Қайднома

Қидирув

Қиматга тушган хатолик...

Қиматга тушган хатолик...

  07.09.2020 08:53
  0
  429
Қиматга тушган хатолик...

Нафақат Ла Лига, балки халқаро аренада ҳам ўз ўрни, мавқеига эга бўлган «Валенсия» якунланган мавсум камтарона 9-ўрин билан чекланди. Табиийки, бу омадсизлик «кўршапалаклар» мухлисларини қаттиқ ранжитди ва улар клуб президенти истеъфосини талаб қила бошладилар. Чунки у жамоа сардори ва етакчи футболчиларни арзимас сариқ чақага сотиб юборди. Аслида носозлик охирги 10 йилликдаги энг муваффақиятли мураббийнинг лавозимидан четлатилиши билан бошланган эди...

Жамоани қайси жин чалди?

Тиғиз воқеалар оқимида «Валенсия» ярим ҳимоячилари Франсис Коклен ва Даниэль Парехо атиги 20 млн. евро эвазига «Вильярреал»га ўтишганини кўпчилик сезмай қолгандир. Бунинг асосий сабаби - «коса остидаги нимкоса»да. Лекин мазкур трансферлар «Месталья»нинг садоқатли мухлисларини карахт ҳолатга солди. Парехо - «Валенсия» сардори ва чинакам етакчи. У жамоадаги 9 йиллик фаолиятида Европанинг энг зўр таянч ярим ҳимоячилари сафига қўшилди. 31 ёшли фахрийга «Барселона» бежиз жиддий қизиқиш билдиргани йўқ, ҳар ҳолда. Бироқ клуб мутасаддилари бунга аҳамият беришмади ва июль ойида сардорни трансферга қўйишди. Таажжубки, тажрибали ўйинчини 12 млн. еврога сотишди. Ваҳоланки, унинг бозор баҳоси анча баланд эди - 28 млн. Дани ортидан Франсис Коклен ҳам «сариқ сув ости кемаси ғаввослари» сафидан жой олди. Тўғри, буниси юлдуз эмас, лекин жамоанинг муҳим ўйинчиларидан бири эди. Ачинарлиси, трансфернинг сабаби спортга оид эмас.

Парехонинг дил изҳори

Данига мухлислар билан хайрлашиш имкониятини ҳам беришмади. Шу боисми, футболчи уларга «Инстаграм» орқали мурожаат қилди: «Фаолиятимни айнан «Валенсия»да якунлашим ҳақида агентимга кўп бора айтганман. Ахир ҳаётим шу клубда ўтди, 2 нафар фарзандим Валенсияда дунёга келди, 9 йил шу шаҳар тузини ичдим. Клубдан ўзим истамаган ҳолда, маъюс ва ғамгин кетяпман. Лекин «Валенсия» либосида ўйнаганим, бор куч-маҳоратимни сарфлаганим билан фахрланаман. Ўғлим яхши кўрадиган жамоамдан нега кетаётганимни сўради. Саволи қалбимни эзиб юборди. Бу жуда ачинарли ҳол. Бола эканда, унга нима дея олардим? Вақти келиб, ўзи тушуниб олар. Айни пайт «Валенсия» мен учун энг яхши клуб, унга ўхшаганини кўрган эмасман. Аммо келажакда ҳаммаси ўзгариши мумкин».

Нега шундай бўлди?

Кўнгилсизлик 2019 йилнинг сентябрида, клуб президенти Питер Лим жамоа бош мураббийи Марселино Гарсия Торални истеъфога чиқариши билан бошланди. «Валенсия» бу мутахассис қўл остида Сильва, Вилья ва Мата давридан кейинги энг сифатли ўйинни намойиш этатганди: ички чемпионатда 4-ўринни олди, 11 йиллик танаффусдан кейин Испания кубогини ютди ва ЕЛ ярим финалига чиқди. Шунга қарамай, Марселино лавозимидан четлатилди - «Барселона»га қарши сафар учрашувига 3 кун, ЧЛ доирасида «Челси» билан бўладиган баҳсга 1 ҳафта қолган паллада! Сабаби оддий - ҳокимият учун кураш. Сингапурлик миллиардер Питер Лим 2014 йили клуб акцияларини харид қилиш орқали «Валенсия»ни инқироз ҳолатидан қутқариб қолди. Бироқ уни бошқаришга вақти йўқ эди. Чунки асосан Сингапурда яшар жамоа фаолияти футболдан анча олис ёрдамчилар тасарруфида эди. Тез орада Лим билан дўстлашиб олган Жорже Мендеш «Месталья»га нафақат футболчи мижозлари, балки мураббийларни ҳам йўллай бошлади. Бу 2017 йили мураббийликни ўз зиммасига олган Марселинога ёқмади. У спорт директори Матео Алемани билан ҳамкорликда трансфер режаларини ишлаб чиқди, аста-секин рисоладагидек жамоа шакллантирди: Кондогбия, Гуэдеш, Коклен, Паулиста ва бошқа бир қатор футболчилар ҳозир ҳам таркибда. Табиийки, мураббийнинг ўжарлиги Мендеш ва унинг таъсири остидаги Лимни мутлақо қониқтирмасди. Шу баҳона мутасаддилар Марселино мўлжаллаб юрган Рафинья Алькантара трансферига изн беришмади, ҳужумчи Родригони сотиб юборишларига бир баҳя қолди. Натижада Марселино матбуот анжуманида раҳбариятни танқид остига олди: «Менга ваъдалар бериб, амалда аксини қиляптилар. Жамоанинг ўсишини таъминлаш учун универсал ҳужумкор ярим ҳимоячи керак. Рафиньяни кўз остига олиб қўйгандим. Энди 4-ўринни эгаллашимиз осон эмас. «Атлетик», «Реал Сосьедад» ва «Бетис» ўз таркибини кучайтирди. Ваҳоланки, бу жамоалар еврокубок мусобақаларида қатнашмайди. Бизни муҳим беллашувлар кутмоқда, аммо таркиб ҳали тўлиқ шаклланган эмас». Марселино шундан кейин лавозимидан четлатилди... Футболчилар устозларини қўлларидан келганича ҳимоя қилишди. Айниқса, сардор Парехо раҳбариятга таъсир кўрсатишга уриниб кўрди. Афтидан, сардорнинг шу фаоллиги охир-оқибат, трансферга қўйилишига сабаб бўлган кўринади. Ферран Торреснинг 27 млн. эвазига «Манчестер Сити»га сотилгани ҳам мухлисларни ранжитди. Клуб вакиллари бу трансферни коронавирус туфайли юзага келган молиявий муаммолар билан изоҳлашди. Бироқ фанатлар лақма эмаслар, бу «лағмон»га ишонмадилар. Улар тинимсиз равишда ижтимоий тармоқларда раҳбариятни танқид қилмоқдалар. Лимнинг қизи «Бу бизнинг клубимиз, нимани истасак, шуни қиламиз» қабилидаги сўзларидан кейин эса, «даҳанаки» жанглар совуқ уруш мақомини олди...

Фанатлар муносабати

Мухлислар 12 август куни «Валенсия»ни «дафн» этишди. 500 нафардан кўпроқ фанат «Месталья» яқинида тўпланиб, раҳбарият истеъфосини талаб қилувчи сўзлар битилган мотам баннерларини намойиш этди, шамлар ёқилди. Фанатлар кўз ёшларини тиёлмадилар. Миш-мишларга кўра, Питер Лим клубга харидор қидирмоқда. Radio Taronia хабарига кўра, «Валенсия» борасида 3 киши таклиф берган. Қисқаси, клуб президенти жамоатчилик фикрига қарши боришни истамаяпти. Бу тўғри. Акс ҳолда, зиддият оғир оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас.

Cодиқжон РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz