Левандовски - йил кишиси, Гнабри - янги Роббен, Альфонсо Дэвис - мавсум кашфиёти, Коман - финал қаҳрамони. Ҳа, бу оқшом ва кейинги 2 кун кимдан ҳайратланишимиз аниқ эди. У - ҳатто ақлбовар қилмайдиган қаҳрамонликларни амалга оширганида ҳам доимо сояда қолиб кетадиган камтарин Томас Мюллер. Умид қиламизки, унга нисбатан чексиз ҳурмат-эҳтиромимизни маъқуллайсиз.
Мюллер - паришонхотирлик тимсоли. Ёшлик шўхликлари жуда яқин бўлсада, унга таъсир ўтказа олмайди. Томаснинг «Инстаграм»ида сизни юзидан табассум аримайдиган, соддагина спорт либосидаги йигит қарши олади. Унинг суюкли гўшаси - «Бавария», терма жамоа ва оила. Бу - шунчаки сохта образ ёки имиджини кўтариш мақсадида ўйлаб топилган итоаткор хизматчи роли эмас. Томаснинг ўзи шунақа йигит. Жуда яхши эслайман, ЖЧ-2014 финалидан кейин колумбиялик журналист аёл унга «Олтин бутса» хусусида савол берган, Томас эса қўполлик билан жавоб қайтарганди: «Бачкана унвонлар мени қизиқтирмайди. Биз - жаҳон чемпионларимиз. Кубок бизники. «Олтин бутса»нинг нима кераги бор? Истасангиз, уни ўзингизга ола қолинг».
Дағал жавоб, аммо ўта ҳаққоний. Албатта, Мюллер қўполлиги учун узр сўради, ҳар ҳолда, ўз нуқтаи назарини мулойимроқ етказишни билади. Худди 2014|2015 йиллар мавсумида ундан тўпурарлар пойгаси хусусидаги фикрини сўраганларидаги каби: «Бундай масалалар бошимни қотиришга арзимайди. Асосийси, чемпионликнинг Мюнхенга келиши. Энг яхши тўпурар унвони муҳим эмас. Шахсан мен учун шундай».
Энди қаҳрамонимизнинг яшил майдон ташқарисидаги ҳаётига ўтамиз. Мюллернинг хоббиси ўзига хос - у отларни яхши кўради. Ярим профессионал чавандоз бўлмиш Лиза билан 17 йиллик тотув ҳаёт мазкур қизиқиш сабабчисидир. Бахтиёр жуфтлик ўзининг бўш вақтларини хусусий йилқичилик фермасида ўтказади. «Томаснинг отлар ҳақидаги билими менинг футболга оид тушунчамдан анча юқори», - дейди ҳужумчининг турмуш ўртоғи.
Ферма юмушлари Томасга асабий толиқишдан фориғ бўлиш ва самарали тўп суришида ёрдам беради: «Муҳим беллашувлар арафасида ёлғиз қолишга, журналистлар нишонидан четда бўлишга интиламан. Рақиб жамоа ҳақида эмас, ёш айғирга муносиб бия топиш хусусида бош қотираман. Бу соҳада арзимас жиҳат кўп нарсани ўзгартириб юбориши мумкин. Мазкур юмушлар руҳий ҳолатимни яхшилаб, кайфиятимни кўтаради».
Тулпорлар ҳақида Томас ёниб гапиради. Бир гал у отларга оид видеолавҳаларни соатлаб томоша қилишини эътироф этганди: «Кўпчилик футболчиларда PlayStation бор. Мен эса мана бу тулпорларни кузатаман. Ҳа, буни болалар ҳам бемалол кўришлари мумкин. Ҳаммасини. Бунинг учун кимдандир дакки эшитаман, деб ўйламайман. Ҳозир мана бу айғирга муносиб келин топиш илинжидаман».
2018 йилнинг мартида «Бавария» «Фрайбург»ни 4:0 ҳисобида тор-мор этди. Охирги гол муаллифи Мюллер муваффақиятини қувончли воқеага бағишлади: «Бугун мен ўзгача кайфиятда ўйнадим. Кеча фермамизда дастлабки тойчоқ дунёга келди! Энди қайсидир маънода ўзимни бобо дейишга ҳақлиман».
Апрель ойидан бошлаб Мюллер бобо оиласи ажойиб қуёнчалар ҳисобига янада кенгайди.
Томас - кўнглида кири йўқ танти йигит. Буни самимий ҳазиллари ҳам тасдиқлайди. Лекин у билан ўта ҳаяжонли, дилни титратиб юборадиган воқеалар ҳам рўй бериб туради. ЖАР мундиалида Германия Англиядан 4:1 ҳисобидан устун келгач, «дубл»ни расмийлаштирган Мюллерни флеш-интервьюга таклиф этишганди. 20 ёшли ҳужумчи мафтункор табассум билан бошловчининг саволларига жавоб қайтарган, кўрсатув ниҳоясига етаётганини сезганидан кейин бироз шошиб қолганди: «Яқинларимга салом йўлласам бўладими?». Бошловчи тасдиқ ишорасини бергач, Томас керакли камерага юзланган ва шундай деганди: «Икки бувижоним ва бобомга салом етказишни истайман. Буни анчадан бери орзу қилардим».
Ҳозир Мюллер брифинг ва матбуот анжуманлари қироли, севимли «фишка»си - касбдошларимизнинг айрим ноўрин саволларини самимий ҳажв этиш. Келинг, уларнинг баъзилари билан танишайлик:
1.«Афсуски, менга фақат футбол ўйнашни ўргатишган. Шу боис, интервьюлар қандай чиққан бўлса, шундай қабул қилишингизни сўрайман».
2. ЕЧЛнинг 2013 йил финали арафасидаги ҳаяжон хусусида:«Фақат ўзим учун жавоб бераман. Елкасида мен 23 ёшда тўплаганимчалик тажрибаси бўлмаган жамоадошларим ўзларини қандай ҳис этишаётгани ҳақида ҳеч нарса билмайман».
3. Евро-2016даги Италияга қарши ўйиндан кейин:
- Германия чиндан ҳам совринни қўлга киритиш иштиёқидами?
- Йўқ, асло унақа эмас. Биз доимо мусобақани ярим финалда тарк этишни мақсад қиламиз. Пайшанба оқшомида майдонга суст кайфият билан тушишимиз ўз-ўзидан тушунарли.
4. Бразилиядаги ЖЧ арафасида. Бу лавҳани ютубда 1 млн. мартадан кўпроқ томоша қилишди:
- Аргентина ихтиёрида яширин қурол мавжуд - Рим папаси Франциск ва майдондаги футбол даҳоси Месси. Сизнинг жамоангиз қандай воситаларга эга?
- Менга ҳатто савол йўллаган кишига қарашнинг ҳам ҳожати йўқ. Бу RTL телеканали, тўғрими? Демак, ҳаммаси тушунарли (германияликлар ажабтовур сюжетлари учун бу телеканал журналистларини калака қилишни ёқтирадилар).
5. Бундеслига 2017|2018 йиллар мавсуми 2-даврасининг бошланиши арафасида:
- «Бавария»дан кучлироқ клублар ҳам борми?
- Билмайман, ахир мен фақат шу жамоада ўйнаганман. Ваҳоланки, «Пеле»да (Томаснинг 11 ёшгача ўйнаган илк жамоаси) бир мавсумда 100тадан кўпроқ гол ургандим. У пайтда 9 ёшда эдим.
6. 2014|2015 йиллар мавсуми - «Бавария»даги доимий жароҳатлар хусусида:
- Мен Вольфартсиз (Мюллер Вольфарт, Германия терма жамоаси ва «Бавария» бош шифокори) Мюллерман. Шу сабабли, бу масалада тушунчага эга эмасман.
ЕЧЛдаги зафар Мюллернинг молиявий қудратини янада оширган бўлсада, ўзи заррача ўзгармади. Худди Бундеслигадаги барча совринлари ва 24 ёшда қўлга киритган жаҳон чемпиони унвони ҳеч нарса қила олмаганидек. Айнан шу туфайли Томас бир умр «Бавария» билан бирга.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20