Футболда мустаҳкам ҳимоя - муваффақият гарови! Бироқ орқа чизиқ вакиллари баъзан шундай хатоликларга йўл қўйишадики, уларни ҳаттоки, нафақага чиқишганидан кейин ҳам унутолмайдилар. Энг ёрқин мисол: «Реал»нинг ЧЛда «Манчестер Сити»га қарши ўйинида Рафаэль Варан икки марта катта «қовун» туширди ва мадридликлар курашдан чекинишди. Ваҳоланки, франциялик ҳимоячи оддий футболчи эмас, жаҳон чемпиони, ЧЛнинг 4 карра ғолиби! У «Реал» сафида яна 14та соврин ютган барқарор ҳимоячи. Энди Рафаэлнинг Манчестердаги нурсиз ўйинни узоқ вақт алам билан эслаб юришига шубҳа йўқ. Чунки бундай «қовун»лар қанчалик ноёб бўлса, шунчалик «заҳарли»дир. Варанга тасалли шуки, у бу борада ягона эмас - не-не буюк чемпионлар шу аҳволга тушишган...
2020 йил. Варан («Реал»). «Манчестер Сити»га қарши ўйин (1:2 ҳисобида мағлубият). Рафаэлнинг Манчестердаги ўйини савиясини Лионель Месси «сеҳрлаб» қўйган жаҳон чемпиони Жером Боатенг «маҳорати»га қиёслаш мумкин. Баъзан энг буюк ҳимоячилар ҳам «буюк» хатога йўл қўйишади. Мана, Варан ҳисобида ҳам даҳшатли туш каби унга уйқу бермайдиган ўйин бор. Ваҳоланки, Тибо Куртуанинг Испания чемпионатининг энг яхши дарвозабонига бериладиган Самора номидаги совринга эга чиқишида унинг катта улуши сезиларли эканлигини ҳеч ким инкор этолмайди. ЧЛ учрашувида рўй берган «даҳшатли туш» лавҳаларига тўхталсак, «Сити»нинг дастлабки голи Варан шошиб қолгани туфайли юзага келди. Иккинчи хатода эса, Рафа тўпни шунчаки, тўппа-тўғри рақибига совға қилди. Албатта, «Реал» сардори Серхио Рамос ҳам омадсиз ўйинлардан холи эмас. Лекин шу қадар аниқлик билан рақибга ғалабани тортиқ этиш - камдан-кам учрайдиган ҳодиса.
2015 йил. Жером Боатенг («Бавария»). «Барселона»га қарши ўйин (0:3 ҳисобида мағлубият). Ўшанда фақат Мануэль Нойернинг маҳорати ҳисоб 0:6 бўлишига монелик қилганди. Жаҳон чемпиони ва Чемпионлар Лигасининг янги ғолиби Жером Боатенг 5 йил аввалги воқеа - Лионель Месси билан тўқнашувни ҳали унутмаган бўлса керак. Айтишларича, «Бавария» футболчилари ҳанузгача вазият туғилиши билан Жеромни «чақиб» туришади. У эса аччиқланиб, уларга Мессига қарши ўйнаб кўришни таклиф этишдан бошқа чора тополмайди. Лекин унинг бундай жавоби ўринли эмас. Ахир Жеромни катта умидлар билан муҳим учрашувларга тайёрлашган. Қолаверса, у улкан тажрибага эга. Умуман, Месси билан юз берган воқеа Боатенг учун ўша учрашувдаги ягона хато эмас - ҳакам унинг қўполлигидан кейин «Бавария» дарвозаси томон пенальти белгилаши ҳам мумкин эди. Бундан ташқари, Жером ўша оқшом Луис Суарес, Неймар ва Дани Алвешни бир неча марта эътибордан четда қолдирди. Кейин Лео 2 марта Боатенгнинг қаршилигини умуман ҳис этмай, 77 ва 90}4-дақиқаларда ўйин тақдирини ҳал қилди.
2014 йил. Рамос ва Пике (Испания термаси). Нидерландия термасига қарши ўйин (1:5 ҳисобида мағлубият). Серхио фаолияти давомида «Реал»нинг ёрқин ғалабалари қатори бир қатор аччиқ мағлубиятлари мазасини ҳам татиб кўрган. Жумладан, «Эль-класико»да 0:5, 2:6 ва 1:5 ҳисоблари гувоҳига айланган. Жерар эса «Барселона»нинг «Бавария», «ПСЖ» ва «Ливерпул»га қарши ўйинларида шунчаки, «симёғоч» вазифасини бажарган. Аммо испан футболининг икки афсонаси Нидерландия термасидек азалий рақибдан шундай йирик ҳисобли мағлубият қабул қилиши... Эсласангиз, аслида ўйинда ҳисобни Испания миллий жамоаси очганди. Бироқ рақиб бош мураббийи Луи ван Гал «қизил фурия» дарвозаси «калити» қаерга яширинганини яхши биларди. Аввалига Рамос бўйдор Робин ван Персининг машҳур парвозига томошабин бўлди - Пике билан ҳамкорликда сунъий «офсайд»ни юзага келтиришга кечикканди. Кейин Арьен Роббен уларни боплаб ортда қолдирди. Тез орада хато қилиш навбати марказий ҳимоячиларга келди. 5-голни яна ўша Арьен бечора Рамосни моҳирлик билан алдаб ўтган ҳолда, урди. Қисқаси, ЖЧ тарихидаги буюк ғалаба ва икки буюк жаҳон чемпионининг «буюк» омадсизлиги.
2012 йил. Жон Терри («Челси»). «Ливерпул»га қарши ўйин (1:4 ҳисобида мағлубият). Жоннинг ҳисобида ёмон ўйинлар жуда кўп. Жумладан, унинг жамоаси «МЮ»га 3та гол фарқи билан имкониятни бой берган ўйинни келтириш мумкин. Бундай мағлубият ўша даврда «Челси» учун кам учрайдиган ҳолат саналарди. «Барселона» билан учрашувда йўқ жойдан қизил карточка «топиб» олган ҳам шу Терри. 2012 йилнинг май ойида бўлиб ўтган «Ливерпул»га қарши баҳсда эса, Жон умуман ўзига ўхшамади. Яъни ҳимоя чизиғидан жой олган жамоадошларига асло кўмак беролмади, боз устига, рақиб узатмасини бартараф этишга уриниб, ўта қўпол хатога йўл қўйди, яна «Ливерпуль» бурчак зарбаларини амалга оширган вазиятларда мутлақо ношуд кўринди. Буларнинг оқибатида «Челси» ҳимояси бутунлай парокандаликка юз тутди. Терри сардор сифатида ўша омадсизликнинг бош айбдори бўлиб қолди.
2011 йил. Рио Фердинанд («МЮ»). «Манчестер Сити»га қарши ўйин (1:6 ҳисобида мағлубият). Сэр Алекс Фергюсон фаолиятидаги энг йирик таҳқирланишлардан бири. Рио аввалига чап қанотдан йўлланган тўпни тўхтатолмади, кейин «Сити» ҳужумчилари уни осонлик билан ортда қолдира бошлашди. Тўғри, ўшанда Жон Эванс қизил карточка олган ва «МЮ» майдонда озчилик бўлиб қолганди. Лекин бу билан Фердинанд хатоларини ёпиш мумкин эмас. Бинобарин, у Давид де Хеа дарвозаси дахлсизлигини таъминлаш учун масъуллардан бири эди. Бироқ ўйинда Марио Балотелли ва Эдин Жеко ортиқча қийинчиликсиз «дубл»га эришдилар. Серхио Агуэро ва Давид Сильванинг голлари ҳақоратнинг якуний нуқтаси бўлди. Рио ўша оқшом шунчаки, судралиб юрганди - ғайритабиий манзара.
2009 йил. Фабио Каннаваро («Реал»). «Ливерпул»га қарши ўйин (0:4 ҳисобида мағлубият). Фаолиятини якунлаган Фабио барча омадсизликларни хотирасидан ўчириб ташлаганини табассум билан айтганди. У яна Евро-2000да юз берган ҳолатни Сильвен Вильторга «ағдарганди». Нима бўлганда ҳам, Каннаваронинг фаолиятида кузатилган энг ёмон ўйинлар бошқа. «Интер», «Ювентус» ва «Реал»да қалқон вазифасини бажарган ҳимоячини рақиблар баъзан очиқчасига калака қилишган. Фабио айниқса, ЧЛ «плей-офф» босқичидан ўрин олган сафар учрашувида «Ливерпуль» футболчиларига деярли қаршилик кўрсатолмади. Аввалига тўпни шунчаки, тепиб юборишни уддалолмади, кейин ўта кулгули тарзда позициясини йўқотиб қўйди. Гўёки, унинг жуссаси майдонда, «Олтин тўп»ни олиб берган мегамияси эса кийиниш хонасида қолганди...
2008 йил. Карлес Пуйоль («Барселона»). «Реал»га қарши ўйин (1:4 ҳисобида мағлубият). Карлеснинг ўзи мазкур беллашувни алоҳида тилга олганди, чунки унинг бошланишида «Барселона» вакиллари «Реал» учун чемпионлик йўлакчаси ташкил этишган. Финал ҳуштагидан кейин Бернд Шустер жамоаси йирик ғалабани нишонлади. Бир жамоа барча кўрсатмаларни аниқ бажарди, иккинчиси деярли ҳеч нарса қилолмади. Голлар эса Пуйолнинг хатолари туфайли юзага келди. У хусусан, Раулнинг зарбасига тўсқинлик қилолмади, Гонсало Игуаин билан курашда имкониятни бой берди, десерт сифатида эса ўз жамоаси жарима майдони ичида қўлини ишга солиб, ашаддий рақибга пенальти совға қилди. Ўша беллашув «Барса» учун Пуйоль иштирокидаги «Эль-класико»ларда 4та гол қўйиб юборилган биринчиси ва охиргисидир.
2004 йил. Паоло Мальдини («Милан»). «Депортиво»га қарши ўйин (0:4 ҳисобида мағлубият). Паоло узоқ вақт битта клуб учун ўйнаган футболчилардан бири. Табиийки, у «Милан»нинг «А» серия ва халқаро майдондаги бир неча аччиқ омадсизликларига ҳам бевосита «шерик» бўлган. Вақтида ҳаттоки, «Верона»дек камтар клуб «россонерлар»ни 6:1 ҳисобида маҳв этганди, миланликлар «Рома», «Парма», «Лацио»га ҳам йирик ҳисобда ютқазишган. Шунингдек, юлдузли таркиб бир сафар камтарин «Фиорентина»дан 0:4 ҳисобида енгилган. Лекин ЧЛда «Депортиво»га қарши кечган ўша машҳур жавоб учрашуви алоҳида ўрин тутади. «Милан» Испания сафарига «4:1 ҳисоби умумий ғалаба учун етарли» қабилидаги ўй билан йўл олган, Хуан Карлос Валерон, Вальтер Пандиани ва Альберт Лука бу устунликни йўққа чиқаришларини асло хаёлига келтирмаганди, худди мухлислар каби. Амалда эса кимсан Паоло Мальдини тез-тез хатога йўл қўя бошлади, позициясини йўқотиб қўйди, жамоага ёрдами тегмади. Чин афсона учун ўта қониқарсиз баҳс...
2003 йил. Хавьер Занетти («Интер»). «Арсенал»га қарши ўйин (1:5 ҳисобида мағлубият). Жамоа сочилиб кетган паллада қанот ҳимоячилари диққат марказидан четроқда турганлари маъқулроқ. Масалан, «Интер» «Милан дербиси»да ҳамшаҳрига 6:0 ҳисобида ютқазганида, аргентиналик қанотда тўп сурганди. Гарчи Кахи Каладзе унинг қанотини «дазмоллаган» бўлсада, антиқаҳрамонликни бошқалар бажаришган. Тьерри Анри ва Робер Пирес ЧЛда Хавьерни исканжага олишганида, бузилмас «трактор» ўчиб қолди. Уни истаганча алдаб ўтишди, тўпга яқинлаштиришмади. Шу тариқа Занеттининг бор-йўқлиги аста-секин сезилмай қолди ва «Арсенал» «Сан Сиро»дан йирик ғалаба билан қайтди.
2002 йил. Алессандро Неста («Лацио»). «Рома»га қарши ўйин (1:5 ҳисобида мағлубият). Янги аср футболига экскурсияни яна бир буюк ҳимоячи хатоси билан якунлаймиз. Маҳорат ва малакасидан келиб чиқсак, Алессандро Неста - футбол тарихидаги буюк ҳимоячилардан бири. Бироқ уни тун ярмида уйғотсангиз, фаолиятидаги энг ёмон учрашувни бехато айтиб беради. Албатта, бу «Лацио» ва «Рома» ўртасидаги «Рим дербиси». Сандро ўша ўйинда Винченцо Монтеллага қарши курашда 3 марта ўта қўпол хатога йўл қўйди. Тўғри, ҳеч ким хато қилишдан тўлиқ ҳимояланмаган. Бироқ Нестадек тажрибали, кўплаб совринларга эга буюк чемпионнинг омадсизлиги ҳаммани ажаблантириши табиий.
Эътиборли жиҳати шуки, одатда дарвозабонлар туширган «қовун»лар кўпроқ ва тез-тез тилга олинади. Лекин таниқли ҳимоячилар ҳам «буюк» мағлубиятлар марказида бўлишлари ҳеч гап эмас. Мана, Рафаэль Варан учун 2та хато кифоя қилди. Тўғри, «Реал» йирик ҳисобда мағлубиятга учрамади, аммо Рафанинг ўзи шахсий даҳшатини тан олишга мажбур. Яхшироқ изласангиз, бундай хатолар барча таниқли ҳимоячилар фаолиятидан топилади, албатта. Футболнинг феъли шунақа - номдор ўйинчиларни ҳам аяб ўтирмайди. Рамос майдонга тушмади, Варан ишончни оқламади, «Реал» қаторасига иккинчи марта «плей-офф» босқичининг дастлабки раундидаёқ ЧЛ билан хайрлашди. Варан хатолари оқибати шу.
Абдураҳмонхўжа АҲМЕДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20