Қайднома

Қидирув

Алишер Никимбаев: «Бошқаларнинг мен ҳақимдаги фикрлари қизиқ эмас»

Алишер Никимбаев: «Бошқаларнинг мен ҳақимдаги фикрлари қизиқ эмас»

  27.08.2020 09:14
  0
  666
Алишер Никимбаев: «Бошқаларнинг мен ҳақимдаги фикрлари қизиқ эмас»

Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блоги ва таниқли мутахассис Алишер Никимбаев ўртасидаги суҳбат давоми. Ўзбекистон миллий жа­моаси нега ҳамон жаҳон чемпионатига чиқолмаяпти? Никимбаев миллий жамоамиз бош мураббийи Вадим Абрамовга нега танқидий кўз билан қарайди? Қатарда ишлаётган ҳамюртимиз катта интервьюнинг якуний қисмида шу каби саволларга жавоб қайтарди, яна ўз талқинидаги энг кучли футболчиларни тилга олди.

- Эҳтимол, бу ушбу интервьюнинг энг асосий саволларидан биридир - Ўзбекистон термаси нега жаҳон чемпионатига чиқолмаяпти?

- Ҳар бир терма - бу бошқа-бошқа компонентлар комбинациясидир. Баъзан - бу омад. Худди КХДР термаси билан бўлгани каби. Ўшанда корейсларни ким бошқарганини сўранг, ҳозир ҳеч ким эслолмайди. Япония ва Жанубий Корея термалари натижаси - кўп йиллик барқарор фаолият маҳсули. Эътибор берсангиз, улар ҳеч қайси мундиални ўтказиб юборишмайди. Бунақаси яқин орада кузатилмаса керак. Барчаси йўлга қўйилган, корейслар ҳам, японлар ҳам шу йўналишда кетишяпти. Эрон? Форслар ҳам муваффақиятсизликка учрашди, аммо кейинчалик тикланиб олишди, яна жаҳон чемпионатида қатнашишди. Хориждан янги мураббий олиб келишди (гап Карлуш Кейруш ҳақида бормоқда), у Али Даи ёки Али Каримилар авлодидан кейин унчалик иқтидорли ҳисобланмаган футболчилардан натижага эришадиган жамоа шакллантирди.

- Бошидан Эктор Куперга нисбатан танқидий муносабатда бўлдингиз. Вақти келиб, уни ишдан бўшатишди. Сизнингча, терма учун ким идеал мураббий эди?

- Идеал мураббий тўпни назорат қилган ҳолда, ҳужумкор ўйин услубини танлайди. У яхши мотиватор сифатида барчани бирлаштиради. Тажрибаси ва билими етарли бўлади, қўл остидаги жамоани ҳали эришмаган ютуқлар сари етаклайди. Идеал мураббий шундай... У имкон қадар ёш ва мақсади сари интиладиган серғайрат бўлиши керак.

- Эшитишимизча, Вадим Абрамовга ҳам танқидий руҳ билан қарар экансиз. Нега? Терма жамоа унинг қўл остида анча қизиқарли ва ҳужумкор футбол кўрсатади-ку.

- Ҳозирча Абрамов термамизни ниманинг эвазига жаҳон чемпионатига олиб чиқиши мумкинлигини кўрмаяпман. Бунга Австралия термасига қарши кечган баҳсдаги 0:6 ҳисоби (Осиё кубоги-2011 ярим финали)  ва 5та сариқ карточка воқеасини қўшимча қилиш мумкин. Абрамовнинг фаолиятига қанчалик танқидий руҳда қарасам, Купернинг ишига ҳам шундай муносабатда бўлганман. Умуман, Ўзбекистондаги бирор мураббий ишидан қониқмайман, ушбу лавозимда маҳаллий мутахассислардан ҳеч кимни тасаввур қилолмайман. Абрамовнинг терма жамоа ва клубдаги фаолиятига муносабатим турлича. Вадим Карленович клубдаги иши орқали кўп нарсаларга қодирлигини кўрсатган. Ўз нав­батида, қайсидир мутахассисни терма бошқарувига тайинлашдими, унинг саралаш цикли охиригача ишлашига қўйиб бериш керак. Бу Абрамовга ҳам, бошқа мураббийларга ҳам тегишли гап. Ишонч билдирилдими? Охиригача шундай бўлсин.

- Тасаввур қилайлик, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарлигига тайинландингиз. Дастлабки қадамларингиз қандай бўлади?

- Бу саволга «Телеграм» тармоғидаги каналимда уюштирган конференцияда жавоб берганман. Ушбу мавзуни муҳокама қилиш турли сабабларга кўра,  нотўғри. Ахир федерациянинг раҳбарлари бор, улар белгилаган режа асосида ишлашмоқда. Нимадир дейишим этикага тўғри келмайди.

- Кўпинча «Телеграм»да мамлакат футболи раҳбарларининг турли хатолари ҳақида ёзасиз. Ўтган вақт мобайнида сиз учун энг маъносиз ва тушунарсиз туюлган қарор қайси?

- Энг тушунарсизи - чемпионат тугашига бир нечта тур қолганида, тўсатдан лигада 12та жамоа қолдирилиши ҳақидаги қарор. Бу ҳар қандай мантиққа зид. Ўзим клубларнинг лицензиялаштирилиши тарафдориман, рўйхатдан ўтдингми - қатнаш, йўқми - марҳамат, қуйи дивизионда ўйна. Аммо иштирокчиларни 16тага кўпайтирмай, 12тага камайтирилиши - бу абсурд. Қатнашчилар сони қисқартирилди, жаҳоннинг ҳеч ерида ишлатилмаган турнир формуласини татбиқ этишди. «Дунёда ҳеч ким қўлламаган экан, келинг, биз шуни танлаймиз»  қабилида иш тутишди. Биринчи лигадаги кулгули ўзгаришлар ҳақида-ку умуман гапирмайман. Яхшиямки, мия ишлади, тавсияларга қулоқ тутилди ва абсурднинг сўнгги нуқтасига олиб борилмади.

- Мираброр Усмонов, Умид Аҳмаджонов, Равшан Эрматов. Бу мутасаддиларга бир сўз билан таъриф берсангиз.

- Бир сўз билан таърифлаш қийин, лекин уриниб кўраман. Усмонов - биринчи навбатда, обрўли шахс. Аҳмаджонов - ўзгаришлар учун қилинган ўзгариш. Эрматов - бу умид. Эрматов келгач, одамлар футболдаги ҳолатнинг яхшиланишига умид боғлай бошлашди.

- Мазкур интервьюга тайёргарлик кўриш жараёнида тушундимки, сизни ҳамма ҳам ёқтирмас экан. Нега айримлар сизни шубҳасиз эксперт ўрнида кўришадию, баъзилар ўзбек футболи душмани сифатида билишади?

- Ҳар бир шахсни яхши кўрадиганлар ва ёқтирмайдиганлар топилади, албатта. Шу боис, ким ҳақидадир фикр юритаётганда, энг ижобий ва энг салбий баҳони бир четга суриш керак. Сувга сакраш, трамплиндан сакрашда шундай йўл тутилади. Мени хушламайдиганлар ҳам бор эканми? Нима ҳам қила олардим? Уларнинг ўз қарашлари бор, нега шундай фикр юритишларига асослари мавжуддир. Шундай экан, қарорларини муҳокама қилмоқчи эмасман.

- «Твиттер»да Bemalolxo`ja номи остидаги фойдаланувчи (ушбу аккаунт ПФЛ директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаевга тегишли экани айтилади) 2017 йилнинг 8 ноябрида ўзбек тилида «твит» қолдирганди: «Никимбаев билан тез-тез маслаҳатлашаман, фикрларимни у билан баҳам кўраман». Ҳозир 2020 йил. Билишимча, айни пайт муносабатларингиз яхши эмасдек. Бунга нима сабаб бўлгани ҳақида кўпчиликдан сўрадим. Аниқ жавоб ҳам олдим: ҳасад. Кимга нисбатан ҳасад? Нега шундай бўлиши мумкин?

- Агар гап 8 ноябрь ҳақида бораётган бўлса, бу туғилган куним. Эҳтимол, у кўнглимни олишни истагандир. Агар бу чиндан ҳам, Диёр Имомхўжаев бўлса, у журналистлик пайти мен билан тез-тез маслаҳатлашарди. Ҳаттоки, лигада ишлаганида ҳам мурожаат этарди. Ҳозир ҳам федерация ва лигадагилар менга маслаҳат сўраб мурожаат этишади, гарчи бу уларнинг айрим раҳбарларига ёқмаса ҳам. Ҳаттоки, ПФЛ ходимларига менинг ижтимоий тармоқлардаги постларимга лайк қўйиш тақиқланган ҳолатлар ҳам бўлган. Ҳасад ҳақида ҳеч нима билмайман. Диёр Имомхўжаевга журналист сифатидаги муносабатим ўзгармаган. Балки унда қандайдир ҳасад бордир, аммо бу борадаги савол менга берилмаслиги керак. Бошқаларнинг мен ҳақимдаги фикрларига кўп ҳам қизиқмайман.

Агар икки саволингизни умумлаштирсак, шундай дейиш мумкин: ҳеч ким бизни ўзимиз таҳлил қилганчалик ўрганолмайди. Кимнидир алдашимиз мумкин, балки ушбу интервьюда сизга бор гапни ошкор айтмагандирман? Қаерда ҳақиқат, қаерда ёлғон борлигини фақат ўзимиз биламиз. Қачон самимий эканлигимиз, қачон бундай эмаслигини ҳам. Христиан динида пул тўлаш эвазига гуноҳлардан қутулиш мумкин. Аммо бу гуноҳ ювилганини англатмайди-ку! Мен учун ўзим, оилам аъзолари ва яқин дўстларим олдида ҳақиқатгўй бўлишим жуда муҳим. Шу дўстларим орасида ўзбек футболи учун кўп ишлар қилганлар бор. Бошқаларникидан фарқли равишда, айнан уларнинг фикрлари кўпроқ қизиқтиради. Баҳрайн термасига қарши кечган ўйин воқеаси кўрсатиб турибди: айбсиз эканингни исботлашга ҳарчанд уринма, ёт кишилар ўзлари хоҳлагандек фикр юритаверадилар.

- Узоқ йиллардан буён «МЮ»га мухлислик қиласиз. Англияда трибуналар тўлади, шоулар уюштирилади, оилавий секторлар бор. Ўзбекис­тонда томошабинларни стадионга чорлаш учун қандай ишларга қўл уриш керак?

- Англияга бориб, ўйин томоша қилишни ёқтираман. Нафақат Манчестерга борганман, балки ўтган йили Лондонда ҳам бўлдим. Олдимда 2та вариант бор эди - «Челси» ва «Тоттенхэм». Якунда «Тоттенхэм» иштирокидаги ўйинни танладим. Чунки янги стадион, у ердаги ташкилотчиликни кўришни хоҳладим. Биз нима қилишимиз керак? Қийин савол. Биринчи нав­батда, клублар маркетологлари кўпроқ ишлашлари лозим. Кўпчилик буни футбол даражаси билан боғлайди, шахсий фикрим эса бошқача. Бизнинг футбол Осиёда энг ёмони эмас. Масалан, қитъамизда шундай мамлакатлар борки, футбол даражаси пастлигига қарамай, стадионларга кўплаб мухлислар ташриф буюришади. Мисол тариқасида Индонезияни кўрсатиш мумкин. У ерда ашаддий фанатлар бор, ўйин бошланмасидан 30 минглаб мухлис йиғилганини ўзим кўрганман. Бизда ҳам фаол ишқибозлар бисёр, барча шаҳарларда бўлмасада, улар бор. Томошабинлар келишмаяптими, демак, қайсидир жиҳатлар бўйича ишлар тўғри йўлга қўйилмаган. Биринчи навбатда, ўзимиздан бошлашимиз керак. Клублар профессионал сифатида ўсиши даркор. Ахир Англияда ҳам оилавий секторлар ташкил этилганига кўп бўлмади. Вақтида одамлар футболга боришни хоҳлашмаган, қўрқишган. Чунки футбол безорилар учун эди. Аммо соҳа раҳбарлари аста-секин дастур тузиб, оилаларни стадионларга қайтаришди. Бунга ўзим гувоҳ бўлдим. Масалан, иттифоқо, «Олд Траффорд»даги ўйинга ташриф буюрдик. 2009 йил эди, мавсум бошланиши, «Бирмингем»га қарши баҳс. VIP-чипталаримиз бор, 10 кишига мўлжалланган стол ўрнатилганди, бизнинг столда 3та жуфтлик ҳам ўтирди. Бир жуфтлик - Манчестердан бўлиб, дўстларини ҳам таклиф этганди. Улар шанба куни шаҳарга келишган, шу ерда тунашган, эртасига эса хонадон эгалари шундай маданий ҳордиқ тақдим қилишган. Ҳозир Анг­лияда 30 йил аввал хаёлга келмаган нарсалар бор. Биз ҳам шу йўлдан боришимиз мумкин, асосийси, астойдил шуғулланиш керак.

- «МЮ»нинг собиқ футболчиси Андрей Канчельскис «Навбаҳор»ни бошқаряпти. Унинг фаолиятини кузатиб боряпсизми, ишига қандай баҳо берасиз?

- Албатта, кузатяпман. Наманганга йўл олишидан аввал иккимиз телефон орқали гаплашгандик, бўлажак иши юзасидан айрим масалаларни муҳокама қилдик. Ишга киришганидан кейин эса, бошқа суҳбатлашмадик, чунки энди менсиз ҳам ҳаммасини жуда яхши билади. Умуман олганда, Андрей Антанасович билан «Нав­баҳор» бошқарувига келишидан аввал танишганмиз, Москвада суҳбатлашгандик. Унга кейинги фаолиятида омад тилайман.

- Келишилган ўйинлар... Уларга қарши қандай курашиш керак?

- Жавоб саволнинг ўзида яширин. Айнан курашиш керак. Одамларни жазолаш, озодликдан маҳрум этиш, клубларни олий ва биринчи лигалардан ҳайдаш керак. Яна «бир кунлик» жамоаларни биринчи лигага қўймаслик муҳим. Авваллари тизим бош­қача эди. Иккинчи лигада қатнашмаган клуб биринчи лигага қўйилмасди. Бугун эса бўш жойда клуб тузиб, уни дарҳол биринчи лигада рўйхатга киритишнинг имкони бор. «Бир кунлик» клубларга эътибор қаратсангиз, уларнинг айнан тотализатор орқали даромад орттириш мақсадида тузилганига ишонч ҳосил қиласиз... Равшан Эрматовнинг янги лавозимда қилган биринчи иши -  «Спортрадар» компанияси билан ҳамкорлик келишувига эришгани. Бу катта қадам. 2014 йили мазкур компаниянинг Лондондаги офисида бўлганман ва Ўзбекистон чемпионатидаги шубҳали ўйинлар ҳақидаги маълумотларни ўз кўзим билан кўрганман. Ушбу маълумотларни ПФЛ ва ЎФФ раҳбариятига етказишни режалаштиргандик, аммо ўшанда бу амалга ошмаганди. Муҳими, «Спортрадар» эндиликда ОФК билан тузилган шартномага мувофиқ, Ўзбекистон чемпионати ўйин­ларини кузатиб бормоқда. Яна ЎФА билан ҳамкорлик қилмоқда. Демак, вазиятнинг ўзгаришидан умид бор.

- Наздингизда энг яхши 3 нафар ўзбек футболчиси кимлар ва нима учун?

- Булар - албатта, Одил Аҳмедов, Элдор Шомуродов ва Виталий Денисов. Шу йигитлар бошқа легионерларимиз билан солиштирганда, кучли чемпионатларда тўп суришмоқда. Таъкидлаш жоиз, бу футболчилар нафақат ўйнашмоқда, балки ўз жамоалари етакчилари ҳисобланишади. Кимдир Денисов фаолиятининг чўққисини босиб ўтганини айтиши мумкин, аммо унга нисбатан ўзгача муносабатдаман. Виталийни ҳар доим жангчи, инсон сифатида қадрлаганман, ҳурмат қилганман. Шу боис у мен учун ҳамиша рўйхатнинг энг юқори қисмида.

- Жаҳоннинг энг яхши 3 нафар футболчиси?

- Шубҳасиз, Криштиану ва Месси. Улардан қайси бири кучли эканлигини сўраманг. Учинчиси? Исталган юлдузни айтиш мумкин. Чунки жаҳон футболида икки юлдуз ва бошқалар бор.

- Фаолиятингиз давомида сиз кўрган ўзбекистонлик энг ақлли футболчи ким?

- Албатта, Миржалол Қосимов. У ҳар томонлама ақлли. Ҳам майдон, ҳам унинг ташқарисида. Бундай позицияда аҳмоқлар ўйнашмайди. Ярим ҳимояда тўп сурадиганлар футболни ҳаммадан яхшироқ тушунишади.

- Шахсий талқинингиз бўйича ўзбек футболидаги асосий профессионаллар...?

- Жуда қийин савол. Ҳозир ишлаётганлардан балки кимнидир танимасман ёки қайсидир мутахассис номини тилга олмасман... Аммо футболимизда ўз иши ва вазифасига профессионал ёндашадиган биринчи рақамли шахс - Равшан Эрматов. Бу ҳақда у ЎФА вице-президентига айланишидан аввал гапирганман. Бундан ташқари, ўз устиларида ишлашдан тўхтамаётган кўплаб мураббийлар ҳам бор. Масалан, Улуғбек Бақоев.

- «Узбекская кухня» блогининг анъанавий саволи. Машҳур шахс билан қаҳва устида 10 дақиқа гаплашиш имкони берилса, кимни танлардингиз?

- Агар гап футбол ҳақида борса, Шавкат Мирзиёев билан суҳбатлашишни хоҳлайман. Агар қаҳва ёки чой устидаги одатий гаплар бўлса, эҳтимол, Кэтрин Зета-Жонс суҳбатдошимга айланарди...

 

 

«Узбекская кухня» блоги таниқли мутахассис билан суҳбат чоғи «Халқ овози» рукнига ҳам навбат берди. Яъни футболга алоқадор шахслардан ўзбекистонлик мутахассисга йўлланган саволларга жавоб олди.

 

Елена Аблякимова («Пахтакор» матбуот хизмати):

- Агар футболчи бўлганингизда, қайси позицияда ўйнардингиз?

- Болалигимда, футбол ўйнасак, дарвозада турардим. Бу бежиз эмас, зеро, тоғам дарвозабон эди, иккинчи лига жамоасида ўйнаган. У чин маънода ҳаваскор саналган - локомотив депосида ишлагани туфайли темирйўлчилар клуби дарвозасини қўриқларди. Шунга қарамай, сардорлик вазифасини бажарган, узоқ муддат ўйнаган. Табиийки, менинг тақдирим ҳам шундай кечди. Тўғри, кейинчалик босқичма-босқич мудофаа чизиғига кўчдим. Кўпинча марказ ёки ўнг қанот ҳимоясида тўп сурардим.

 

Наталья Угрюмова (Қирғизистон ФА):

- Кетма-кетлик бўйича жавоб берсангиз: а) энг эсда қоларли ўйин; б) катта таассурот қолдирган китоб; в) қайта-қайта кўришингиз мумкин бўлган фильм; г) энг илиқ хотиралар; д) ўзингизни эркин ҳис қиладиган шаҳар...

- Энг эсда қоларди ўйин? Ўзбекистон - Қувайт, бу баҳс 2005 йили жаҳон чемпионати саралаши доирасида ўтказилган. Биз 3:2 ҳисобида устун келганмиз. Термамиз иродали ютуқни қўлга киритган камсонли учрашувлардан бири.  Мазкур учрашув яна бир воқеа билан ҳам ёдда қолган: ўша кезлари ўзбек футболида фаолият юритган шахслардан бири менга қўнғи­роқ қилиб, дабдурустдан ғалати гапирганди: «Ҳа, ўйинни сотдинглар. Қандай суммага эканлигини ҳам биламиз. Бугун мағлубиятга учрашингларга ҳеч ким шубҳа қилмаяпти». Мен эса шунга яраша жавоб қайтардим: «Билсангиз, жуда яхши. Нега менга қўнғироқ қилиб, айтяпсиз, нимага эришмоқчисиз?» Энди 0:2 ҳисобида ютқазаётганимизда, қандай ҳиссиётларни бошдан кечирганимни тасаввур қилиб олаверинг. Одамларнинг шундай ўйлашларига сабаб яратиб бераётганимизни тушуниб турардим. Шунчаки, ўйинни сотмоқчи эмаслигимизга ҳеч ким ишонмасди. Якунда 3:2 ҳисобида ғалабага эришдик. Китоб масаласига келсак, аниқ бир асарни айтолмайман, аммо мен ёқтирадиган ёзувчилар бор: Василий Аксёнов ва Сергей Довлатов. Эсимда қолган дастлабки китоблар Ирвин Шоуники: «Бой ва камбағал» ҳамда «Қашшоқ ўғри». Мен ёқтирган фильм - «Криминал хом асар», уни ҳар доим томоша қилавераман. Энг ёрқин хотира? Бундайлар кўп, бирортасини ажратиб кўрсатолмайман. Ўзимни қайси шаҳарда қулай ҳис этаман? Лондонда.

 

plasticpitch (theasiangame.net сайти журналисти):

- Ўзбек футболида хорижлик мураббийларга ишончсизлик борми? Агар шундай бўлса, Купер ва Друлович ушбу фактни янада чуқурлаштиришдими?

- Ишончсизлик йўқ. Аксинча, мухлисларимиз хориждан мураббий олиб келинишини хоҳлашади. Табиийки, талаб ҳам шунга яраша юқори. Маҳаллий мутахассислардан фарқли равишда, чет элдан келганлардан кўпроқ нарса кутилади. Купер ва Друлович билан боғлиқ ҳолат вазиятни чуқурлаштирганини айтолмайман, мухлислар хорижлик мураббий олиб келинишини истайдилар, барибир. Бироқ «хорижлик» деганда исталган мутахассис назарда тутилмаслигини кўпчилик тушунмайди. Купер ва Друловични малакасиз мутахассисларга чиқармоқчи эмасман. Балки улар нотўғри пайт нотўғри жойда пайдо бўлишгандир. Ўйлашимча, хорижликларга нисбатан ишонч сўнмаган. Мабодо, ҳозир мухлислар ўртасида сўров ўтказилса, уларнинг катта қисми чет элдан мураббий жалб этилишига овоз бериши турган гап.

 

Алексей Лебедев («Локомотив» Москва клуби):

- 1991 йилгача тўп сурган ўзбекистон энг кучли 3 нафар футболчи...?

- Гарчи ўйинларини кўрмаган бўлсамда, уларнинг буюклигига шубҳам йўқ: булар - Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов ва Владимир Фёдоров, албатта. Бевосита майдондаги ҳаракатларига гувоҳ бўлганларим орасида эса Геннадий Денисов, Игорь Шквирин ҳамда Андрей Якубикни айтишим мумкин. Бу 1991 йилгача бўлган даврга тааллуқли. Аммо ушбу рўйхатга Миржалол Қосимовни ҳам қўшиш керак, гарчи унинг асосий фаолияти 1991 йилдан кейинги даврга тўғри келсада.

Ўткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz