Миллион-миллион мухлис футбол томошасидан завқланади. Хўш, шу завқнинг маъноси нима? Ўзи бу савол тўғри қўйилдими? Завқда ҳам маъно борми? Асилбек Омонов тўп узатган жамоадошини пушаймон едирди, мухлислари қаршисида шарманда қилди. Ўзи ҳам не ҳолга тушган бўлса, тушгандир. Ичидан нима ўтган, бу унинг ўзига маълум. Равшан Ҳайдаров нима бўлганини тушунмадими? Тушуниш масаласи ўз йўлига. Равшан Ҳайдаровдаги ҳайронлик, Асилбек Омоновдаги омонсизлик «Бухоро» мухлисларини завқлантиргани табиий. «Бухоро»га ғалаба сув ва ҳаводек зарур эди. «Сурхон» буни тўғри «тушунди» ва рақибини сийлади. Бу - футболга нисбатан очиқдан-очиқ сурбетлик эмасми? Энг аламлиси, шу сурбетлик кимларгадир - завқ манбаи. Афсуски, шундай. Ғалаба йўлида вақт чўзишларни ўйиннинг бир қисми сифатида қабул қилишга кўниккан футбол дунёси аста-секин ғалати ва шубҳали ҳолатларга ҳам бепарво қарай бошлайди, чоғи. Шу зайл кутилмаган, кўзда тутилмаган «хато»лар кўникмага айланади...
Қайсидир жамоа мухлислари рақиб «хато»сидан завқланишда давом этишса, сурбетлик хунрезлик қиёфасига киради. «Томчи тошни тешади», - дейди халқимиз. Ҳа, тош устига томаётган томчига бепарво қараб ўтиб кетишимиз рост. Томчининг ўша пайтдаги кучсиз ҳаракати, самарасиз ёйилиб кетиши кўзларимизни алдайди. Эътиборсизлигимиз сабаб, ўша тош тешилгани, емирилганини сезмай қоламиз. Ёлғон «жароҳат»дан, атайин «жарима» ишлашдан уялмаслик футбол ҳаётига сингди. Энди навбат «хато»ларга. Шундай давом этаверамизми ва индамайгина футболнинг ҳалокатига замин ҳозирлаймиз? Шерзод Қосимов белгилаган пенальтидан сўнг «Сўғдиёна» - «Бунёдкор» учрашувидаги олов ҳамманинг кўз ўнгида сўнди. Тушунамиз, ҳақиқатни айтмаслик - бугуннинг ҳаётий тушунчаси. Чунки айтиш бефойда. Экспертлар шундай изоҳлашадики, беихтиёр «Сизники маъқул!» деб юборасиз. РПЛ янги мавсуми 1-турида «Спартак» дарвозасига белгиланган икки пенальтини кўриб, шарҳловчи оламга жар солди. Бизда эса жимлик ҳукмрон. Айтсак ҳам, овозимиз Тўйтепадан нарига ўтмайди... Энг афсусланарлиси, «хато»лар ҳар доим бир-икки кишига тааллуқли бўлади. Калтакдан эса кўпчиликнинг боши ёрилади. Узр, мақолни ноўрин қўлладик. Ҳеч кимнинг боши ёрилмаслигини жуда яхши биласиз-ку!
Ўйин масаласига келсак, «Сўғдиёна» - «Бунёдкор» учрашуви 77-дақиқагача ҳақиқатан ҳам, роса қизиди. Айниқса, Фаррух Икромов захирадан майдонга тушгач, ўйин чиндан ҳам, жонланди ва белгиланган «сценарий» асосида якунланди - 3:3, гўё. Ҳисоб 2:3да тўхташи ҳам мумкин эди. Аммо бундай бўлмади. «Сўғдиёна» очко олишни уддалади. Қарангки, худди шунга ўхшаш вазиятда Антонио Конте бошқарувидаги «Интер» ҳисобни тенглаштиролмади. Тенглаштиролмайди ҳам-да. Ўйин Германияда ўтказилди-ку, қандай қилиб тенглаштирсин?! Ўзбекистонда бўлганида, бошқа гап эди. Ла Лигада совриндор бўлолмаган «Севилья» Европа Лигаси кубогини 6-марта боши узра кўтарди. Ромелу Лукаку -Лаутаро Мартинес тандеми қорабайир тулпор каби ҳар қанча чопмасин, уни тўхтатолмади. Ҳакам эса бу хусусда ўйламади ҳам. Бундай футбол томошасининг нимасидан кўпроқ завқланасан киши?! Ғолибнинг самимияти ва шодлигидан, мағлубнинг мардлиги ва зардасидан! Андрей Канчельскис «Машъал»ни шундай самимий табрикладики, асти қўяверасиз. «Навбаҳор»нинг айрим мухлислари «Рақибни табриклагандан кўра, жамоангни ғалабага етакла!» дейишди хуноблари ошиб. Россиялик мутахассис ўртамиёна рақибларга қарши кечган икки ўйинда бирорта гол уролмаган «лочинлар»ни янги парвозларга қандай шайлайди? Бунга унинг салоҳияти етадими? Ёки унга нисбатан «трактор» иборасини ишлатган Славко Лукич ҳақ бўлиб чиқадими? Ҳарқалай, ўтган турда «самолёт» пастга шўнғиди, «трактор» тириллаб-тириллаб тўхтади.
Назаримизда энди «фол» очиш мушкул. Чунки мувозанат бузилди. Суперлига узоқ йўлнинг эгри-бугри қисмига келди. Бошқача айтганда, жадвалнинг қуйи қисмидаги клублар эскича яшашни истамайди. Албатта, «Пахтакор» ва АГМК уларнинг хоҳишини эътиборга олмайди, «ёрдам» ҳақида ўйламайди. Аёнки, нажот ўртамиёналардан. Қуйидагиларга «мурувват» кўрсатишнинг эса минг хил йўли бор. У йўллардан биз юрмаганмиз. Юрганларнинг сўзларидан биламизки, йўлларда кўп-кўп манфаат манзиллари, бекатлари жойлашган. Шуни биламиз, холос. Бошқаси маълум эмас.
Бизга маълуми шуки, «Бавария» янги маркадаги «машина» сифатида ЕЧЛ ғолиби бўлиб бўй ростлади. Бундеслигада тенгсизлигини исботлаган жамоа Европада ҳам шундай мақомга эришди. Орзумиз - «Пахтакор» ҳам шу йўлдан борсин ва ОЧЛда ўз сўзини айтсин. Яхши ният - ярим давлат. Неймар уриниб-уриниб, Мануэль Нойер дарвозасини забт этолмади ва кўз ёш тўкди. «Шерлар» эса ОЧЛ ғолиблигини қўлга киритиб, шодлик кўз ёшларини тўкишсин! Рўзиқул Бердиев «Пахтакор» ҳақида бор ҳақиқатни сўзлади. Ўйлаймизки, бу эътироф «шерлар»ни ҳаволантирмайди. Бошқа жамоаларни эса «Пахтакор»га қарши курашдан чалғитмайди. Зеро, курашмаслик - футбол кушандасидир!
Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20