Қайднома

Қидирув

Хавотирланишга асослар етарли

Хавотирланишга асослар етарли

  10.09.2020 01:19
  0
  323
Хавотирланишга асослар етарли

Замонавий футбол мутахассислар тилида: «Кучли миллий чемпионат - кучли терма жамоа пойдевори!» Бундай хулоса тез-тез янграйди. Мазкур қарашни буткул инкор этиш ниятимиз йўқ, албатта. Чунки мамлакат биринчилиги кучайса, ўша муҳитда футбол тараққиёти тезлашиши бор гап. Лекин футбол дунёсида «Кучли чемпионат - кучли терма жамоа» қабилидаги хулоса табиатига мос тушмайдиган истиснолар ҳам кўпайиб бормоқда. Ана, люксембурглик ҳаваскор футболчилар Европа Миллатлар лигаси 1-турида сафарда Озарбайжон термасини мағлубиятга учратишди. Тўғри, мезбонлар ўйиннинг кўп вақтини 10 киши бўлиб ўтказишди. Аммо бу вазиятни ўзгартирмайди. Ҳисоб икки муҳитдаги футболга ёндашув нуқтаи назаридан ўйинга асло мос тушмайди. Ҳарқалай, бу мағлубият Озарбайжон  футболи учун шармандали ҳолатдир.

 

Инглизларнинг ҳеч нарсадан қайт­майдиган «сон»лар устидан зўрға ғалаба қозонишганига нима дейсиз?! Исландлар ҳам пенальтидан унумли фойдаланишганида, нима бўларди?! Ўйинга қарасангиз, инглизлар - яққол фаворит. Ҳаммаси жойида. Бироқ учрашув якунланиш босқичига кирган палладаги ҳисобдан беихтиёр ажабланасиз... Хуллас, исландча истисно футбол борасидаги умумий хулосаларни ўзгартириб, мантиқларни бузиб юбормоқда. Турли чемпионатларда тўп сурувчи исландиялик футболчилар вазият тақозо қилганида бир байроқ остида бирлашиб, ўзлари ўйлаганларидан ҳам яхшироқ натижаларга эришишмоқда. Миллий ифтихор туйғусига бўйсунган маҳорат ва савия жамоа кучини белгиламоқда. Мундиалда иштирок этмаган терма жамоаларнинг мухлислари ҳозир шу факт устида бош қотиришаётганига ишончимиз комил. Исландия футболи эмас, балки Исландия терма жамоасидаги кўтарилишни ҳар ким ўзича изоҳлайверади. Ўша изоҳларнинг аксарияти ўз ҳолича ўринли. Нима бўлганда ҳам, Бельгия ва Франция, Германия ва Испания терма жамоалари ўртасидаги бир-бирига муносиб рақобат ёнида Исландия - Англия тўқнашуви ҳам анчайин қизғин кечгани жуда ажойиб.

Хўш, шундай ажойиб манзара нима сабабдан бизнинг футболимизда кузатилмаяпти? Ўйлаб қарасак, фақат легионерларимиздан кучли терма жамоа тузиш имкони бор (ҳимояда: Олег Зотеев - Достон Турсунов - Рустам Ашурматов - Ислом Тўхтахўжаев; ярим ҳимояда: Отабек Шукуров - Одил Аҳмедов - Икром Алибоев; ҳужумда: Элдор Шомуродов - Жасур Яхшибоев - Остон Ўрунов; захирада: Фозил Мусаев, Жасур Жалолиддинов, Жамшид Искандеров). Суперлигада тўп сурувчи етакчи футболчилардан кучли рақобат асосида яна бир таркиб шакллантириш мумкин. Бу ўринда Мурод Холмуҳаммедов, Фаррух Сайфиев, Егор Кримец, Анзур Исмоилов, Одил Ҳамробеков, Жалолиддин Машарипов, Азиз Турғунбоев, Достон Ҳамдамов, Қувондиқ Рўзиев, Ойбек Рустамов, Игорь Сергеевни айтиш кифоя. Равшан Ҳайдаров ва Темур Кападзе шогирдларидан тузилиши мумкин терма жамоа яна бир олам.

Кўриниб турибдики, ўзбек футболи ҳамон истеъдодларга бой. Айтиш мумкинки, терма жамоамизни ЖЧ-2022га олиб чиқадиган футболчилар керагидан ортиқ. Аввал Миржалол Қосимов, кейин эса Сервер Жепаров атрофида бирлашган икки олтин авлодда ҳам шундай имконият мавжуд эди. Оддий айтганда, Қосимов ва Жепаров сафдошлари ҳар жиҳатдан мундиалда тўп суришга ҳақли саналишарди. Афсуски, бу орзу - режа улар учун армонга айланди. Навбат Одил Аҳмедовга келди. Бўлажак мундиал - унинг учун футболдаги сўнгги ҳайқириқ имкони. Бу ҳайқириқ Қатар майдонларини яна бир бора ларзага соладими? Вадим Абрамов шу саволга қандай жавоб қайтаради? Жамоани ер билан яксон қиладиган ҳам, осмону фалакка кўтарадиган ҳам мураббий эканлигини бир мавсумдаги икки хил «Бавария» футбол дунёсига исботлаб қўйди яна бир марта. Вадим Абрамов зиммасида ҳам мавжуд потенциалдан унумли фойдаланиш миссияси кўндаланг турибди. У бу вазифани бажариш учун амалга ошираётган ишлар келажакда ўзини оқлайдими? Умуман олганда, Тожикистон термаси билан қайси мақсадни кўзлаб ўртоқлик ­ўйини ташкил этилди? Шу таркиб яқин келажакдаги расмий учрашувларда фойда берадими? Мураббий қайси тактикани синаб кўрди? Расмий учрашувларда майдонга тушадиган асосий таркибга шанба кунги «ўртоқлик»нинг қай даражада таъсири бор? «Бунёдкор» билан боғлиқ ишлар Вадим Абрамовни чалғитиб қўймаяптими? Икки қайиқда сузиш қийинлиги «қалдирғочлар» ва бош жамоамиз ўйин мисолида кўзга ташланиб қолмаяптими? Қолаверса, у аслида терма жамоага тортмайдиган ёки даври ўтган футболчиларни таклиф қилиб, улкан миссиясига юзакироқ қарамаяптими?

Эҳ, саволлар кўп, хавотирланишга асослар етарли. Ишқилиб, барчаси хайрли бўлсин...

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz