Қайднома

Қидирув

Роберт Левандовски: «Олтин тўп»ни ўзимга берардим»

Роберт Левандовски: «Олтин тўп»ни ўзимга берардим»

  06.09.2020 10:28
  0
  282
Роберт Левандовски: «Олтин тўп»ни ўзимга берардим»

«Бавария»нинг польшалик етакчи ҳужумчиси Роберт Левандовски ва Польшанинг Sportowe Fakty нашри мухбири ўртасидаги суҳбат табиийки, биринчи навбатда, ЕЧЛ-2019|2020 якуни ва футболчининг узоқ кутган тарихий ғалабасига бағишланди. Левагол шунинг баробарида Мюнхен суперклуби учун муваффақиятли кечган мавсум, «Олтин тўп» ва келажак фаолияти хусусида ҳам фикр билдирди. «Қачондир ЕЧЛда ғолиб чиқсам, нуфузли соврин билан ажралмас қадрдонлардек қучоқлашган ҳолда суратга тушишни дилимга тугиб қўйгандим. Мана, буюк орзуни рўёбга чиқаришга муваффақ бўлдим. Зафарни нишонлаш маросими тонгга қадар давом этди. Базмда иштирокчилар сийраклашиб қолгач, «шалпангқулоқ» кубок билан диллашиш имконияти туғилди. Ундан хавотир олмаслик учун маълум муддатга ўз хонамга олиб кетдим», -дея кулимсираб суҳбатни бошлади польшалик голеадор.

 

- «ПСЖ»га қарши ўйин, ундан кейин қандай воқеалар юз берганини нечоғли эслай оласиз?

- Жуда кўп лаҳзалар ҳамон шундоқ кўз ўнгимда турибди. Ўзи Португалияга етиб боришимиз билан таассуротларни хотирага муҳрлаш учун айни қулай пайт эканлигини тушундим. Яъни ҳаттоки, йўлда  кўрган-кечирганларимни ҳам эслаб қолишга ҳаракат қилдим: стадионга автобусда йўл олганимиз, ҳазил-мутойибалар, тушлик, меҳмонхонадаги мунозара-мулоқотлар... Қисқаси, куннинг ҳар бир лаҳзасини имкон қадар миямга муҳрлашни хоҳладим.

- Финал ҳуштаги чалиниши билан камералар қаршисида йиғлаб юбордингиз. Лекин буни кўпчилик кўрмади.

- Ўша лаҳзагача эҳтиросларни жиловладим, балки уларни юзага чиқаролмаган ёки ҳаттоки, истамагандирман. Айтишим жоиз, 10 йил аввалги Левандовски ва ҳозиргиси ўртасида катта тафовут бор. Дейлик, ўша вақт улкан совут ортига яширинган эдим. Финал ҳуштагидан кейин эса, майдонда нима қилганимни билмадим... Қисқаси, ўзимни бошқаролмай қолдим. ЧЛдаги ғалаба завқи шундай шодликки, беғубор болалик онлари, хурсандчиликларини эслатади. Бахтиёр кишининг қўққисдан «портлаган» ҳиссиётлари... ЕЧЛда зафар қучиш ҳақида жуда кўп ўйлаган ва орзу қилганман. Финалдан кейин кўнглим тошиб кетди. Ўйин тугаши билан турмуш ўртоғим Аннага қўнғироқ қилдим. Чўққини забт этиш учун қанчалик жон куйдирганимизни айнан рафиқам ҳаммадан яхшироқ билади. Менда дўстларим телевизор қаршисида финални қандай ҳаяжон билан кузатишгани ёзилган видеолавҳа бор. Улар ҳам қувонч кўз ёшларини тия олишмади. Бу лавҳани умримнинг охиригача унутмайман.

- Чўққида эканлигингизни теран англашга улгурдингизми?

- Ростини айтсам, бунга ҳанузгача ишонолмаяпман. Ўйиндан олинган сурат ёки видеога кўзим тушса, ажабланганча беихтиёр пичирлаяпман: «И-е, бу мен-ку» (кулади). Чўққидаманми? Билмадим. Билганим, ниҳоят, ЕЧЛ ғолибига айландим. 7 йил аввалги финалда рақибларимиз «Уэмбли»да қанчалик қувонишганини яхши эслайман. Ўшанда қачондир менинг кўчамда ҳам байрам бўлишини айтгандим. Ғалабага чанқоқлик, иштиёқ ҳамон мен билан бирга. Шунингдек, бирор жамоадошим ушбу ютуқ билан кифояланиб қолмайди, бунга ишончим комил.

- Умуман, «Бавария» футболчилари айнан ҳозир соврин ютиш палласи эканлигини сезишганмиди?

- «Барселона»га қарши учрашув арафасида Серж Гнабри ва Жошуа Киммих қўққисдан савол беришди: «Лева, турнирда ғолиб чиқа оламизми?» Шунда узоқ ўйлаб ўтирмай, тасдиқ ишорасини кўрсатдим.

- «Барселона» 8:2 ҳисобида тор-мор этилганидан кейин миянгизда қандай фикрлар чарх урди?

- 5:1 ҳисобида ғалаба қозонишимиз ҳақида тахминлар йўқ эмасди. Аммо 8та гол? Буни ҳеч ким кутмаганди. Рақибимиз ночор ҳолатга тушиб қолди, биз эса гол уришда давом этдик. Яна клубимиз захира ўриндиғи ҳам ўз сўзини айтиб, қанчалик кучли эканлигини кўрсатди.

- Финалда гол уролмаганингиздан афсусланмаяпсизми? Ахир ўйин рекламаси ўта жарангдор янграганди: «Левандовски - Неймар дуэли».

- Йўқ. Чунки худди шундай натижа кутгандим. Кўпинча ҳал қилувчи баҳс­ларда асосий тўпурар эмас, бошқа футболчи гол уради. Умуман, мен учун ҳам жамоа муваффақияти муҳимроқ. Хуллас, гол урмаганимдан жаҳлим чиқмади, хафа бўлишимга ҳам асос йўқ. Зеро, ҳаракатларим жамоага манфаат келтирди. Асосийси, хотиржам ўйнадим. Ҳаттоки, «ПСЖ» ҳужумга зўр берган лаҳзаларда ҳам, бизни барибир, енголмасмаслигига ишондим. Аниқроғи, буни ҳис этдим.

- Энди вақтида «Реал»га ўтмаганингиз ўзини оқлаганини  айтиш мумкинми?

- Сабр-қаноат доимо натижа беради, албатта. Кўрайликчи, халқаро инқироз шароитида «Бавария» ўзини қандай тутаркин...? Мана, айрим клублар кучли зарбага дуч келди. Инқирознинг салбий таъсири яқин йилларда ҳам бўй кўрсатиши ҳеч гап эмас. Тўғри, барчасини вақт кўрсатади. Энди ҳамма биздан ўзиб кетишни ўйлайди. Чўққида туриш, чемпионликни ҳимоя қилиш осон эмас. Демакки, бизни олдинда мураккаб синовлар мавсуми кутмоқда.

- 2013 йили «Боруссия» Д. сафида ЕЧЛ финалида ўйнагандингиз. Шундан буён сизда айнан қандай ўзгаришлар юз берганини айта оласизми?

- Иззатталаблик ошди, лекинвазиятларда ўзгача фикрлашни ўргандим. Агар ЧЛда шоҳсупага кўтарилмаганимизда ҳам, бахтли инсон бўлиб қолаверардим, барибир.

- Финалдан кейин Месси ёки Роналдудан қутлов олдингизми?

- Уларнинг табрик йўллаганларидан бехабарман, ахир соврин учун ўзаро кураш олиб бордик. Лекин нафақат футболчилар, бошқа спортчилар ҳам қутлашганини тасдиқлашим мумкин.

- Шахсан сизга қолса, «Олтин тўп»ни кимга топширардингиз?

- Ўзимга.

- Марҳамат, нима учунлигини изоҳлаб берсангиз.

- Биринчидан, «Бавария» билан имкони бор барча совринларга эга чиқдим: Бундеслига, Германия кубоги ва ЕЧЛда ғалаба. Иккинчидан, шу 3та турнирда ҳам энг яхши тўпурар бўлдим. Агар бошқа ҳар қандай футболчи шундай натижалар қайд этганида, бемалол «Олтин тўп»ни қўлга олиши мумкин эди...

- Демак, совринни бекор қилишганига муносабатингиз салбий...

- Йўқ, аслида бу ҳақда ўйламадим. Чунки бизни олдинда жуда кўп учрашувлар кутиб турганди. Жумладан, жамоанинг асосий мақсади ЕЧЛда ғалаба қозониш эканлигини билардим. Ишонинг, бундай паллада шахсий мукофот хаёлимга ҳам келмади.

- Кўплаб шахсий ва жамоавий совринлар соҳибисиз. Мана, музейингиздан ЕЧЛ кубоги ҳам жой олди. Навбатдаги нишон қайси?

- Шунчаки, мухлислар ўйиним ва натижаларим билан чинакамига фахрланишларини истардим. Улар Европа чемпионатидами, ЖЧдами - фарқи йўқ, жамоам ўйинларидан завқланишса, бас. Қолаверса, клуб футболида мен учун ҳали забт этилмаган чўққилар йўқ эмас. Масалан, Европа суперкубоги ёки Клублар ўртасидаги ЖЧни айтишим мумкин. Булар яқин келажакдаги асосий режаларимдир.

- Миллий жамоалар миқёсидаги олтин медалларчи?

- Терма жамоага қўлимдан келганича ёрдам беришга тайёрман, лекин майдонда 11 нафар футболчи тўп суради. Натижа жамоа ўйинига боғлиқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳамиша муваффақиятга интилишимиз керак.

- Польша футболи афсоналари қаторига қўшилганингизни тасдиқлай оласизми?

- Бугунги футболни 40 йил аввалгиси билан таққослаш қийин. Ҳозир тиғизлик тамоман ўзгача. Терма жамоа сафида йирик турнирларда медаллар ютган таниқли футболчилар тўп суришган. Яхшиси, ҳозирги даврга эътибор қаратиш маъқул. Албатта, фаолиятимда эришган ютуқларим билан фахрланаман. Кичик бир шаҳарчада улғайган болакай футболда ёрқин йўл босиб ўтиши мумкинлигини исботлай олдим. Умуман, бундан кейин ҳам Польша футболи нуфузини оширишга ҳаракат қиламан.

- Чўққини забт этишда бурилиш нуқтасини аниқлай олдингизми?

- 3 йил аввал фаолиятимда сезиларли ўзгаришлар юз берди. Бунда ҳаётга муносабатни ҳам назарда тутяпман. Яъни нима қилиш мумкин, нима мумкин эмаслигини теран тушундим. Оилам ўзим истамаган ҳолда, фаолиятимга алоқадор бўлиб қолди. Баъзан омадсизлигим учун яқинларимга ҳужум уюштиришади. Бу нотўғри, зарбани фақат Роберт олиши керак.

- Энди немис матбуоти сизни «чақолмайди».

- Фикрингизга қўшилмайман, ҳар ким истаганини кўради. Менга тааллуқли маълумотлар, жумладан, айбловларнинг кўпи ҳақиқатга зид эди. Асосийси, клубга нисбатан муносабатда ҳам, майдонда ҳам 180 даражага ўзгармадим.

- ОАВда «Бавария» раҳбариятини трансферлар сиёсатини ўзгартиришга чақиргандингиз. Бу ўринлими?

- Интервьюларда айтган фикрларимдан кейин бу масалада клубнинг фикри ўзгарган-ўзгармаганини муҳокама қилмоқчи эмасман. Муҳими, жамоанинг таркиби ва захира ўриндиғи талаб даражасида. Шу қудрат бизни чўққига олиб чиқди. Аввалроқ мен ва Томас Мюллерни қўллайдиганлар йўқ эди. Ҳаттоки, баъзан жароҳат билан ҳам ўйнаганман.

- Ўзингизни мукаммал «9-рақам» намунаси сифатида таърифлай оласизми?

- Менимча, ҳа. Икки оёғим ва бошим билан самарали ўйнайман, бу борада камчилик йўқ. Доимо билиш ва уддалашга интиламан. Жарима майдони ва унинг ташқарисидан, бурчак тўплари ва стандарт вазиятлардан гол уриш борасида изланаман. Фақат фаолиятим бошидан эмас, анча кейинроқ онг билан ўйнашни ўрганганимдан афсусланишим мумкин.

- Мана, ЕЧЛ ғолибига айландингиз, Польша чемпиони эса турнирнинг иккинчи саралаш босқичидан ўтолмади...

- Нима учун шундай? Польша клублари нега тайёргарлик бобида муаммоларга дуч келади? Нима учун даст­лабки учрашувда юксак савияни кўрсатолмайди? Бу жумбоқ. Аслида «Легия»нинг таркиби ва салоҳияти бундай ўйинлардан ўтиш учун етарли. Менимча, ўйин мавсум ўрталарида бўлганида, «Легия» Кипрнинг «Омония»сини бемалол енгарди.

- Польша термасининг навбатдаги йиғинида иштирок этмайсиз. Бунга жисмоний толиқиш сабабми ёки руҳий?

- Мавсумда мен учун ҳар икки йўналишда оғир кечди. Пандемия, изоляция, фожиалар... Киши ўзини шундай синовлардан кейин билиб олади. Ҳамма учун мураккаб давр.

- Энди янги чорловлар кутасизми?

- Европанинг энг кучли жамоаси аъзосиман. Мақомим ўзгармай қолишидан умидворман.

- Мессининг «Барселона»даги даврига якун ясадингиз. Левандовскининг «Бавария»даги даври хусусида нима дейсиз?

- Ҳозиргиси мен учун охирги шарт­нома эмаслиги ҳақида кўп гапирганман. Келишувимиз 2023 йилгача мўлжалланган. Шундан кейин ҳам юксак савияда қолиш ниятидаман. Ўйлайманки, саломатлигим ва жисмоний ҳолатим бунга имкон беради. Ҳа, руҳий омил ҳал қилувчи ролга эга. Ўзимни яна 5 йил тўп суришга кўндира оламанми ёки йўқ - буни вақт кўрсатади. Лекин мендан қутулишингиз осон эмас (кулади).

- Қизларингиздан бири футболчи бўлишга қарор қилса, нима дердингиз?

- Қийин савол. Балки қувонарман, балки салгина қувонарман. Лекин қарорини қўллаб-қувватлайман, албатта.

- Келажак авлод вакиллари сизни қандай эслашларини истайсиз?

- Халқаро аренада улкан муваффақиятга эришган польшалик футболчи сифатида. Яна буюк спортчи ва яхши инсон сифатида ҳам эслашса, бас.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz