Қайднома

Қидирув

«Пахтакор» Наманганда яна очко йўқотди ва...

«Пахтакор» Наманганда яна очко йўқотди ва...

  02.09.2020 00:09
  0
  328
«Пахтакор» Наманганда яна очко йўқотди ва...

CocaCola Суперлиганинг 14-тури, яъни иккинчи давранинг старти Намангандаги стадионда ўтиб, унда «Навбаҳор» турнир пешқадами «Пахтакор»ни қабул қилди. Азалдан ушбу аренада ўтадиган ўйинлар рақиблар учун қийин кечган, зеро маҳаллий мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши кўпинча мезбонларнинг руҳиятини кўтарарди. Аммо мамлакатимизда карантин чекловлари ўрнатилгани боис, мазкур учрашув ҳам ишқибозлар иштирокисиз ўтди. Шунга қарамай, ушбу омил беллашувнинг шиддатли кечишига тўсқинлик қилолмади.

Баҳснинг дастлабки бўлими кутилганидек, «Пахтакор» устунлигида ўтди. «Шерлар» ижросидаги узатмалар аниқлиги, футболчиларнинг бир-бирини тушуниб ўйнаши яққол кўзга ташланди. «Навбаҳор» эса асосий эътиборни эҳтиёткорликка қаратиб, вазият туғилганда олдинга ўтиб турди.

Меҳмонларнинг кетма-кет уюштирган ҳужумларидан бири 12-дақиқада самара келтирди. Шу куни ҳар жабҳада фаоллик кўрсатган Драган Чераннинг чалқанча услубда берган зарбаси бироз ўхшамади, аммо ундан келган тўп «Навбаҳор» ҳимоячилари таъқибидан қочиб, бўш ҳудудда турган Игорь Сергеевнинг оёғига тушди. Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси қулай имкониятни кўкка совурмай, ўйинда ҳисобни очди - 0:1.

Шундан сўнг майдон эгаларида олдинга интилишдан ўзга чора қолмади. Афтидан, «Навбаҳор» футболчилари коронавирус аниқлангани ҳамон жамоа руҳиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Зеро, «Пахтакор»га қарши кечган баҳс ҳам «лочинлар» ҳамон ўзларига келиб улгуришмаганини кўрсатди. Олдинги чизиқда одатдагидек, Азиз Турғунбоев, Забиҳилло Ўринбоев ҳамда Павел Голишев фаол тўп суришган бўлсада, ҳужумларнинг якуний палласида уларга аниқлик етишмади. Томонларнинг қарама-қарши ҳужумлари остида ўтган биринчи бўлимда бошқа гол кузатилмади.

Танаффусдан кейин «Навбаҳор» мураббийи Нўъмон Ҳасанов таркибда иккита ўзгаришни амалга оширди. Ўзи учун ноқулай позиция - чап қанотда тўп сурган Тоҳир Шамсиддинов ҳамда ўйини қовушмаган Аббос Ғуломов ўрнига Хуршид Мухторов ва Ислом Исоқжонов майдонга тушишди. Таъкидлаш жоизки, айнан шу ўйинчи алмаштиришлардан сўнг мезбонларда жадаллик кузатилди.

Албатта, иккинчи 45 дақиқаликда ҳам «Пахтакор» шиддатни сўндирмади. Айниқса, «шерлар»нинг чап қанотида Машарипов - Сайфиев - Собирхўжаев учлиги чиройли пас узатишлари амалга оширган ҳолда ҳужумлар уюштиришди. Аммо сўнгги паллада уларнинг ҳаракатлари рақиб ҳимоячилари ва дарвозабоннинг уринишлари эвазига бартараф этилди.

Аксинча, «Навбаҳор» футболчиларининг уринишлари самара келтириб, ўйинда ҳисоб тенглашди. 73-дақиқада «лочинлар» қарши ҳужумга ўтишди, мезбонлар футболчиси тепган тўпни Элдор Суюнов қайтарди, у эса бўш турган Азиз Турғунбоевга келиб тушди ва «Навбаҳор» етакчиси худди Игорь Сергеевникига ўхшаш гол муаллифига айланди - 1:1.

Учрашувнинг қолган дақиқалари ҳам анча муросасиз курашларга бой тарзда ўтди. Асосийси, футболчилар ўзларини аямай ўйнайшди. Игорь Сергеев, Азиз Турғунбоев ҳамда Ислом Рашидхонов каби ўйинчиларда ҳисобни ўзгартириш учун қулай имкониятлар вужудга келганди, бироқ улардан фойдаланишда оқсашди.

Натижада, 1:1 кўриниши ўйин охиригача ўзгармай, «Пахтакор» чемпионатда навбатдаги очколарини йўқотди. Ушбу баҳсга таркибда кўплаб йўқотишлар билан келган «Навбаҳор» эса ушбу дурангдан қониқиш ҳосил қилган бўлса, ажабмас.

Ўзбекистон чемпионати. Суперлига. 14-тур

«НАВБАҲОР» - «ПАХТАКОР» - 1:1 (0:1)

1 сентябрь. Наманган. «Навбаҳор» стадиони.

Ҳакамлар: Темур Тўхтасинов, Анвар Маражабов, Зиёдулла Абдураҳмонов, Акмал Раҳимов.

Голлар: Азиз Турғунбоев (72) - Игорь Сергеев (12).

«Навбаҳор»: 1. Ўткир Юсупов, 33. Тоҳир Шамсиддинов (28.Хуршид Мухторов, 46), 5. Ғиёс Комилов, 22. Игорь Голбан, 20. Даврон Ҳошимов, 18. Сардор Теляков, 10. Азиз Турғунбоев, 70. Аббос Ғуломов  (11.Ислом Исоқжонов, 46), 9. Иван Соловьёв (53.Акрам Баҳриддинов, 83), 95. Забиҳилло Ўринбоев (27.Ислом Рашидхонов, 83), 72. Павел Голишев  (88.Руслан Болов, 69).

«Пахтакор»: 25. Элдор Суюнов, 34. Фаррух Сайфиев, 3. Ҳожиакбар Алижонов, 15. Егор Кримец, 5. Анзур Исмоилов, 17. Достон Ҳамдамов (Ж.Сиидиқов,74), 10. Драган Черан, 27. Сардор Собирхўжаев, 9. Жалолиддин Машарипов, 20. Одил Ҳамробеков, 11. Игорь Сергеев (77. Эрен Дердийок, 80).

Огоҳлантиришлар:  Игорь Голбан (54) - Анзур Исмоилов (52), Достон Ҳамдамов (57), Одил Ҳамробеков (80).

Назоратчи: Султон Зайлобиддинов.

Комиссар: Александр Давиденко.

 

#ЖамоаЎйинҒалабаДурангМағлубиятТ-ФОчко
  1 ПахтакорПахтакор 14 11 2 1 41-9 35
  2 АГМКАГМК 13 8 5 0 22-11 29
  3 Қўқон-1912Қўқон-1912 13 8 1 4 23-12 25
  4 НасафНасаф 13 6 5 2 23-15 23
  5 БунёдкорБунёдкор 13 6 5 2 19-16 23
  6 МеталлургМеталлург 13 7 1 5 20-16 22
  7 НавбаҳорНавбаҳор 14 5 5 4 17-13 20
  8 МашъалМашъал 13 4 4 5 10-12 16
  9 СўғдиёнаСўғдиёна 13 4 4 5 15-20 16
  10 ЛокомотивЛокомотив 13 4 0 9 13-28 12
  11 ҚизилқумҚизилқум 13 2 4 7 9-21 10
  12 СурхонСурхон 13 2 2 9 11-23 8
  13 БухороБухоро 13 1 4 8 8-25 7
  14 АндижонАндижон 13 0 6 7 8-18 6

КЕЙИНГИ ЎЙИНЛАР

5 сентябрь (шанба)

Соат 18:00 «БУХОРО» - «ПАХТАКОР»

8 сентябрь (сешанба)

Соат 19:00 «МЕТАЛЛУРГ» - «ПАХТАКОР»


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz