Қайднома

Қидирув

«Юве» Маккеннини нега олди?

«Юве» Маккеннини нега олди?

  09.09.2020 02:26
  0
  147
«Юве» Маккеннини нега олди?

«Ювентус» клуби «Шальке»да кўзга ташланган Уэстон Маккеннини ўз сафига қўшиб олди. Ижара келишувининг баҳоси - 3 миллион евро. Туринликлар кейинчалик футболчини 18 миллионга сотиб олиш ҳуқуқига эгалар. Агар Маккенни янги мавсумда жамоанинг камида 60 фоиз ўйинида иштирок этса, «кекса синьора»да трансфердан воз кечиш имконияти қолмайди. Яъни бундай тақдирда туринликлар Уэстонни сотиб олишлари шарт. Хўш, Маккенни қандай футболчи ва майдонда «Ювентус»га нима бериши мумкин?

«Шальке»нинг бирор ўйинини қолдирмайдиган ашаддий мухлиси, россиялик эксперт Юрий Седихнинг айтишича, Маккенни иқтидор нуқтаи назаридан топ-клуб талабларига бемалол жавоб беради: «Энг асосий жиҳат - Маккенни «Шальке»да универсаллиги ва абжирлиги билан эсда қолди. У охирги йилларда асосан майдон марказида ҳаракатланди. Шунингдек, ҳимоянинг ўнг қаноти ва ярим ҳимоянинг барча нуқталарида ўйнаб чиқди - таянч ҳудуди, ҳужум­орти позицияси... Тўғри, Уэстон марказда кўпроқ наф келтиради, лекин жисмоний кўрсаткичлари билан бош­қа позицияларни ҳам ёпишга қодир. Биринчидан, бақувват ва абжир, иккинчидан, сакровчан ва етарли даражада тезкор. Ҳа, Маккенни фаолиятида омадсиз даврлар ҳам кузатилди, ҳаттоки, баъзи ўйинларда майдондаги энг суст футболчи бўлди. Яъни энг катта минуси - баъзан ўйиндан тўлиқ тушиб қолади. Муҳими, Маккенни яхши ҳолатда майдонга тушса, шубҳасиз, «Шальке» етакчиларидан бири сифатида кўзга ташланарди. У кўплаб учрашувларда катта ҳудудни ёпиши ва прессинг бобида кучли эканлиги билан алоҳида ажралиб турди. Ўйинни тушуниш қобилиятига келсак, бу борада имконияти бироз чекланган. Оддий айтганда, йигитча ҳужумда вазият яратадиган ва барчасини қўлга оладиган ижрочи эмас - бунинг учун ҳали етарли даражада ақлли ва ижодкор саналмайди. Маккенни яна гоҳида майдонда мутлақо нотўғри қарор чиқариши мумкин. Бу ҳужумни ривожлантириш учун юзага келган қизиқарлироқ вариантларни вақтида пайқамаслиги билан изоҳланади. Лекин шунинг баробарида ҳужумкорлик бобида қўл келиши эҳтимоли катта фазилатлари ҳам йўқ эмас: яхшигина зарба, ҳавода муносиб курашиш, потенциал ижрочилик маҳорати ва дриблингда тўп билан тез ҳаракатланиш. Хўш, Маккенни «Юве» ўйинига мос тушадими? Ҳозирда қандайдир тахмин қилиш қийин, боз устига, жамоа мураббийлар штаби ўзгарди. Лекин унинг майдон марказида «8-рақам» позициясини эгаллашини кутиш мумкин. Ҳар ҳолда, рақибларга бемалол босим ўтказа олади, «қора ишчи» бўлишга қодир. Уинстонни қайсидир маънода Блез Матюидига ўхшатиш мумкин. Тўғри, «Юве»нинг жадал ўйин суръатини ҳисобга олсак, унинг таркибга ўрнашиб олиши қийин, барибир. Хулоса шуки, Маккенни агар ишга тўғри ёндашса, яъни «Шальке»да кузатилган баъзи муаммоларини такрорламаса, Туринда ўз жойини топади, акс ҳолда...».

Sky Sport журналисти ва Бундеслига бўйича эксперт Пьетро Николоди эса Маккеннини чилилик Артуро Видаль билан таққосламоқда: «Уэстон бутун ўйин давомида тўхтамай югуришга қодир. Бўйи унча баланд эмас, лекин жисмоний томондан жуда бақувват ва яхшигина узатмаларни амалга ошира олади. Маккенни яна ўйинга кучли динамика қўшади, тўпни ўз жамоасига қайтаришга уста. Ҳаттоки, тўп назоратини ўз қўлига олиши ҳам мумкин. Ҳа, бу кимнидир ақлдан оздирадиган жарангдор трансфер эмас. Лекин алоҳида қайд этиш керак, «Ювентус» жуда зарур пайт айни керакли харидга қўл урди - клубга майдонда «қора ишлар» билан шуғулланувчи футболчи етишмаётган эди. Маккенни айрим сифатлари билан Видалга ўхшайди. Айниқса, динамика ва иш кўлами кенглиги бўйича. Тўғри, Видаль ҳужум ҳаракатларига кўп қўшилиши билан фарқ­ланади».

Маккеннининг ўзи майдонда тинмай югурадиган ва асосан «қора ишлар»ни бажарадиган ўйинчи ролига хайрихоҳ: «Ўзимни энг яхши футболчи ўрнида кўрмайман, лекин жамоа ҳужумга ўтишимни хоҳласа, шундай қиламан, бордию, рақибни тўпсиз қолдириш ёки яккакурашларда устун чиқиш талаб этилса, майдон бўйлаб тинмай югуриш сўралса - буларга ҳам мутлақо тайёрман».

 

Уэстон Маккенни ҳаҚида айрим фактлар

 

v Уэстон Маккенни 18 ёшга тўлгунига қадар АҚШда яшаган ва узоқ вақт америкача футбол билан профессионал тарзда шуғулланиш баробарида одатийсига ҳам вақт ажратган. Баъзи кунлар ҳаттоки, икки йўналишдаги футбол ўйинларида ҳам қатнашган экан.

v Уэстон «Шальке»нинг асосий таркибида 3 мавсум ўйнади. Умумий статистикаси: 91та ўйин, 5та гол, 7та самарали узатма. Асосий факт - у 91та учрашувни нақ 7та позицияда ўтказди!

v «Шальке» сафига 18 ёшга тўлган куни қўшилган футболчи 22-туғилган санаси - 28 августда Туринга ташриф буюрди, «Ювентус» билан шартнома тузиш учун.

v Маккенни 2019 йил якунида АҚШнинг энг яхши футболчисини аниқлаш учун ўтказилган сўровда 3-ўринни банд этди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz