Қайднома

Қидирув

Икки от жиловини тутганлар ёки 2 та лавозимда ишлаш терма жамоаси мураббийлари учун фойдали бўлганми?

Икки от жиловини тутганлар ёки 2 та лавозимда ишлаш терма жамоаси мураббийлари учун фойдали бўлганми?

  04.09.2020 01:50
  0
  359
Икки от жиловини тутганлар ёки 2 та лавозимда ишлаш терма жамоаси мураббийлари учун фойдали бўлганми?

Ўзбекистон терма жамоасида шу вақтга қадар кўплаб мураббийлар фаолият юритган. Бироқ уларнинг аксарияти мамлакатнинг бош жамоасига устозлик қилиш баробарида параллел равишда бошқа жамоа ёки клубларда фаолият юритган.

Жаҳон тажрибасига қарайдиган бўлсак, ўз вақтида Валерий Лобановский СССР термаси ва Киевнинг «Динамо»сини бир вақтда бошқарган. Ўтган асрнинг 80 йилларида эса Франциско Матурана Колумбия терма жамоаси ва «Насионал» клубини бошқарган. Бу тайинловлар асосан терма жамоани бир клуб базаси асосида қуришга қаратилганди.

Юқоридаги ҳолатга қарама-қарши мисол тариқасида Гус Ҳиддинкнинг «Челси» клуби ва Россия терма жамоасида параллел иш олиб борганини айтиш мумкин. Ундан аввал нидерландиялик мутахассис ПСВ да ишлаб туриб, дунёнинг иккинчи ярмидаги Австралия терма жамоасини бошқарганди.

«Дарё» қуйида бир вақтнинг ўзида «иккита отнинг жиловини тутган» Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийлари ва улар қайд этган натижаларни тақдим этади:

Рустам Мирсодиқов (1997 йил) — МХСК билан Ўзбекистон чемпионатида ғолиб чиққан Мирсодиқов ўша йили терма жамоа бош мураббийига айланади ва клубдаги фаолиятини ҳам давом эттиради. Мутахассис ЖЧ—1998 саралаш босқичидаги муваффақиятсиз натижа учун истеъфога чиқарилади.

Мирсодиқовнинг Ўзбекистон терма жамоасидаги статистикаси: 12 ўйин, 5 ғалаба, 3 дуранг, 4 мағлубият.

Убиражара Вейга да Сильва (1997–1998 йиллар) — бразилиялик мутахассис 1997 йилда «Пахтакор»га ёрдамчи мураббий сифатида тайинланади. Ўша йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон терма жамоасига бош мураббий бўлади. Жамоа унинг қўл остида ЖЧ—1998 саралаш босқичидаги сўнгги иккита ўйинда қатнашади (Қозоғистон 4:0 ва БАА 0:0). 1998 йилнинг январида Вейга «Пахтакор» бош мураббийига айланади ва шу билан бирга терма жамоадаги ишини ҳам давом эттиради. Унинг жамоаси Таиландаги Осиё ўйинларига амалдаги чемпион мақомида боради чорак финалда мағлубиятга учрайди. Шундан кейин бразилиялик мутахассис истеъфога чиқарилади.

Вейганинг статистикаси: 12 ўйин, 8 ғалаба, 2 дуранг, 2 мағлубият.

Маҳмуд Раҳимов (1999 йил) — 1999 йил Самарқанднинг «Динамо»сига бош мураббий бўлган Раҳимов ўша йили Ўзбекистон терма жамоасини ҳам қабул қилиб олади. Унинг қўл остидаги терма жамоа Осиё Кубоги—2000 саралаш босқичида муваффақиятли иштирок этади ва номдор БААни ортда қолдириб, гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритади. Бироқ Раҳимов 1999 йил декабрь ойида Самарқанд яқинида автоҳалокатга учраб оламдан кўз юмади.

Маҳмуд Раҳимов статистикаси: 6 ўйин, 6 ғалаба.

Юрий Саркисян (2000 йил) — Раҳимовнинг фожиали ўлимидан кейин терма жамоа бошқарувига «Нефтчи»нинг афсонавий мураббийи тайинланади (унга қадар орада Виктор Борисов ва Павел Садирин бир мартадан терма жамоа ўйинларида устозлик қилади). Бироқ Саркисян қўл остидаги терма жамоа Осиё Кубоги—2000 да ўта муваффақиятсиз қатнашади. Бунинг исботи сифатида терма жамоа тарихидаги энг йирик мағлубиятни ёдга олиш кифоя — Япониядан 1:8.

Саркисяннинг терма жамоадаги статистикаси: 5 ўйин, 1 ғалаба, 1 дуранг, 3 мағлубият.

Валерий Непомняшчий (2006 йил) — Боб Ҳафтоннинг кутилмаган истеъфосидан кейин россиялик мутахассис Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувига тайинланади. Непомняший ўша вақтда Ўзбекистон футбол федерацияси билан «2+2» кўринишидаги шартнома имзолайди. Шу билан бирга мутахассис «Пахтакор» билан ҳам худди шу кўринишда битим тузади.

Непомняший Ўзбекистон терма жамоаси билан Осиё Кубоги—2007 саралаш босқичида иштирок этади ва гуруҳда иккинчи ўринни олиб, мусобақага йўл олади. Мутахассис «шерлар» билан Чемпионлар Лигасида гуруҳда қолиб кетади ва август ойида у ерни тарк этади. Шунингдек, у соғлиғидаги муаммолар сабаб ЎФФдан ҳам истеъфо сўрайди, бироқ Непомняший саралаш босқичини охиригача якунлаб, ноябрь ойида ишдан кетади.

Непомняшийнинг статистикаси: 6 ўйин, 3 ғалаба, 2 дуранг, 1 мағлубият.

Вадим Абрамов (2010—2012 йиллар) — 2010 йилда терма жамоа бошқарувига кутилмаганда ҳали ҳеч қанақа жиддий ютуқларга эришмаган Абрамов тайинланади. У ўша вақтда бор эътиборини терма жамоага қаратиш учун «Локомотив»даги ишини ташлайди. Мутахассис терма жамоа билан Осиё Кубоги—2011 мусобақасида ярим финалга қадар етиб боради ва финал остонасида Австралияга 0:6 ҳисобида мағлуб бўлади. Бундан ташқари учинчи ўрин учун кечган ўйинда Жанубий Кореяга имконият бой берилади (2:3). Бироқ Абрамовнинг бу натижаси Ўзбекистон терма жамоаси учун Осиё Кубоги тарихидаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади.

Қатардаги мусобақадан сўнг 2011 йилнинг мартида Абрамовга Ўзбекистон олимпия терма жамоаси топширилади. Шу тариқа у иккита терма жамоада фаолият юритади. Бироқ унинг қўл остидаги олимпиячилар Лодон—2012 Олимпиадасига бир қадам қолганда йўлланмани қўлдан бой беради. Абрамов терма жамоа билан ЖЧ—2014 саралаш ўйинларида иштирок этади. Иккинчи босқичнинг сўнгги ўйини олдидан Абрамов шогирдлари «ўз оёғига болта уради». Гуруҳ масаласини ҳал қилган жамоа 5-турда Тожикистонга қарши ўйнайди. Унда аввалги ўйинларда сариқ карточка олган олти нафар ўйинчи сўнгги тур ўйинини ўтказиб юборган ҳолда, ҳал қилувчи босқичга «тоза» бўлиб бориш учун қайта сариқ карточка олади. ФИФА бу масалани бееътибор қолдирмайди ва ўйинчиларни битта эмас иккита ўйинга четлатади. Натижада учинчи саралаш босқичининг илк ўйинида Ўзбекистон Эронга қарши бир қатор асосий таркиб ўйинчиларисиз тушади ва сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб, аламли мағлубиятни қабул қилади. Шундан кейин Абрамов истеъфога чиқарилади.

Абрамовнинг 2010—2012 йиллардаги статистикаси: 28 ўйин, 11 ғалаба, 5 дуранг, 12 мағлубият.

Миржалол Қосимов (2012—2015 йиллар) — Абрамовнинг ўрнига тайинланган мутахассис бу сафар (Қосимов Абрамовдан олдин ҳам терма жамоани бошқарганди) «Бунёдкор»даги иши билан параллел равишда терма жамоага устозлик қилади. У билан Ўзбекистон 3-саралаш босқичида 3-ўринни қўлга киритади ва Иорданияга қарши ўтиш ўйинида пенальтилар серияга кўра мағлуб бўлиб, ЖЧ—2014 билан расман хайрлашади. Қосимовнинг ўзи терма жамоани 2015 йилнинг ёзида тарк этади.

Миржалол Қосимовнинг терма жамоадаги умумий статистикаси: 54 ўйин, 22 ғалаба, 15 дуранг, 17 мағлубият.

Самвел Бабаян (2015—2017 йиллар) — июнь ойида Қосимовдан кейин терма жамоа бошқарувига келган Бабаян ўша йилнинг ноябрь ойида параллел равишда олимпия терма жамоаси бошқарувини ҳам ўз қўлига олади. Бироқ олимпиячилар Қатардаги Осиё Чемпионатида гуруҳда қолиб кетади ва Рио Олимпиадаси йўлланмасидан қуруқ қолади. Терма жамоа эса ЖЧ—2018 ҳал қилувчи саралаш босқичида гуруҳда 4-ўринни эгаллайди ва яна мундиалга чиқа олмайди. Шундай кейин Бабаян истеъфога чиқарилади.

Бабаяннинг терма жамоадаги статистикаси: 24 ўйин, 16 ғалаба, 2 дуранг, 6 мағлубият.

Вадим Абрамов (2019—ҳозиргача) — Эктор Купер истеъфосидан кейин терма жамоани яна бир бор қабул қилиб олган Абрамов айни вақтда «Бунёдкор»даги ишини ҳам давом эттирмоқда. Терма жамоа унинг қўл остида ҳозирга қадар уч ғалабага эришди ва бир бор мағлуб бўлди.

Равшан Ҳайдаров, Темур Кападзе, Сервер Жепаров (2020 йил...)

Шунингдек, ҳозирда ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларига устозлик қилаётган мутахассислар ҳам қўшимча ишга эга. U-19 бош мураббийи Темур Кападзе яқинда «Локомотив» бош мураббийи Андрей Микляевга ассистент бўлди, бундан ташқари у миллий жамоада расман Абрамовга ёрдамчи ҳисобланади. Ўзбекистон U-14 терма жамоаси бош мураббийи Сервер Жепаров ҳам бир вақтнинг ўзида ҳам миллий ҳам U-19 жамоаларини шуғуллантириб турган вақтлар ҳам бўлди. Аммо Жепаров ушбу жамоаларда расмий мақомга эга эмас. Ҳар ҳолда ЎФА расмий сайтида бу ҳақида маълумот берилмаган.

U-22 устози Равшан Ҳайдаров эса айни дамда «Сурхон» жамоаси бош мураббийи ҳам ҳисобланади.


Манба: daryo.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz