Қайднома

Қидирув

«ФУТБОЛЧИЛАР ФАБРИКАСИ» ИНҚИРОЗИ ёхуд Тўрақўрғон футболидаги муаммолар хусусида

«ФУТБОЛЧИЛАР ФАБРИКАСИ» ИНҚИРОЗИ ёхуд Тўрақўрғон футболидаги муаммолар хусусида

  05.09.2020 09:58
  0
  425
«ФУТБОЛЧИЛАР ФАБРИКАСИ» ИНҚИРОЗИ ёхуд Тўрақўрғон футболидаги муаммолар хусусида

Сўнгги пайтларда мухлислари аудиториясини тобора кенгайтириб бораётган «Футбол тайм» кўрсатувининг навбатдаги сони Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида тасвирга олиниб, унда мазкур ҳудудда футболга бўлган эътиборсизлик бўйича мутахассислар фикри ўрганилди. Натижада, ўзбек футболига етук ўйинчиларни етказиб берган Тўрақўрғон футболи ачинарли аҳволда эканлиги маълум бўлди.

Тўрақўрғон азалдан «Ўзбекистон Бразилияси» дейилган. Бу ҳудуддан кўплаб машҳур футболчилар етишиб чиққан: Отабек Пирматов, Маъруф Пўлатов, Хайрулла Каримов, Анвар Солиев, Максим Усмонов, ака-ука Заҳриддин ва Зуҳриддин Акбаровлар, Ғулом Обиджонов, Музаффар Холиқов... Умуман, бундай ўйинчиларни санаб адоғига етолмаймиз. Аммо сўнгги йилларда шу футболчи етиштирадиган «фабрика» етиштираётган маҳсулот ҳажми пасайиб кетди. Эндиликда мамлакатимиз лигаларида Тўрақўрғондан чиққан ўйинчилар деярли йўқ, ҳисоби.

Бу борада кўплаб суриштирувлар олиб бордик, ҳолатлар билан қизиқдик. Асосий муаммолардан бири, яъни Ўзбекистон футболига тааллуқли жиҳат - спорт мактабларининг тузилиши оқибатида футбол мактаблари барҳам топиб, футболга алоқадор кишилар камайди. Иккинчи сабаби - болалар билан ишлаётган мураббийларнинг маоши оширилмаслиги. Учинчи сабаби - мураббийларни лицезниялаштириш. Ўзбекистонда кучли мутахассислар бор, дейлик, собиқ футболчилар, мураббийлик соҳасида етарли тажрибага эга кишилар, аммо улар айнан лицензияси йўқлиги боис чеккага чиқиб қолишган.

Тўрақўрғонга келганимизда, биринчи навбатда, Тўйчи Ибрагимовни, Ғулом Обиджоновни излаб топдик. Уларнинг бугунги кунда спорт мактабларида фаолият юритмаётганини эшитиб, ҳайрон қолдик. Чунки бу мутахассислар сўнгги йилларда самарали меҳнат қилишганди.

Дастлаб Тўйчи акага нима сабабдан футбол соҳасида ишламаётгани ҳақидаги савол билан юзландик.

- Бу соҳага футболга қизиқмайдиганлар аралашиб, биз каби мураббийлар четга сурилдик, - дейди суҳбатдошимиз. - Ахир, ялиниб ишламаймиз-ку! Тўрақўрғонда футболнинг бундай ҳолга тушиб қолишига спорт мактабларида раҳбарлар алмашиши сабаб бўлди, оқибатда, курашчилар мураббийлари сафига қўшилиб қолдик. Ваҳоланки, биз курашчи эмас, футболчи тайёрлашга ўрганганмиз. Натижада, бундай ишлаш бизга тўғри келмади. Ҳозирча шогирдлар билан тумандаги 1-мактаб ҳудудида ўзимиз ташкил этган футбол майдонини парваришлаш билан бандмиз. Келажакка ишончимиз бор, вақти келса, футболга қайтишдан умидвормиз.

- Ёшлар ичида иқтидорлилари борлигини айтдингиз. Нимага улар ривожланмаяпти?

- Масалан, яқинда 9 нафар шогирдим «Бунёдкор» тизимида тўп сураётганди. Уларнинг барчаси бунга ўз кучи билан эришган, Тошкент клуби имтиҳонларидан ўтишган. Беш нафар шогирдимни уч ой мобайнида кузатишди. Уларнинг тарбияланувчиларидан кучли эди, негадир қарор чиқаришда иккиланишди. Якунда 5 футболчимизни олишди. Ҳозир уларнинг айримлари U-19 Ўзбекистон термаси, Суперлига клублари ўринбосарлари таркибида ўйнашмоқда. Ҳамма позицияда ўйнай оладиган йигитлар бор. Аммо бир мураббийга ёққан ўйинчи бошқасига ёқмаслиги мумкин экан. Қолаверса, аксарият футболчиларнинг шароити Тошкентга бориб, у ерда футбол билан шуғулланишга имкон бермайди. Осон эмас. Шу боис, ҳозир «Бунёдкор»да атиги 3 нафарга яқин футболчимиз қолди, холос. Қолганлар ортга қайтишди.

Яқинда 2004 йилда туғилган футболчиларимиздан бири ўз ёш тоифасидаги терма жамоага номзод бўлганди, бироқ унинг ўрнига бошқа ўйинчини жўнатишди.

- Нега бундай бўлди?

- Бу савол жавобини қарор чиқарганлар билишади. Нима сабабдан бундай йўл тутишгани бизга қоронғу. Биз футболчи етиштирамиз, тайёр ҳолда, кўзга кўринганда, уларга топширамиз. 2000 йилда туғилган бир ҳимоячимиз бор эди, керак бўлса, Хайрулла Каримовдан ҳам тезлиги юқори. Келажаги бор йигит. Лекин яқинда «Пахтакор»дан қайтиб келди, кейин «Сурхон»га бориб, у ерда ҳам қўним топмади. Энди «Навбаҳор» ёшлар жамоасида шуғулланяпти.

- Кўплаб футболчиларни етиштириб бергансиз. Анвар Солиев, Максим Усмонов, Хайрулла Каримов шулар жумласидан. Шунга қарамай, сиздан ҳам лицензия талаб қилишяптими?

- Албатта. Билмадим, замондан орқада қолдик шекилли.

***

Узоқ йиллар Ўзбекистоннинг турли клубларида ўйнаган Ғулом Обиджоновга ҳам болалар футболидаги муаммолар юзасидан савол бериб, тегишлича жавоб олдик.

- Футбол мавзуси ўта чуқур. Катта авлод футболини кўрганмиз, ўзимиз ҳам ўшанда тўп сурганимиз сабабли, ҳозирги футболда кўплаб муаммоларни яққол кўра оламиз. Буларнинг бари - кадрлар танлашдаги муаммолар, - дейди Ғулом Обиджонов куюниб. - Оддий мураббийни олсак, ёшлигида болалар футболига мутлақо алоқаси бўлмагани ҳолда, Олимпия захиралари коллежига бориб, керакли ҳужжатларни қўлга киритиб, мураббийликда ишлаяпти. Улар назарий жиҳатдан кучли бўлиши мумкиндир, аммо майдонга тушиб, тўпни қандай тепиш кераклигини амалиётда кўрсатиб беролмайди. Биз эса яшил майдонда бошимиздан кечирганларимизни, шу тариқа тўплаган тажрибамизни болалар билан баҳам кўрамиз, уларга ўргатамиз.

- Узоқ йиллар профессионал жамоаларда тўп сургансиз. Шундай экан, сиздан ҳам лицензия талаб қилишлари тўғримикан?

- Аслида лицензиям бор эди. Бироқ болалар футболида кузатилаётган ножўя ишларга бардошимиз етмади. Марҳум устозимиз Нормирза ака Сойибназаров вафот этганидан кейин унинг ҳурмати, қолаверса, руҳини шод этиш мақсадида бироз ишладик. Аммо барибир, сабримиз чидамади. Ноҳақликларга қарши курашувчилар камчилик бўлса, фойда бермас экан.

- Дарвоқе, ўғлингиз Аъзам Алиев кимнинг шогирди?

- Унинг мураббийи - Нодирбек Халилов. «Ёшлик» стадиони ёнидаги футбол мактабида таҳсил олган. Айримлар туфайли шу таълим маскани ҳам фаолиятини тўхтатди. Тўрақўрғон вилоятида 5та спорт мактаби бўларди, қисқартириш оқибатида ҳозир биттаси қолди, холос. Бу эса бизга катта зарба бўлди. Мактаб раҳбарияти ўзларига керакли мутахассисларни олиб қолишди, биз эса четга чиқишга мажбур бўлдик.

***

Тўрақўрғонга уюштирган сафаримиз давомида Тўйчи Ибрагимовнинг саъй-ҳаракатлари билан кўплаб қаровсиз ётган ерларга чим ётқизилиб, обод қилинганига гувоҳ бўлдик. Мураббий бу ерларда ўтказиладиган машғулотлар орқали янги футболчиларни кашф этиш, шу тариқа ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшишни ният қилган.

Асосийси, футбол майдонларини барпо этиш учун давлатдан маблағ олмаган, барчасини ўз меҳнати эвазига амалга оширган. Бу мақсаддаги сарф-харажатлар бўйича ёрдам эса Дадабаев Фарҳоджон томонидан кўрсатилган. Тўйчи ака вилоят ва туман ҳокимликларининг мазкур вазиятга бефарқлигини куюниб гапирди:

- Авваллари клубларимиз ва терма жамоаларимизга кўплаб футболчилар етиштириб берганмиз. Энди Президентимиз ушбу анъанани давом эттириш бўйича топшириқ бераётган пайтларида нега бунга бефарқ қаралмоқда? Тажрибали мутахассислар четда қолиб, футболга алоқадор бўлмаганлар ушбу соҳада раҳбарликка тайинланмоқда. Аслида, футболни ривожлантириш учун нималар қилиш кераклигини биз бажараётган ишлар мисолида кўришсин. Мана, қўл меҳнатимиз билан ташкил этган майдонимизда учта гуруҳ бемалол шуғулланиши мумкин.

- Тўйчи ака, футболимиз раҳбарларининг телевидениедаги чиқишларида чекка қишлоқларга бориб, зарур шароитларни яратиб беришаётгани, у ердан иқтидорли футболчилар етишиб чиқиши ҳақида гапиришаётганини кўрсангиз, энсангиз қотса керак? Шахсан сиздан кимдир аслида аҳвол қанақалигини сўраяптими?

- Ўша гапираётганлар тушунишмаяпти - футболчи қаерда етиштирилади? Ҳаммаси Тошкентдан чиқавермайди-ку. Бутун республикада жон куйдириб ишлаётган мураббийлар бор, ахир. Миллий ва ёшлар термаларимизда тўп сураётган ўйинчиларни кимлар тарбиялаганини аниқлашсин. Ҳозир ҳам ихтиёримизда иқтидорлар бисёр, аммо олий лигадагилар уларни кўришмайди, пайқашмайди. Улар фақат бир кунни ўйлашади, пулини олса бўлди. Эртага жамоада кимлар ўйнаши уларни қизиқтирмайди. 5-6 нафар мураббийни кўкларга кўтарган билан иш битмайди. Терма жамоа бошқарувини ҳам ўшаларга навбатма-навбат топшириб қўйишмоқда. Биринчи лигада, ўринбосарлар сафида захирада ўтирган, асосийга чиқолмаётган болалар бор, бироқ уларга йўл беришмаяпти. Бундай ҳолатга барҳам бериш керак.

Керак бўлса, уч хил мураббийга миллий терма таркибини тузиш имконини тақдим этиш керак. Шунда бош жамоага киришга номзодлар кўпаяди. Учта жамоани ўзаро ўйнатиб кўриб, энг яхшилар саралаб олинсин. Мана шунда мураббийлар ўртасида рақобат, кураш пайдо бўлади. Қуйи лигалардаги иқтидорларга ҳам эътибор қаратишади. Агар термамизни бир хил мураббийларга топширишни бас қилмасак, жаҳон чемпионатига чиқишимиз сўроқ остида қолаверади.

- Тошкентдаги академиялар раҳбарлари ҳақиқий иқтидор эгаларини олишлари ҳақида гапиришсада, аслида, ҳаётда бошқача ҳолат гувоҳига айланяпмиз. Сиз ҳам шогирдларингизни олиб борганда, бунга тўқнаш келгандирсиз...

- Албатта, академияларга футболчи олиб борсангиз, иқтидорлар четда қолиб кетяпти, ҳали ўйинини кўрмасдан туриб, уларни қабул қилмасликларини айтишади. Ваҳоланки, келажаги бор болаларни кўрсатамиз. Бундай футболчилар 7-синфга ўтгунича кўзга кўриниб қолади, ўзини кўрсата олишига ишонч ҳосил бўлади. Шундайларни аниқлаганимиздан кейин, ота-онасини чақириб, бу ҳақда айтамиз. Ёки аксинча, лаёқати йўқларнинг ота-оналарини ҳам фарзандларидан футболчи чиқмаслиги бўйича огоҳлантирамиз. Чунки боланинг умри беҳуда ўтмаслиги керак. Акс ҳолда, ўзимизни алдаган бўламиз.

***

Болалар футболидаги муаммолар шу қадар чуқурлашиб кетганки, оқибатда 23-24 ёшлиларни ҳам келажаги порлоқ деб ҳисоблашга ўрганиб қолганмиз. Ваҳоланки, айни майдонда борини бериб ўйнайдиган паллада аксарият футболчилар бошқа соҳаларга ўтиб кетишмоқда. Умид қиламизки, футболимиз мутасаддилари шу каби муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича ташаббус кўрсатишади.

Абдулҳафиз Абдуҳамидов ёзиб олди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz