Қайднома

Қидирув

Футболимизинг «кўрпа»си борми?

Футболимизинг «кўрпа»си борми?

  02.09.2020 04:40
  0
  419
Футболимизинг «кўрпа»си борми?

Меъёр унутилган дамларда «Кўрпангга қараб оёқ узат!», «Баланд дорга осилма!», «Ҳаддингни бил!», «Тенг тенги билан - тезак қопи билан!», - дейди доно хал­қимиз. Кўрпага қараб оёқ узатишнинг Лионель Мессига алоқаси йўқлигини барчамиз яхши биламиз. Унинг пули кўп. Шунинг учун оёқ узатишига мослаб «кўрпа» сотиб олаверади. «Кўрпа»нинг нархи уни сира ташвишлантирмайди. Лео «Беарселона» президенти Хосеп Бартомеу билан эмас, балки Бартомеу у билан ҳисоблашади. Керак бўлса, Лео ҳаддини билмайди, баланд дорга осилади. Хосеп Гвардиоланинг «қоп»ида «тезак» йўқ - Месси, Кевин де Брюйне, Раҳим Стерлинг... бўлади. Хуллас, Европа томонларда ҳаммаси бир-бирига мос, бир-бирига муносиб. Биз эса халқимиз ўгитларига қулоқ тутмадик. Туя ҳаммомни орзу қилгани каби етакчи клубларимиз мусобақасига ўйлаб ҳам ўтирмай, Суперлига номини бердик. Миллий футбол муҳитимиз ва жамият тараққиёти шу атамага муносиблиги масаласи мутасаддиларни асло қизиқтирмади. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади. «Андижон» бир амаллаб «Пахтакор»га қарши учрашувни ўтказди. «Локомотив»нинг 90 фоиз футболчисини ҳайдаш кераклиги ҳақида бонг урган Дилшод Нуралиевнинг ўзи вақтинча бош мураббийликдан кетди. «Сурхон»даги вазиятни ҳамон тушунолмаётган Равшан Ҳайдаровга янги унвон шукуҳи ҳам татимаяпти, чоғи. Нўъмон Ҳасанов «Нав­баҳор» футболчиларининг ўзаро муносабатларидан ажабланмоқда. «Бунёдкор»ни нотўғри ўйнатаётган Вадим Абрамовга мухлислар ишончсизлик билан қарай бошлашди. Негативларни яна қанча давом эттирайлик? Негатив ҳолатларни кўриш учун қора кўзойнак тақиш шарт эмас. Булар - неча бор айтилган ва кўпчиликни ташвишга солаётган муаммолар.

ЕЧЛ чорак финалида «Бавария» тушмагур «Барселона» дарвозасига 8та гол урганида, Лионель Месси ва унинг жамоадошлари бунга кутилган, рўй бериши муқаррар воқеадек қарашди. Чунки шу воқеа таъсирида эски механизм емирилиши лозим. Янгиланиш ўз-ўзидан келмайди. Бунинг учун эскилик маҳв этилиши шарт. «Барселона» шу йўлдан борди ва айни чоғда янгиланиш азобини бошдан кечирмоқда. Азобсиз янгиланиш йўқ. Қадди баланд бўлган «Барса» боши эгик, бели букик ҳолда барчасини ўзгартириш истагида ёнмоқда. Энг асосийси, жамоа раҳбарияти аччиқ ҳақиқатларни рўй-рост тан олмоқда.

Хўш, «Андижон» қийин вазиятда тўғри йўлни танладими? Жамоанинг иложсиз ҳолатда «Пахтакор»га қарши учрашувда майдонга тушишини қандай баҳолаш мумкин? Пандемия шароитидаги ўзига хос жасоратми бу? Шота Арвеладзе ҳам рақиб ҳурматидан унга муносиб «кўрпа» танлади. Тактика сифатида баҳолаб бўлмайди унинг ёндашувини. Бу ёндашувни пандемия шароитида меҳр-оқибат тимсоли ўрнида кўрдик. Майдонда меҳр-оқибат руҳи ҳукмрон. Қалай? Зўрми? «Темирйўлчилар» рельсини парча-парча қилиб ташлаган «шерлар» «Андижон» қаршисида алланечук ювош тортиб қолишди. Очиғи, ювошлик «шерлар» табиатига ярашмади. Бундай ёндашув футбол ва рақобат табиатига зид. Мана, шу зидлик бағрида бир аччиқ ҳақиқат иситмада ёниб-куйиб алахсирамоқда. Энг ёмони, «касал» яна яширилди. Суперлигадаги «касал»лик қачонгача яширилади? Агар «Андижон» учрашувга бормаганида, бу ҳолат бутун мамлакат миқёсида акс-садо берарди ва футболимизнинг очиқ яраларига балки қандайдир даво топиларди, назаримизда. Тўғри, аччиқ ҳақиқатни тан олиш осон эмас. Бу - жуда аламли жараён. Лекин кимдир аччиқ ҳақиқатларни айтиб, янгиланиш жараёнини бошлаб бериши керак-ку. Ҳарқалай, «Пахтакор», «Металлург», АГМК, борингки, «Қизилқум» ҳам иқтисодий инқирозга учрамаслиги аниқ яқин орада. Бироқ бошқа жамоаларнинг бошида шу хавф доимий мавжуд-ку?! Нега буни мутасаддилар кўриб-кўришмайди ёки кўришса ҳам, янгиланиш сари дадил қадам ташлашмайди. Футболимиз қачонгача амал-тақал, илиқ-милиқ муҳитда яшайди?! Наҳотки, инқилобий ўзгаришларнинг вақти келмади ҳали?! Бош деворга урилиб, сўнг кўз очилиши шартми? Фикримизча, форматни ўзгартириш ҳам Суперлигани қийинчиликлардан қутқаролмайди. Эҳтимол, футболчилар учун ҳам ўқитувчиларники каби тоифалар белгилаб, маош масаласини тартибга солиш лозимдир. Легионерлар ҳам тоифаларга белгиланган маош миқдорига кўнишса, марҳамат, жамоаларимизда ўйнайверишсин. Акс ҳолда, уларнинг хизматидан воз кечилгани маъқул. Ҳозирги ҳолатда барча жамоа­ларни хусусийлаштириш имконсиз. Инвесторлар иқтисодий жиҳатдан жозибадор чемпионатга пул тикишади. Суперлигани бира-тўла хусусийлаштирадиган сармоядор топилиши эса даргумон. Яна ким билади, бирор араб шайхи хаёлига шундай режа келиб қолса, не ажаб...

Мулоҳазаларимизни «кўрпа» билан бошлагандик. Бир мухлисга шу хусусда сўз очсак, у шунчаки, кулимсиради: «Қайси «кўрпа»ни айтяпсиз?». Бунга жавобан дарҳол «Наригисини», - дея қолдик. Кейин эса жиддий тарзда ўйладик: ўзи футболимизнинг «кўрпа»си борми? У қайси «кўрпа»га қараб оёқ узатади?

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz