Қайднома

Қидирув

Кавалькантедан Гочқулиевгача ёхуд Ўзбекистонда тўп сурган легионерлар ҳақида

Кавалькантедан Гочқулиевгача ёхуд Ўзбекистонда тўп сурган легионерлар ҳақида

  11.09.2020 01:46
  0
  460
Кавалькантедан Гочқулиевгача  ёхуд Ўзбекистонда тўп сурган легионерлар ҳақида

Ўзбекистон чемпионати ташкил этилганидан буён турли жамоаларда кўплаб легионерлар тўп суришди. Хорижликлар рўйхати тўлиқ бўлиши учун Шимолий ва Марказий Америка вакиллари етишмаётганди, мана, сўнгги йилларда ўша узоқ ўлкалардан ҳам кела бошлашди. Масалан, канадалик Милован Капор «Бухоро»да ўйнади ва яқиндагина шароит тақозоси билан жамоадан кетди. «Қизилқум» ва «Локомотив»да тўп сурган никарагуалик Ариагнер Смит Медина ҳам чакки таассурот қолдиргани йўқ. Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блоги айнан маҳаллий биринчилигимизда тўп сурган 20 нафар кўзга кўринган легионер ҳақида яхлит мақола тайёрлади. Демак, юртимизда бинойидек ўйнаган хорижликларни эслаш асносида чемпионатимизнинг яқин ўтмишига бироз саёҳат уюштирамиз.

 

№ 20. Эвертон Дос Чагос

КАВАЛЬКАНТЕ (Бразилия)

Ўйнаган клублари: «Локомотив», «Динамо», «Хоразм»

Паст бўйли бразилиялик футболчи Ўзбекистон чемпионатига кутилмаган ҳолатда ташриф буюрди. Ҳар ҳолда, Кавальканте маҳаллий лигага келаётган паллада бу ҳақда фақат уни таклиф қилганлар билишарди. Эҳтимол, видеоёзувлар орқали ёки кимнингдир тавсиясига кўра. Ҳозир бу унча муҳим эмас. Қизиғи, Кавальканте Ўзбекистон футболи билан хайр­лашганидан кейин ҳам у ҳақда бошқа ҳеч нима эшитмадик. Эвертон қаерда? Нима билан банд? Кейинчалик қайси клубларда ўйнади? Хорижий сайтларда берилган статистикага қараб айтсак, Кавальканте Бразилия қуйи лигалари вакиллари, шунингдек, «Локомотив» (Тошкент), «Динамо» (Самарқанд) ва «Хоразм»да тўп сурган, холос. Факт шуки, у ўзбек футболига ногаҳон келиб, шу зайл йўқолиб қолган дастлабки бразилияликдир. Бразилиядан келгани важидан ҳам унинг ўйинини кузатиш қизиқиш уйғотгани эса - айни ҳақиқат.

 

№ 19. Эрен ДЕРДИЙОК

(Швейцария)

Ўйнаган клуби: «Пахтакор» (ҳозирги вақтда)

Шота Арвеладзе одатда ўз жамоа­сига аввал бирга ишлаган, синовдан ўтган футболчиларни чақиришни хуш кўради. Бугунги рўйхатимизга кирмаган Тьяго Безерра ҳам, Исроилдаги фаолияти орқали Арвеладзега таниш Гиди Канюк ҳам шулар жумласидан. Жорий йил бошида «Пахтакор»га Эммануэль Адебайор ва Жон Оби Микелнинг келишлари ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Клубнинг ҳозирги бюджетини инобатга олсак, бу имконсиз нарса эмасди, албатта. Охир-оқибат, клуб бошқа бир тажрибали, лекин сўнаётган юлдуз билан шартнома тузди. Дердийок ўз вақтида «Байер» ва «Хоффенхайм»да порлаган, Леверкузен жамоаси ўз позициясини йўқотаётган паллада эса аждодлари юрти - Туркияга йўл олганди. Унинг Ўзбекис­тонга ташрифи кўпчилик томонидан танқидий руҳда қабул қилинди. Ваҳоланки, тошкентликлар Швейцария термасининг собиқ аъзосини олиб келиш орқали амалда жанговар руҳ, яккама-якка курашларда фаол, индивидуал жиҳатдан етук футболчига эга бўлишди. Тўғри, даставвал унинг ўйи­ни чиқмади. Аммо ҳозир жамоани Эренсиз, уни эса «Пахтакор»сиз тасаввур қилиш бироз мушкул. Унутмаслик керак, «шерлар» айни пайт чемпионатда етакчилик қилишмоқда, швейцариялик ҳужумчининг сифатлари эса Осиё Чемпионлар Лигасида асқотиши керак.

№ 18. Дэвид КАРНИ (Австралия)

Ўйнаган клуби: «Бунёдкор»

Австралиялик бақувват ярим ҳимоячи «яшил қитъа»нинг ўзбек футболидаги биринчи вакили сифатида тарихга кирди. У биринчи навбатда, икки жиҳати билан ёдда қолди: майдонда ақлга таяниб ҳаракатланди, аммо пассив кўринди. Ўша вақт «Бунёд­кор» номдор легионерлардан кўра, шу даражадаги, бироқ нархи арзонроқ футболчилар билан шартнома имзолаётганди. Умуман олганда, Карни ва унинг ақлли ҳаракатлари клубга айтарли фойда келтирмади. Австралиялик ярим ҳимоячи ҳаттоки, кўпинча захирада қолиб, якунда асосий таркибдаги жойини мутлақо йўқотди ҳам. Мисол учун, Осиё Чемпионлар Лигаси «плей-офф» бос­қичи доирасида «Аделаида Юнай­тед»га қарши кечган баҳсда австраликни майдонга туширишмади. Шу тариқа маълум муддатдан кейин Дэвид Ўзбекистон чемпионати билан хайрлашди.

 

№ 17. Игорь ГОЛБАН (Россия)

Ўйнаган клублари: «Қўқон-1912», «Насаф», «Навбаҳор» (ҳозирги вақтда)

Игорь охирги вақтларда Ўзбекистон миллий жамоаси таркибига жалб этилмоқда. Эҳтимол, у сабаб мамлакат бош жамоасида маҳаллийлаштирилган футболчиларнинг иккинчи тўлқини вужудга келар... Сочи футбол мактаби тарбияланувчиси, ўз вақтида, ўйини ёки натижалари эмас, асосан «пиар» билан ёдда қолган «афсонавий» «Жемчужина» клубида тўп суришга улгурган Голбан кейинчалик, 20 ёшида «Локомотив» (Москва) сафига қўшилди, аммо бирор расмий ўйинда иштирок этмади. Маълум муддат ижара келишуви асосида Чехия чемпионати ва Россиянинг иккинчи даражали лигаларида ўйнаган ҳимоячи «Қўқон-1912»га келдию, ўзбек футболига яхши ўрнашиб олди. Игорнинг ўзи ўшанда Ўзбекистонда бунчалик узоқ қолиши ва ҳаттоки, мамлакат фуқаролигини олишини мутлақо хаёлига ҳам келтирмагани аниқ. Голбаннинг «Қўқон-1912» сафидаги ўйинлари «Навбаҳор» ва «Насаф» селекционерларига ёқиб қолди, натижада футболчи клубини ўзгартириб, янги даражага чиқди, яккакурашлар, фаол прессинг ва мудофаадаги фаоллик бўйича лиганинг энг яхши мутахассисларидан бирига айланди. 2018 йили «Навбаҳор»га қайтган Голбан қисқа вақтда Андрей Канчельскис қўл остида клуб етакчилари қаторига қўшилди. Шундан сўнг унинг Ўзбекистон фуқаролигини олиши ҳақида гап-сўзлар урчиди. Мавжуд қоидаларга кўра, Игорь энди Ўзбекистон миллий термаси таркибида ўйнаш ҳуқуқига эга. Зеро, жорий йил баҳорида ниҳоят, «яшил паспорт» олди, натижада мамлакат миллий жамоаси ўқув-машғулотлар йиғинига расмий таклиф ҳам ўзини узоқ куттирмади...

 

№ 16. Эдсон РАМОС (Бразилия)

Ўйнаган клуби: «Бунёдкор»

Ўзбекистонлик ҳакамлар ушбу футболчининг қўпол ўйин услубидан кўп бора кўз юмишганди. Эдсон Рамос ўз навбатида, Осиё Чемпионлар Лигасида ҳам қоидабузарлик, сариқ карточкалар кўрсаткичи бўйича етакчилардан бирига айланганди. Шунга қарамай, бразилиялик футболчининг клубга берган фойдасини паст баҳолаш адолатдан эмас. Рамос майдонга тушган пайт «Бунёдкор» унинг қанотидан асло хавотир олмасди. Қолаверса, Эдсон асосан «қора ишлар» билан шуғулланиш баробарида кам хато қиларди.

 

№ 15. Александр ФИЛИМОНОВ (Россия)

Ўйнаган клуби: «Локомотив»

Россиялик машҳур дарвозабон Тошкентнинг «Локомотив» клуби таркибига қўшилган пайт «темирйўлчилар» чемпионлик ёки ОЧЛда қатнашишни орзу ҳам қилишмасди. Умуман олганда, Филимонов амалда жамоа ўйинига сезиларли таъсир ҳам кўрсатмади. У ўйнаган пайт клуб биринчи лигага тушиб кетганди. Аммо Филимонов таниқли шахс эди, уни телекўрсатувларга таклиф қилишган, ўйиндан кейин журналистлар дарвозабондан интервью олишган, хуллас, россиялик футболчи ўз номи билан чемпионатга жозиба бағишлаганди. «Локо» мухлислари учун эса, умуман, афсонага айланган. Аммо унинг Украина термасига қарши кечган баҳсдаги ўша оламшумул хатосидан ўзбекистонликлар ҳам хабардор эдилар. Александр Тошкентдан уй қидириб юрганида, риэлтор унга савол берган: «Ўша ўйинда гол қўйиб юборгач, аввало, нималарни ҳис қилгансиз?» Агар Филимонов Ўзбекистонда узоқроқ қолганида, нима бўларди? Номаълум. Шуниси аниққи, у «Локомотив» билан хайрлашганидан кейин пляж футболи бўйича жаҳон чемпионига айланди.

 

№ 14. Дарко МАРКОВИЧ

(Черногория)

Ўйнаган клуби: «Пахтакор»

Маркович «Пахтакор»га 2008 йили келган ва ўша пайт клуб тарихидаги энг қимматбаҳо футболчига айланган эди. Черногориялик трансфери учун қарийб 700 минг евро сарфланганди. Энг асосийси, Марко бу харажатни оқлади. Ҳар ҳолда, Осиё Чемпионлар Лигасидаги муваффақиятли ўйинларидан сўнг Дарконинг нархи 3 баробар ошди. У дейлик, ОЧЛда узатмалар сони бўйича энг яхши бўлиши мумкин эди, бироқ «Пахтакор» тўплар нисбатидаги фарққа кўра, гуруҳдан чиқолмади. Маркович Тошкент клубидаги 3,5 йиллик фаолиятидан сўнг кутилмаганда, ватанига қайтди. Венгриянинг «Уйпешт» жамоасини инобатга олмаганда, кейинчалик асосан ўз юрти клубларида тўп сурди.

 

№ 13. Жоао ВИКТОР (Бразилия)

Ўйнаган клуби: «Бунёдкор»

Жамоага Эдсон Рамос билан деярли бир вақтда келган Жоао шеригидан фарқли ўлароқ, оғир-босиқлиги ва совуққонлиги билан ажралиб турганди. Бразилиялик таянч ярим ҳимоячиси шунинг баробарида «Бунёдкор»нинг асосий футболчиларидан бирига айланди. «Қалдирғочлар»га молиявий муаммолар раҳна сола бошлагач эса, Рамос билан бирга «Мальорка»га ўтиб кетди. Викторнинг Испаниядаги фаолияти дуруст кечди - у Валерий Карпин бошқарган жамоада узоқ вақт тўп сурди. Кейинчалик Испаниядан Кипрга йўл олган Виктор ҳозир ҳам ўша ерда ўйнамоқда.

 

12. Драган ЧЕРАН (Сербия)

Ўйнаган клублари: «Насаф», «Пахтакор»

Айни пайт Суперлиганинг энг ёрқин ҳужумчиси. Черан тўп билан ажойиб тарзда муомала қилади, майдонда ақл билан жой танлайди, кўп ҳолларда керакли позицияда пайдо бўлади, ўз навбатида, ортга қайтиб, рақибдан тўпни олиб қўйишда фаол ҳаракатланади. Сербияликнинг «Насаф»даги фаолияти ҳам ёмон кечмаганди - 48та ўйинда 34та гол. Кўп ўтмай, уни қўлга киритиш учун «Локомотив» ва «Пахтакор» кураш бошлади ва футболчи якунда «шерлар» таркибига қўшилди. Тошкентга кўчиб ўтганидан сўнг Чераннинг самарадорлиги янада ошди, у нафақат голлари, балки майдонда катта ҳажмда иш бажариши билан ҳам қадрлидир. Драганнинг ҳам Ўзбекистон термасига жалб этиш ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Агар бу иш амалга ошса, миллий жамоа Элдор Шомуродовга идеал шерик ва албатта, ажойиб тўпурарга эга бўларди.

 

11. Дэвид ОНИЯ (Нигерия)

Ўйнаган клублари: «Динамо», «Бунёдкор», «Сўғдиёна», «Бухоро», «Нефтчи»

Нигериялик ҳимоячи фаолиятининг 5 йилини Самарқанд футболига бағишлади ва «Динамо»да сардорлик даражасигача кўтарилди, рус тилини ўрганди, уйланди ва маҳаллий мухлисларнинг севимли футболчисига айланди. Ҳа, Ония кўпинча сариқ карточкага муносиб кўриларди, аммо ўз жамоаси дарвозабонининг қийналишига йўл қўймасди. «Бухоро»да тўп сурган кезлари «Динамо»нинг ўйинларидан бирини томоша қилгани келиб, чекка секторга жойлашганди. Самарқандликлар уни кўриб «Дэвид, майдонга туш. Булар сенсиз сира эплолмаяптилар», деб ҳайқиришганди. Бундай эътибор кам кузатилади. Ония «Динамо»дан кетгач, «Бухоро»да ўйнади, кейин эса муаммолар вужудга келди. «Бунёдкор»да эса раҳбарият билан чиқишолмагани ортидан бирор марта майдонга тушмади, «Сўғдиёна» ва «Нефтчи»да юрак тизимига боғлиқ хасталик туфайли сал қолса, чекловга тушиб қолаёзди. Тиббий тестларнинг иккитасидан яхши ўтолмади. Шу тариқа Малайзияга кетиб, ўртоқлик учрашуви пайти юраги тўхтаб қолиши оқибатида ёруғ оламдан кўз юмди.

---------------------------------------------

P.S.: мақоланинг давоми билан газетамизнинг кейинги сонларида танишишингиз мумкин. Унда миллий чемпионатимиз тарихида залворли ўринга эга яна 10 нафар легионер ҳақида сўз боради.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz