«Вердер» директорлар кенгаши аъзоси Клаудио Писаррони клуб сафида кўриш учун вақтида тун бўйи унинг отаси билан маишат қилган экан. Шу тариқа бир буюк муҳаббат тарихи бошланган: қувонч, кўз ёшлари, голлар, 4 марта хайрлашув... «Шунча йил умримни бу ерда ўтказишни ҳеч ҳам ўйлаган эмасдим. Бремен Германиянинг энг катта шаҳри эмас, «Вердер» ҳам энг номдор ва совриндор жамоалар қаторига кирмайди. Лекин факт битта - бу менинг тарихим, Бременда ўзимни ғоят бахтиёр ҳис этаман. Шаҳар ва клубга боғлиқ йўлим билан чинакамига фахрланаман» - «қаримас» Клаудио Писарро 1 йил муқаддам қадрдон жамоасига шундай дил изҳори айтганди. Мана, перулик ҳужумчи самарали фаолиятига нуқта қўйди.
КЎНГИЛ ОВЛАШНИНГ «ҚЎЛБОЛА» ЙЎЛИ. «Вердер» иқтидорли Клаудио Писаррони ўз томонига оғдириш учун Перуга ўз вакилини юборади. У тун бўйи футболчининг отаси билан маишат қилади, уни коктейлга бўктириб, якунда ўғлининг трансферига розилик олади. 1999 йил. 21 ёшли Клаудио Перунинг «Альянс» клуби таркибида 1 мавсум давомида 44та учрашувда майдонга тушиб, 25та гол уради. Ваҳоланки, у ўша вақт жамоада захира ҳужумчиси мақомида эди. Истиқболли йигитчага «Эвертон», «Валенсия», «Севилья» ва «Бетис» каби клублар ҳам харидор бўлганини инобатга олсак, «мусиқачилар» бу курашда яққол аутсайдер эдилар. «Вердер» раҳбарияти футболчи учун курашда устун келишни ўйлаб, катта таваккалга қўл уради - Клаудионинг ота-онасини кўндириш вазифасини директорлар кенгаши аъзоси Юрген Борн зиммасига юклайди. «Перуга етиб боришим билан Клаудионинг отаси билан боғландим. Кейин юзма-юз кўришиб, унга «Вердер» ўғлини ўз таркибида кўришни хоҳлаши ва яхши шароитлар яратиб беришга тайёрлигини маълум қилдим. Катта Писарро эса хотиржам ҳолда, бундай таклифлар жуда кўп эканлигини айтди. Шунда сал бошқача йўл тутдим - бирор жойда ўтириб, чанқоқ босишни сўрадим. Шу тариқа оқшомни «Писко Сур» (Перуда узум шароби асосида тайёрланадиган энг машҳур коктейль) ичиш билан ўтказдик. Германия чемпионатининг ўзига хос томонлари, Бременнинг ажойиб шаҳар эканлиги ва «Вердер» келажаги порлоқ жамоалиги ҳақида узоқ гапирганим ҳамон ёдимда. Қисқаси, анчагача кафеда чақчақлашиб ўтирдик, кейин Писарролар уйига йўл олдик. У ерда ҳам ичишни давом эттирдик. Орадан маълум вақт ўтгач, яна барга қайтдик ва қўрқинчли ҳолатга тушишимизга қадар ичдик. Эртасига азонда меҳмонхонада уйқудан қандай турганимни билмайман, лекин шу заҳоти Клаудионинг отасига қўнғироқ қилдим ва музокара жараёнини бошлашга чақирдим. У эса кутилмаган жавоб қайтарди: «Мистер Борн, нимани назарда тутяпсиз? Ахир кеча гаплашиб, келишмадикми? Клаудио фақат «Вердер»га ўтади», - дея хотирлайди Борн Перуга сафарини. Transfermarkt портали журналистлари ўша келишув тафсилотларини Клаудио Писарронинг ўзидан сўрашганида, у айтарли ҳеч қандай маълумот бермаганди: «Тўғриси, ўша оқшом нима бўлганини билмайман. Лекин отам уйга қандай аҳволда қайтганини биламан. Унинг германиялик меҳмон билан вақтни чоғ ўтказгани шундоқ сезилиб турганди».
ҚУТҚАРУВ. Писарро кейинчалик Бремен клуби билан хайрлашди, бироқ омадсизликка учради. Орадан 7 йил ўтгач, унинг фаолиятини айнан «Вердер» қутқариб қолди. Ўшанда севинчини яширолмаган футболчи беихтиёр йиғлаб юборганди. Аслида «Вердер»да Клаудиога нисбатан ҳеч қачон эътироз туғилмаган. Тўғри, тунги клубларни хуш кўрадиган футболчи Бременда тез-тез ОАВ вакиллари эътиборини ўзига қаратарди. Лекин яшил майдондаги фаолиятига заррача доғ туширмасди. У бир куни машғулотга озгина юқорироқ «ҳарорат» билан келади. Буни кўрган бош мураббий Томас Шааф перулик шогирдини 5000 марка миқдоридаги жарима билан «сийлайди». Таажжубки, ўша машғулотдан кейинги икки томонлама беллашувда Клаудио нақ 4та гол уради. Шунда қаттиққўл мураббий футболчини мақташдан ўзини тийиб туролмайди: «У қандайдир мўъжизавий савияни намойиш этади. Спорт формаси талаб даражасидан паст бўлган пайтлар ҳам, ҳаммадан кучлироқ эканлигини исботлайди, барибир».
«БАВАРИЯ». Табиийки, Писарронинг тиришқоқлиги ва қудрати «Бавария»дек наҳанг эътиборидан четда қолмайди. Ҳужумчи «Вердер» сафида атиги 2 мавсум ўйнагач, Мюнхен гранди сафига қўшилади. Яна 6 йилдан кейин эса Германиядан бутунлай чиқиб кетади - «Челси» чорловини қабул қилганди.
«ЧЕЛСИ». Писарро «Челси»да - бу бир йиллик азоб. Оддий айтганда, футболчининг АПЛга талпиниши хато қарор бўлиб чиқади ва у йил давомида чинакамига азобланади. Дейлик, «кўклар» сафида атиги 21 марта майдонга тушиб, 2тагина гол уради. Бинобарин, Клаудио мураббийлар штаби талабларини тушунолмай, инглиз футболига мослашолмайди. Натижада мухлислар меҳрини қозонолмай, нафратига учрайди. Ҳар ҳолда, «Стэмфорд Бриж»да Писарронинг ҳар бир омадсиз ҳаракати кучли ҳуштакбозликларга сабаб бўларди. Ҳужумчи охир-оқибат, салбий хулосага келади: «Менимча, «Челси» ҳеч қайси хорижлик ўйинчига бунчалик шафқатсиз муносабатда бўлмаган». 2008 йилга келиб, «Вердер» перулик ҳужумчига ижара шартномасини таклиф этади ва у буни мамнуният билан қабул қилади. Яна 1 йилдан кейин эса Бремен клуби унинг трансферини тўлиқ сотиб олишни лозим топади. Transfermarkt портали ўша пайт Клаудиони 12 миллион еврога баҳолаган, «Челси» лоақал 10 «лимон» олишни режалаштирган эди. «Вердер» эса молиявий ҳолати туфайли ҳужумчи учун 1,5 миллион евродан кўп беролмаслигини айтади. Музокара жараёни чамаси 2 ойга чўзилади. Клаудионинг айтишича, у ўша вақт роса сиқилган экан: «Ўта оғир кунлар... Қандай ҳолатга тушганимни эслашни ҳам хоҳламайман. Музокара, баҳс-мунозара қандай натижа беришини ҳеч ким билмасди. Табиийки, Лондонда роса зериккан ва клубда қолишни истамасдим. Фақат Германияга тезроқ қайтиш ҳақида ўйлардим. Матиас Хенербах («Вердер» мураббийлар штаби аъзоси) қўнғироқ қилиб, томонлар келишувга эришганликларини маълум қилгач, қувончдан йиғлаб юбордим. Ахир «Вердер» барбод бўлишга яқин келган фаолиятимни қутқариб қолганди...». Клаудио Писарро шу-шу «Бавария» ва «Вердер» ўртасида «қўлма-қўл» бўлди. Тўғри, орада «Кёльн» сафида тўп суришга ҳам улгурди.
ОХИРГИ 10 ЙИЛ. Клаудио Писарронинг охирги 10 йилдаги фаолиятига назар солинг:
2009 йил - «Вердер»нинг тўлиқ аъзосига айланди;
2012 йил - «Бавария»га ўтди ва баралла гапирди: «Менга қолса, фаолиятимни шу жамоада якунлардим»;
2015 йил - яна 1 марта «Вердер»га қайтиш, Писарро 33 ёшда эди;
2017 йил - «Кёльн»даги ажабланарли мавсум;
2018 йил - яна қайтиш, албатта, «Вердер» сафига.
Писарро аслида «Бавария» ва «Вердер»ни ўзаро таққослашни сира ёқтирмайди. Германиялик касбдошларимиз уни кўплаб илмоқли саволлар воситасида «илинтириш»га уринишсада, Клаудио ҳамиша сувдан «қуруқ» чиқади: «Мени тўғри тушунинглар, «Бавария»ни «Вердер»га қиёслай олмайман. Ҳар икки жамоа фаолиятимда муҳим аҳамият касб этади. «Бавария» сафида имкони бор деярли барча совринларга эга чиқдим. «Вердер» эса чинакам профессионал футболчи сифатида шаклланишимга ёрдам берди. Бордию, Мюнхен ва Бременни ўзаро таққослашимни сўрасангиз, биринчисини танлашим мумкин. Ҳар ҳолда, Мюнхен осуда ва тинч шаҳар, маданияти ҳам юқорироқ».
Футболчининг охирги жумласини «Вердер» мухлислари яхши қабул қилмайдилар. Аниқроғи, бундай таъриф уларга ёқмайди. Фанатлар ҳаттоки, ўйиндан кейин Писаррони қистовга ҳам олишади. Муҳими, Клаудио ўзини йўқотиб қўймай, барчасини тўғрилайди: «Йўқ, ҳозирча қаерда муқим яшаш борасида якуний тўхтамга келмадим. Бременда ҳам, Мюнхенда ҳам уйим бор. Кўрайликчи, оилам билан қаерда ўзимизни яхшироқ ҳис этамиз...». Катта Писарро эса сершовқин Мюнхендан кўра, мўъжаз Бременни маъқул кўрмоқда. У 2009 йилдан буён шу шаҳарда истиқомат қилади. Умуман, Клаудио «Вердер» ва Бремен ҳақида ҳамиша тўлқинланиб гапиради: «Шундай кишилар орасида яшаб, ишлаётганимдан беҳад мамнунман. Ҳаттоки, 2019 йили ҳам бошқа жамоа сафига қўшилиш имконияти туғилганди. Аммо «Вердер»дан кетишни хоҳламадим. Чунки Бременни қаттиқ яхши кўраман, Германияни ҳам. «Вердер»га нисбатан муҳаббатим эса чексиз. Айни шу сабаблар билан Бременда қолдим. Эҳтимол, ҳаётимдаги энг муҳим ва тўғри қарор шудир».
У.УМАРОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20