Қайднома

Қидирув

Ниҳоят, Ўрунов дебютини кўрдик ёки легионерларимизда нима гаплар?

Ниҳоят, Ўрунов дебютини кўрдик ёки легионерларимизда нима гаплар?

  01.09.2020 04:20
  0
  383
Ниҳоят, Ўрунов дебютини кўрдик ёки легионерларимизда нима гаплар?

Дебют билан, Остон! «Ростов» Россия Премьер-лигаси 5-турида «Урал»ни қабул қилиб, 1:0 ҳисобида ғалабага эришди. Учрашувни бошланғич таркибда бошлаган мезбонлар вакили Элдор Шомуродов 71-дақиқада ўз ўрнини Полозга бўшатиб берди. Ростовликлар ке­йинги турда «Краснодар» меҳмони бўлиб, ортга 1 очко билан қайтишди - 1:1. Ҳамюртимиз бу сафар майдонда 85 дақиқа фаол ҳаракатланди. «Спартак» сафига қўшилган Остон Ўрунов РПЛ 6-турида ниҳоят, янги жамоадаги дебютини нишонлади. «Откритие Арена» стадионида «Арсенал»га қарши кечган ўйиннинг 69-дақиқасида жароҳатланган Тиль ўрнига майдонга тушган ҳамюртимиз чакки таассурот қолдирмади. Тўғри, аввалига бироз ҳаяжонлангандек кўринган Остон тезда ўзини ўнглаб, марказда фаоллик кўрсатди. Натижага келсак, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган «қизил-оқлар» турнир жадвалида пешқадамлик қилишмоқда. «Спартак» 5-тур ўйинини «Ротор» стадионида ўтказиб, ягона гол эвазига устун келганди. Ўрунов бу учрашув қайдномасига ҳам киритилди, аммо майдонга тушмади. «Локомотив» вакили Жасур Жалолиддиновга келсак, у 6-турда илк марта «темирйўлчилар» қайдномасидан жой олиб, «Зенит»га қарши баҳс (0:0)ни захира ўриндиғида кузатди. «Локо» бир тур аввал ўз майдонида «Ахмат»га 2:3 ҳисобида ютқазганида, ёш футболчимиз «заявка»да йўқ эди. Россия чемпионати биринчи дивизиони (ФНЛ)да ўйнаётган Вагиз Галиулин 6-турда «Нефтехимик»нинг «Том»га қарши кечган сафар учрашуви (0:0)ни тўлиқ майдонда ўтказиб, 36-дақиқада огоҳлантирилди.

Шоаҳмедов - «дубль» муаллифи. «Теренггану» Малайзия чемпионати 5-туридан ўрин олган уй учрашувида «Сабаҳ»ни 4:0 ҳисобида енгди. Эътиборлиси, жамоанинг 2та голига Санжар Шоаҳмедов муаллифлик қилди (43 ва 71-дақиқаларда). Шу тариқа ҳамюртимиз маҳаллий биринчиликдаги голлари сонини 4тага етказиб, тўп­урарлар рўйхатида 2-ўринга кўтарилди.

Балли, Рустам! Жанубий Корея «К»-лигаси 18-тури доирасидаги «Сувон Самсунг Блюуингс» - «Пусан И~Парк» ўйини майдон эгаси ғалабаси билан якунланди - 3:1. Меҳмонлар вакили Достон Турсунов бу ўйиннинг 58-дақиқасида захирадан сафга қўшилди. «Ульсан Хюндай» - «Сеул» ўйинида мезбонлар яққол устунлик қилишди - 3:0. Пойтахт клуби мураббийлар штаби бу сафар ҳам, ярим ҳимоя­чи Икром Алибоевга ишонч билдиргани йўқ. «Сеонгнам»вакили Жамшид Искандеров эса, меҳмонда «Поханг Стилерс»га қарши кечган ва жамоасининг 1:2 ҳисобида мағлубияти билан тугаган баҳснинг 46-дақиқасида ўрнини захира футболчисига бўшатиб берди. «Тэгу» - «Кванжу» қарама-қаршилигида 10та гол қайд этилди - 4:6. Ғолиб жамоа сафида тўлиқ вақт ҳаракатланган Рустам Ашурматов 30-дақиқада гол ҳам урди. «Чоннам Драгонс»­га кўчиб ўтган Олег Зотеев «Тэжон Ситизен» билан учрашувда ҳам қатнашгани йўқ. Ҳисоб эса - 1:1.

Кубок баҳсида 2та гол. Аввалги ҳафта Беларусь кубоги 1|16 финал босқичи бошланди. Жумладан, «Орша» меҳмони бўлган «Энергетик-БГУ» кейинги раундга муаммосиз чиқди. Асосий ўйинчилари, хусусан, Шаҳбоз Умаровсиз майдонга тушган «талабалар» 6:1 ҳисобида устун келишди. «Гомель» - «Шахтёр» баҳсига нуқта қўйиш ҳамюртимиз Жасур Яхшибоев чекига тушди. Захирадан майдонга тушган ҳамюртимиз 90}1 ва 90}3-дақиқаларда рақиб дарвозасини нишонга олиб, Солигорск клубининг 4:1 кўринишидаги ғалабасини таъминлади. «Шахтёр» ҳафта ўртасида ЕЛ саралаш ўйинида қатнашиб, ўз майдонида «Сфинтул Георге» (Молдова)га пенальтилар серияси натижасига кўра, йўл бўшатганди - 1:4. Бу ўйин­нинг иккинчи бўлими бошида захирадан сафга қўшилган Яхшибоев ҳам пенальтидан гол уролмади. Эътиборлиси, «Кешля» - «Лачи» тўқнашувида ҳам шу сценарий такрорлади. Яъни асосий ва қўшимча бўлимларда ҳисоб очилмади, пенальтилар сериясида эса «Кешля» омадсизликка учради. Жамоа ярим ҳимоячиси Шоҳруҳ Гадоев майдонга тушмади.

Ишончли тарзда ғалаба. Хитой Суперлигаси 7-туридан ўрин олган «Шанхай СИПГ» - «Чунцин Лифан» баҳси 3:0 ҳисобида Шанхай клуби фойдасига ҳал бўлди. Миллий термамиз сардори Одил Аҳмедов ғолиб жамоа сафида 89 дақиқа тўп суриб, муваффақиятга ўз ҳиссасини қўшди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz