Қайднома

Қидирув

ҚАМОҚХОНА 645 КУН ёхуд «Барса» собиқ президенти Сандро Росселнинг ошкора гаплари

ҚАМОҚХОНА 645 КУН ёхуд «Барса» собиқ президенти Сандро Росселнинг ошкора гаплари

  07.09.2020 05:53
  0
  590
ҚАМОҚХОНА 645 КУН ёхуд «Барса» собиқ президенти Сандро Росселнинг ошкора гаплари

Каталония клуби собиқ президенти ва унинг рафиқаси 2017 йилнинг май ойида молиявий қилвирлик ва бошқа жиноий ҳаракатлар учун ҳибсга олинганди. Айтилишича, улар оффшор компаниялар орқали 15 миллион еврони ўзлаштиришган. Узоқ давом этган тергов давомида Сандро панжара ортида қуюшқондан чиқиб кетди ва прокуратура уни 11 йилга қамоқда сақлашни режалаштирди. Аммо Россель 645 кундан кейин қўйиб юборилди ва барча айбловлар бўйича оқланди. Ўша давр мобайнида бу ишбилармон функционер ўзига келиб, яқиндагина сотувга чиққан «Маҳкам қучоқ» китобини ёзди. Қуйида унда тасвирланган бир нечта қизиқ ва ҳайратланарли воқеалар, шунингдек, Росселнинг Испания матбуотига яқинда берган интервьюсидан парча эътиборингизга ҳавола этилади.

Қамоқхона тажрибаси ҳақида

- Мен ҳамманинг қамоқда ҳеч бўлмаса бир кун ўтказиш имкониятига эга бўлишини истардим. Бу айниқса, одамларни у ерга доимий равишда юборадиган, кимнингдир тақдирини ҳал қиладиганларга тааллуқли. Ишончим комилки, бу имкон қадар тезроқ ўзингизни қайта кашф этишга имкон берадиган ҳаётий тажрибадир. Мен ўзим ҳақимда ва одамлар ҳақида билган жуда ажойиб нарсаларга қойил қолдим. Маҳбуслар ўртасидаги бирдамликдан ҳайратдаман. Аммо бу қамоқхона жуда ёмон жой эканлигини ва сизни эркинликдан ва мутлақо нормал ҳаётдан маҳрум қилганлигини рад этмайман. Агар кимдир сизга қамоқда яшаш яхши эканини айтса, билингки, у ёлғон гапирмоқда.

Қамоқдаги биринчи кун ва бошқа қийинчиликлар ҳақида

- Қамоқдаги кунларнинг қайси бири энг қийин бўлган? Ҳар куни адвокатим келиб, бизни шартли равишда муддатидан олдин озод қилиш рад этилганини айтарди. Бу 13 марта рўй берган. Ўйлайманки, қамоқхонада кучлироқ бўлдим. Сиз у ерда ё ич-етингизни еб адо бўласиз ёки кучлироқ бўласиз. Бу борада рафиқам Марта мен учун ҳақиқий тиргак эди. Худди ота-онам, дўстларим ва ака-укаларим каби.

Муштлашувларлар ҳақида

- Албатта, мен қамоқхонада шафқатсиз жанжалларни кўп кўрганман. Улар шахсан мени калтаклашмади. Гарчи менга икки марта огоҳлантириш беришган бўлса ҳам. Бир марта улар мен турган жойга шу қадар яқин масофада жанжал қилишган эдики, ҳамма нарсага қон сачради: кийимда, китобда... ҳамма жойда. Бу қандай содир бўлди? Бир маҳбус чўтканинг дастагини синдири ва унинг учли томонини бошқа бир йигига тиқиб олди. Унинг танасидан шу қадар кўп қон оқардики, бунақасини авваллари кўрмаганман.

Таҳдидлар ҳақида

- Доим таҳдидларни эшитишим керак эди. Қамоқда сиз тезда ким жиддий гапираётгани ва ким шунчаки тазйиқ ўтказаётганини тушуна бошлайсиз. Бир куни бир аҳмоқ менга деди: «Сен лаънати каталонсан, барча каталонияликлар ўлиши керак»! Бошқа бири эса, агар унга ҳар куни қаҳва сотиб олмасам, мени ўлдиришга ваъда беришини айтганди. Мен кўнмадим. Кейинчалик биз хотиржамроқ гаплашдик ва унга хато қилганини айтдим. Маълум бўлишича, у унчалик қонхўр эмас экан. Аммо агар қўрқсам, кофе учун кунига 1 евро тўлашим керак эди. Бу қамоқда катта бойлик, чунки сиз ҳафтасига атиги 100 евро сарфлашингиз мумкин ва агар заифликни намоён қилсангиз, бошқалар сизнинг пулингизни ундириш учун келишади. Мен қўрқмадим, лекин ҳурмат кўрсатдим. Қамоқхонадаги ягона тўғри хулқ-атвор - қўрқувсиз ҳурмат.

Гиёҳванд моддалар тўғрисида

- Менга гиёҳванд моддаларни сотиб олиш таклиф қилинмади, лекин қамоқдагишу тоифа савдогарлар кимлигидан хабардор эдим. Гиёҳванд моддаларни қамоқда топиш осон ва бу катта бизнес. Кимдир олиб келади, кимдир истеъмол қилади, кимдир соқчиларни бошқача томонга қараб туришга мажбур қилади. Хуллас, у ерда кўп нарса қилиш мумкин. Масалан, бир хакерга деярли очиқчасига уяли телефон ишлатишга рухсат берилди. Бу нимага ўхшайди?

Рождество ва ҳақида

- Рождество арафасида бизга ўзига хос дастурхон, алкоголсиз шампан ва Полворон печеньеси берилди. Янги йил арафасида кечқурун байрамни шу кайфиятда нишонладик ва тарқалдик. Чунки ярим тунда ҳамма ўз камерасида бўлиши керак эди. Энг ёмони, менга қўйилган айбловлар сабабли махбусликда ўтказган даврларимда ҳаётимдаги муҳим саналарни оила даврасида нишонлай олмадим. Масалан, қизимнинг 18 ёшга тўлгани ва тўйимизнинг 25 йиллигини. Энди бу кунларни ҳеч қачон нишонлай олмайман, чунки вақтни ортга қайтаришнинг иложи йўқ, бари ўтмишда қолди.

Қамоқхоналарга ташрифлар ҳақида

- Озод бўлганимдан кейин қамоқда юрганимда, яқин бўлиб қолган «ичкари»даги бир неча ўртоқларимни кўришни истадим. Улар ким? Мен яқин бўлган оддий одамлар. Ҳатто улардан хабар олиб турадиган оила аъзолари ҳам йўқ. Мен эса уларга пойафзал кераклигини билганим учун уларга кроссовкалар олиб бордим. Улар билан гаплашишни яхши кўраман, қамоқхона ёмон жой, лекин у ерда қизиқарли одамлар ҳам учраб туради.

Кўз ёшлари ҳақида

- Ҳа, қамоқда йиғладим. Гарчи бундан олдин узоқ йиллардан бери йиғламаган бўлсам ҳам. Хаёлимдан ўтган турли фикрлар, ноумидликдан, ташвишларим ва тушкунлигим туфайли қаттиқ сиқилдим. Ҳа, буни бошдан кечирдим. Бу нарса мени ғазаблантирди, ғурурим эса: «Сен йиғлай олмайсан», деди. Аммо ғазаб билан йиғладим. Шундай ҳолат неча марта рўй берганини эслай олмайман, аммо аниқ беш мартадан кўп.

Мадрид ва Переснинг қўли ҳақида

- Неймарнинг «Барселона» билан шартнома имзолаши «Реал» эмас, балки менинг бизнесимга таъсир қилган, деб баҳслашмайман. Лекин бу ҳақда мен ҳам ўйладим... Шубҳасиз, кимнингдир қора қўли ўзаро ришталарни узди. Қамоқда 40га 20 метр периметр бўйлаб ҳовлида кунига 10 км., жами 6500 км. йўл босдим. Бу ўйлаш учун кўп вақт. Сўнг­ги йилларни таҳлил қилиб кўрдим. «Кимнинг йўлини кесиб ўтдим?». Деярли ҳар куни шу саволга жавоб излардим. Ҳар куни ўзимга бу саволни берардим. Йўқ, мен Флорентино ва Мадрид бирор-бир тарзда бу ишга аралашган, деб ўйламайман. Мен қамоқда бўлганимда, Перес тўғридан-тўғри эмас, балки бир дўстим орқали қўнғироқ қилди, чунки мен рақамимни ўзгартиргандим...

Неймар ҳақида

- Ҳа, агар «Барселона» президенти бўлганимда, Неймар билан яна шартнома имзолардим. У Мессидан кейин дунёдаги иккинчи энг яхши ўйинчи ва бизнинг клубимиз фалсафасига жуда мос тушади. Лекин тажрибага таянган ҳолда айтадиган бўлсам, унинг учун иккита шартнома тузиш керак: бири спорт, иккинчиси интизом бўйича.

Энг ёмони ҳақида

- Мен учун берилган бебаҳо ҳаётимнинг икки бебаҳо йилини ўғирлашгани алам қилади. Ўйлаб кўринг икки йил давомида қанча нарсадан маҳрум бўлдим: сайрлар, учрашувлар, оила билан ажойиб кечки овқатлар... Инсон ҳаётининг икки йилини қандай баҳолаш мумкин? Тасаввур қилинг, сиз ўляпсиз, шунда шифокор айтади: «Сизга яна икки йил умр беришим мумкин, аммо бунинг эвазига бор нарсангизни менга берасиз». Сиз рози бўласиз, чунки икки йил бебаҳодир. Бу икки йилни мендан ўғирлашганига ачинаман.

Миллий туйғулар ҳақида

- Қалбан 100 фоиз мустақил каталонман, лекин ақлим Каталониянинг ҳозир Испания таркибидан чиқиб кетиши энг яхши ечим эмаслигини айтяпти.

Лаутаронинг «Барса»га ўтиши ҳақида

- «Барселона»нинг ҳозирги раҳбарияти ўрнида бўлсам, Лаутаро Мартинесни 111 миллион еврога сотиб олишга ҳеч қачон рози бўлмасдим ва охиригача бошқа позициялардаги футболчилар билан алмашиш вариантини қидирардим. Бу жуда қийин, аммо синаб кўрса бўладиган иш.

Келажак ҳақида

- Яна спорт соҳасида ишлашни хоҳлайманми ёки йўқми, билмайман... Ўйлайманки, энди хотиржамроқ ва беташвишроқ ишни хоҳлайман, шекилли. Барселонада сиз шунчаки рулни бошқаролмайсиз, у ерда тарих ёзиш учун қатъиятлироқ бўлишингиз керак. Ҳозир бундай йўл тутиш мен учун эмас. Кўпроқ оила аъзоларим ва дўстларим билан мулоқот қилишни, арзимас нарсаларда ҳам хотиржамлик ва таскин кўришни истайман. Бўш вақтимда нима қилмоқчи эканлигим ҳақида ўйламайман, аксинча, сиз мени дўстим билан барда бир стакан муздек ичимлик ичиб ўтирган ҳолда кўришингиз мумкин.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz