Қайднома

Қидирув

Барчасига масъул универсал ходима...

Барчасига масъул универсал ходима...

  03.09.2020 08:42
  0
  337
Барчасига масъул универсал ходима...

«Альянц-Арена»да бир тиниб-тинчимас аёл бор ва уни «Бавария» мухлислари ҳам яхши танийдилар. Гап вақтида Карло Анчелотти ёрдамчиси билан жанжаллашган, кейинчалик Юпп Хайнкеснинг жамоадан кетишига сабабчи бўлишига сал қолган Кэтлин Крюгер ҳақида кетмоқда. 35 ёшли аёл анчадан буён «Бавария»да менежер лавозимида фаолият юритмоқда. Уни ҳамиша захира ўриндиғида учратиш мумкин. Гоҳ мураббий билан ниманидир муҳокама қилаётган, шифокорларга кўмаклашаётган ёки футболчиларнинг ҳар қандай муаммоларига ечим топаётган бўлади...

Крюгер хонимнинг тарихи

Кэтлин ёшлигида каратэ билан шуғулланган, аммо кейинчалик футболга қизиқиши устун чиққан. Отаси ва акаси - «Бавария»нинг ашаддий фанатлари. Кэтлин улар билан стадионга қатнай-қатнай, ниҳоят, 18 ёшида «Бавария» аёллар жамоасида майдонга тушган. Шу тариқа Крюгернинг футболчилик фао­лия­ти 6 йил давом этди. «Ўша пайт тўп тепиш орқали фақат йўл харажатини қоплаш мумкин эди. Қолган вақтни ўқиш ёки ишга сарфлардик», - дейди Кэтлин хоним. Қисқаси, у «Бавария» аёллар жамоасида ўйнаш баробарида таҳсил олишни ҳам унутмади. Тўғри, клуб спорт директори Кристиан Нерлингер уни эркаклар жамоасида менежер ассистенти ролида ишлашга таклиф этгач, ўқишдан воз кечди. Нерлингер клуб билан хайрлашганидан кейин эса, Крюгер катта менежер лавозимини эгаллади ва ҳанузгача шу вазифани адо этмоқда.

 

Клубдаги вазифалари

Кэтлин «Бавария» йиғинлари, сафар учрашувларининг ташкилий масалаларига жавоб беради. Турли турнелар, хориж бўйлаб сафарлар, масалан, АҚШ йиғини ҳам унинг зиммасида. Крюгер хоним халқаро учрашувлардан бир кун, Бундеслига ва ички мусобақалар доирасидаги ўйинлардан эса, бир неча соат аввал меҳмонхона ва майдоннинг шайлигини назоратдан ўтказади. Футболчилар келишганида, уларга хоналари калитини тар­қатади. Бундан ташқари, бошланғич таркиб рўйхатини УЕФА ва Бундеслига вакилларига етказиб беради, 4-ҳакамни футболчилар рақамлари ёзилган табло билан таъминлайди.

Учрашувлар пайти шифокорлар билан доимий алоқада бўлади, улар футболчига тиббий ёрдам кўрсатишса, ташхисни бош мураббийга етказади. Кэтлин гарчи собиқ футболчи бўлсада, ўйинлар таҳлилида қатнашмайди. У фақат захира вакиллари билан айрим масалаларни муҳокама қилиши мумкин. Лекин бевосита ўз вазифасини адо этишида футболчилик фаолияти жуда қўл келади: «Кўпинча ўзимни йигитлар ўрнига қўйиб кўраман ва футболчилик давримда мен учун нима муҳимроқ бўлганини эслайман». Футболчилар ОАВ вакиллари билан гаплашиш ёки маркетинг тадбирларида қатнашишни истамасалар ҳам, Кэтрин клубга ёрдам беради: «Уларга кўз қисишим ёки ҳазиллашишим мумкин. Умуман, таъсир ўтказишга уринаман». Эркаклар жамоасида бу юмушларни аёл бажараётгани Кэтринни умуман ташвишлантирмайди: «Мақсадимиз бир - ўз вазифамизни профессионал даражада уддалаш». Унинг таътил вақти - ёз фаслининг саноқли кунлари ва Рождество байрами. Бошқа пайтлар Крюгер ҳар қандай муаммони ҳал қилишга шай туриши шарт. Муҳими, бундай шароит ўзини тўла-тўкис қониқтиради: «Ишимни чин юракдан ёқтираман».

 

Кэтлиннинг муносабати

Sport Bild наш­рида ёзилишича, Нерлингер ўрнини эгаллаган Матиас Заммер бошида Крюгерга ишончсизлик билан қараган ва уни кераксиз кадр сифатида кўрган. Лекин бош мураббий Юпп Хайн­кес аёлни ҳимоя қилиб, Ули Хёнессга дангалини айтган: «Агар Крюгер қолмаса, ортидан мен ҳам кетаман». Якунда ҳеч ким жамоадан кетмади. Яна бир воқеа - Карло Анчелотти ёрдамчиси машғулот пайти сигарета чекиб ўтиргани учун Крюгердан қатъий хайфсан олган. Натижада улар ўртасидаги муносабатда кескинлик юзага келган. Хосеп Гвардиола эса Кэтлин билан дўстлашиб кетганди. Дейлик, испаниялик мутахассис ҳозирга қадар Мюнхенга сафар қилса, Крюгер хоним билан учрашмасдан кетмайди. Пеп ҳаттоки, Кэтлинни Манчестерга олиб кетишга ҳам уринди. Гвардиоланинг ёрдамчиси Доменек Торрент эса аёлга севги изҳор этган: «Сен қалбимда абадий қоласан». Мазкур ёзув ҳалигача Крюгер офисида турибди. Кэтлиннинг бевосита бошлиғи - Карл-Хайнц Румменигге, шартномаси муддати чекланмаган. Хуллас, клубнинг жуда фойдали ходимаси. Футболчилар ҳам унга ҳурмат билан қарашади. Мисол учун, Мануэль Нойернинг айтишича, Кэтлинни ўрнини тўлдириш имконияти йўқ. Томас Мюллер эса уни жамоанинг аҳиллик маъбудасига қиёслайди. Крюгерга манзур учлик эса, Серж Гнабри - Давид Алаба - Жошуа Киммих.

Кэтлин Крюгер - қайсидир футболчи тирбандликда қолиб кетса ёки машинаси бузилиб қолса, қўнғироққа жавоб берадиган ишончли кўмакчи. Қизиқ, унинг ўзи шундай фавқулодда ҳолатга тушса, кимга қўнғироқ қилиши мумкин? «Умид қиламанки, Серж Гнабри ёрдамга шай туради, - дейди Кэтрин. - Ўзаро муносабатимиз ўта самимий. Вой, эсим қурсин, бу гапларим учун Алабадан балога қолмасам эди...».

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz