нинг анчадан буён халқаро майдонда ғалаба гаштини суролмаётганларига ҳам, айни шу охирги чизиқ заифлиги сабабдир, эҳтимол. Майли, бу жумбоқни тажрибали таҳлилчиларга қолдирайликда, gol.ru сайти маълумотлари асосида аргентиналик ғаройиб дарвозабонлардан бири фаолиятига бирров назар ташлайлик.

Аргентина миллий жамоаси асосий дарвозабони Серхио Ромеро  вақтида катта шов-шув билан «МЮ»дек номдор жамоа таркибидан жой олди. У ҳозир ҳам манкунианликлар сафида. Лекин мухлислар АПЛдаги охирги учрашувини 2017|2018 йиллар мавсумида ўтказган дарвозабонни фақат клуб базаси ёнида автомашинасини пачоқлаб олгани туфайли эслашади. Херонимо Рульининг тарихи эса, ўзгача бўлсада, ёқимли эмас. У ёши 27га етгунга қадар 5та элит лиганинг 5та жамоаси сафида майдонга тушиб улгурди. Жумладан, «Манчестер Сити» билан шартнома тузгани ва 5 йил Испания Примеросида ўз ўрнига эга «Реал Сосьедад» шарафини ҳимоя қилгани қайд этилган. Рульи шунингдек, Аргентина терма жамоаси дарвозасини ҳам қўриқлаган. Дарвозабон шундай таржимаи ҳол билан кутилмаганда, Франциянинг «Монпелье»сида пайдо бўлди. Жамоа уни кейинчалик 10 млн. евро эвазига харид қилиш ҳуқуқи билан «Сосьедад»дан ижара келишуви асосида олганди. Рульи шундан сўнг Франция кубоги доирасида тўртинчи дивизион вакили «Бельфор»га қарши кечган баҳсда майдонга тушди ва қўшимча бўлимларда қизил карточка олиб, жамоасини мураккаб аҳволда қолдирди. Оқибатда «Монпелье» пенальтилар сериясида имкониятни бой бериб, кубок турниридан чиқиб кетди. Умуман, Рульининг фаолияти ажабтовур трансферларга бой. Аргентина футболида иқтидорли дарвозабон сифатида кўзга ташланган Херонимо 20 ёшида «Эстудиантес»нинг асосий таркибидан жой олганди. Тўғри, бунга клубнинг асосий посбони жароҳатлангани сабаб бўлган. Рульи 2014 йили фаолиятидаги асосий шахсий совринни қўлга киритди - Ubaldo Fillol Award. Бу мукофот Аргентина чемпионатида ўйинлар ва қўйиб юборилган голлар сони нисбатига кўра, энг яхши натижага эришган дарвозабонга берилади. Херонимо ўша мавсум 19та учрашувда атиги 11та гол қабул қилганди. У кейинчалик «Депортиво Мальдонадо» клуби таклифига ижобий жавоб берди. Уругвай чемпионати иккинчи лигасида иштирок этадиган бу жамоа иқтидорли футболчилар трансферидан даромад орттириши билан танилган. Мулоҳаза юритиш учун факт: «Депортиво Мальдонадо» иккинчи дивизиондаги 14 йиллик фаолияти давомида Хонатан Кальери, Виллиан Хосе, Херонимо Рульи каби Европанинг кучли 5та лигасида ўйнаган бир қатор футболчиларни «қўлдан ўтказди».

«Мальдонадо»нинг иш услуби оддий: маҳаллий чемпионатда ўзини кўрсатган иқтидорга чамаси 2 миллион доллар сарфлайди ва уни дарҳол манфаатли шартлар асосида ижара сафарига жўнатади. Дейлик, Хонатан Кальери шу зайлда 5та жамоада тўп сурди, у ҳозир ҳам Уругвай «Депортиво»си ихтиёрида. Херонимо Рульига қайтсак, жамоа аргентиналик киперни 3,5 млн. доллар эвазига сотиб олди, аммо у Уругвай чемпионатида лоақал бир марта майдонга тушгани йўқ. Яъни раҳбарият Рульини дарҳол «Сосьедад»га «сургун» қилди. Қарангки, Херонимо Испания­да ишончли ўйнаб, Аргентина олимпия жамоаси мураббийлари назарига тушди ва Олимпиада-2016 мусобақасида иштирок этди. Лекин спорт оламининг ҳар 4 йилликдаги энг нуфузли турнирида Португалия термаси вакилидан кулгули гол қўйиб юборгани билан ёдда қолди - оддий вазиятда тўп Рульининг оёқлари орасидан ўтиб кетди. Бироқ шармандали хато унинг манфаатли трансферига халақит бергани йўқ. Тўғри, аргентиналик кипер фаолиятини «Сосьедад»да давом эттирди, лекин энди «Манчестер Сити» аъзоси эди. Мазкур трансфер «Депортиво Мальдонадо»нинг чигал услубидан далолат беради. «Шаҳарликлар» Рульини «Депортиво Мальдонадо»дан 4,7 млн. еврога сотиб олишди ва «Сосьедад»нинг ўзида қолдиришди - ижара муддати. Орадан атиги 6 ой ўтгач, Испания жамоаси 7 млн. евро тўлаш эвазига трансфер ҳуқуқини ўз томонига оғдирди. Ваҳоланки, Рульига Хосеп Гвардиоланинг шахсан ўзи жиддий қизиққанди. Бироқ кипер Анг­лияда захирада ўтиришни истамади. Айни ўша пайт Херонимода «Сосьедад»ни «Наполи»га алмаштириш имконияти ҳам туғилди. Аммо у Ла Лигада қолишни маъқул кўрди. Шу тариқа қўшимча келишувлар занжири Испания клуби билан давом этмоқда.

Херонимо Рульи шартнома бўйича 2022 йилгача «Сосьедад»га тегишлидир. Бироқ «Сити» келишув ҳужжатига кейинги трансферлар қийматидан 30 фоиз улуш олиш ҳақида банд киритиб қўйган. «Сосьедад» бу қўшимча фоизни 3 йил (2019-2021) давомида 1 миллион евродан 3 «лимон» тўлаш орқали ўзиники қилиши мумкин. Бундан ташқари, ҳужжатда «Сити»нинг дарвозабонни қайта сотиб олиш ҳуқуқига эгалиги ҳам қайд этилган. Рульи трансферининг бошланғич баҳоси 14 млн. еврога тенг эди. 2021 йили бу сумма 18 «лимон»га етади.

Янги трансфер - янги жумбоқ. Рульи бутун фаолияти давомида атиги икки 2 марта жиддий жароҳатга йўлиқди. 2014 йили кузатилган дастлабки шикастланиш оқибатида нақ 10та ўйинни ўтказиб юборишига тўғри келганди. Иккинчи жароҳат ўта бемаврид паллада юз берди - 2018 йилнинг февралида мушак пайлари чўзилиши туфайли 9та учрашувда майдонга тушолмади. Кейин сафга қайтди, аммо аввалги савиясини кўрсатолмади. Умуман, дарвозабон ўша йилнинг баҳоридан бошлаб, тез-тез хатоларга йўл қўядиган бўлиб қолди. Камчилик кейинги мавсумда ҳам давом этди. Жумладан, «Барселона» ва «Райо Вальекано» клубларига қарши беллашувларда йўл қўйган хатолари қимматга тушди. Боз устига, Рульи ўзини оқлашга уринишдан нарига ўтолмади: «Мухлисларнинг ҳуштакбозликлари ва ҳайқириқларини олқиш сифатида қабул қиламан. Чунки ягона мақсадим - уларнинг муҳаббатларини қозониш. Мени қўллаб-қувватлаётган мухлислардан миннатдорман, албатта. Ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман, хотиржамлик ва ўзимга нисбатан ишончни йўқотган эмасман. Нима қилиб бўлсада, мураббийни ўз салоҳиятимга ишонтиришим керак». Аргентиналик дарвозабон 2018|2019 йиллар мавсумида жароҳатлардан йироқ юриб, Ла Лиганинг 27та учрашувида майдонга тушди. «Реал Сосьедад» эса мавсумни 9-ўринда якунлади. Жамоа ёзда бир қатор ислоҳотларни амалга оширди. Жумладан, Рульини «Монпелье»га жўнатди - ижара сафари. Шундай қилиб, аргентиналик «Монако»га ўтиб кетган Бенжамин Лекомте ўрнини эгаллади. Эътиборлиси, Херонимо «Монпелье» тарихидаги дастлабки ажнабий дарвозабонга айланди. Жамоа эса у билан бирга еврокубоклар йўлланмаси учун курашди, бироқ... Ўз навбатида, «Реал Сосьедад» Рульи ўрнини 24 ёшли Алекс Ремиро билан тўлдирди. Бу кипер фаолияти давомида атиги бир мавсум Сегунда («Уэска»)да ўйнаганди. Якунланган мавсум 56 очко жамғарган «Реал Сосьедад» Испания чемпионати турнир жадвалида 6-поғонани банд этди, албатта, янги кипер иштироки билан.

Бевосита мақола қаҳрамони фао­лиятига тўхталсак, Рульининг ишлари рисоладагидек кетмоқда. Ҳар ҳолда, «Монпелье» айнан аргентиналик туфайли ҳимоя чизиғининг мустаҳкамлиги борасида ажралиб турди. Қолаверса, дарвозабон атиги 1та ўйинда майдонга тушолмади, холос. Фақат кейинги фаолияти ҳамон мавҳумлигича қолмоқда. Франция матбуотидаги тахминларга қараганда, у узоқ йиллар «Монпелье»нинг биринчи рақамли дарвозабони бўлиб қолиш имкониятига эга. Лекин бунинг учун франция­ликлар аввало, трансфер ҳуқуқини сотиб олиш бўйи­ча ижобий натижага эришишлари керак. Яна «Реал Сосьедад» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги қўшимча келишувларни ҳам ҳал қилиш талаб этилади.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz