Қайднома

Қидирув

Куман ҳам Леодан умидвор, албатта

Куман ҳам Леодан умидвор, албатта

  26.08.2020 07:20
  0
  243
Куман ҳам Леодан умидвор, албатта

«БАРСЕЛОНА»НИНГ ЯНГИ БОШ МУРАББИЙИ РОНАЛД КУМАН НИМА ДЕЙДИ? Кике Сетьен ҳақли равишда «Барселона» бош мураббийи лавозимидан четлатилди. Каталония клуби аввалига Испания чемпионати олтин медалини «Реал»га бой берди, кейин ЧЛда «Бавария»дан мисли кўрилмаган даражада ҳақоратомуз мағлубиятни қабул қилди. Шуларни назарда тутсак, Сетьеннинг истеъфоси ҳеч кимни ортиқча ажаблантирмади. Қолаверса, каталонияликлар янги мураббий топиш масаласида ҳам муаммога дуч келишмади. Йўқ, улар сўнгги бир неча кун давомида матбуот нашрларини «безаган» Маурисио Почеттино, Массимилиано Аллегри ёки Тьерри Анрини эмас, балки «ўз» кадрлари - футболчи сифатида «Барса»да ёрқин из қолдирган Роналд Куманни танлашди. 57 ёшли мутахассис Каталония клуби билан 2022 йилнинг ёзигача мўлжалланган шартнома остига имзо чекди. Махсус таништирув маросимида расман «Барселона» бош мураббийи сифатида эълон қилинган нидерландиялик афсонавий ҳимоячи ва истиқболли мутахассис бир қатор масалаларга тўхталди. Айтиш ўринли, у Каталония пойтахтига қайтишига қадар мураббийлик соҳасида маълум тажриба тўплади. Дейлик, охирги йилларда Нидерландия миллий жамоаси нуфузини қайта тиклаётганди. Ҳар ҳолда, «лоларанг­лар» унинг бошқарувида Европа чемпионати финал босқичи йўлланмасини ортиқча муаммосиз қўлга қиритишди. Тўғри, «учар голландлар» Европа Миллатлар лигаси финалида Португалия термасига кичик - 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйишди. Умуман олганда, Куман «Барселона»га устозлик қилишни орзу қиларди ва буни ҳеч қачон яширган эмас. Мана, у ниятига эришди. Дарвоқе, расмий таништирув маросими бироз ажабтовур тарзда ўтди - янги мураббий COVID-19 баённомаси талабига биноан, дейлик, клуб президенти Хосеп Бартомеу билан қўл бериб саломлашмади. Унга лоақал «Барселона» футболкасини ҳам совға қилишмади. Ваҳоланки, бунга нимадир халақит бермасди. Муҳими, Куман ўзи учун қадрдон «Ноу Камп» аренаси майдонига тушди ва янги, қонуний ўрни - бош мураббий креслосини эгаллади. Энди навбат янги бош мураббийнинг илк фикрларига...

Мессининг келажаги

- Тушунарлики, Месси - дунёнинг энг яхши футболчиси. Албатта, у билан ҳамкорликда ишлашни хоҳлайман. Ахир Лео ҳамон ёлғиз ўзи жамоа­га ғалаба келтиришга қодир. Қисқаси, унинг «Барселона»да қолишидан умидворман. Мессини кўндиришимга тўғри келадими-йўқ, буни билмайман. Лекин Лео билан бафуржа гаплашаман, албатта. Бошқа ўйинчилар билан ҳам. Месси ва клуб ўртасида шартнома бор. Умуман, «Барселона»нинг уни таркибда олиб қолишга уриниши табиий ҳол. Бошқача бўлиши мумкин эмас.

«Барселона»даги фаолияти

- «Барселона» - қадрдон уйим. Уйда ишлашдан яхшироғи борми? Албатта, жуда бахтиёрман, лекин шунинг баробарида умумий ҳолатга реал қарайман: бу ерда осон бўлмаслигини ҳозирдан ҳис қилиб турибман. «Барселона»ни бошқариш - улкан масъулият. Зеро, ҳамма жамоа­дан фақат ва фақат ғалаба кутади. Тўғри, бу нормал ҳолат ва кучли босимга тайёрман. Ўйлайманки, «Барселона» таркиби рисоладагидек, юксак марраларни забт этишга қодир. Табиийки, энди таркибнинг янада қудратли қилиш устида иш олиб борамиз. Шубҳа йўқ, қандайдир ўзгаришлар кузатилади. Аввало, клуб нуфузини тиклашимиз талаб этилади. «Барселона» - дунёдаги энг улкан клуб. Ҳаттоки, сўнгги натижалари бунга зид бўлса ҳам, шундай. Умуман, ҳар қандай вазиятни ўнглаш имконияти бор, менимча.

Ўйин услуби

- Голландиялик эканлигимни ҳамма яхши билади. Табиийки, тўп назоратини хуш кўраман. Ширали футболни ҳам. Мураббийлик соҳасига қадам ташлаганимга анча бўлди ва ўйлайманки, ортда қолган вақтда анча-мунча нарсаларни ўргандим, тажриба тўпладим. Шогирдларимга айтадиган биринчи гапим оддий: «Футболдан лаззат олинг!» Завқ олишни билмаган футболчи натижага эришолмайди. «Барселона» тиғизроқ ўйин кўрсатиши, иштиёқ билан тўп суриши шарт. Майдонга тушишни хоҳлайдиган ҳар бир футболчи мени аввало, ғалаба учун борини беришига ишонтириши шарт. Маҳаллий тарбияланувчиларга кўпроқ имконият беришни режалаштир­япман. Таркибда доимо тажриба ва ёшлик шижоатини уйғунлаштиришга уринаман.

Френки де Йонг истиқболи

- Френки клуб сафига жуда эрта қўшилди. Бу ўта мураккаб вазият. Муҳими, у дебют мавсумида чакки таассурот қолдиргани йўқ. Боз устига, ўз позициясида ўйнамаган ҳолда. Умуман, ҳар бир шогирдим имкония­тидан тўлиқ фойдаланиш шахсан ўзим учун жуда муҳим. Жумладан, ҳар қайси ўйинчининг майдондаги роли ҳам катта аҳамиятга эга. Футболчи ҳамиша энг кўп манфаат келтирадиган нуқтада ўйнаши лозим.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz