Қайднома

Қидирув

Бизнинг давр Остони...

Бизнинг давр Остони...

  02.09.2020 06:06
  0
  467
Бизнинг давр Остони...

5 август куни машҳур «Спартакчи», собиқ иттифоқ парчаланганидан кейин ўзбек футболининг асосий умидига айланган Валерий Кечинов туғилган кунини нишонлади. Ушбу собиқ футболчининг жуда кўп яхши сифатлари бор, жумладан, инсонийлик жиҳатлари ҳақида узоқ гапириш мумкин. Аммо унинг Ўзбекистон термасидаги фаолияти қисқа давом этди. Ўшандан кейин ҳам эътиборга молик воқеалар кўп кузатилмади. Мамлакат коммунизмдан эндигина уйғониб, келгусида нималар кутаётганини тўлиқ тушуниб етмаганди. Кечиновнинг кетиши эса муқаррар воқелик сифатида қабул қилинди...

 

Йиллар ўтди, ўзбек футболи жаҳон чемпионати орзуси билан яшайверди. Аксарият ўзбекистонлик мухлислар маҳаллий футболга танқидий руҳда қарашади, ушбу мисраларни ёзаётган муаллиф эса бир пайт­лар ўзбек футболига жуда ишонган, ваҳоланки, қисқа тарих, бундай бошқарув билан барқарор муваффақиятга эришишни узоқ кутишга тўғри келади. Ўзбекистон - ривожланиш ниятида ўз йўлида давом этаётган оддий футбол мамлакати. Кўпчилик «Пахтакор»-79нинг буюк бўлганига кўр-кўрона ишонади, гарчи фактлар ушбу жамоанинг мустаҳкам бўлсада, ўртамиёна эканлигидан далолат берса-да. Инсон табиатан шундай - йўқотилган ва бой берилган нарсалар аҳамиятини юқори баҳолайди.

Мана, ўтган асрнинг 90-йилларида ўша Кечинов, Пятницкий, Абду­раи­мов, сўнгра Қосимов ҳам хорижга йўл олишди. Кейинчалик Илёс Зейтуллаев Италияни забт этишга отланди, Максим Шацких эса Украинани. Аммо бундай ҳолатлар кўп кузатилмади. Сўнгги пайтларда эса ўзбекистонлик иқтидорли футболчиларнинг пул топиш илинжида шартли Қатар, Таиланд, БАА каби мамлакатларга кетишлари одат тусини олди. Уларни тушуниш мумкин. Футболчининг фаолияти қисқа. Фидойилик ҳақида қанча кўп гапирмайлик, исталган футболчининг даромад орттириш мақсадида тўп суриши айни ҳақиқат. Ўйлайсизки, Лионель Месси пулни ўйламайдими? Яққол мисол - Сардор Рашидов Осиё кубоги-2015даги ёрқин ўйинларидан сўнг Қатарнинг «Ал-Жаиш» клубини танлади. Гап-сўзларга кўра, унинг танловига оила аъзолари таъсир кўрсатишган: кучли чемпионатда ривожланишдан кўра, мўмай даромадни маъқул кўришган. Чунончи, Европадан ҳам вариантлар бўлган. Натижада Рашидов «кўҳна қитъа»га фақатгина 28 ёшга тўлганида борди. Боз устига, унинг Португалиядаги саргузаштлари омадсиз кечди.

Шундай паллада ўзбек футболчиларининг Россия чемпионатида кўпаётгани жуда қувонарли ҳол. Элдор Шомуродов, Жасур Жалолиддинов, энди эса, Остон Ўрунов. Ушбу футболчиларга қараб, ёш иқтидор соҳиблари Форс кўрфазида пул ишлашдан кўра, Европада тўп суришни орзу қилишлари турган гап. Ушбу футболчиларга қараб, агентлик вазифасини бажарадиган ўзбекистонлик мураббийларда ҳам иштиёқ туғилади. Ахир айнан улар юқорида номи келтирилган учликнинг Россия чемпионатига ўтишида катта роль ўйнашган. Ушбу футболчиларга қараб, келгусида трамплинга эга бўлиш имкони ошади. Ахир ўзбекистонлик футболчида Европанинг топ-5та лигасидан бирига бориш имконияти пайдо бўлмоқда. Ушбу футболчиларга қараб, бизда ҳам қувонишга етарлича сабаблар топилади. Ҳар ҳолда, Ж.Кореядаги Олег Зотеев, БААдаги Азиз Ғаниевдан кўра, «кўҳна қитъа»да тўп сураётган йигитлар ўйинларини кузатиш икки карра мароқлироқ-да. Ушбу футболчиларга қараб, Ўзбекистон термаси келажагига ҳам умид ниш уради. Рости, Ўруновнинг «Спартак»­ка нима кераги борлигини тушунмадим. Ундан қандай фойдаланишлари менинг муаммом эмас. Клубнинг «Тик-ток»даги саҳифаси учун тимсол керакмиди ёки Ўрунов бошланғич таркибнинг муҳим футболчисига айланади? Агар Остоннинг ишлари юришса, бу бизнинг ишимиз ҳам юришганидан далолат беради. Аниқроғи, ўзбек футболининг фойдасига ишлайди. Эҳтимол, биз қачондир жаҳон чемпионатига чиқармиз. Жепаровсиз. Кападзесиз. Аҳмедовсиз. Аммо буни бугуннинг ажойиб ёшлари, ўз даврининг қаҳрамони бўлиш имкониятига эга футболчилар билан уддалаймиз.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz