Қайднома

Қидирув

Нўъмон Ҳасанов: "Жамоамизга ўзаро аниқ паслар узатган ҳолда ўйнаш етишмаяпти..."

Нўъмон Ҳасанов: "Жамоамизга ўзаро аниқ паслар узатган ҳолда ўйнаш етишмаяпти..."

  02.09.2020 01:31
  0
  217
Нўъмон Ҳасанов:

Суперлиганинг 14-туридан ўрин олган "Навбаҳор" - "Пахтакор" (1:1) учрашувидан кейин мезбонлар катта мураббийи Нўъмон Ҳасанов ҳам  ўз фикрларини билдирди.

Нўъмон Ҳасанов («Навбаҳор» мураббийи): - Ўйин бошида ташаббусни рақибга бериб қўйдик. Гол ўтказганимиздан кейин, футболчилар бироз ўзларига келиб, тартибли ҳимояланишди. Танаффус пайтида «Пахтакор»нинг ўйинидан келиб чиқиб, йигитларга кўрсатмалар бердик. Иккинчи бўлимга яхши кайфиятда чиқдик, футболчилар нисбатан фаолроқ тўп суришди. Тўғри, асосан ҳимоявий услубда ўйнадик. Пандемия даврида, касалланганлар учраётган пайтда футбол ўйнаш оғир, шунинг учун шогирдларимга раҳмат айтаман. Сезган бўлсангиз, аксарият шогирдларимиз жисмоний томондан баҳсга тайёр эмас. Қолаверса, жамоамизга ўзаро паслар узатган ҳолда ўйнаш етишмаяпти. Бу борада яна ишлаймиз, олдинда 15 кун вақтимиз бор. Мақсадимиз - футболчилар комбинацион, чиройли ўйин кўрсатишса ва шу тариқа мухлисларни хурсанд қилсак.

«Пахтакор» каби рақибларга қарши секин ўйнаб бўлмайди. Бироз тўхтаб қўйсангиз, тўпни олдиришингиз муқаррар. Кўряпсизлар, «Навбаҳор» асосан муайян футболчилар, дейлик, Азиз Турғунбоев кабиларнинг ҳаракатлари ҳисобига вазиятдан чиқиб кетмоқда. Пасларга асосланган ўйинни кўрмаяпман. Мен комбинацион ўйин тарафдориман, футболчилар майдонда тўп суришдан роҳатлансин дейман. «Пахтакор» футболчиларининг учрашув бошидаги ҳаракатларини кўринглар, ўйинчилар худди шундай, бўш ҳудудларга очилиб, тўпни бир-бирларига аниқ узатган ҳолда ўйнашлари керак. Бизда эса тўпни эгаллаган футболчи уни кимга узатишни билмай қоляпти, қолганларни рақиб қўймоқда. Тўпни олган футболчида 3-4та вариант бўлиши керак, бизда эса битта ҳам вариант йўқ. Вақт етакчи футболчини ахтариш билан ўтиб кетяпти. Шуни тўғри англаган ҳолда, ҳимоявий услуб танлашни маъқул кўрдик.

«Навбаҳор»да жуда яхши футболчилар жамланган, фақат уларга тўғри пас билан ўйнашни, қўрқмай тўп суришни, очилишларни ўргатиш керак. Ахир бу футбол-ку. Сафимизда турли ёшдаги термаларимиз аъзолари бор. Йигитлар машғулотларда айтганларимизни тўғри бажаришмоқда, энди шуни майдонда ҳам кўрсата билишлари лозим.

Ўткир УМАРОВ ёзиб олди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz