Қайднома

Қидирув

«Синфдошлар» рақобати ёки ДАВРИМИЗНИНГ СЕРЮЛДУЗ ЙИЛЛАРИ

«Синфдошлар» рақобати ёки ДАВРИМИЗНИНГ СЕРЮЛДУЗ ЙИЛЛАРИ

  28.08.2020 06:49
  0
  489
«Синфдошлар» рақобати ёки ДАВРИМИЗНИНГ СЕРЮЛДУЗ ЙИЛЛАРИ

Савияси, мавқеидан қатъий назар, кўча футболининг ўзгача гашти бор. Жумладан, ҳар бир йилда туғилган ёки эски синфдошлардан тузилган жамоалар ўртасида ҳаваскорлар мусобақалари урфга айланган ва бу кўпчиликни анча қизиқтириши ҳам турган гап. Бундай турнирларда тобора узоқлашиб бораётган ўша беғубор ёшликнинг ажиб соғинчи қайта жонланади. Лекин муайян бир йилда туғилган болалардан неча фоизи профессионал футболчи мақомига эришишини билмаймиз. Қизиқ, замонавий футболда айнан қайси йил вакиллари устунлик қилишмоқда? Шу савол таъсирида юзага келган қуйидаги мақола soccer.ru сайти ижодкорларининг изланишлари самарасидир. Улар Лионель Месси ва Криштиану Роналдудек юлдузларни тортиқ этган ўтган асрнинг 80-йилларида туғилган тенгдошлардан ўзига хос рамзий жамоалар шакллантиришди. Қани, кўрайликчи, қайси йил юлдузларга сероб?

10-ўрин - 1982 йил терма жамоаси

Рисоладагидек йил, аммо энг зўри эмас. Ҳа, албатта, терма жамоа-82да «Олтин тўп» соҳиби Кака бор, Дарио Срна, Василий Березуцкий ва Майкл Эссьен каби йигитлар маҳоратига ҳам гап йўқ. Бироқ бу жамоа ёрқинлик бобида рақобатчиларига нисбатан нурсизроқ. Тўғри, жамоа таркибидан жой олган Петр Чехнинг фантастик ўйинларини инобатга олсак, у бемалол яна 1-2 поғона юқорилаши мумкин эди. Иккинчи томондан, ўз салоҳиятларини тўлиқ юзага чиқаролмаган Антонио Кассано ва Адриано ҳам шу йил вакилларидир.

 

9-ўрин - 1989 йил терма жамоаси

Зўр таркиб, қойилмақом гуруҳ, аммо қолганлари ҳам анойи эмас-да. Марко Ройс ва Гарет Бэйл турли сабабларга кўра, барқарор ўйин кўрсатолмаяптилар, Генрих Мхитарян ҳам. Аксель Витцель эса финал мақомидаги ҳал қилувчи баҳсларда таянч ҳудудида барчасини аъло даражада бажаришга ёлғизлик қилади. Хорди Альба - жаҳон чемпиони, лекин ҳимоянинг бошқа вакиллари унинг савиясига тортмайдилар. Боз устига, Яспер Силлессен ҳам дейлик, Эдвин ван дер Сар эмас. Хуллас, ҳавас уйғотадиган таркиб, фақат навбатдагилари янада ёрқинроқ.

8-ўрин - 1983 йил терма жамоаси

Чароғон осмоннинг юлдузларга тўла бир бўлаги. Бироқ бу таркибда ҳам муаммолар кўзга ташланади. Филипп Лам ва Дани Алвешдек афсоналарга эътироз йўқ. Альваро Арбелоа ва Пепе худди Клаудио Браво каби кўплаб совринларга эга чиқишган. Фақат шуниси борки, улар жуда зўр бўлишсада, буюклик рутбасига кўтарилолмадилар. Тўғри, 1983 йил вакилларида марказий чизиқ ўта қудратли, аммо олдинги чизиқ бўшроқ...

 

7-ўрин - 1985 йил терма жамоаси

Ҳимоя марказида айрим камчиликлардан холи бўлмаган, қанотларда ишончли қалқонларга эга, шунингдек, миллий жамоаси билан ЖЧ «плей-офф» беллашувларида фантастик ҳаракатланганига қарамай, буюклар қаторига киролмаган дарвозабон Гильермо Очоани ўз сафида жамлаган кимсан Криштиану Роналду жамоаси. Иккинчи томондан, Уэйн Руни ва Лукас Подольски ҳам - футбол афсоналари, Лука Модрич ва Фернандиньо - энг зўр хавбеклар. Қойилмақом таркиб, аммо 1-2та камчиликлари бор.

6-ўрин - 1986 йил терма жамоаси

Ўта сермаҳсул йил. Серхио Рамосни ҳеч иккиланмай, ўнг қанотга қўйиш керак - у ортиқча таъриф-тавсифга муҳтож эмас. Диего Годин ва Ведран Чорлука ЕЧЛ ва ЖЧдек бош турнирлар финалларида жавлон уришди. Жеймс Милнер - «шалпангқулоқ» соҳиби, Жоао Моутиньо ва Нани - Европа чемпионати тождорлари. Давид Сильва - жаҳон чемпиони! Радамель Фалькао ва Эден Жеко - мўлжални бехато оладиган мерганлар, Халк - даҳшатли замбарак. Зўр жамоа, лекин яна зўрроқлари топилади...

 

5-ўрин - 1981 йил терма жамоаси

Ўта рақобатбардош, савияли жамоа. Хоакин Санчес ҳамда Андрей Аршавин фаолиятининг гуллаб-яшнаган даврида жаҳон мезонларига жавоб берадиган даражада тўп суришди. Худди тенгқурлари Коло Туре ва Андреа Барцальи каби. Хаби Алонсо ва Майкл Кэррик - «Реал» ҳамда «МЮ» афсоналари қаторидан жой олишди. Майкон вақтида «Интер»да дунёнинг энг яхши ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ном қозонганди, Патрис Эвра эса «МЮ»нинг сўл қанотида. Икер Касильяс футбол тарихидаги буюк дарвозабонлардан бири, Самуэль Это~О ва Златан Ибрагимовичнинг юксак маҳорати ва нуфузи борасида баҳслашиш ортиқча.

4-ўрин - 1980 йил терма жамоаси

Агар Дирк Куйт, Флорен Малуда, Мигель ёки Диего Лугано каби иқтидорларнинг энг ёрқин дамларини инобатга олсак, бу таркибдан қандайдир камчилик топиш осон эмас. Боз устига, Эстебан Камбьяссо, Эшли Коул, Стивен Жеррард, Хави ва Роналдиньо ҳам шу жамоа вакиллари. Ушбу афсоналар ўз фаолиятларида ЕЧЛ ғолиблиги нашидасини татиб кўришган, иккиси жаҳон чемпиони унвони соҳиби. Тўғри, Роналдиньо ва Хавининг ёғдулари ёрқинроқ. Лекин тенгдошларининг маҳорати ҳам чакки эмас.

 

3-ўрин - 1987 йил терма жамоаси

Айниқса, ҳужумчиларга жуда бой йил. Айнан шу сабабга кўра, айрим ёрқин голеадорлар захирада қолишди. Фақат жамоа таркибида етук қанот ҳимоячилари йўқлиги ва дарвозабон савияси борасида эътироз билдириш мумкин: Жо Харт, номзодлар - Серхио Ромеро ва Висенте Гуаита... Албатта, йирик мусобақалар финалчилари, ЕЧЛ ғолиблари, 2 нафари жаҳон чемпио­ни. Энг асосийси, Лионель Месси ҳам шу таркибда. Хуллас, бу жамоа рейтингдаги бошқа рамзий термаларни енгишга қодир.

 

2-ўрин - 1988 йил терма жамоаси

Руи Патрисиунинг «плей-офф» ўйинларида қандай мўъжизалар кўрсатганини эслашга уриниб кўринг, Матс Хуммельс ва Жером Боатенг худди Месут Озил ва Серхио Бускетс каби жаҳон тождори эканликларини унутманг. Хуан Куадрадо ва Иван Ракитич узоқ йиллардан буён буюк жамоалар талабига жавоб бериб келишмоқда. Марсело эса «Реал» таркибида кўплаб совринларни қўлга киритди, Анхель ди Мария «Қироллик клуби»нинг ЕЧЛда кўп йиллик танаффусдан кейин зафар қозонишида муносиб улуш қўшди. Серхио Агуэро ва Роберт Левандовски - АПЛ ҳамда Бундеслига тарихидаги энг яхши хорижий снайперлар. Ўта қудратли ва шу билан бирга барча чизиқларда уйғунликка эришган таркиб.

 

1-ўрин - 1984 йил терма жамоаси

Тўғри, Жоржо Кьеллини ва Бранислав Иванович ҳимоя чизиғи қанотларида ўйнашни балки унутишгандир, лекин уларда бундай тажриба йўқ эмас. Умуман олганда, ўта кучли ва ҳамжиҳат таркиб. Уни фақат бош турнирлар - ЕЧЛ ёки ЖЧ финалларида тасаввур қилиш мумкин. Таркибнинг кўплаб вакиллари шундай шарафли баҳсларда тўп суришган. Хавьер Маскерано 2014 йили Аргентина терма жамоасида етакчилик қилганди, Уэсли Снейдер эса ЖЧ-2010да Нидерландия миллий дружинасида айнан шу вазифани адо этди. Андрес Иньеста, Бастиан Швайнштайгер ва Фернандо Торрес - жаҳон чемпионлари. Карлос Тевес эса рақобатчиларни маҳв этишда жамоадошларига кўмаклашувчи таркиб безагидир.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz