Қайднома

Қидирув

«Лидс» яна кучлилар қаторида!

«Лидс» яна кучлилар қаторида!

  30.08.2020 03:29
  0
  610
«Лидс» яна кучлилар қаторида!

«Лидс» шунчалик иззатталаб ва мағрур жамоаки, нақ 16 мавсумни АПЛдан ташқарида ўтказганига дабдуруст­дан ишониш мушкул. Албатта, лидсликлар клуб ҳамияти, мавқеини ҳимоя қилиш учун тинмай ҳаракат қилишди, изланишди, бор имкониятларни сафарбар этишди. Аммо жамоа узоқ вақт омадсизлик гирдобидан чиқолмади. Оқибатда енгилганида ҳам таслим бўлишни истамайдиган жасур «Лидс»га хос илҳомбахш сифатлар хотирага айланди. Ҳозир ҳам кўпчилик мутахассислар «оқлар»нинг ўтган асрнинг 90-йилларида кўрсатган ёрқин ўйинларини соғинч билан эслаган ҳолда, баҳс-мунозараларни давом эттирмоқдалар. Бироқ энди соғинчни бир четга суриб, келажакни ўйлаш пайти келди - Чемпионшипда ғолиб чиққан Марсело Бьелса жамоаси ниҳоят, элитага қайтди!

 

Чемпионшипга қулаш вамолиявий синиш

«Лидс Юнайтед» азалдан иззатталаб, ўта иззатталаб клуб саналган. Бироқ жамоа ЕЧЛда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритгач, харажатларга зўр берди ва якунда қарзга ботди. 2004 йили эса АПЛдан тушиб кетгач, етакчи футболчиларини бирин-кетин сотишдан ўзга чораси қолмади. Рио Фердинанд, Жонатан Вудгейт, Марк Видука ва Жеймс Милнер рақиб жамоалар сафидан жой олишди. Боз устига, суюкли «Элланд Роуд» стадиони ва «Торп Арч» машғулотлар майдони янги соҳиблар тасарруфига ўтди. Қисқаси, клуб тубсизликка қулади. Тўғри, жамоа фалокатдан кейинги дастлабки мавсумда мухлислар кўнглида умид учқунларини уйғотди. «Лидс» бош мураббий Кевин Блэквелл раҳбарлигида ҳамда клуб акциялари пакетини 10 млн. фунтга харид қилган янги хўжайин Кен Бэйтс кўмаги билан Чемпионшипнинг «плей-офф» босқичи финалига чиқди. «Молиявий ҳолатни тартибга келтириш ва қолган кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш осон эмас. Лекин туннель ортидаги шуълани ҳам кўриб турибмиз. Бу йилни ёнғинни бартараф этишга сарфладик, энди аста-секин назоратни ўз қўлимизга оламиз», - деганди ўшанда Бэйтс.

Агар «Лидс» ўша финалда ғалаба қозонганида, соҳибнинг тахмини даҳолар башоратига айланарди. Бироқ АПЛ йўлланмаси ҳал қилувчи баҳсни 3:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилган «Уотфорд»га насиб этди. Орадан бир неча ой ўтгач, Блэквеллга чиқиш эшиклари кўрсатилди. Клуб ғазнаси ҳамон бўм-бўш эди ва мураббийлар штаби асосан эркин агент мақомидаги футболчиларни таклиф қилиш билан чекланди, яна ижара келишувларига зўр берилди. Қисқаси, бош мураббий ваколатини ўз зиммасига олган Жон Карвер таркибга дахлдор беқарорликни тўхтатолмади. Кейинчалик Деннис Уайз ва Густаво Пойет жамоа савиясини сақлаб қолишга уринган бўлсаларда, бу иш уддасидан чиқишмади. Бир тарафда Бэйтс молиявий муаммоларни бартараф этолмади. Оқибатда «Лидс»нинг Биринчи лига (учинчи даражали дивизион)га тушиб кетиши аниқлангач, клубда ташқи бошқарув тартиби жорий қилинди. Қўшимчасига, «Лидс»га -10 очко шаклида жазо белгиланди.

Биринчи лига тажрибаси

Омадсиз клубнинг кўргиликлари шу билан ниҳоясига етмади: бир қатор қинғирликлар натижасидами, «Лидс» яна Бэйтс ихтиёрига ўтгач, лига раҳбарияти жамоани 15 очколик жарима билан «сийлади». Жамоа шундан кейингина бамаслаҳат иш юритишга одатланди. Қизиғи шундаки, мухлислар гуруҳи жамоага ёрдам бериш ва таъсир кўрсатишда ҳеч қачон ўша пайтдагидек фаоллашмаганди. Шу тариқа «Лидс» адолатсизлик қурбонига айланган аламзада жамоа мақомидан усталик билан фойдалана бошлади. Уни Йовил, Лондон ва бошқа шаҳарлардаги мухлислар қўллаб-қувватлашди. Футболчилар эса қўл кўтармасликларини, тез орада нотаниш дивизионни тарк этишларини исботлашга уринишди. Энг муҳими, «товуслар» 15 очколик жазога қарамай, «плей-офф» босқи­чига чиқишди, бироқ «Донкастер Роверс» тўсиғи олдида тўхташди. Бунинг оқибатида жамоа янги бош мураббий - Гари Макаллистерга топширилди. Лекин у тез орада ўз ўрнини қуйи лигада «Блэкпул» билан самарали ишлаган Саймон Грейсонга бўшатиб берди. Мавсум якунида «Лидс» яна «плей-офф» босқичида иштирок этди ва бу сафар ашаддий рақиб - «Миллуолл»га бас келолмади. Вазифа бажарилмаган бўлсада, янги бош мураббийнинг иши барчага бирдек маъқул тушди. Чунончи, Саймон «товуслар»­ни яхши тушунарди, гап шундаки, жамоа бошқарувини қўлга олишидан аввал айнан унга мухлислик қиларди. Ниҳоят, 2010 йили жамоа мавсум стартида очко жамғариш бобида ўз рекордини янгилаган ҳолда, Чемпионшип йўлланмасини қўлга киритди. Аслида «оқлар» бунга осонлик билан эришганлари йўқ: мавсумнинг сўнгги босқичида ўйин савияси пасая бошлади (кўп учраб турадиган ҳодиса яна такрорланди) ва «Лидс» 2-ўрин орқали юқори лигага йўл олди. Асосийси, «товуслар» бутун мавсум давомида жуда ёрқин футбол кўрсатишди. Жамоа жумладан, Англия кубоги доирасида «МЮ»ни «Олд Траффорд»да маҳв этди. Юксак сермаҳсуллик намойиш этган Жермейн Бекфорд ўша таркибнинг асосий юлдузи эди.

Бой берилган имконият

Парвоз - ажойиб сифат, аммо маблағдан ҳануз дарак йўқ эди. Мухлислардаги кўтаринки кайфиятни эса Бекфорднинг «Эвертон»га бериб юборилгани адойи-тамом қилди. Боз устига, сув текинга! Энди айтингчи, 126та учрашувда жамоага 71та гол совға қилган ҳужумчи ўрнини қандай тўлдириш мумкин? Умуман, буни қандай тушуниш керак? Ўзи мухлислар шу айрилиқсиз ҳам суюкли жамоалари гранд мақомини бой бериб, иқтидорлар экспортчисига айланиб қолганига аранг чидаб юргандилар. Қарангки, жамоа Грейсон Бекфордсиз қолгач ҳам тўғри йўлдан адашмади. Бу - мухлисларнинг бахтлари кулганидан далолат. Оддий айтганда, «Лидс» тобора куча­йиб борди, марказий чизиқда Нил Килкенни ва Брэдли Жонсон, ҳужумда Роберт Снодграсс, Жонни Хоусон, Макс Градель ва Лучано Беккио самарали тўп суришди. Дарвозада эса ёш иқтидор соҳиби Каспер Шмейхель маҳорат бобида отаси билан тенглашиш йўлида изланди. Бу футболчилар кейинчалик АПЛда ўйнадилар, ўйнамоқдалар. Аммо 6 нафар юлдузнинг ҳеч бири «оқлар» сафида қолмагани ғалати, барибир. Етакчиларини олиб қолиш қанчалик қийин бўлганини шу мисолдан билиб олиш мумкин. Грейсон дастлабки мавсумдаёқ АПЛни мўлжаллаганди. Бироқ бу сафар унинг сафдошлари оёғига болта уришди - Кен Бейтс қишки трансферлар дарчасида харажат қилишни истамади. Ваҳоланки, мураббий жароҳатлар гирдобига тушиб қолган Патрик Киснорбо ўрнини «Ипсвич» марказий ҳимоячиси Гарет Маколи билан тўлдириш ниятини билдирганди. Бироқ Бэйтс бу футболчини қарияга чиқариб, 400 минг фунтга арзимаслигини баҳона қилди. Якунда Маколи «Вест Бромвич» сафига қўшилиб, АПЛ­да 7 йил тўп сурди. Қўшимчасига, Шимолий Ирландия терма жамоа­си билан Евро-2016 ўйинларида майдонга тушди. «Лидс» эса мавсумни атиги 7- ўринда якунлади. Умуман олганда, Бэйтс ўша пайт «Лидс»да омонат шахс мақомида турганди, мазкур келишмовчиликдан кейин мавқеини бутунлай йўқотди. Ўзига қарши намойиш уюштирган мухлисларни эса калта­фаҳм­ларга чиқарди. «У билан рисоладагидек ҳамкорлик қилаётгандим. Барча қийинчиликларга чидадим. Сабаби, жамоа билан юқорига кўтарилишни режалаштирдим. Ваҳоланки, клуб етарли маблағга эга эмасди. Иззатталаблик даражаси ҳам анча пасайганди. Жамоа қандай қийинчиликларга йўлиққани ҳаммага маълумлиги боис, ҳеч ким таваккал қилишни истамади. Мен эса харидлар учун миллионларни сўрамадим, шунчаки, таркибни тўлдириш учун 0,5 «лимон» ажратишни талаб қилдим», - деганди Грейсон.

Чемпионшип чийриғи

Шу тариқа Грейсоннинг «Лидс»даги даври ниҳоясига ета бошлади. Деярли барча юлдузларидан айрилган жамоа мавсум стартида кўнгилдагидек натижа кўрсатолмади. 2012 йилнинг февралида бош мураббий лавозимига Нил Уорнок таклиф этилди. Бу танлов нафақат омадсиз, балки шубҳали ҳам эди. Чунки Уорнок «Шеффилд» мухлиси сифатида танилганди. Ҳозир уни ҳеч ким эсига ҳам олмайди. Чунки Уорнок даврида «Лидс»нинг аҳволи янада танглашди. Жамоа турнир жадвалининг ўрта қисмида кўпроқ қолиб кетса, мутасаддиларга қуйи лигага тушиб кетиш хавотири тинчлик бермасди. Охир-оқибат, клубни GFH Capital гуруҳига сотиб юборишди. Энг ёмони, раҳбарлик тизимида кузатилган сезиларли ўзгаришлар жамоанинг турғунлик даврига асос солди...

Янги соҳиблар бошқарувни Брайан Макдермоттга топширишди. Бироқ ўта сўзамол бу мураббий ҳам худди ўтмишдошлари каби вазиятни ўнглолмади: «Нимаики юз берган бўлса, барчаси ўтмишда қолди. Энди янги лойиҳа бўйича иш олиб борамиз. Клуб тарихи муҳим, уни ҳурмат қилиш ва келажак ҳақида ўйлаш лозим. Албатта, янги тарих муаллифига айланишни истаймиз, доимо ортга қарашдан фойда йўқ. Шу пайтгача «Лидс» каби чуқур инқирозга учраган клубни кўрмаганман. Таназзулнинг асорати ҳанузгача сезилиб турибди». Мазкур интервьюдан атиги 13 кун ўтгач, Макдермотт янги соҳиб Массимо Челлино томонидан «истеъфо»га чиқарилди. Бу италия­лик функционернинг охирги кутилмаган қарори эмасди. Истеъфо ибораси нима учун қўштирноқ ичида? Гап шундаки, янги раҳбарда ўзини кўрсатиб қўйиш истаги шу қадар кучли эдики, ҳали клубни қабул қилишга улгурмай туриб, бош мураббийга жавоб берди. Лекин англия­лик мураббий «Лидс»да келажаги йўқлигини сезган бўлсада, клубда қолди. Раҳбарлик лавозимини эгаллаган Челлино эса ўз қарорини қайта кўриб чиқди ва Макдермоттга мавсум охиригача ишлаш имкониятини берди. Аммо мураббий ишончни оқлолмади, жамоа фақат «плей-офф» босқичидаги ғалаба эвазига қуйи дивизионга тушиб кетиш «бало»сидан омон қолди. Бу кучли тўфоннинг бошланиши эди. Челлино ёрқин ва дангалчи шахс бўлиб, унинг илк танлови «Форест Грин Роверс»нинг собиқ устози Дэйв Хокадэй бўлди. Бу мураббий шунчаки, ўзаро суҳбат чоғи соҳибга ёқиб қолганди. Лекин «товуслар» 24 август куни Биринчи лига вакили «Брэдфорд»дан енгилишгач, июнда шартнома имзолаган мураббийга чиқиш эшиклари кўрсатилди. Афсонавий Брайан Клафдан фарқли равишда, Хокадэй мутасаддиларда афсусланишга сабаб қолдирмади. Ҳозир у Жанубий Глостершир коллежида ишламоқда. Мураббийлар қўнимсизлиги шу билан ниҳоясига етмади: 1 ой фаолият юритган Дарко Миланич ўрнини мураббийлик вазифасини вақтинча бажарувчи Нил Редферн эгаллади. Аммо унинг даврида жамоа юқорилашдан кўра, қуйига шўнғишга яқинроқ бўлди. Кейин лига раҳбарияти янги соҳибнинг Италияда солиқ тўловларидан қочганини аниқлаб, уни 2014 йилнинг декабридан 2015 йилнинг апрелига қадар бошқарувдан четлатди. Бундан ғазабланган италиялик функ­ционер клубга бошқа қайтмаслигини айтди, бироқ апрелда бу фикридан воз кечди. Ана шу можаролар Редферн­ни хотиржам фаолият юритишига халал берди. Шунга қарамай, мураббий жамоа­ни қуйи лигага тушиб кетишдан сақлади, аммо Челлино билан муносабати изига тушмади. Натижада 2015 йилнинг ёзида жамоа тизгини Уве Реслер ихтиёрига берилди. Германиялик мутахассис ҳам узоққа бормади - ўз ўрнини Стив Эванс­га бўшатиб берди.

Айни шу йиллар «Лидс» учун жуда мураккаб кечди, у тушунарсиз ҳолатга тушганди. Мухлислар эса сон-саноқсиз жанжаллардан роса зерикишди. Энди маълум бўлишича, Челлино қайсидир маънода «Лидс»га жон куйдирган экан. Масалан, ишчи-ходимлар сонини 700 нафардан 200 нафарга қисқартириш орқали. Бу оғриқли масала, аммо ўша пайт ҳар бир тийинни тежаш талаб этиларди. 2016 йилнинг июлида анъанавий мураббий алмашуви амалга оширилди ва жамоа «Суонси»да ижобий таассурот қолдирган навқирон Гарри Монкка топширилди. Айнан унинг даврида «Лидс»да ниҳоят, ижобий силжишлар кузатилди. Бунда айниқса, Янги зеландиялик ҳужумчи Крис Вуднинг ҳиссаси катта. Ўша пайт фақат «Ньюкасл» ўз ҳужумчиси Энди Кэрролл билан алоҳида мақтана оларди. Кейинги ўзгаришлар спорт бобидаги ижобий ўзгаришлар соясида унча сезилмай қолди. Челлино клуб акцияларининг 50 фоизини Андреа Радриццанига сотди. Бироқ уни маҳлиё этган жамоа мавсум якунида омадсизликка учради...

Янги умид

Радриццани 2017 йилнинг ёзида клуб тасарруфини тўлалигича ўз қўлига олди. Ҳозирнинг ўзида уни асл соҳиб сифатида эътироф этиш лозим. Андреа ўзига яраша иззатталаб, мард ва энг муҳими бир сўзли йигит бўлиб чиқди. Зеро, кимга қандай ваъда берган бўлса, барчасини бажарди. Тўғри, Радриццани ҳам хатоларга йўл қўйди, хусусан, даст­лабки мавсуми жамоа учун омадсиз кечди. У танлаб олган илк мураббий Томас Кристиансен 2 ойдан ортиғига ярамади ва ўрнини «Барнсли» устози Пол Хекингбототомга бўшатди. «Элланд Роуд»га бегона кўз билан қарайдиган бу «меҳмон» ҳам 4 ойга базўр чидади. Лекин Радриццани ўзини йўқотмади. У аввалига 5 йилга мўлжалланган режа асосида АПЛга қайтиш ниятида эди. Бироқ маълум сабабларга кўра, режани 3 йилга мўлжаллаб, қайтадан кўриб чиқди. Шунга яраша «Лидс»да кўп ўзгаришларга қўл урди, 2018 йилнинг июнида эса Марсело Бьелсадек афсонани «Лидс»га олиб келиб, деярли имкони йўқ келишувни расмийлаштирди. Аслида бу ҳам ўта қалтис таваккал эди, аммо ўзини оқлади. Ҳа, бирданига АПЛ йўлланмасига эришолмаган клуб каттагина сармоядан айрилди. Лекин ҳозир буни ўйлайдиган палла эмас. Факт шуки, янги соҳиб рақобатбардош жамоа шакллантирди ва стадион билан машғулотлар базасини тарихий эгасига қайтарди. Айтганча, мавсум-2018|2019 якунида мухлислар яна бир «юрак ўйноғи»ни бошдан кечирдилар: «Лидс» бутун чемпионат давомида етакчилик қилди, аммо ҳал қилувчи босқичда қимматли очколарни ҳавога совурди. «Плей-офф»нинг ярим финалида «Дерби»дан қабул қилинган мағлубият орзунинг ниҳояси бўлиши кутилганди. Амалда эса, муваффақиятсизлик «товуслар»га қўшимча қувват бағишлади. «Мавсумолди йиғинига йўл олганимизда, йигитларимизни тушкун кайфиятда, ёқимсиз мағлубият аламини унутмаган ҳолда кўришдан чўчигандим. Лекин бунинг аксига гувоҳ бўлдим: жамоадошларим бўлажак муваффақиятга тўлиқ ишонган тарзда кўтаринки кайфиятда келишди. Қисқаси, аза тутмадик. Зўр имкониятни яна такрорлашимизга нима халақит беради? Айни шу ўй қўшимча куч бағишлади, чоғи», - деганди Пабло Эрнандес ноябрь ойида.

Мана, «Лидс Юнайтед» энди янги чўққиларни забт этиш тадорикини кўрмоқда. Бироқ тарихни унутмаслик керак. Клуб ўзига мос ва хос турнирга қайтди. Албатта, энди бунга эришиш қанчалик машаққатли бўлганини, муҳими, йўлланма нималар эвазига қўлга киритилганини эсдан чиқармаслиги лозим.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz