Қайднома

Қидирув

«Локо» ва Нуралиевга оғриқли зарба...

«Локо» ва Нуралиевга оғриқли зарба...

  01.09.2020 01:58
  0
  370
«Локо» ва Нуралиевга оғриқли зарба...

Аввалига пешқадам - «Пахтакор» Дилшод Нуралиев қўл остида майдонга тушган «Локомотив»­ни 7та жавобсиз гол билан «сийлади», кейин «Насаф» ҳам на «темирйўлчилар» ва на мураббийни аяди - 4:0. Эҳтимолки, шу натижалар ортидан Нуралиев яна ўринбосарлар жамоасига қайтарилди ва «Локо» бош мураббийи лавозимига жамоанинг қадрдон таниши Андрей Микляев тайинланди. Суперлига биринчи танаффуси арафасида рўй берган асосий воқелик шу. Яна коронавирус муаммосига учраган «Навбаҳор»нинг 2та ўйинда атиги 1очко олганини алоҳида айтиш керак. Ваҳоланки, наманганликлар марказлашган 4та турда 12 очко ишлашни мўлжаллашган эди, амалда улар 2та дуранг билан чекланишди. «Қўқон-1912»нинг 2та ўйинни ҳам охирги лаҳзаларда пенальти воситасида урилган гол эвазига ўз фойдасига ҳал қилгани яна бир эътиборга молик ҳолат...

- «Пахтакор» охирги 2та ўйинда 9та гол урди. 13та учрашувда 40та гол - қойилмақом статистика.

- «Пахтакорчи» Игорь Сергеевнинг голли серияси 5та ўйинга етди (7та). Драган Черан эса қаторасига 3та турда рақиблар дарвозасини 5 бора нишонга олди.

- АГМК охирги 2та ўйинда ҳам охирги дақиқаларда гол уриб, биринчи даврани мағлубиятсиз якунлади - 8тап ғалаба, 5та дуранг. Жамоа шунингдек, биринчи давра доирасидаги 13та ўйинда ҳам гол уришни уддалади.

- «Бунёдкор» охирги марта 5-турда «Пахтакор»га ютқазган эди (0:5). Иккинчи томонда, Вадим Абрамов бу орада 3та ғалаба ва 5та дуранг қайд этди (сўнгги 3таси кетма-кет).

- «Қўқон-1912» охирги 3та ўйинда 9 очко олди ва 3-ўринга кўтарилди. Мурод Холмуҳаммедов ҳисобидаги 8та голдан 5таси пенальти самарасидир.

- «Насаф» марказлашган 4та турда 3та йирик ҳисоб қайд этди - 2таси ғалаба, бири мағлубият.

- «Навбаҳор» охирги 2та ўйинда охирги дақиқаларда гол қўйиб юбориб, ғалаба ва дурангни қўлдан чиқарди. Наманган клуби 4та турдан буён ғалаба нималигини билмаяпти.

- «Металлург» кетма-кет 2та мағлубиятдан сўнг ўзини тиклади, чоғи. 2та бир хил ҳисобли ғалаба - 2:1.

- «Машъал»нинг 4та ўйинга чўзилган мағлубиятсиз сериясига «Металлург» томонидан нуқта қўйилди. Муборак клубида бирор футболчи 2тадан ортиқ гол урмаган.

- «Локомотив» 5та ўйиндан буён очко ололмаяпти. Бу орадаги голлар нисбати даҳшат - 2:17.  

- «Сўғдиёна» 3та ўйиндан буён мағлубият кўчасига кирмаяпти - 2та дурангдан сўнг ниҳоят, ғалаба. Улуғбек Бақоев жамоаси шунинг баробарида 4та турга чўзилган ғалабасиз серияга хотима ясашди.

- «Сурхон» марказлашган тизим ўйинларида атиги 1 очко олди. Термиз клубининг 11та голидан деярли ярми (5таси) Александр Касьян ҳисобида.

- «Қизилқум» марказлашган турларни мағлубиятсиз якунлаган жамоалардан бири - 2тадан ғалаба ва дуранг. Ваҳоланки, навоийликлар бунга қадар 9та ўйиндан 7тасини бой беришганди.

- «Андижон» биринчи даврани ғалабасиз якунлаган ягона жамоадир. Боз устига, жамоа қаторасига 3та ўйин­да ютқазди. «Андижон» сафида атиги 3 нафар футболчи гол урганини ҳам айтиш жоиз.

- Аутсайдер- «Бухоро» 2-ўриндаги АГМКдан очко тортиб олган 5та жамоадан биридир. Яна бир факт - жамоанинг 8та голи 8 нафар футболчи номига ёзилди.
***

13-ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Ҳимояда бехато ўйнашга интилдик, аммо ҳужумда вазиятларнинг кўпидан фойдаланолмадик. «Локомотив» эса ҳимояда тез-тез хатога йўл қўйди. Рақибни ўрганиш чоғи ҳимоясида муаммо борлигини сезгандик. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

- Футболчилар жисмоний жиҳатдан оқсамоқдалар. Мен эса жамоани 1-2та машғулотда ўзгартириб юборадиган сеҳргар эмасман. Футболчилардан 90 фоизини ҳайдаб юбориш керак. Бу ерда вақтинча мураббийиман. Жамоани мен тузмаганман. Футбол ўйинчоқ эмас. 2-3 кунда ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Шунча йил ишлаб, бундай жамоани кўрмаганман. Бундай жамоам бўлганида, футболчиларни бўғиб қўя қолардим. Дилшод Нуралиев («Локомотив» бош мураббийи в. б.).

- Ҳеч кимга бугунги ўйин арафасидаги ҳолатни тиламасдим. Биринчи жамоа ўйнаш-ўйнамаслигини билмайди, иккинчиси эса кутади. Энг ёмони шу. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- Биринчи голда сунъий ўйиндан ташқари ҳолатни вужудга келтиришда хато қилдик. Иккинчисида эса ҳакам адашди, менимча. Ахир 5 метрдан зарба йўллангач, футболчи қўлини олиб қочолмайди. Ҳакамлар «Пахтакор»га ёрдам беришлари шарт эмас, бу клуб шундоқ ҳам кучли. Виктор Кумиков («Андижон» бош мураббийи).

-  «Навбаҳор» кўп ўйинларда иккинчи рақам остида майдонга тушмоқда. Шунинг учун бошида очиқ футбол намойиш этишдан тийилдик. Бу принципиал ўйин эди. Барча йигитларга раҳмат, улар Ўзбекистон термасида ўйнашга муносиблар. Бахтиёр Ашурматов («Қўқон-1912» бош мураббийи).

- Жамоамизда ўйин йўқ. Йигитларни тўғри тушунаман, касал бўлишди, жароҳатланишди, ҳар 3 кунда майдонга тушишмоқда. Лекин қандайдир виждон ҳам керак. Қариндош-уруғлари, дўстлари қўнғироқ қилишса, нима дейишади? Нўъмон Ҳасанов («Навбаҳор» мураббийи).

- Бугун икки очко йўқотдик. Ютадиган ўйин эди. Пенальти белгиланган вазиятни кўриб чиқиш керак, барибир. Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош менежери).

- Афсуски, яна дуранг. Сўнгги пайтларда нотўғри ўйнаяпмиз, рақибга мослашиб қолдик. Агар тўғри ўйнаганимизда, ғалаба қозонардик. Яна рақибга ўйнаш имконияти бердик. Натижага ўзимиз айбдормиз. Вадим Абрамов («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Нима ҳам дердим, тиғиз тақвимда 4та ўйин ўтказганимиздан кейин футболчилар жисмоний ҳолати жойида эмас. Яхшики, биринчи бўлимда 2та гол уриб олдик... Улуғбек Бақоев («Сўғдиёна» бош мураббийи).

- Жиззахликлар 2та пенальти эвазига ғалаба қозонишди. Иккинчи бўлимда биринчисига нисбатан яхшироқ ҳаракатландик. Тан олиш керак, рақибимиз ҳимояда ишончли ўйнади. Равшан Ҳайдаров («Сурхон» бош мураббийи).

- Бугун жамоамизга нима бўлганини тушунмадим. Йўқ, ёмон ўйнамадик. Лекин икки бўлим бошида стандарт вазиятлардан қўйиб юборилган голлар ўйинимизни издан чиқарди. Дилявер Ваниев («Машъал» мураббийи).

- Чиройли голлар урдик, кейин натижадан келиб чиқиб ҳаракатландик. Ҳа, ритмни ўзгартириб турдик. Айрим паллаларда бироз тезлик қўшдик, кейин суръатни туширдик. Барчаси режа асосида кечди. Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи).

- Дуранг натижада қайсидир маънода ўзимиз айбдормиз. Муҳими, биринчи даврани мағлубиятсиз якунладик. Бу ҳам ўзига яраша кичик тарих. Тўйдан олдин ноғора чалмаган маъқул. Йил охирида сарҳисоб қиламиз. Миржалол Қосимов (АГМК бош мураббийи).

- Ҳимояда ҳеч қандай саросима рўй бергани йўқ. Ўйинга 4 дақиқа қўшилганди, лекин негадир чўзилиб кетди. Пенальти бормиди? Билмайман. Ҳакамлар қўмитаси ўйинни кўриб чиқиб, ўз баҳосини беришидан умидворман. Жамшид Саидов («Бухоро» бош мураббийи).

 

13-ТУР ҚАҲРАМОНИ - ШАҲЗОД НУРМАТОВ

АГМК биринчи даврани мағлубиятсиз якунлагани учун аввало, шу йигитга раҳмат айтиши керак. Шаҳзод Нурматов «Бухоро»га қарши баҳсда захирадан майдонга тушди ва 90}4-дақиқада Йован Жокичнинг муваффақиятсиз пенальтисидан сўнг қайтган тўпни «Бухоро» дарвозасига йўллаб, Миржалол Қосимовга ҳар томонлама очколар келтирди. Биринчидан, олмалиқликлар енгилиш аламини четлаб ўтишди, иккинчидан, мураббийнинг захира кучларидан тўғри фойдаланиш қобилияти яна исботланди. Эслатма, 11-турда Қосимов 3та «жокер»лик ҳаммуаллифига айланган эди.



Давоми бор. Мазкур таҳлилий мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ"нинг 1 сентябрдаги сешанба сонида ўқийсиз...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz