Бразилиялик юлдуз Неймар ЕЧЛ чорак финалида «Аталанта»га қарши кечган учрашувда кўрсатган фантастик дриблинглари эвазига soccer.ru сайтининг ўзига хос рейтингида етакчиликни қўлга олди. Замонавий футболнинг энг ёрқин юлдузи - Лионель Месси эса дриблингчилар рўйхатининг атиги 4-қаторида қайд этилди. Инобатга олиш керак, 2019|2020 йиллар мавсумининг энг чаққон дриблингчиларини аниқлашга қаратилган таҳлилий изланишда Европанинг кучли 5та чемпионатида ўйнаган жамоалар вакилларининг кўрсаткичлари ҳисоблаб чиқилган. Футболчи томонидан ҳар бир учрашувда амалга оширилган самарали алдамчи ҳаракатнинг ўртача сони рейтинг ўзагидир. Мавсум давомида 10 ўйин вақти (900 дақиқа)дан кам тўп сурган футболчилар натижаси рейтингга киритилмаганини ҳам айтиш ўринли.
10-ўрин. Эден АЗАР («Реал», Бельгия) -
1та ўйинда 4,1та муваффақиятли уриниш
Эден «Қироллик клуби» таркибида чемпионликка эришганидан беҳад мамнун эканлигини таъкидлаш баробарида ортда қолган мавсумда ўз ўйинидан қониқиш ҳосил қилмагани, фаолияти давомида илк марта шундай омадсиз даврга юз тутганини ҳам яширмади. Дарҳақиқат, 2018 йилнинг энг чаққон дриблингчиси бу сафар жароҳат туфайли атиги 14та учрашувда майдонга тушди, 1та гол ва 3та самарали узатма билан кифояланди. Лекин у рақибларни алдаб ўтиш бобида ҳамон беназир.
8-9-ўринлар. Мунир ШОЕР («Дижон», Франция) - 4,2та муваффақиятли уриниш
«Дижон» Лига 1даги иштирокини узайтириш мақсадида ўтган йили ёзда «Ланс»дан навқирон ярим ҳимоячини 3,5 млн. еврога сотиб олганди. У чиндан ҳам, «бойўғлилар» ҳужумини жонлантириб, тез орада «Янги дриблинг қироли» мақомига эришди. Мураббий эса Мунирни мақташ учун вақтни сира қизғанмайди: «Бу йигит нафақат рақиб ҳимоясини ёриб ўтиш, балки қачон ҳал қилувчи узатмани амалга ошириш ёки зарба йўллашни ҳам ўрнига қўяди. Замонавий ҳужумкор ўйинчига қандай хислатлар зарур бўлса, барчасига эга».
8-9-ўринлар. Юсуф АТАЛ («Ницца», Жазоир) - 4,2та муваффақиятли уриниш
Бу футболчи ҳали Франция ташқарисида ном қозонишга улгурмаган, аммо мутахассисларга яхши таниш: Зидан уни Дани Карвахаль вориси сифатида ўрганмоқда. Ҳа, ёш иқтидор соҳиби аслида ўнг қанот ҳимоячиси саналади, унга яна «Ювентус», «ПСЖ» ва «Милан» клублари ҳам бефарқ эмас. Тўғри, Юсуф декабрда тиззасидан жароҳатлангач, қайта майдонга тушгани йўқ. Яъни у ёзги трансферлар бозорида қатнашолмаслиги мумкин.
7-ўрин. Мусса ЖЕНЕПО («Саутгемптон», Мали) - 4,3та муваффақиятли уриниш
Женепо ҳам мавсумнинг иккинчи ярмини рисоладагидек ўтказолмади: жароҳатлар, дисквалификация, талабга номувофиқ спорт формаси. Қисқаси, у рейтингга арзийдиган кўрсаткични мавсум стартидаёқ тўплаб қўйганди. «Авлиёлар» Женепони ўтган йили Бельгия чемпионатидан АПЛга тортишда 14 млн. фунтдан воз кечгандилар. 22 ёшли дриблинг соҳибининг келажаги олдинда. Муҳими, боши эсон бўлса ва саломатлиги панд бермаса, бас.
6-ўрин. Вильфрид ЗАХА («Кристал Пэлас»,
Кот-д~Ивуар) - 4,5та муваффақиятли уриниш
АПЛнинг бу вакили бир неча мавсумдан буён рақиблар ҳимоячиларини тошбақа ҳолига туширишдан сира чарчаётгани йўқ. Мавсум бошида ивуарлик дриблингчида яна бир марта номдор жамоада ўйнаш имконияти туғилганди. Вақтида ёшлиги туфайли «МЮ»да ўз ўрнини тополмаган Вильфридга «Арсенал» ва «Эвертон»дан таклифлар тушди. Бироқ «Пэлас» барчасини рад этди. Тақдирга тан берган Заха эса мавсумни жуда ёрқин ўтказди. «Бургутлар» сафида унга фақат Жордан Айю рақобат туғдириши мумкин. Лекин Вильфрид дриблинг бобида мутлақо тенгсиз.
5-ўрин. Жереми БОГА («Сассуоло», Кот-д~Ивуар) - 4,7та муваффақиятли уриниш
«Челси»дек номдор жамоада тажриба тўплаган футболчи ўзига хос услубга эга «Сассуоло»да Доминико Берарди ва Франческо Капуто билан сермаҳсул ҳамкорлик ўрнатиб, самарали дриблинг борасида бир қатор юлдузлардан ўзиб кетди. 1та ўйинда ўртача ҳисобда 4,7 марта алдаб ўтиш - «А» серияси учун юксак натижа! Ҳозирда Жереми учун «Эвертон», «Байер» ва «Боруссия» Д. клублари ўртасида қизғин кураш кетмоқда.
4-ўрин. Лионель МЕССИ («Барселона», Аргентина) - 5,7та муваффақиятли уриниш
Кимдир тараққиётга эришади, бошқа биров суръатни йўқотади, яна кимдир сира ўзгармайди. Фақат биргина жиҳат - Леонинг етакчи эмаслиги ҳаммани ажаблантириши мумкин. Дейлик, у дриблинг масаласида ҳам ҳамон ўша-ўша.
3-ўрин. Аллен СЕН-МАКСИМЕН («Ньюкасл», Франция) - 5,8та муваффақиятли уриниш
Франциялик ёш иқтидор туманли ўлкага отланиш арафасида Лига 1да жавлон урган, айниқса, «Ницца»даги 2 мавсумни юксак савияда ўтказганди. Шу сабабли ҳам, «Ньюкасл» унинг трансфери йўлида 18 млн. еврони аямади. Мана, Аллен ўзига билдирилган ишонч ва харажатни тўла оқламоқда. Гарчи баъзан ўз савияси ва АПЛ анъаналарига мос бўлмаган содда финтларни қўлласада, «қарғалар» мухлислари бу эпчил йигитни ёқтириб қўйдилар. Чунки Сен-Максимен тўпни олдинга элтишдан ташқари, самарали ҳаракатланишни ҳам ўрнига қўймоқда.
2-ўрин. Адама ТРАОРЕ («Вулверхэмптон», Испания) - 6,2та муваффақиятли уриниш
Адама - «бўрилар» сафида маҳсулдорлиги билан ажралиб турган бақувват йигит. У мавсум давомида 4та гол ва 9та самарали узатма муаллифига айланди. Эътиборли томони, Траоре энг тушунарсиз вазиятларда дриблинг маҳоратини ишга солишни хуш кўради. Шунинг учунми, у нафақат муваффақиятли дриблинг, балки тўпни йўқотиш бобида ҳам етакчи учликда бормоқда. Айтганча, у дриблинг оқибатида тўпни йўқотиш бўйича Азар ва Женеподан кейинги ўринда.
1-ўрин. НЕЙМАР («ПСЖ», Бразилия) - 6,3та муваффақиятли уриниш
12 август оқшомига қадар рейтингни Траоре бошқараётган, Неймар эса 2-ўринда эди. Бироқ бразилиялик ҳужумчи «Аталанта»га қарши ўйиндаги ўта ноёб финтлари эвазига испаниялик йигитни ортга сурди. Қаранг, Неймар ўша оқшом рақибларини нақ 16 марта «лақиллатди».
А.АҲМЕДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20