Қайднома

Қидирув

Ўзимизнинг афсоналар...

Ўзимизнинг афсоналар...

  05.09.2020 04:04
  0
  425
Ўзимизнинг афсоналар...

«Ювентус» ЕЧЛда кутилмаган муваффақиятсизликка учрагач, клуб раҳбарияти бош мураббий Маурицио Саррини истеъфога чиқариб, унинг ўрнига яқин ўтмиш афсоналаридан бири Андреа Пирлони тайинлади. Афсона. Чин афсона. Айнан «Ювентус» афсонаси! Ҳа, Турин клубини энди унинг тарихида Алессандро Дель Пьеро ва Жанлуижи Буффон каби ёрқин из қолдирган шу афсона бошқаради. Умуман олганда, Италия футболи садоқат тушунчаси бобида барчага намуна бўла олади. Биргина Франческо Тоттининг «Рома»га нисбатан чексиз муҳаббатини мисол сифатида кўринг. У бежиз «Император» мақомини олмаган, албатта.

Биламизки, еврофутболда клублар ва афсоналар ўртасида жуда яхши, ҳавас қилса арзийдиган муносабат шаклланган... Ҳар ҳолда, қитъа­нинг энг сара жамоалари ўз афсоналарига беқиёс ҳурмат кўрсатади. Бу тарихга ҳурмат ифодаси демакдир. Мисол учун, якунланган мавсум «Челси» Фрэнк Лэмпард, «Манчестер Юнайтед» эса Оле-Гуннар Сульшер бошқарувида ўйнади ва бу тайинловлар ўзини оқлади. «Барселона» эса яқинда бошқарув пультини Роналд Куманга ишониб топширди. Каталония клуби раҳбариятида ҳозирдан захира варианти ҳам бор - яқин ўтмишнинг яна бир афсонаси Хави. Мухлислар яхши билишади, Сульшер «МЮ»да не-не афсоналар қуршовида тўп сурган - Райан Гиггз, Поль Скоулз, Дэвид Бекхэм, Рио Фердинанд... Бир ўйланг, манчестерликлар шу футболчиларни афсонага айлантирган яна бир буюк афсона - сэр Алекс Фергюссонни қандай кузатиб қўйишганди... Буюк Ферги ҳозиргача «МЮ» ўйинларини махсус ўриндиқда кузатиши кўпчиликка маълум. Хуллас, Европада истиқболи баланд ёш иқтидорлар трансферига миллионларни аямайдиган топ-клублар садоқат билан хизмат қилган собиқ ўйинчиларини ҳам асло унутмайди.

Ўзбек футболида қандай? Бизда ҳам муайян клублар афсонасига айланган футболчилар борми? Шундайларга талаб даражасида эҳтиром кўрсатиладими? Умуман, фаолиятини якунлаган футболчилардан неча фоизи клуб бошқарув тизимида қолиб ишлайди? ПФЛда собиқ ўйинчилар тажрибасию, салоҳиятига эҳтиёж борми? Бир қарашда, бу борада ЎФАда силжиш кузатиляпти. Мана, Азиз Ҳайдаров терма жамоалар тизимида ишлаяпти, Сервер Жепаров ва Темур Кападзега ўсмирлар ҳамда ёшлар терма жамоалари топширилди. Бу қувонарли ҳол, албатта. Лекин клубларимизчи? Уларда садоқат билан хизмат қилган футболчини фаолияти якунида суюкли мухлислари олдида тантанали тазда кузатиб қўйиш анъанаси борми? Клублар лоақал футболчи елкасига битта зарбоф тўн ташлаб, қўлига бир даста гул тутяптими? Бу ишларга масъул сифатида бирор бўлимга кадр тайинланяптими? Афсуски, йўқ...

Футболимизда оғриқли нуқталар жуда кўп. Оддий мисол, қайсидир иқтидорли ёш футболчи кутилган даражада ўйнолмаса, натижа беролмай, четроққа чиқса, унга дарров «юлдузлик касали» ташхисини қўямиз ва унутамиз - тамом!. Энг ёмони, бизнинг наз­димиздаги «юлдузлик касали»ни четлаб ўтиб, чинакам юлдуз (албатта, маҳаллий миқёсда) мақомида 35-36 ёшгача ўйнаган фахрийга ҳам фаолия­ти якунида оддий хайрлашув ўйини ташкил қилиб берилмаяпти. Нега шундай? Бизда «клуб афсонаси» тушунчасининг ўзи йўқ. Ахир ҳар мавсум жамоа алмаштирадиган, ҳаттоки, 2тасида ўйнашга улгурадиган, чемпионат тугаши билан эркин агентга айланадиган ёхуд ижара сафарларидан сира бўшамайдиган футболчидан қанақасига клуб афсонаси чиқиши мумкин? Тўғри, бизда ҳам садоқатли футболчилар топилади, аммо уларни санашга бир қўлимизнинг бармоқлари ҳам кўплик қилса керак. Ҳаттоки, баъзи клубларда анъанавий либосининг доимий аниқ ранги бўлмаганидан кейин нима дейиш мумкин? Қисқаси, афсона тушунчаси ҳали шаклланмаганиданми, уларни қадрлаш анъанаси йўқ. Узоқ йиллар ўйнаган футболчи, меҳнат қилган мураббий ёки раҳбар ходимни ҳам кузатиб қўйиш кузатилмайди, ҳисоби.

Юрий Саркисяндан бошласак. «Нефт­чи»ни «Нефтчи» қилган буюк шахс. Бироқ клубнинг ўша пайтдаги раҳбарлари мухлисларнинг норози ҳайқиришларига қарамай, уни кетишига йўл қўйиб беришди. Мақола бошида сэр Алекс Фергюсонни тилга олдик. Саркисян Фарғона футболи учун ўша буюк инсондан кўп эдики, асло кам эмасди. Мисоллар кўп - Рустам Мирсодиқовни ишдан ҳайдашди, Сирож Сайфиев узоқ вақт оғир аҳволда, эътиборсиз қолдирилди. Тўғри, «Динамо» кейинчалик, футболчининг ОАВдаги чиқишларидан сўнг, ёрдам қўлини чўзди, бироқ кеч бўлган экан... Камолиддин Кенжаев узоқ йиллар холис ёрдамга муҳтож юрганини эшитдик, бироқ барчасини кўриб-билиб турганлар ҳам кўз юмиб келишди. Яқинда кўпгина журналистик суриштирувлардан сўнг Камолиддинга уй совға қилинди. Ваҳоланки, бу анча йиллар олдин режага киритилган экан, аммо пайсалга солиб келинган. «Бунёд­кор»­нинг охирги 2 йилдаги ажойиб натижаларига асосчи сифатида ишлаб келган спорт директори Улуғбек Мирзаев ҳам яқиндагина ишдан бўшатилди. Унинг клуб равнақи йўлида қилаётган меҳнатини ҳамма кўриб, билиб турганди. Мухлислар норозилик билдиришди, аммо ҳеч ким уларни тингламади. «Бавария» нима учун қудратли жамоа? Чунки Мюнхен клуби тизимида иккита кучли жамоа бор. Биринчиси - таркиб, иккинчиси - директорлар кенгаши. «Бавария» мана нима учун ҳар доим юқори нотада ўйнайди...

--------------------------------------------

P.S.: Сизнинг севимли жамоангизда афсонаси борми? У қандай ишлар қилган ва клуб раҳабарияти буюк ишларига етарли баҳо берганми?


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz