Қайднома

Қидирув

Наҳотки, айрилиқ яқин...?

Наҳотки, айрилиқ яқин...?

  04.09.2020 10:45
  0
  170
Наҳотки, айрилиқ яқин...?

Афтидан, «Барселона» ва Лионель Месси иттифоқи сўнгги бекатга етиб келган кўринали. Буни кўпчилик яхши тушуниб турибди, тўғри, айрилиқни яна 1 йилга кечиктириш имконияти ҳам йўқ эмас, балки кўпроққа ҳам. Soccer.ru сайтининг қуйидаги мақоласи Каталония футболидаги айни асосий мавзу, яъни янги можаро ҳақида.

«Барселона» бошқарувини қўлга олган Роналд Куман бир неча ой муқаддам каталониялик журналистларга берган видеоинтервью чоғи ошкора гапирганди: «Суарес 30 ёшдан ошди, Месси 30 ёшдан ошди, Бускетс ҳам, Пике ҳам. Улар ихтиёрида яна 2 йилча вақт бор, ундан кейин эса... Кейин нима бўлади? Таркиб ислоҳотларга муҳтож. Мессидек ўйинчини ҳеч қачон тополмаймиз. Умид қилиш мумкин. Бироқ шахсан мен ишонмайман. Бускетс ва жамоа ўзаги бутунлай ўзгариши керак. Биринчи навбатда, фулбэклар ёки вингерларни ўзгартириш шарт эмас. Лекин янги вертикал «умурт­қа» шакллантириш зарур. Бунинг учун дарвозабон, марказий ҳимоячи, таянч ярим ҳимоячиси ва ҳужумчи ёки Месси керак. Бу масалада сизларга омад». Нидерландиялик мутахассиснинг сўнгги ибораси кинояли эди. Қаранг, энди янги «Барселона» тузиш айнан унинг зиммасига тушмоқда.

Клуб президенти Хосеп Бартомеу ўзини жуда-жуда безовта тутмоқда ва бу ҳолат барчанинг эътиборида турибди. Чунки клубнинг молиявий ҳолати бошқалардан кўра, унга яхшироқ маълум. Кўринишидан, жамоада янги «умуртқа»ни шакллантириш учун маблағ йўқ. Ахир Марк Андре тер Штегенни муносиб иш ҳақи билан таъминлаш, ундан кейин бўлажак Пике, Бускетс ва Суаресни харид қилиш талаб этилади. Хуллас, «Барселона»да афсоналарни таркибдан чиқариш зарурати юзага келмоқда. Бартомеу аллақачон таркибда дахлсиз ўринга эга ўйинчиларни айтди. Лекин кийиниш хонаси етакчиларини унутиб қўйди. Кейин Месси кутилганидек, Куман билан алоҳида учрашди. Бунда Роналднинг Леога ёлғон гапирганига ишониш қийин. Мураббий унинг етакчилигидаги «Барселона» ЕЧЛда муваффақиятли иштирок этишига кафолат беролмаса керак. Шундай экан, клубнинг равон йўлига етарли даражада ишончи қолмаган аргентиналик юлдуз шу ёздаёқ кетиш ҳақида ўйлаётганини айтгандир балки. Масалан, вақтни беҳуда ўтказмаслик ва меросни барбод қилмаслик учун. Дейлик, жамоа 2021 йилнинг баҳорида ҳам 0:4 ёки 2:8 каби шармандаликни такрорласа, мухлисларнинг Леога нисбатан муносабатлари бутунлай ўзгариши турган гап. Айтишларича, ҳозирнинг ўзида оҳангда салбий ўзгаришлар сезилмоқда. Мессининг Куман билан учрашуви тугаши билан «Барселона» раҳбариятини ҳимоя қилиш билан танилган Каталония радиостанцияси футболчи мураббийга шу йил ёзда кетишини маълум қилгани ҳақида хабар тарқатди. Ана сизга маълумот! Аммо унга ишониш мумкинми? Лео чиндан ҳам, шундай деганми? Афсуски, мураббий ва футболчи ўртасидаги мулоқот қандай кечганию, нималар хусусида гап борганини аниқ билиш мушкул.

Криштиану Роналдунинг «Ювентус»га ўтишида Флорентино Перес бош-қош бўлишни истаган, аммо бу ишни Жорже Мендеш ҳаракатга сол­ганди, барибир. Бу ҳолатда ҳаққоний реклама кузатилди, Криштиануни ҳеч ким хоинга чиқармади. Чунончи, у «Мадрид» билан ғолиб сифатида хайрлашди. Месси эса «Барса»дан кетса, Бартомеу унинг ортидан тупуришга уринади - инқироз пайти клубни ташлаб кетган хоинга чиқаради. Ҳозир, айниқса, «Бава­рия»­га қарши учрашувдан анча аввал қайиқ сотиб олишгани учун Лео ва унинг жамоадошлари аёвсиз танқид қилинаётган паллада информацион уруш мавзуси яна қайтмоқда. Ҳаттоки, Месси кетиш истагини билдирган тақдирда ҳам, ким бу қарор «Барселона» ёки футболчи учун нотўғри эканлигини айта олади? Шунчаки, Бартомеу ҳужумчи айнан унинг даврида шартнома муддати якунланишидан аввал трансфер сўрашидан чўчимоқда.

Клуб президенти сиёсий мурдага айланишни истамаяпти. Аслида унга айланиб улгурганини яққол тушуниб етган бўлса ҳам. Бинобарин, мураббий ва футболчи ўртасидаги хуфия суҳбат мавзуси қисман матбуот мулкига айланди. Очиғи, Роналд ўзини тиёлмайдиган шахс сифатида тутди. Ахир Лео унга ишониб дилидаги гапларни айтди бу тезда ошкор қилинди. Лионелнинг ҳақли дарғазаблиги оқланди. Хуллас, клубдагилар унга яна хоинлик қилишди. Ўзи Мессининг раҳбариятга ишонмай қўйганига анча бўлди. Энди Куман ҳам футболчилар эмас, Бартомеу одами эканлиги ойдинлашсами, Лео­нинг «Барса»дан қўл ювиши аниқ. Агар бунга ақли етмаса, 1 йилдан кейин, шартномасини тугатиб кетади. Бордию, ақли етса, Бартомеуга маълум қилмаган ҳолда матбуот анжумани ташкиллаштиради ва ва «Барселона»нинг олға юриши учун жамоадан кетишга қарор қилганини айтади. Албатта, Леодан Каталониядаги ажойиб йиллар учун мухлислар ва жамоадошларига миннатдорлик билдириши, ўз қарорини ишонарли тарзда асослаб бериш талаб этилади. Балки миллионлаб мухлислар қалбини титратиш учун кўзига ёш ҳам олар... Бироқ у Месси ва захирасида мазкур жирканч сиёсий ўйинларда мағлубиятдан қутулиб қолиш учун ишлатиладиган муғомбирлик йўқ.

Бордию, футболчи Бартомеу билан кетиш хусусида келишиб олса ҳам, президент уни сотқинга чиқаради, барибир. Бир ёқда Мессига белгиланган 700 млн. еврога тенг товон пули ҳам қўшимча тўсиқ вазифасини бажаради. Суммани пасайтириш учун эса, клуб кенгашининг розилиги керак. Майли, нарх дейлик, 5 баравар туширилган тақдирда ҳам, Месси қаёққа боради? Гонсало Игуаиннинг фикрича, Лео АПЛга мослашолмайди - ҳимоячилар жуда қўпол ўйнашади. Бироқ Гонсалонинг Месси Англия жамоалари дарвозасига нечта гол урганидан хабари йўқ, шекилли.

Агар фақат ўзи яхши биладиган футболчиларни ўйинга жалб этишни хуш кўрадиган Хосеп Гвардиола жиддий бел боғласа, Месси фақат «Манчестер Сити»ни танлаши мумкин. Шунингдек, Месси олдида «Интер» либосини кийиш варианти ҳам бор. Ҳозирда Жузеппе Маротта бош мураббийликка Массимилиано Аллегрини мўлжалламоқда, Леога йирик маош беришга ҳам тайёр. Бироқ бу трансфер фақат футболчи эркин агент­га айланганидан кейингина амалга ошиши мумкин.

Яна бир жиддий тўсиқ шуки, агар Лео ҳозир кетишни хоҳласа, унинг учун 100-140 млн. евродан воз кечадиган харидор топилиши керак. Бундай таваккалга жазм этадиган жамоани топиш қийин, айниқса, ҳозирги инқироз шароитида. Тўғри, гарчи Неймарнинг собиқ агенти ҳақ бўлса ҳам, ҳозир бразилиялик ҳужумчининг «Барса»га қайтишидан кўра, аргентиналикнинг «ПСЖ»га юзланиши осонроқдек. Европадаги қайсидир мураббий эса даҳо билан ҳамкорлик қилишдан мамнун бўлишига шубҳа йўқ. Аммо шу пайтнинг ўзида ҳар қандай клуб спорт директорида ҳақли савол туғилади: «Мессини олиб келсак, нимага эришамиз?» Масалан, «Ювентус» нимага эга бўлади? Ахир ҳозир Роналду маоши хусусида муаммо йўқ эмас. «ПСЖ» эса навқирон Неймар ва Килиан Мбаппе тарафдори. «Сити»га келсак, жамоа аввало, ҳимоячиларни алмаштириш ниятида. Бундан ташқари, «шаҳарликлар» Серхио Агуэрога рақобат тақдим этишга қодир ёшроқ ҳужумчини Мессидан устун қўйишлари мумкин. Демак, фақат «Интер» варианти қолмоқда, клубда бошқа футболчилар иш ҳақи унча катта эмас. Мессини Лаутаро Мартинес билан алмаштириш имконияти эса - қўшимча «қурол», қанчадир маблағ қўшиб бериш асносида, албатта. Миланликларнинг Мессига қизиқишлари биргина Лео ва Криштиану ўртасидаги азалий рақобатни тиклаш билан боғлиқ эмас, жамоа малакали ташкилотчига муҳтож. Кристиан Эриксен бу вазифани уддалолмади, Месси эса эплаши мумкин.

Бошқа жамоалар Леога харидор бўлишдан аввал жуда кўп ўйлаб кўради. Андреа Пирло «Ювентус»ни хотиржам бошқара олиши шубҳадан холи эмас. «Интер» эса Мессини қўшиб олса, янада кучаяди. Ҳужумчининг яна 1 йил «Барса»да қолишидан маъно йўқ. Мессининг ЕЧЛдаги таъсири 5 мавсумки, тобора пасаймоқда. Муваффақиятли лойиҳа йўқ, авлодлар алмашуви амалга оширилмади, бунга вақт керак. Леода эса ўша вақтнинг ўзи йўқ. Қўрқоқ Бартомеу сардорнинг кетишига йўл қўймаслик учун ҳеч нарсадан қайтмайди. Лекин Куман билан мулоқот ошкор қилингани Леони ўзи ҳақида ўйлашга мажбур этиши лозим. У Италияда скудеттога эришиши ва ЕЧЛ сермаҳсул мавсум ўтказиши мумкин ҳар ҳолда.

«А» серияда Мессини Роналду кутмоқда, тактик жиҳатдан мураккаб лига. Лекин Италияда 40 ёшгача ўйнаса бўлади. Ҳа, Лео Ла-Лигада ҳам енгил ўйнайди, аммо ҳозир муаммо «Барса»да. Куманга ҳам, Хавига ҳам, бўлажак президентга ҳам ишонч йўқ, боз устига, сайловгача ярим йил бор. Ҳаттоки, дўсти бўлмиш Суарес остига ҳам аста-секин сув қуйилаётгани Мессининг кўзини очиши керак. Луис «Барселона» либосида 200та гол урди, 13та соврин ютди. Бартомеунинг ундан қутулушни ўйлаётгани эса, Куман интервьюсидан билинди. Мураббий Суаресни «Аякс»­га қайтариб юбориш хусусидаги саволга ҳазил оҳангида жавоб қайтарди. Луис эса кетиши журналистларни хурсанд қиладиган бўлса, розилигини билдирди. Қисқаси, «Барселона»даги инфантилизм фақат Месси билан боғлиқ эмас. Даҳонинг трансфер масаласи қанча барвақт ҳал этилса, шунча яхши. Чунки уни Каталонияда қолишига арзийдиган сабаб қолмади. Жамоага мос мураббийни топа олишмади, ҳозирги таркиб ЕЧЛда ғолиб чиқишга қодир эмас, уни кучайтиришга эса маблағ йўқ. Бартомеу «Барселона»си Мессини шунчаки, қўйиб юборолмайди, барибир. Бундай вазиятларда томонлар кўпинча бир-бирларини калака қилишади. Гарчи озодлик кўриниб турсада. Месси ҳамон сермаҳсул тўпурар, аммо унинг чеҳрасида бахтиёр, эркин кишининг аломати сезилмаяпти. «Барселона» шу йил уни қўйиб юбориши керак. Шунда Лео янги жамоага мослашиш учун 1 йиллик захирага эга бўлади. Агар бу мавсум бой берилса, Месси текинга кетади. Бу эса бориб турган бемаънилик. Афтидан, клуб мутасаддилари қандай йўл тутишни билмай қолишган. Уларда ўнг қанотда ким ўйнаши, ҳимоя ва ярим ҳимоя маркази, ҳужумда ким майдонга тутиши ҳақида аниқ тушунча йўқдек. Буларнинг барига яна Месси балогардон бўлиши мумкин. У эса бундай нўноқ лойиҳалардан чарчаган. Миланда Лео ўзига келиб олиши мумкин. Кейин 1-2 мавсум АПЛда омадини синаб кўрар, ахир савиясига ҳамма ҳавас қилади-ку. Ана, «қария» Ибрагимовичнинг спорт формаси талаб даражасида эди. У Англияда ҳам йўқолиб қолмади. Ўта ноёб мерганларга кўпчилик етарли эътибор бермайди. Аслида Месси ва Роналду каби снайперлар ҳар қандай жамоани жонлантира олишади. Қачонки, муҳит ажойиб, мураббий малакали бўлса, албатта...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz