Қайднома

Қидирув

Тулпорга тенглашган тойчоқ ёхуд Холанд отаси ва Рой Кин ўртасидаги можаро ҳақида...

Тулпорга тенглашган тойчоқ ёхуд Холанд отаси ва Рой Кин ўртасидаги можаро ҳақида...

  29.08.2020 01:48
  0
  253
Тулпорга тенглашган тойчоқ  ёхуд Холанд отаси ва Рой Кин ўртасидаги можаро ҳақида...

Қисқа фаолияти давомида озгинаю, созгина тўп суриш билан футбол олами эътиборини ўзига қаратган Эрлинг Холанднинг мажбурий танаффусдан кейинги ҳайратомуз ўйинлари ўта қизиқарли сериалдан сира қолишмади. Бундан илҳомланган FourFourTwo журнали ва норвегиялик сермаҳсул ҳужумчи ўртасида кечган самимий суҳбат ҳам кўпчиликка манзур тушса, ажабмас. Умуман, Эрлинг Холанд якунланган мавсум еврофутболнинг энг ёрқин кашфиётига айланганини инкор этиш иложсиз, албатта. Гарчи ўтган йили ташкиллаштирилган ўсмирлар миқёсидаги ЖЧ олтин медали Украина термасига насиб этган бўлсада, норвегиялик келажаги порлоқ ҳужумчининг «Зальцбург»да узоқ ушланиб қолмаслиги ўша пайтдаёқ тахмин қилинганди. Эрлинг кейинчалик ЧЛда тинмай гол урди ва уни харид қилиш учун топ-клублар ўртасида кучли рақобат юзага келди. Бу курашда ҳаммадан чаққонроқ ва дадилроқ иш тутган Дортмунд «Боруссия»си қишки трансфер дарчасида ноёб иқтидорни ўз сафига қўшиб олди.

 

***

Эрлинг Холанд мавсум давомида ҳақли равишда бутун футбол жамоатчилиги ва матбуотнинг тинимсиз мақтовларига сазовор бўлди. Муҳими, норвегиялик вундеркиндга йўлланган бирор эътироф асоссиз эмас. Бинобарин, у Дортмунд клуби сафига қўшилиши билан қатор-қатор голлар уриб, Бундеслигада бир неча рекордни янгилади. Асосийси, Холанд рақиблар дарвозасини нишонга олиш баробарида голга ассис­тентлик қилишни ҳам унутгани йўқ. Очиғи, кучли лигада бир уринишда самарали ўйнаб кетишни анчайин тажрибали ҳужумчилар ҳам орзу қилишади. Асосийси, тўсатдан чақнаш ва бошни айлантирадиган даражадаги муваффақият 19 ёшли ўсмирнинг юриш-туришига заррача таъсир этмагани кишини янада кучлироқ ҳайратга солади. Дейлик, Эрлинг FourFourTwo журналистлари саволларига қисқа ва сирли жавоблар қайтариш билан кифояланди. Уни матбуот вакиллари учун айни муддао саналган жарангдор иборалар мутлақо қизиқтирмайди. Жавобларининг лўндалиги эса уятчанлиги эмас, балки ўзига нисбатан ишонч ҳиссининг юқорилиги белгисидир. Эрлинг ҳаттоки, оддий интервьюни ҳам футболчи ва журналист ўртасидаги ўзига хос спорт мусобақасига айлантириб юборди. Кичик Холанд шу хислати билан ўз  кумири - Златан Ибрагимовични эслатади. «Златаннинг нафақат ўйини, балки феъл-атвори ва бошқа сифатлари ҳам таҳсинга лойиқ. Ўйлашимча, болалигимдан худди у каби ўзимга мутлақо ишонганман. Шунингдек, Ибранинг янги синовларга ўчлиги, жамоа ва чемпионатларни тез-тез алмаштиришига қойил қолганман. Бу осон эмас, албатта. Муҳими, Златан қаерга боришидан қатъий назар, нималарга қодирлигини илк сониядан намойиш эта олади. Хуллас, уни ҳамиша мароқ билан кузатаман. Илк сонияларда урилган голларга оид гапларим менда Златан натижаларини такрорлаш орзуси борлигини англатадими? Агар буни уддаласам, ўзимни ғоят бахтиёр ҳис этардим. Иккимиз ҳозирча учрашганимиз йўқ, лекин келажакда нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Кўрамиз! Мени Златанга ўхшатишларига келсак, иккимиз ҳам гавдали ҳужумчимиз. Аммо ўйин услубимиз таққослаш имконини бермайдиган даражада турлича. У алоҳида хусусиятларга эга, мен ҳам...», - дейди Эрлинг.

***

Альфи Холанд айниқса, британиялик мухлислар учун яхши таниш. Ҳар ҳолда, Эрлингнинг отаси вақтида Анг­лияда ўйнаган, у яна Норвегия миллий жамоаси ярим ҳимоясидаги мазмунли ҳаракатлари билан эсда қолган. Умуман, катта Холанд профессионал фаолиятининг катта қисмини Англияда ўтказган. Аниқроқ айтсак, Альфи «Ноттингем Форест», «Лидс» ва «Манчестер Сити» клублари сафида тўп сурган. Демакки, туманли ўлка Эрлинг­га ҳам бегона эмас: «Вақтида Лидсда яшаганмиз. Болалар боғчасида олинган фотосуратимга кўзим тушса, Англия хотиралари гавдаланади. Лекин отамнинг «Лидс»даги ўйинларини эслолмайман. Чунки ўша пайт атиги 4 ёшда бўлганман. 5-6 ёшдан эса, отам Англия чемпионати ва Норвегия миллий жамоасида ўйнашини тушуна бошладим. Баъзан фаолияти ҳақида унинг ўзи гапириб берарди. Шунинг­дек, отамнинг голларини видеоёзувлар орқали ҳам томоша қилганман».

***

Англиялик мухлислар Альфи Холанд ва Рой Кин ўртасида юзага келган можарони яхши эслашади. «МЮ» афсонаси 2001 йилги «Манчестер дербиси»да норвегиялик рақибига ўта қўпол муносабатда бўлган ва барчасини эски воқеа билан изоҳлаганди. Яъни Холанд мавсум-1996|1997да Кинни симуляция ишлатганликда ноҳақ айблаган ва у бунинг учун ўч олишга уринган экан. Рой ўшанда Альфининг оёғини бутсаси «тиш»лари билан тепкилаб ташлаганди. Катта Холанд айни шу қўполлик  оқибатида оғир жароҳатга йўлиқиб, фаолиятини барвақт якунлаган... Эрлингнинг бу нохуш лавҳа хусусида тўхталишни истамаслиги тушунарли ҳол, албатта. Лекин у отасининг ўз фаолиятига таъсири ҳақида бамайлихотир гапиради: «Отам ўша тўқнашув лавҳасини ҳеч қачон кўрсатмаган. Табиийки, ҳамиша у ўйнаган жамоаларга мухлислик қилганман. Албатта, ҳар қандай болакай аввало, отасининг жамоасига меҳр беради. Тўғриси, унинг ҳар бир ўйинини кучли ҳаяжон билан кузатардим. Ахир ўғлиман. Лекин менга айнан ўзига хос босим ва ҳаяжон ёқарди. Бундан ташқари, бу қўшимча мотивация берарди, доимо отамдан яхшироқ тўп суриш ҳақида ўйлардим, худди у каби, яъни футбол эвазига яшашга интилардим. Менимча, бу - ёруғ дунё­даги энг мароқли машғулот. Фарқи шуки, отам асосан ярим ҳимоя чизиғида тўп сурган, мен эса ҳамиша олдинги чизиққа интилганман. Очиғи, ҳужумкорлик таянч ҳимоячиси вазифасига нисбатан қувноқроқ иш. Хуллас, ақлимни танибманки, отам билан футбол ҳақида кўп гаплашганмиз ва гаплашяпмиз. Бутун ҳаётим давомида ундан ибрат оляпман».

***

Эрлинг Норвегия ўсмирлар терма жамоаси (U-15)дан таклиф олгани ҳамоно ўзига нисбатан ишонч ва умидларни оқлашга тушди. Ўйин бошланиши билан майдон марказидан туриб рақиб дарвозасига урган голи эса, умуман футбол оламининг энг камёб ҳодисаси сифатида қолмоқда: «Ўша гол чиндан ҳам, жуда ажойиб чиққанди. 2015 йилда урилган гол ҳамон фаолиятимдаги энг чиройлиси бўлиб турибди».

***

Ёш йигитчанинг майдон ташқарисидаги ҳолатига келсак, у интернет тармоқларини «портлатиш»га улгурди. Яъни у вақтида терма жамоадаги шериклари билан антиқа рэп-клип яратганди. Ўша видеолавҳа ҳозирга қадар YouTube каналида 3,5 миллион марта томоша қилинди. «Видео клипми? Ажойиб ғоя ва зўр ижро. Ўша вақт U-17 тоифасидаги терма жамоа йиғинига тўпланган эдик. Ёзнинг узун кунларида баъзан зерикиб қолардик. Шу боис рэп-видео яратишга қарор қилдик. Лекин ўйлашимча, футбол бобида санъатдагига нисбатан иқтидорлироқман, менимча. Муҳими, клип ҳам рисоладагидек чиққанди. Дейлик, унга Дортмунддаги жамоадошларим ҳам қизиқиб қолишди. Кийиниш хонасида шу трекни тез-тез кўришади», - дейди Эрлинг санъатга қизиқиши ҳақида.

***

Тушунарлики, Холанд ҳозирги даражасига осонгина эришган эмас. Мисол учун, у «Мольде» таркибидаги дастлабки 42та учрашувда бор-йўғи 4та гол урганди. Лекин кейинги 4тасида рақиблар дарвозасини 7 марта ишғол этди. Ана шу кескин ўзгариш ҳужумчига «Зальцбург» йўлланмасини тақдим этди. Австрияликлар ёш иқтидор соҳибини ўз томонларига оғдириш учун 4,5 млн. фунтдан воз кечишди: «Ҳа, «Бранн»га қарши кечган учрашув фаолиятимда бурилиш нуқтасига айланди. Мавсумолди машғулотлари пайти тобим қочиб, тайёргарлик кўришда қийинчиликларга дуч келдим. Аммо ўша учрашув худди кечагидек ёдимда - 4та гол уриш... Шундан кейин маҳсулдорликни ошириш учун нима қилиш кераклиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлдим. Кейин Зальцбургга йўл олдим. Бу ўринли қарор эди. Йилнинг биринчи ярмида кўпроқ шуғулланиб, камроқ ўйнадим. Ёз келганидан кейин эса, ижобий ўзгаришларни кузатишга улгуролмай қолдим. Янги бош мураббий - Жесси Марш жуда катта ёрдам берди. У мен учун тенги йўқ устоздир».

***

Холанд барча спорт нашрлари муқоваларини 1 йил олдин забт этди. Тўғри, ҳар қандай мусобақада кимдир ғолиб чиқади, нуфузли совринга эга бўлади, лекин ЖЧдек турнирнинг 1та учрашувида 9та гол уриш - меганатижа, барибир! Хуллас, Эрлинг ўсмирлар ўртасидаги ЖЧдан ўрин олган Норвегия - Гондурас ўйинида нақ 9та гол уриб, якунда кичик мундиални энг яхши тўпурар мақомида якунлади. У энг яқин таъқибчисидан 2 баравар яхшироқ натижа қайд этганди: «О, ўша учрашувни ҳеч қачон унутмасам керак. Ахир болалар футболида кўрсатган натижамни такрорлагандим. Тўғриси, шахсий рекордимни аниқ эслолмайман, фақат жуда кўп гол урганимни биламан. Қисқаси, ўша оқшом унутилмас лаҳзаларни тортиқ этди - тарихий ўйин. Агар VAR аралашмаганида, голларим сони 11тага етарди. Фақат шу жиҳат бироз ранжитганди». Ёш ҳужумчи ўша вақт уни олдинда навбатдаги муваффақият кутиб турганидан бехабар эди. Йигитча тарихий мундиалдан қайтгач, «Зальцбург» сафида ЕЧЛдаги дебютини нишонлади. Норвегиялик снайпер нуфузли турнирнинг гуруҳ босқичидаёқ 8та гол урди. Жумладан, ЧЛда «хет-трик»ка эришган энг ёш футболчилар рўйхатида Уэйн Руни ва Раулдан кейин 3-поғонани банд этди. «Ўзи орзум шу мусобақада иштирок этиш эди. ЕЧЛ мадҳияси бошқа­ча-да, уни тез-тез хиргойи қиламан. Дебют гол? Биласизми, энди голларни бу қадар узоқ нишонлай олмасам керак. Чунки эҳтирослар жунбушга келганида, қувончдан сакрай-сакрай, тинкангиз қурийди, қўл-оёқларингизда куч қолмайди. Лекин мазза қиласиз, барибир», - дейди Эрлинг.

***

Ички ва халқаро ареналардаги муваффақиятли иштирокдан кейин Холанднинг харидорлари кўпайгани табиий ҳол, албатта. Боз устига, ўта ноёб иқтидор соҳибини атиги 18 млн. фунт­га харид қилиш имконияти ҳам қизиқишни ошириб юборди. Норвегиялик ҳужумчининг агенти Мино Райола «Ювентус», «Барселона», «Реал», «РБ Лейпциг» клублари, шунингдек, Манчестер грандлари билан музокара олиб борганини яширмади. Якунда Эрлинг отаси ва Райола билан маслаҳатлашган ҳолда, кўплаб вариантлар орасидан энг мақбулини топди - ёшларни қадрлайдиган «Боруссия» Д. таклифини қабул қилди. Дарҳақиқат, Дортмунд жамоаси ёш иқтидорларни камолотга етказиш бобида бой тажрибага эга: «Албатта, «Боруссия» мухлисларини аввал ҳам кўп марта кўрганман. Бироқ клуб ҳақидаги видеолавҳани томоша қилганимдан кейин у чинакам фанатларга эгалигини тушундим. Мен учун айнан Дорт­мунд энг керакли нуқта эканлигини олдиндан ҳис этгандим. Бу ерда барчаси - клуб, унинг тарихи ва анъаналари, шарт-шароитлар маъқул келди. Қисқаси, жамоа танлашда адашмадик».

***

Аслида Холанд учун курашда «МЮ»ни асосий фаворит сифатида кўрсатишганди. Футболчининг ўзи «қизил иблислар» қизиқишига изоҳ беришни хоҳламайди, лекин топ-клублар эътиборидан мамнунлигини яширмайди: «Ҳеч қайси жамоани муҳокама қилмайман, фақат ҳозирги клубим хусусида фикр билдиришим мумкин. Очиғи, сенга таниқли жамоа­ларнинг харидор эканлигини билиш ёқимли. Бу тўғри йўлдан кетаётганингга далил».

***

Холанднинг Бундеслигадаги дебюти айнан ўзи орзу қилганидек ёрқин чиқди: «Аугсбург»га қарши кечган баҳсда захирадан майдонга тушган ҳужумчи 3 дақиқадан кейин гол урди, 23 дақиқа оралиғида эса «хет-трик» муаллифига айланди. Асосийси, 1:3 ҳисобида мағлубиятга учраётган «Боруссия» ўйинни ғалаба билан якунлади - 5:3. «Янги жамоадаги фаолиятим шунчалик муваффақиятли бошланишини сира кутмагандим. Бош мураббий ўйинга тушириш пайти вазиятни ўнглаш учун қўлимдан келганича уриниб кўришимни айтди ва буни уддаладим. Лекин бошқа томондан, маҳсулдорликдан ортиқча ҳайрон қолмадим. Чунки бутун умрим давоми шундай ўйнашга ҳаракат қиляпман. Етук футболчи мақомига эришишга ҳеч ҳам шубҳаланмаганман. Ўйлашимча, келажакда дунёнинг энг яхши футболчиси бўла оламан. Бу орзуга қанча тез эришсам, шунча яхши».

***

Ҳа, футбол олимпини забт этиш ва ўз номини тарихга ёзиш учун норвегиялик ҳужумчида нафақат мақсадга элтувчи равон йўл, балки мукаммал намуна - Альфи Холанд ҳам бор. Эрлинг болалик чоғидан отасини ортда қолдиришни орзу қилади. Нима, иқтидорли тойчоқ учқур тулпордан ўзишга улгурдими? «Йўқ, йўқ. Аммо қачондир бу реал воқеликка айланишидан умидворман», - дейди Эрлинг кулимсираб.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz