Қайднома

Қидирув

Ҳозиржавоб ҳужумчи

Ҳозиржавоб ҳужумчи

  11.09.2020 03:35
  0
  196
Ҳозиржавоб ҳужумчи

«Эвертон»нинг ёш ҳужумчиси Доминик Калверт-Льюин якунланган мавсум АПЛда маълум муддат даҳшатли самарадорлик қайд этди. Шунда ўз таркибини «Гудисон Парк» вакиллари билан кучайтиришга одатланган «МЮ» дарҳол истиқболи йигитга эътибор қарата бошлади ва бундан хавотирга тушган Ливерпуль клуби мухлислар ўз суюклиларини саволга тутишди: «Сен ҳам кетасанми, Доминик?» Ҳозиржавоб Калверт-Льюин эса вақтида жуда оммалашган Eiffel 65 қўшиғидан олинган мисра билан жавоб қайтарди: I m blue da ba dee da ba daa («Мен мовийман, даби ди, даба да»). Футболчи шу аснода «кўклар»га содоқати, қизил ёки қандайдир бошқа ранг уни асло қизиқтирмаслигини ихчам, лўнда тарзда билдирди.

 

Аввалига Данкан Фергюсон, ке­йинчалик тўлақонли бош мураббийга айланган Карло Анчелотти сезиларли силжишни таъминлаган бўлсаларда, «Эвертон»нинг ҳозирги ўйин савияси талаб даражасидан анча йироқ. Ҳар ҳолда, Англиянинг 9 карра чемпиони ўз нуфузи ва бой анъанасига ярашмайдиган 12-поғона билан чекланди. Сабаби оддий - барча футболчилар ишончни бирдек оқлашгани йўқ. Лекин мухлис ва мутахассисларни қувонтираётган жиҳатлар ҳам бор. Жумладан, Доминик Калверт-Льюин ҳавас қилишга арзийдиган сермаҳсуллик қайд этди. 23 ёшли ҳужумчи 4 йилдан буён профессионал футболда. Яқин ўтмишда келажаги умиди саналган ўсмир энди чинакам жангчи, жамоа етакчиси мақомига кўтарилди. Доминик якунланган мавсум барча мусобақалар ҳисобидан 15та гол урди. У Рональд Куман даврида мунтазам майдонга тушди, Сэм Эллардайс раҳбарлигида ҳам асосий таркибдан жой олди. Шунингдек, Марку Сильва бошқарувида ҳам. Жамоа тизгини Карло Анчелотти тасарруфига ўтгач эса, Доминикнинг салоҳияти тўла-тўкис кўрина бошлади. Рақамларда айтсак, италиялик маэстро келгунича атиги 3та аниқ зарба билан чекланиб турган футболчи қисқа вақт­да маҳсулдорликни нақ 4 баравар оширди. Афтидан, дон Карло ёш ҳужумчини янада кучлироқ иштиёқ билан тўп суришга ундайдиган воситаларни топган кўринади.

Доминикнинг ўзи қисқа муддатга қадрдон клубига қайтган Уэйн Рунидан кўп нарса ўрганганини эътироф этганди: «Уэйн - буюк футболчи! Майдонда у билан ёнма-ён тўп суриш - роҳат. Руни биринчи навбатда, жамоавий ўйинчи - тўпни қизғанмайди, доимо ёрдам беришга ошиқади, фойдали маслаҳатларини аямайди. У билан бир неча ойлик ҳамкорликда чинакам дорилфунун сабоғини олдим». Рунининг маҳорати шубҳадан холи, лекин Калверт-Льюин ҳам чакки эмас. Энди 23 ёшни қарши олган ҳужумчи «Шеффилд Юнайтед» академиясида шуғулланган даврдаёқ кўпчилик эътиборини тортганди. Яъни ёш йигитчанинг техник маҳорати, бош билан самарали ўйнаши ва тезкорлиги мутахассисларни лол қолдирганди. «Доминик майдонда вазият ва ўйинни шу қадар яхши ҳис этадики, гўёки, бутун вужуди кўзга айлангандек. Шунингдек, қарор қабул қилишни сира пайсалга солмайди», - деганди «Шеффилд»нинг собиқ мураббийи Найжел Эдкинс.

Ҳужумчи ўсмирлар терма жамоаларида доимий равишда тўп сурди. Ҳаттоки, ўз ёш тоифасида жаҳон чемпиони бўлиш баробарида мусобақанинг энг ёрқин иштирокчиларидан бири сифатида эътироф этилди. Ўтган йилнинг ёзида Жанубий Кореяда ташкиллаштирилган кичик мундиал финалида Венесуэла термаси дарвозасига урилган «олтин гол»га айнан Доминик муаллифлик қилганди. Аммо жонажон клуби шарафини муносиб ҳимоя қилишга улгурмади - аввалига «Нортхэмптон»га «сургун» қилинди, кейин 1,5 млн. фунтга сотилди («Эвертон»га). «Гудисон Парк»­даги фаолиятини эса «Арсенал»га қарши баҳсда захирадан майдонга тушиш билан бошлаган ҳужумчи  кейинги учрашув (Рақиб - «Саутгемптон»)да бошланғич таркибга киритилди. Бироқ тўлақонли дебюти муваффақиятсиз якунланди - товони жароҳатланган йигит 2 ойга сафдан чиқди. АПЛдаги дастлабки голини эса «Халл Сити» дарвозасига йўллади. Умуман, ҳужумчи дебют мавсумида 11та ўйинда иштирок этиб, 1та гол урди.

Агар «Эвертон» Ромелу Лукакуни «МЮ»га сотмаганида, Калверт-Льюин ҳозир ҳам «жокер» мақомида юрармиди? Иккинчи томондан, жамоа Оливье Жируни ўз таркибига жалб этолмади, Уэйн Руни шерикка муҳтож эди. Шу зарурат туфайли баланд бўйли ўсмир асосий таркибдан жой олди. Тезкор, моҳир ва ўта чаққон йигитча барча фазилатларини илк учрашувлардан намойиш эта бошлади ва мажбурий таътилга қадар барқарор ўйнашда давом этди. Қўшимчасига, ишончли ҳаракатлари эвазига либосидаги 29 рақамини нуфузли «9»га алмаштирди.

Энди ёш тўпурарнинг голларига эътибор берайлик. Масалан, «Арсенал» дарвозасини ўйиннинг 49-сониясида, тўпни ўз устидан оширган ҳолда ишғол қилди. Доминик фақат футбол оламидагина машҳур эмас - британиялик таниқли модель Мэг Лилли билан муносабати туфайли аҳолининг кенг қатламига танилди. Ҳозирча жуфтликнинг етакчилиги Мэгга тегишли. Бу ҳолат ҳужумчи учун қўшимча мотивация бериши лозим. Табиийки, Калверт-Льюин таниқли фотомоделнинг қаллиғи эмас, етарли обрў-эътиборга эга футболчи сифатида танилишни истайди. Умуман, Доминик биринчи навбатда, «Гудисон Парк»нинг афсонасига айланажак келажаги порлоқ ҳужумчи мақомида қизиқарлироқ. Шунингдек, унинг Англия терма жамоасида ҳам ёрқин из қолдиришига ишонч катта. Калверт-Льюин Европа чемпионатида майдонга тушишга шайланаётган эди. Бироқ бу орзуси ўзи ва футболга дахли йўқ сабаб туфайли 1 йилга кечиктирилди. Шунингдек, ҳужумчининг яна бир орзуси орзулигича қолмоқда. Доминик 23-туғилган санасини нишонлашидан аввал «Ливерпуль» дарвозасини забт этиш ниятини данган айтганди. Лекин ҳозирча «Мерсисайд  дербиси»да ўз номи таблода порлашини таъминлаганича йўқ.

У.УМАРОВ тайёрлади. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz