Қайднома

Қидирув

Журъатбек Қувватов "Андижон"ни бой клубга айлантирмоқчи...

Журъатбек Қувватов "Андижон"ни бой клубга айлантирмоқчи...

  04.09.2020 08:00
  0
  327
Журъатбек Қувватов

“Андижон” клубида юз бераётган ўзгаришлар борасида сайтимиз орқали маълумотлар бериб боряпмиз. Куни кеча клубга янги раҳбар тайинланганидан барчанинг хабари бор. Чунки клуб молиявий жиҳатдан оғир кунларни бошидан кечираётганди. Шу сабабли қандайдир ўзгариш қилиш бугунги давр талаби бўлиб қолганди.

Шунга кўра, андижонлик тадбиркор Журъатбек Қувватов клубнинг янги раҳбарига айланди. Аммо кўпчилик учун у нотаниш. Нега деганда, илгари футболда ишламаган. Уни эса ўқувчиларга яқиндан таништириш бизнинг вазифамиз.

Қарзга ботган “Андижон”нинг эртаси қандай бўлади, клубдаги ўзгаришлар қай йўсинда олиб борилади? Режалари қанақа? Хуллас, Журъатбек Қувватов билан мухлисларни қизиқтирадиган саволлар бўйича суҳбатлашиш режамиз бор эди. Куни кеча “Андижон” жамоасининг машғулотида клубнинг янги раҳбари билан учрашдик ва sports.uz сайти учун кенг қамровда интервью берди.

-  “Андижон”ни қийин вазиятда қабул қилиб олдингиз ва барча яхши тушуниб турибдики, танлаган йўлингиз оғир. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, клубда ишни дастлаб нимадан бошладингиз?

-  Жамоада руҳият тушиб кетган, айниқса, моддий манфаат бўйича. Айтишади-ку, биринчи иқтисод, кейин сиёсат. Бу ерда эса ойлаб маош олинмаган. Мана, энди футболчиларга иш ҳақларини беришни бошладик. Ҳар ойда жамоа аъзоларига маошларини тўлаб бориш борасида барқарорликни таъминлаймиз. Футболчиларнинг орасида оилалари ҳам кўп. Улар эса оиласини боқиши керак. Агар уйида пулдан қийинчилик бўлса, майдонга чиқиб ўйнагиси ҳам келмайди. Энди клубда моддий томонлама узилишлар бўлмайди. Келажакдаги мақсадларимиз жуда катта. Аввало жамоани маҳаллийлаштирамиз. Мана, бош мураббий Виктор Кумиков билан шартномани бекор қилдик, қазрдорликларини тўлаб, у билан яхши кайфиятда хайрлашдик. Кўриб турганингиздек, Андижонда зўр ўйинлар кўрсатган, барчанинг меҳрини қозонган Бахтиёр Ҳамидуллаевни олиб келдик. Атрофидаги мураббийлар штабини ҳам маҳаллийлаштирамиз. Яна бир янгилик сифатида шуни айтишим мумкинки, ўринбосарлар таркибидан етти нафар ўйинчи асосий таркибга ўтказилди. Ўринбосарлар сафида ўзи 20 тача ўйинчиси бўлса, 7 нафари асосий таркибга ўтди, у ерда 13 таси қолди. Энди уларнинг ўрнига “Андижон-2“дан ёки “Андижон U-18”дан олиб ўтамиз. Қаранг, ўз-ўзидан ўсиш бўляпти. Ўша еттита футболчининг ойлик маоши ошяпти. Ўринбосарлар жамоасидагилар 660 минг сўм ойлик олишаркан. Энди уларнинг маошини 1 миллионга ошириб қўйдим. Агар асосий таркибга ўтишса балки 5 миллион олишар. Тўғриси, қайсидир легионер келиб 30 миллион ойлик маош олиши менга ёқмайди. Андижонлик ҳамда ватанпарвар инсон сифатида чиндан ҳам бундай ҳол менга ёқмайди. Йигитларга айтдим, сизлар зўр қилиб ўйнаб беринглар, ўша 30 миллионни сизларга берай, дедим. Эртага янада зўр футболчи бўлиб етишишса, балки Одил Аҳмедовга ўхшаб хорижда легионер сифатида катта маошга ўйнар. Нигериялик эса ойлик маошини олиб ватанига жўнатади. Биз эса маҳаллий футболчиларга эътибор қаратамиз, ўша пулларни ўзимизниклар олсин. Сиёсатимиз ҳам шунақа бўляпти-да, камбағалчиликни олдини олиш, ишсизликни қисқартириш. Шундай экан, йигитлар ўйнаб натижа кўрсатиб туришса, биз бу ёқда моддий томондан қўллаб-қувватлайверамиз. Шунингдек, инфратузилмани ҳам яхшилаш керак. “Андижон” жамоаси Янгиерда шуғулланиб, ўша ерда яшаб фақат ўйин учун келиб кетади. Биз базани ўзимизда қурамиз. Тез орада янги қароргоҳ қурилиши бошланади. Ҳа деб бошқа жойларга кўчиб боришмайди. Агар база ўзимизда бўлса, мураббий ўринбосарлар сафидаги ўйинчиларни ҳам бемалол кузатади. Асосий таркибга ёшларни жалб қилиш назоратга олинади. Қолаверса, “Соғлом авлод” стадионида ҳам камчиликлар бор экан. Футбол – бу театр, халқнинг кайфиятини белгилаб беради. Тўғри, вақт керак. Бугун келиб ҳамма нарсани ўзгартириб юбораман демоқчи эмасман. Мухлислардан, футболчилардан сўраяпманки, эски раҳбариятга имкониятни ҳам, вақтни ҳам беришди. Лекин мен кўп сўрамайман, озгина вақт беринглар, кейин кўрасизлар. Сен ҳужумчи бўлсанг, ишингни қил, мен бизнесмен бўлсам, ўз ишимни қиламан. Биз ҳали бир-биримизни яхши билмаймиз. Қуруқ гап ҳеч кимга ёқмайди. Шу боис мухлислардан озгина вақт беришларини сўрардимки, кейин улар Андижон футболидаги ўзгаришларни ўз кўзи билан кўришади.

кувватов3

-  Биринчи даврани жамоа афсуски ғалабасиз якунлади ва шунга яраша турнир жадвалида охирги ўринда. Иккинчи даврада эса, “Андижон” учун ҳаёт-мамот масаласи бўлади. Шунга яраша клубда сезиларли ўзгаришлар бўляпти, ишқибозлар эса сизга умид кўзи билан қарашяпти. Лекин ҳали ҳам таркибда муаммолар етарлича. Чунки трансфер ойнаси пайтида ҳеч қандай янги ўйинчи олинмади. Ваҳоланки, жамоа кучайтирилишга жуда муҳтож эди. Шулардан келиб чиқиб, “Андижон”ни иккинчи даврада Суперлигада сақлаб қолишга ишончингиз комилми?

-  Биринчи масаламиз ҳам жамоани сақлаб қолишдир. Аммо таркибни кучайтиришга имкониятларимиз тўғри келмай қолди. Клубни 29 август куни қабул қилиб олдик ва трансфер ойнаси ёпилишига икки кун қолганди холос. Яхши футболчилар қолмаганди ва ҳаттоки ёмонини ҳам олишга вақт бўлмади. Лекин қўлимизни туширмаймиз, ички имкониятлардан фойдаланамиз. Боя айтдим-ку, ўринбосарларимиздан етти нафарини асосий таркибга олиб ўтдик. Биз уларга имконият бердик. Худо хоҳласа, жамоани ўйнатамиз. Улар билан ваъдалашдик, биз томондан моддий таъминот бўйича ҳеч қанақа муаммо бўлмайди, улардан эса фақат ўйин  ва ғалаба. Лекин ғалаба бўлмаса, рағбат ҳам йўқ. Умид қиламизки, йигитлар ҳам масъулиятни ҳис қилишади, мухлисларимиз эса қўллаб-қувватлашади. 99 фоизга ишонаманки, бу йил Суперлигада қоламиз. Балки бу йил яхши натижа кўрсата олмаслигимиз мумкиндир, лекин асосий вазифамиз клубни сақлаб қолиш. Кейинги йиллардан ҳамма кўради, биз юқори натижалар учун курашамиз.

-  Суперлигада бош мураббийлик қиладиган инсонда албатта “ПРО” лицензияси бўлиши шарт. Бахтиёр Ҳамидуллаевда эса бундай лицензия йўқ. Шундай экан, бу борада қандай йўл тутмоқчисизлар?

-  Яхши мураббийлар билан гаплашяпмиз, мўлжаллаб қўйганларимиз бор. Албатта, “ПРО” лицензиясига эга мураббий келади. Фақат озгина вақт керак. Жамоани қабул қилганимизга энди 3-4 кун бўлди. Шу боис ҳаммасига бирданига улгурмаяпмиз. Бахтиёр Ҳамидуллаевни ҳам “ПРО” лицензиясига ўқитамиз.

-  Яқинда Даврон Файзиев билан суҳбатлашганимда у “Андижон”дан таклиф бўлганини тан олди...

-  Ҳа, биз унга расмий таклиф билан чиққанмиз. Даврон акани яхши биламиз, ўзимизнинг жайдари футболчилардан бўлган. Инсон сифатида ҳам ҳурмат қиламиз. Ўзимизни маҳаллий кадр. Ўзбек футболида яхши из қолдирган. Агар у биз билан ишласа хурсанд бўламиз. Ҳамидуллаев, Файзиев каби мураббийлар билан ишлаш футболчилар учун ҳам яхши бўлади. Ўз пайтида ўша Даврон Файзиев Серхио Рамосимиз бўлган. Ҳамидуллаев ҳам ўз даврида ажойиб ҳужумчи бўлган.

-  Сир бўлмаса, рўйхатингизда яна қайси мураббийлар бор?

-  Александр Хомяков билан ҳам музокара олиб боряпмиз. У клубда ёмон ишламади. Жамоани ё Файзиев, ё Хомяков бошқаради.

кувватов4

-  Эшитишимча, сиз клубни олдинги қарздорлиги билан қабул қилиб олгансиз. “Андижон”нинг қарздорлиги қанча ва айни пайтда бу муаммони ҳал қилиш ишлари қандай олиб бориляпти?

-  Тўғриси, расмий ҳужжат бўйича жамоа ҳали бизга ўтгани йўқ. Чунки клубда аудит текшируви олиб бориляпти. “Андижон”ни эса вилоят ҳокимининг топшириғи билан қабул қилиб олдим. Менга футболчилардан бўлган қарздорлик – бир миллиард бир юз минг сўм бўйнимга ўтди. Аста-секин ўша қарздорликларни ечиб боряпмиз. Меҳмонхона ёки бошқа ташкилий ишлар бўйича қарздорлик менинг бўйнимга ўтгани йўқ. Лекин қўлимизга берган ҳужжат бўйича футболчиларнинг қарзларини узяпмиз. Масалан, Хомяковдан клубнинг 160 миллион сўм қарзи бор экан. Биз унинг қолиб кетган иш ҳақини ҳам тўлаб бердик. Унга уч ойлик маоши берилмаган экан.

-  Футболга энди кириб келган раҳбар сифатида кўпчилик сизга қизиқиши табиий. Масалан, ЎФА ва ПФЛ раҳбарлари билан учрашиб, тажриба ўрганиб, ўзаро фикр алмашиш ниятингиз ҳам борми?

-  Албатта. Диёр Имомхўжаев билан гаплашдик. Яна айрим мутахассислар билан маслаҳатлашяпмиз. Билмаган нарсани сўраш уят эмас. Футболга кириб келдик ва бу борада ҳам ўзимизга яраша тушунчаларимиз бор. Аммо ўрганадиган нарсаларимиз ҳам кўп. Иш жараёнида ҳаммасини ўрганамиз. Ҳаракатимиз кучли ва иштиёқимиз баланд.

-  Маҳаллийлаштириш ғояси яхши. Клубга ким келмасин, аввало таркибни маҳаллийлаштириш ҳақида оғиз очади. Лекин шуни ҳам унутмаслик жоизки, фақатгина маҳаллий ўйинчиларнинг ўзи билангина бирор нимага эришиб бўлмайди. Бунда эса кўпроқ тажрибали футболчилар билан маҳаллий ёшларнинг уйғунлашувини ҳисобга олиш керак...

-  Сиз тўғри айтяпсиз, ёшлар бирданига яхши ўйнаб кетишмайди. Бизга учинчи ўринга ёки бошқасига чиқиш талаби қўйилмаган. Биринчи ўриндаги вазифамиз клубни сақлаб қолиш. Иккинчидан, инфратузилмани яхшилаб, ёшларга эътиборни кучайтирамиз ва бу ишни ҳам  бошладик. Бу билан ёши катта футболчиларни ўйнатмаймиз демоқчи эмасман. Нимага Кумиков билан ишлагимиз келмади? Ҳа, у номдор мутахассислардан бири. “Шахтёр” билан яхши натижаларга эришган ва яна бошқа жамоаларда ҳам муваффақият қозонган. Аммо уни шахсан кузатганимда ўринбосарлар жамоасининг ўйинини кўргиси келмади. Балки бунга унинг вақти бўлмагандир. Чунки унга ҳам узоқ муддат берилмади. Бироқ кузатишим ва эшитишим бўйича номдорроқ ўйинчилар билан натижа кўрсатишни яхши кўрар экан. Мана шундай йўналишларда иш услубимиз тўғри келмади.

-  Кумиковнинг шартномасини бекор қилиш қийин кечмадими? Чунки битимни бекор қилиш ташаббуси клуб томонидан чиқди ва бундай пайтда мураббийга товон пули тўлаш керак бўлади. Буни қандай ҳал қилдинглар?

-  У ҳам яхши инсон экан, ўзидан ташаббус чиқди. Шу пайтгача бўлган қарздорлик берилишига келишдик, кетаман, деб ўзи ариза ёзди. Бу борада Кумиков билан муаммо бўлгани йўқ. Компенсация пули бўйича гап-сўз бўлгани йўқ. Фақат ишлаган иш ҳақини сентябргача берсангиз бўлди деди ва биз унинг пулларини бердик.

кувватов2

-  Шу ўринда жамоадан хавотирга тушган мухлисларга нималарни айтган бўлардингиз?

-  Шароит яхши бўлса, футболчи ҳам ўйнагиси келади. Биз биринчи шароитни қилиб берамиз ва кейин талаб қиламиз. Ўйлайманки, бу ўз натижасини беради. Яқин кунларда мухлислар ҳақиқий “Андижон”ни кўришади. Фақат улардан озгина сабрли бўлишини сўраймиз. Биз ҳам клубда амалга оширилаётган ишларни ёритиб турамиз. Тез орада мухлислар ҳам ижобий ўзгаришларни кўришади. Клубдан моддий манфаат топиш деган тушунчамиз йўқ. Чунки чўнтагимиздаги пулимизни сарфлаймиз. Биз тадбиркормиз, мақсадимиз  Андижон футболини кўтариш. Иккинчи навбатда эса клубни шу даражага олиб чиқишимиз керакки, биз ҳам футболдан фойда қиладиган бўлишимиз керак. Режаларимиз бўйича яқин 2-3 йил ичида Андижон футблоли фойдага киради. Ўйинчилар яхши маошлар олишади, шароитлар зўр бўлади. “Андижон” бой клубга айланади.

-  Тўғриси, йиллар давомида “Андижон” боқиманда клубга айланиб қолганди. Ўзини-ўзи маблағ билан таъминлаш борасида самарали ишлар қилинмаган, асосан вилоят ҳокими ва ҳомийларнинг берадиган пулларига кун кечирарди. Бу борада гап кетганда сизнинг қарашларингиз қандай?

-  Биринчи ўринда стадионимиздаги инфраструктурани ўзгартиряпмиз. Архитекторлар келишди, кўришди. Стадионни ташқи кўринишидан тортиб, барча жойларини эътибордан четда қолдирмаган ҳолда ўзгаришларни қиламиз. Боя айтдим-ку, футбол – бу театр. Одамлар эса футболдан баҳра олишлари керак. Стадионда 19 нафар фаррош ишлар экан ва ҳар куни бир қатор йиғиштиришар экан. Нима учун? Ҳозир пандемия даври, ўйин бўлмаётган бўлса?! Биз стадион ичида ва унинг атрофида махсус дўкончалар, кафелар очамиз. Клуб атрибутикаларини сотадиган магазин ҳам ташкил қиламиз. Биз стадионимизни шундай даражага олиб чиқишимиз керакки, майли одамлар у ерга футбол кўргани келишмасин, аммо унинг атрофида маданий ҳордиқ чиқарадиган маскан ҳам қилмоқчимиз. Футболга кирган одам маза қилиши керак, бунинг учун шароит яратиш даркор. Биз мана шу шароитни қиламиз. Футболчиларимиз билан ҳаммасини гаплашиб олдик. Лекин ҳозирча улардан ниманидир талаб қила олмаймиз, чунки ҳали ҳеч нима қилиб бермадик. Дастлаб шароитни қиламиз, бизнесмен нуқтаи назаридан биринчи пул тикамиз ва сўнг талабни ҳам шунга яраша сўраймиз. Ҳаммаси яхши бўлишига ишончимиз комил.

-  Ўзбек футболи жамоатчилиги оиласига энди кириб келдингиз ва бошқалар учун деярли нотаниш раҳбарсиз. Шундай экан, ўзингиз ҳақингизда ҳам маълумот берсангиз, футболга қизиқишингиз қачондан бошланган?

-  Ўзим тадбиркорман, 1986 йилда Андижон шаҳрида туғилганман. 2003 йилда Тошкент фармацевтика институтининг “фармация” йўналиши бўйича ўқишга қабул қилинганман ва 2008 йили битирдим. Ўша йилдан бери фармацевтика соҳасида фаолият олиб бораман. Дадам ҳам тадбиркор бўлган. Ҳозирда 20 дан ортиқ дорихоналар тармоғимиз бор. Бундан ташқари, улгуржи савдо дорихонамиз ҳам бор. Керак бўлса, Республика миқёсида фаолият юритади. Шприц ишлаб чиқарадиган заводимиз ҳам мавжуд. 700 дан зиёд ходимим бор. Ўзимизнинг кичикроқ стадонимиз ҳам бор. Ўша ходимларимиз ўртасида ички чемпионатимизни ҳам ўтказамиз. Ўзимизни 16 та жамоамиз бор, ўзим ҳам футболга қизиқаман ва ўйнаб тураман. Мана, энди катта футболга кириб келдик.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди


Манба: sports.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz