Қайднома

Қидирув

Соядаги етакчи ёки Маркиньосни танийисизми?

Соядаги етакчи ёки Маркиньосни танийисизми?

  08.09.2020 01:33
  0
  363
Соядаги етакчи ёки Маркиньосни танийисизми?

Ўз тарихида илк марта ЕЧЛ финалида майдонга тушган Лига 1 грандининг муваффақиятида ким кўпроқ мақтовга лойиқ? Неймарми, Мбаппе ёки Ди Мария? Балки Чупо-Мотинг муносиброқдир? Йўқ, ҳар қанча мақтов бўлса, Маркиньос учун озлик қилади.

«Аталанта» дарвозасига урилган ўта муҳим, «Лейпциг»ни тиз чўктирган ғалаба голлари муаллифи айнан шу футболчи бўлади. Муаммолар гирдобида қолган жамоани шу йигит тартибга келтирди, майдонда дои­мо ҳал қилувчи ролни ижро этди. Томас Тухель унга янги ролни тақдим этиш орқали таркибни мувозанатга келтирди.

Маркиньоснинг асосий устунлиги - 2та позицияда юксак савия намойиш этиши. У бутун фаолияти давомида фақат марказий ҳимоячи сифатида майдонга тушарди. Бироқ янги мураббий ташрифидан кейин таянч ярим ҳимоячиси ихтисосини ўзлаштирди. Ўзлаштирганда ҳам, буни мукаммал даражада уддалади: Маркин­ь­­ос ўйин давомида майдондаги вазиятга қараб позициясини ўзгартиради, айни пайтда майдондаги камчиликларни бартараф этади.

Мазкур ўзгариш 2018 йилнинг кузида, «Ливерпуль» билан кечган ўйинда бошланди. Ўшанда «ПСЖ» тўпсиз 2 нафар марказий ҳимоячи билан ўйнаганди. Маркиньос эса таянч ҳудудида жойлашарди. Тўп унинг жамоасига ўтганида, Маркиньос орт­га қайтар ва учинчи марказий ҳимоячига айланарди. Бундан кўзланган мақсад - «Ливерпуль» прессингини ёриб ўтиш ва рақибнинг қарши ҳужумини бартараф этиш учун битта ўйинчини ҳимоя чизиғида қолдириш эди.

Ана шу «фишка» мавсумнинг ажойиб тактик янгиликларидан бири сифатида эътироф этилди. Маркиньос туфайли парижликлар жамоасида чаққонлик, вазиятга мослашиш тезлиги ошди. Аста-секин ҳимоячи ўз чизиғини бутунлай тарк этиб, таянч ҳудудида ўйнай бошлади. Тухелга қадар Маркиньос ярим ҳимоя чизиғида бор-йўғи 3 марта майдонга тушганди. Яъни, 18 ёшли пайтида «Коринтианс»нинг таянч ярим ҳимоячиси жароҳат олганида, унинг ўрнини тўлдирганди. Тухель унинг марказдаги ўйинидан жуда мамнун: «Маркиньоснинг ярим ҳимоя чизиғида ўйнашини маъқул кўраман. Чунки у ўша позицияда жамоага кўпроқ манфаат келтиради. Фақат марказда унга бироз шиддат етишмайди. Бошқа барча жабҳаларда аъло даражада ўйнайди».

Футболчининг ўзи эса ҳимоя чизиғида ўйнаш у учун қулайроқ эканлигига шаъма қилганди: «Марказда ва орқа чизиқда вақтимни имкони борича самарали ўтказишга ҳаракат қиламан. Дунёнинг энг яхши ҳимоячиси мақомига эришишни истайман. Бу мен учун жуда муҳим».

Маркиньос бошқа ҳимоячилардан ақллироқ ва маҳоратлироқ бўлгани учун таянч ҳудудида бемалол тўп суради. Тўп билан мукаммал даражада муомала қилиш - замонавий ҳимоячидан талаб этиладиган мажбурий сифат. Шу боис, техника ва аниқ узатмалар бобида юксак савияга эга бўлган марказий ҳимоячилар кўпайиб қолди. Бироқ ярим ҳимоя марказидаги юмушни улар уддалай олишмайди. Маркиньос нафақат юксак техника ва аниқ узатмалар устаси, балки ақл билан ўйнайдиган футболчи. Майдондаги вазиятни яхши ҳис этади, тез фикр­лайди ва тўғри қарорни топа олади. Шу сабабли тўпни ўз дарвозасига қараб турган ҳолда қабул қилса ҳам тезликни йўқотмайди. Бу жиҳати билан бошқа касбдошларидан яққол устун. Рақиб прессингидан ўтиш жараёнида ўйин суръатини вазиятга қараб белгилайди. Узатмалар аниқлиги анчадан бери 90 фоиздан пастлаган эмас. Ваҳоланки, уларнинг аксарияти олис масофаларга йўлланади.

Тўпсиз қолганида ҳам ҳаммаси тушунарли - иложи борича рақиб ҳужумини барбод қилади, жамоадошларини олға етаклайди. Маркиньос «Рома»га ўтаётганида, ўзини «позицион ўйинни яхши тушунадиган тезкор футболчи» сифатида таништирганди. Ваҳоланки, ўшанда у оддий ҳимоячи эди.

Маркиньоснинг бўйи 183 см., марказий ҳимоячи учун анча паст. Аммо у куч ва тезлик ҳисобига бу камчиликни сездирмайди. Мана шу фазилати эвазига «Рома» мухлисларидан ҳимоядаги ишончли ҳаракатлари учун El Monumento унвонини олганди. Бўй борасидаги муаммони қандай ҳал қилганлиги хусусида Маркиньос шундай деганди: «Тўлақонли марказий ҳимоячи бўлиш учун залда жисмоний қувватни оширувчи машқлар билан, машғулотларда тўпни рақибдан тортиб олиш учун қўшимча шуғулланганман. Бу масалада Клод Макелеле («ПСЖ»да ёрдамчи мураббий бўлган) катта ёрдам берганди. У ҳеч қачон йўқ демасди. Шунингдек, Лоран Бландан («ПСЖ»да кучли марказий ҳимоячи, кейин мураббий бўлган) ҳам чексиз миннатдорман. У менга майдонда тўғри ҳаракатланиш ва позицияни ҳис этишни ўргатган».

Қаҳрамонимизнинг яна бир ижобий хислати - барқарорлик. У қўпол хатоларга деярли йўл қўймайди, асосий таркибнинг доимий аъзоси. У билан ҳамкорлик қилган мураббийлар фақат ижобий баҳо беришади. Маркиньос «ПСЖ»ни жипслаштирди ва клубга садоқат, сабр бегона эмаслигини исботлади.

2013 йилнинг ёзида Маркиньос 20 ёшгача бўлган футболчилар орасида энг қимматбаҳо ўйинчига айланди. «Коринтианс»дан «Рома»га атиги 5,7 млн. эвазига ўтган ҳимоячи «А» сериядаги супермавсумдан кейин 31,4 млн.нинг кучи билан Парижга равона бўлди. Бир йилда 18 ёшли йигитча нақ 25 млн.га қимматлашди!

Франция пойтахтидаги дастлабки йиллар бразилиялик иқтидор соҳиби учун осон кечмади, у жуда кам майдонга тушди. Боиси, Тьяго Сильва ҳамда Давид Луиз унга имконият беришмади. Баъзан уларнинг ўрнини тўлдириб турди. Жумладан, ҳимоя чизиғининг ўнг қанотида ўйнаган вақтлари ҳам бўлди. Умуман, талаб даражасида тўп сурди: унинг иштирокидаги 20 учрашувнинг атиги 2тасида «ПСЖ» мағлубиятга учради.

Лекин тобора улғайиб бораётган ҳимоячининг маҳорати орта бошлагач, захира ўриндиғи торлик қилиб қолди. Матбуотда унинг ўз мақомидан норози эканлиги, «Барселона» уни диққат билан кузатаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Аммо Маркиньос «ПСЖ»га содиқ эканлигини таъкидлашдан чарчамади, келажагини фақат шу клубда тасаввур қилишини билдирди. Мураббий ва хизматчилар уни намунали футболчи сифатида кўрсата бошладилар.

«ПСЖ» аъзоси учун ғайритабиий ҳол, тўғрими? Тьяго Сильва ҳамда Вераттилар билан ҳамкорликда Маркиньос ўйинчиларнинг пойтахт жамоасига садоқатини исботлади. Лекин бразилиялик ҳимоячи анчайин мураккаб даврни босиб ўтди - асосий таркиб таклифини бир неча йил кутишига тўғри келди. Энди у сардор ўринбосари ва етакчи футболчи. Бу мақомга 26 ёшида сазовор бўлди. Пандемия даврида Маркиньос клубни ҳаммадан кейин тарк этган ва биринчи бўлиб қайтиб келган легионер бўлди. Чинакам етакчига хос бу фазилатни парижликлар юксак баҳоладилар.

Маркиньоснинг пойтахт клубидаги яна бир муҳим жиҳати - Неймар билан ўта яқин дўстлиги: матбуотда доимо уни ҳимоя қилади, маслаҳатлар билан тўғри йўл кўрсатади. Ҳужумчи мухлислар ва раҳбарият билан чиқиша олмай қолган паллада айнан ватандошининг ўгитлари ўз таъсирини кўрсатган бўлса, ажабмас. Ҳар ҳолда, шундан кейин Неймар сезиларли даражада ўзгарди.

«ПСЖ»нинг собиқ сардори Ален Рош ўз кузатувларини қуйидагича изоҳлайди: - У жамоадошларига ниманидир берадики, натижада футболчилар ўзларини хотиржам ҳис этадилар. У жамоанинг норасмий йўлбошчиси. Тез орада Маркиньос Тьяго Сильва ўрнини эгаллаши ҳозирдан маълум бўлиб улгурди. Кийиниш хонасида Маркиньоснинг овози Ибрагимович овозига ўхшайдими-йўқми, билмайман. Аммо бу унинг услуби эканлигига ишонмайман. Ишончим комилки, ўйинчилар уни ҳурмат қилишади, унга эргашишни исташади. Сардор бўлиш учун, албатта, бақироқ бўлиш шарт эмас. Унинг шаънига бирорта танқидий фикр айтилганини билмайман. У жамоадошларини мақташни ҳам, ранжитмасликни ҳам ўринлатади. Қисқаси, доимо жамоа хизматида.

Тьяго Сильва («ПСЖ» ҳимоясидаги собиқ шериги): - У эндигина 26га чиққан бўлсада, улкан тажриба соҳиби. Нима қилиш кераклигини яхши билади. Маркиньос - доимо жамоадошларини руҳлантириш пайида юрадиган туғма етакчи.

Пауло Сезар («ПСЖ»нинг собиқ ўйинчиси): - Маркиньос ҳайратомуз футболчи. Айни пайт у жамоанинг энг яхши футболчиси. Боз устига, у фақат ўйинчигина эмас. Ундаги менталитет, кўтаринки кайфият барчага маълум. Бу йигит ўз сўзини дангал айта оладиганлар тоифасидан. Уни жуда ҳурмат қиламан.

Томас Тухель: - У доимо жамоа учун нимадир қилишга интилади. Ҳар бир учрашув, суҳбатга диққат-эътибор билан ёндашади. Маркиньос - ноёб инсон ва намунали футболчи.

Маркиньосдаги етакчилик фазилати анчадан бери маълум. У Бразилия ёшлар терма жамоаларида сардорлик қилган. Энди баъзан миллий термада ҳам майдонга боғич билан тушмоқда. Ҳозирча Маркиньос бир марта, 2019 йилда «Олтин тўп» унвонига номзодлик учун саралаб олинган 30 нафар футболчилар рўйхатидан жой олди. Қолганлари - унинг хизматларини муносиб баҳолаш учун жуда озлик қиладиган матбуот хабарлари ва гап-сўзлар. Бунинг асосий сабаби - нисбатан камтарин лигада ўйнаётгани. Шу боис кўпчилик эътиборидан четда қолмоқда. Лекин нима бўлганда ҳам, Маркиньос энг сара футболчилар тоифасидан ва ўз позицияси бўйича дунёнинг энг яхши ўйинчиларидан бири. Ҳозир ҳимоя ва ярим ҳимоя чизиқлари марказида ундан яхшироқ ўйнай оладиган футболчи йўқ!

Маркиньоснинг таянч ярим ҳимоячиси ихтисосига оид яна 3та муҳим эътироф:

 

Луис Фернандес («ПСЖ»нинг собиқ ўйинчи ва мураббийи): - Маркиньос марказда зичликни ҳосил қилади ва яккакурашларда ғолиб чиқади. Тўпни рақибдан тортиб олишда ўта ақлли ўйнайди. Бу позициядан нолиганини эшитмадим. Бироқ ҳимоя марказида янада кучлироқ ўйнашига шубҳа йўқ.

Эрик Рабесандратана («ПСЖ»нинг собиқ сардори): - Унинг ярим ҳимоя чизиғидаги ишини Гуйедан бошқа ҳеч ким уддалай олмайди. Шу пайтгача «ПСЖ» марказида Маркиньосдан кучлироқ бузғунчи бўлган эмас.

Томас Тухель («ПСЖ» бош мураббийи): - У ҳар икки позицияда жуда кучли ўйинчи. Марказда Вератти билан жуфтликда ёки якка ўзи (ярим ҳимоя учбурчагининг қуйи қисмида) аъло даражада ўйнайди. Маркиньос - дунёнинг энг сара ҳимоячиларидан бири. Айни паллада марказий чизиқ қиролларидан.

Маркиньоснинг савиясига оид қисқа эътирофлар:

 

Эмерсон Авила (Бразилия ёшлар термасидаги устози): - У туғма иқтидор соҳиби, ўйинни тажрибали ҳимоячидан яхшироқ тушунади, тўпга доимо рақибидан аввалроқ етиб келади. Қайсидир маънода уни илиб олиш устаси дейиш мумкин.

Алекс (Бразилия терма жамоа­си собиқ ҳимоячиси): - Ўзининг бўй борасидаги камчилигини зийраклиги эвазига тўлдиради. Рақиб ҳужумчисининг режасини олдиндан фаҳмлайди ва тўпни олиб қўяди. Маркиньос ақл билан ўйнайди. Менга у майдонда гигантдек туюлади, уни 2 метрли марказий ҳимоячи, деб биламан. Уни алдаб ўтишнинг иложи йўқ. Баъзи ўйинчилар майдонга тушганда баҳайбат гигантларга айланадилар. Баъзилар эса аксинча, кўринмай қоладилар. Маркиньос биринчи тоифа вакили.

Ўткирбек УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz