Бразилия футболининг яқин ўтмишдаги афсоналаридан бири Жуниньо Пернамбукано ҳам фаолиятини давом эттираётган ёки аллақачон бутсаларини михга илиб улгурган касбдошлари каби бугуннинг долзарб мавзуларидан ўзини четга олиши, сукут сақлаб қўя қолиши мумкин эди. Бироқ «Лион» клуби ҳамда Бразилия миллий жамоаси собиқ ярим ҳимоячиси бундай муросасозликни ҳаётий ақидаларига нисбатан хоинлик ўрнида кўради. Жуниньо The Guardian журналисти билан қарийб 1,5 соатга чўзилган суҳбатнинг 30-дақиқаларида ўзини тутолмай, йиғлаб юборгани бежиз эмас. У жонажон ватанидаги вазият бошқариб бўлмайдиган ҳолатга келганидан хуноб...
Мамлакат президенти Жаир Болсонаронинг коронавирусни бартараф этишга қаратилган уринишлари анчагача самара бермади. Бразилия COVID-19 туфайли ҳаётдан бевақт кўз юмганлар сони бўйича етакчи ўринларда, ҳалигача ҳар куни янги хасталар аниқланмоқда. Уларнинг умумий сони деярли 4 млн. кишига етди. Бразилия бу кўрсаткич бўйича жаҳонда 2-ўринда бормоқда. Боз устига, Болсонаро раҳбарлиги даврида мамлакатда ирқлар ўртасидаги кескинлик ва тенгсизлик кучайиб бормоқда. Мамлакатда маориф тизими ва инсон қадр-қиммати мавзуларида фикр билдириш чоғи Пернамбуканонинг овозида титроқ сезилди, жумлалари узилиб қолди: «Маориф тизими умуман талабга жавоб бермайди. Бадавлат кимсалар маорифга сармоя киритиш кераклигини айтишади. Лекин қандай йўсинда? Биз аввало, очарчиликка қарши курашишимиз лозим. Бу ҳақда собиқ президент Лула ҳам кўп гапирганди. Оч қолган кишида эртанги кунга ишонч йўқолади. Ўз фарзандларини 3 маҳал овқат билан таъминлолмаётган ота-оналар ҳолини тасаввур қилиб кўринг. Ҳа, маориф тизими янада муҳим. У ўз қадр-қимматимизни ҳис этишга ўргатади. Инсоний қадриятлар - ҳар бир киши учун зарур ҳуқуқ. Узр, бу мавзуда фикр юритганда тўлқинланиб, эҳтиросларимни жиловлай олмайман...».
Охирги пайтларда бразилиялик фуқароларга айнан қадр-қиммат ҳисси етишмаяпти, пандемия вазиятни янада кескинлаштириб юборди. «Жуда ғамгин ҳолатга тушиб қолдим, - Жуниньонинг овозига яна титроқ кирди. - Шунчаки, нима қилишни билмаяпман. Бизда ҳаммасини нотўғри йўлга қўйилган, бошқа давлатлардагидек эмас. Чин бразилияликман ва мамлакатимиз қашшоқ, халқимиз кўп меҳнат қилиши кераклигини яхши биламан. Ҳозир омон қолиш мавзусини муҳокама қиляпмиз. Агар мамлакатимизда вақтида карантин жорий этилганида, коронавирус ҳамласи бунчалик оғир оқибатларга олиб келмасди, аммо... Хуллас, ҳозирги ҳолатимиз ўта ачинарли».
«Ресифи» ҳамда «Васко да Гама» клубларининг собиқ ўйинчиси айни пайт эски жамоаси - «Лион»да спорт директори лавозимида фаолият юритмоқда ва Францияда истиқомат қилмоқда. У 2018 йили Бразилияда ортиқ қололмаслигини сезган ва ҳомиладор қизининг ёнида бўлиш мақсадида Лос-Анжелесга йўл олганди. Жуниньо яна 1 йилдан кейин Францияга қайтди. Ўзининг айтишича, Болсонаро ва унинг сиёсатига муносабат бобидаги зиддиятлар туфайли қариндошларининг 80,90 фоизи билан алоқани узибди: «2018 йилги президентлик сайловларининг 2-тури арафасида овоз берувчиларга видеолавҳаларни кўрсатиб, нима бўлаётганини тушунтирган ва эс-ҳушларини йиғиб олишга чорлаган эдим. Болсонаро - WhatsApp тармоғи фэйк-янгиликлари ўғли. Кўпчилик уни қўллаб-қувватлади. Мен эса бундайлардан узоқроқ юришга қарор қилдим. Ҳозир сайловчиларнинг кўпи Болсонарога овоз беришганидан пушаймон эканликларини биламан. Афсуски, улар Болсонарони ягона номзод сифатида кўришган... Бразилиядаги муассасалар эмпатия нималигини билмайди. Энг ёмони, мутасаддилар халқни ҳам унга эга бўлмасликка ўргатадилар. Мамлакатда молиявий тенгсизлик ҳукмрон ва йирик амалдорлар буни тушунишни ҳам хоҳламайдилар. Агар тафовут янада катталашса, зўравонлик бошланади. Ҳозирнинг ўзида унинг айрим белгилари кўзга ташланмоқда. Бразилияда ажойиб журналистлар бор, лекин муаммоларни очиқ-ойдин фош этадиган нашрлар мавжуд эмас. 2018 йили 42 млн. нафар сайловчи овоз бермади. Агар мамлакат матбуоти ўз вазифасини адо этганида, Болсонарони ҳеч қачон сайлашмасди. Журналист доимо ўз вазифасини бажариши лозим: ҳақиқатни, фақат ҳақиқатни ёзинг ва ёритинг».
Болсонаро даври ва ундан аввалги икки сайловолди кампаниялари даврида уйдирма янгиликларнинг «болалаб» кетгани - Жуниньо қалбини оғритаётган мавзулар. 2014 йилдан буён мамлакат сиёсий инқироз ҳолатида. Пернамбуканонинг фикрича, Ишчи партиясининг номзоди Дилма Руссеффнинг 2016 йилги импичменти ва Болсонаронинг 2018 йилги ғалабаси жиддий норозиликларга сабабдир. «Дилмани шундай қабиҳ услуб билан сафдан чиқаришгани - навқирон демократияни йўқ қилиш билан баробар. Болсонаронинг ғалабаси - Лула давридаги Серхио Морога ўхшаган мақтанчоқ судьяларнинг хизмати, шунингдек, Ишчи партиясига нисбатан нафрат ва уйдирма янгиликлар самарасидир», - дейди Жуниньо куюниб.
Ҳозир Бразилия Олий суди ижтимоий тармоқларни қамраб олган сохта янгиликлар устида суриштирув олиб бормоқда. Бундан бир неча ҳафта аввал полиция Болсонаро билан боғлиқ манзилларни текшириб кўрди. Жуниньо бу масалада ёрдам беришга уринмоқда, аммо айтарли натижага эришганича йўқ. «Бразилияда сайловлар тақдирини Twitter, Facebook, WhatsApp каби ижтимоий тармоқлар ҳал қилди. Шахсан мен сохта янгиликлар устидан шикоят қилавериб чарчадим, ҳозир ҳам жўнатяпман. Муаммоларимизга айнан шу маккорлик сабабдир. Бироқ бунга қарши бирор чора кўрилмади. Қаранг, YouTube реакцион каналларга тўлиб кетди. Кимлардир сохта янгиликлар тарқатишгани учун катта гонорар олишади. Лекин бундай фаолиятга ҳанузгача чек қўйилмади. Ҳар куни шикоят жўнатсамда, жуда кам жавоб оламан».
Суҳбат шу йил 25 май куни Миннеаполисда ўлдирилган Жорж Флойд ва Black Lives Matter мавзуларига кўчгач, Жуниньо янада безовталанди. Бразилияда ўзларини қора танли ҳисоблайдиган фуқаролар 50 фоизни ташкил этишади. Мамлакатда Флойд қотиллигига ўхшаш хунрезликлар бир неча марта кузатилган. Дейлик, 14 июнда полициячилар томонидан ўлдирилган 14 ёшли Жоао Педро ёки ўтган йилнинг сентябрида ўқ узилиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган 8 ёшли Агата Феликс воқеасини айтиш мумкин. «Мана шу соф ирқчилик оқибати мамлакатимизда сиёсатчиларнинг нақадар шафқатсиз эканликларини кўрсатмоқда. Полиция ходими қандай қилиб, 8 ёшли қизалоққа қарата ўқ узади? Шу воқеадан кейин хотиржам яшашнинг иложи борми? Ақлга сиғмайди. Жорж Флойдга эътибор беринг. Унга нафас олиш имконини беришмади. Ахир у ҳам инсон-ку. Полиция ходими шундай ваҳшийлик қила олишини тасаввуримга сиғдиролмаяпман. Бу ҳам ирқчиликнинг бир кўриниши, жуда ачинарли...».
Жуниньо яқинда президентнинг ўғли Эдуардо Болсонаро томонидан билдирилган фикрларни заҳархандалик билан қарши олди. Конгрессмен Бразилияда Жорж Флойдлар йўқлигини таъкидлаганди. «Афсуски, Бразилияда минглаб Жорж Флойдлар ва яна шунча бошқа жабрдийдалар бор. Улар жабрланишди, лекин ҳеч кимга айтишмади. Шу сабабли уларни билмаймиз. Бразилияда Жорж Флойдлар йўқлигини баралла айтиш - инсонийликка зид. Отишмалар ҳар куни бўлиб туради. Бироқ ҳеч ким чурқ этолмайди. Қачондир ким аслида кимлиги ойдинлашади».
Жарима зарбалари билан донг таратган ва миллий жамоада 40 марта майдонга тушган Жуниньо Пернамбукано Европага кўчиб ўтганидан кейин кўп нарсаларни ўрганди. «Бразилияда бизга фақат пул топиш ҳақида ўйлашни ўргатишади. Европа менталитети тамоман ўзгача. Одатимга кўра, аввалига фаолиятим режасини туздим. Чунки Бразилиядаги гранд клубга йўл олишда нафақат спорт манфаатлари, балки бошқа жиҳатларни ҳам ўйладим. Ахир мени кўпроқ ҳақ тўлайдиган жойга боришга ўргатишган. Бу бразилияликларга хос. Неймарга қаранг. «ПСЖ»га пул учун ўтди. Парижда кўнгли истаган барча нарсаларни муҳайё этишди. Энди у шартнома муддати ниҳоясига етишидан аввал жамоадан кетиш тараддудида. Ваҳоланки, клуб олдидаги қарзини узиши, ундан миннатдор эканлигини амалда намойиш этиши лозим. Бунинг учун жамоага нимадир бериши талаб этилади. Неймар майдонда бор куч-маҳоратини сарфлаши, жамоага садоқатини кўрсатиши керак. Муаммо шундаки, ҳозир Бразилияда очкўзлик иллати кучайиб бормоқда. У ерда доимо катта маблағ ортидан қувадилар. Бизни шунга ўргатишган, шунга одатланганмиз. Афсус...».
Хўш, айбдор ким, Неймарми ёки Бразилия жамоатчилиги? «Бу шунчаки, ўрганиб қолган одатимиз. Футболчи Неймар билан оддий инсон Неймарни фарқлай олиш зарур. У футболчи сифатида дунёдаги энг яхши 3 нафар юлдуздан бири. Месси ва Роналду билан тенг савияда. Дейлик, тезлиги етарли, гол уриш ёки ассистентлик қилишни ас ҳужумчи сифатида уддалайди. Аммо инсон сифатида ҳали ўзига ўринли саволлар бериши ва улғайиши лозим. Ҳозир у фақат ҳаётдан олган сабоқлар асосида кун кечириш билан банд», - дейди Жуниньо.
Бразилиядаги ҳозирги вазият Пернамбуканони қаттиқ ранжитаётганига шубҳа йўқ. Шунингдек, унинг ўз ватанини севиши ва гуллаб-яшнашини истаётгани ҳам тушунарли. Узоқ давом этган қизғин суҳбат якунида Жуниньога келажакка умиди хусусида савол берилди. «О, албатта, порлоқ келажакка ишонаман ва шу умидда яшайман. Ресифида улғайдим, Рио, Лион, Қатар ва АҚШда истиқомат қилдим. Лекин Бразилияни ҳаммасидан ортиқ севаман, барибир. Биламан, ҳозир қийинчиликларни бошдан кечиряпмиз. Бироқ ота ва бобоман. Бу ёруғ дунё янада гўзал ва осойишта бўлишини истайман. Унда Болсонаролар каби ёмон кишилар ҳам бор, лекин яхши инсонлар анча кўп. Ажойиб шифокорлар, ўқитувчилар, санъаткорлар... Фақат вазиятни иложи борича тезроқ ўзгартириш керак. Бунинг учун етарли захирага эгамиз» - бу Жуниньо Пернамбуканонинг келажак умиди.
Уткирбек УМАРОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20