Қайднома

Қидирув

Абдужамол Исроилов: “Ўйинларни майдон четида кузатиш осон эмас”

Абдужамол Исроилов: “Ўйинларни майдон четида кузатиш осон эмас”

  10.09.2020 04:48
  0
  399
Абдужамол Исроилов: “Ўйинларни  майдон четида кузатиш осон эмас”

Кўпчилик мухлисларни ўтган мавсумда жароҳат олган ва айни пайтда ундан фориғ бўлиш ниятида астойдил ҳаракат қилаётган “Навбаҳор”нинг маҳоратли ярим ҳимоячиси Абдужамол Исроиловнинг қачон майдонга қайтиши қизиқтирмоқда. Биз бунга ойдинлик киритиш мақсадида, Исроилов билан қисқача суҳбат уюштирдик.

- Абдужамол, яшил майдонга қайтишингизга оз қолдими?  

- Ҳа, оз қолди. Айни пайтда жароҳатимдан тезроқ фориғ бўлиш ниятида жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Фарҳод ака Рустамов билан биргаликда якка ҳолда, машғулотлар олиб боряпмиз. Тез кунлар ичида майдонга қайтаман, деган умиддаман.

     Фурсатдан фойдаланиб, мени шундай қийин пайтда қўллаб-қувватлаб, жароҳатимдан тезроқ фориғ бўлиб, майдонга қайтишимни тилаган    ҳолда, маънавий ва моддий ёрдам бериб турган Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Ҳайитбаевич Бозоров, клуб раҳбарияти, шу жумладан, ака-ука Отабек ҳамда Ойбек Арифович Саматовларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.    

     Худо хоҳласа, яшил майдонга қайтсам, уларнинг ишончларини оқлайман, деган умиддаман.  

- Футболчи учун майдон четида ўйинларни кузатиш қийин бўлса керак?

- Қийин бўлганда қандоқ! Баҳсларни майдон четида кузатиш, жамоага керакли пайтда ёрдам беролмаслик айниқса, футболчи учун жуда қийин ҳолат. Буни бошидан ўтказган инсонгина ҳис қила олиши мумкин, холос.

     Айрим пайтларда ҳаттоки, майдонга тушиб, жамоамизга ёрдам бергим келиб кетади. Лекин на илож, жароҳатим бунга йўл      қўймайди. Худо хоҳласа, тезроқ майдонга қайтиш, “Навбаҳор”нинг ғалабаларига муносиб ҳиссамни қўшиш ниятидаман.

Лочинлар”нинг жорий мавсумда намойиш этаётган ўйинлари борасида нима дея оласиз?

- Жамоамиз Суперлиганинг 1-давра баҳсларида ўз майдонида ўтказилган барча учрашувларда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Шунингдек, 2-давранинг дастлабки, “Пахтакор”га қарши кечган баҳсида дурангга эришди. Тошкентда марказлашган ҳолда ўтказилган ўйинларда эса кўпчилик жамоадошларим COVID-19га чалинишгани боис, пойтахтдаги баҳсларда “Навбаҳор”нинг бироз омади келмади ва очко йўқотишга мажбур бўлди.

     Кези келганида, мазкур хасталикдан даволанаётган жамоамиз устози Андрей Антанасович Канчельскис, шунингдек, барча юртимиз   футболчиларининг COVID – 19 касаллигидан тезроқ соғайишлари, коронавирус балоси тезроқ юртимиздан даф бўлишини тилаб қоламан.

     Ўзбекистон кубоги ўйинлари бошлангунига қадар, майдонга қайтиб, мазкур мусобақа баҳсларида жамоамизга ёрдам бериб, “Навбаҳор”нинг узоқ йиллик танаффусдан сўнг, биллур совринни қўлга киритишига ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшаман, деган умиддаман.

- Режаларингиз?

- Режам – тезроқ яшил майдонга қайтиб, “Навбаҳор”нинг зафарларига муносиб ҳиссамни қўшиш.

- Ўз олдингизга қандай мақсад қўйгансиз?

- Мақсадим – бу йилги мавсумда жамоадошларим билан биргаликда Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш.

- Мухлисларга тилакларингиз...

- “Навбаҳор” ишқибозларига сабр тилайман. Карантин чекловлари тезроқ якунланиб, мухлисларнинг яна стадионларга қайтиб, ўриндиқларни тўлдириб, “Навбаҳор”ни муносиб тарзда қўллаб-қувватлашларига тилакдошман.

     Биз – футболчилар эса ишқибозларнинг ишончларини оқлаш учун    майдонда барча имкониятларимизни ишга солишга интиламиз.

   

Маълумот учун

Абдужамол Исроилов – 1996 йил, 24 декабрда Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида туғилган.

Футбол билан 7 ёшидан шуғулланишни бошлаган.

Биринчи мураббийлари: Йўлдошали Ортиқов ва Михаил Иванов.

Фарғона вилоят футбол мактаб-интернатини тамомлаган.

Футболчилик фаолияти давомида “Динамо” (Самарқанд, 2016 йил), “Нефтчи” (Фарғона, 2017 – 2018 йиллар) жамоаларида ўйнаган.

2019 йилдан “Навбаҳор”да.

Мухлислик қиладиган жамоаси: “Манчестер Юнайтед” (Англия).

Ҳавас қиладиган футболчилари: Карлос Энрике Каземиро (Бразилия терма жамоаси ва “Реал” клуби ярим ҳимоячиси) ҳамда Одил Аҳмедов (Ўзбекистон терма жамоаси ва “Шанхай СИПГ” (Хитой) ярим ҳимоячиси).

Оилали, бир фарзанднинг отаси


Манба: “Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz