Қайднома

Қидирув

АПЛ етакчиларига назар

АПЛ етакчиларига назар

  12.09.2020 06:06
  0
  388
АПЛ етакчиларига назар

Хабарингиз бор, Англия Премьер-лигаси етакчи  клублари якунланган мавсум еврокубоклар финали олдидан ўз юришларини тўхтатди. Бу инқирознинг бошланишими ёки...? Soccer.ru сайти инглиз клубларининг ЧЛ ва ЕЛдаги якуний муваффақиятсизлиги сабабларини таҳлил қилишга уринди. «Манчестер Юнайтед» Европа Лигаси ярим финалида  «Севилья»дан мағлубиятга учрагач, Англия футболи охирги 5 йил бадалига биринчи марта Европанинг 2та йирик турниридан лоақал бирининг финалисиз қолгани ойдинлашди. Ваҳоланки, британияликлар дейлик, италияликлардан фарқли ўлароқ, Европа Лигасига ҳурматсиз муносабатда бўлишда айбланмайдилар. Англия чемпионатидаги вазият клублардан кўпинча иккинчи даражали еврокубокда ғалаба қозонишни талаб қилади. Бу тиғиз рақобатда Европа аренасига нисбатан енгилроқ йўл ҳисобланади. Ҳа, «Манчестер Сити» бу сафар ўзининг ЧЛдаги энг юқори натижасини қайд этди - ярим финал.  Аммо «шаҳарликлар» учун финал ҳамон орзулигича қолмоқда, барибир. ЕЧЛ-2018|2019 ғолиби «Ливерпуль» эса худди бир йил аввал бўлганидек, жуда яхши спорт формада эди, аммо кутилмаганда, «плей-офф»нинг биринчи босқичидаёқ курашдан четда чиқди. Нима ҳам дейиш мумкин, ҳар бир жамоанинг муваффақиятсизлигида ўзига хос сабаблари бўлади, албатта.  Евротурнирларнинг навбатдаги мавсумида «Ливерпуль», «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед» ва «Челси» клублари ЧЛда, «Лестер», «Тоттенхэм» ва «Арсенал» эса ЕЛда ўз омадини синаб кўради. Наҳотки, АПЛ клубларида евроинқироз бошланган бўлса...?

 

«Ливерпуль»

«Қизиллар» ортда қолган мавсумнинг катта қисмида асосий таркибдаги йўқотишлардан қочишга уринишди ва бунга эришишди ҳам. Агар кимдир қисқа муддатга сафдан чиққан тақдирида ҳам, ҳар доим захирада унинг ўрнини босадиган муносиб номзод топиларди. Олдинги мавсумдан энг ёрқин мисол - бу Дивок Оригининг «Барселона»га қарши кечган жавоб учрашувидаги самарали ҳаракати. Юрген Клопп янги ўйинчиларни кучайтириш йўлида эҳтиёткорлик билан иш кўради.  Трансферлар ортиқча шов-шувларсиз тўғри йўналишда амалга оширилади ва сафга қўшилган янгилар дарҳол жамоанинг муҳим қисмига айланмайдилар. Яъни немис мутахассиси уларни ўз ўйин услуби ва талабларига аста-секин мослаштириб боради. Дейлик, Наби Кейта ва Фабиньо шу тахлит жамоа ўйинига қоришдилар ва энди навбатда Тукуми Минамино турибди. Эҳтимолки, «Зенит» сафига қўшилган Деян Ловрен ўрнига сотиб олинган Константинос Цимикасни ҳам шундай жараён кутмоқда. Таркибда ҳар бир позиция учун тенг кучли икки футболчига эга бўлиш асло ҳашамат ҳисобланмайди. «Ливерпул»да эса иккинчи Трент Александр-Арнольд ёки Виржиль ван Дейк йўқ.  Шунингдек, «Атлетико»га қарши ўйин кўрсатдики, Юрген Клопп дарвозабон Алиссон йўқлигини билинтирмайдиган муносиб захирачига ҳам эга эмас. Оддий хулоса шуки, «Ливерпул»га «Атлетико» билан қарама-қаршиликларда «иккинчи тўлқин»нинг нисбатан сустлиги панд берди. Шунга қарамай, АПЛ чемпиони ҳозирда янги мавсумда УЕФА мусобақаларида Анг­лия шарафини ҳимоя қиладиган жамоалар орасида энг барқарори сифатида тилга олинмоқда. Бунинг асосий сабаби - Клопп ички ресурсларни моҳирона бошқаради - Лига кубоги ёки Англия чемпионати доирасидаги аҳамияти нисбатан пастроқ ўйинлар (аслида бундайлар жуда кам)да ёш футболчиларга бемалол ишонч билдиради. Таркибга янги элементларнинг аста-секин киритилиши эса, ротация хилма-хиллигини оширади. Шу маънода айтсак, фақатгина Клопп­нинг баъзида кузатиладиган таваккал қарорлари «Ливерпул»ни ЧЛ гуруҳ босқичидан чиқишига тўсиқ қўйи­ши мумкин. Умуман, ҳар қандай ҳолатда ҳам, кўпчилик АПЛ ғолибини лоақал турнир «плей-офф» раундларида кутади - бу мутлақо табиий ҳолдир.

 

«Манчестер Сити»

Клубга катта мақсадлар билан таклиф этилган Хосеп Гвардиола бу сафар узоқ кутилган манзилга 2 қадам қолган паллада тўхтади. Испаниялик мураббий жамоадаги яна бир аламли ва омадсиз уринишда аввало, ўзини айблаши керак. Бинобарин, у ЕЧЛда «Бавария»даги фаолиятида кузатилган хатоларни такрорлади. Аслида Пеп «плей-офф» босқичида оқилона ўйлашга тушади, ҳар бир рақибга қарши алоҳида тактика танлайди. Бироқ ҳаддан ортиқ хилма-хиллик чалкашликларни ҳам келтириб чиқаради ва оқибатда «шаҳарликлар» энг тиғиз лаҳзада адашишлари ҳеч гап эмас. Табиийки, бундан биринчи навбатда, рақиблар манфаатдор. Хуллас, «Сити» муваффақиятсизлигининг асосий сабабларидан бири - бу айнан ўта мураккаб ва чалкаш тактик чизмалар. «Ливерпул»­га бежиз  АПЛнинг энг барқарор жамоаси таърифи ишлатилмаяпти, бунинг залворли асослари йўқ эмас. «Манчестер Сити» эса қўшимча кучларга муҳтож, муҳими, клуб  бунинг учун етарли элементларга эга. Мана, Натан Аке билан шартнома тузилди ва Гвардиола унинг ёрдамида мудофаага боғлиқ вазиятни барқарорлаштиришдан умидвор. Ҳар ҳолда, ёши катта Фернандиньо «икки ядроли» бўлса-да, истиқболли вариант эмас. Боз устига, клубда қанот ҳимояси ҳам Гвардиола хоҳлаган даражада самарали ўйнай олмаяпти: Бенжамин Менди ўта беқарор ва жароҳатларга мойил. У шу туфайли ҳам ҳалигача Пепнинг талабларига мувофиқлашолмади. Бундан ташқари, мавсум охирида Серхио Агуэронинг сафдан чиққани «Сити»нинг ЧЛдаги ҳужумкорлик кучига салбий таъсир кўрсатди.  Кевин де Брюйне эса ноилож тиғиз тақвимдан нолиди: «Аслида бундай қисқа муддат ичида тез-тез майдонга тушишимиз ўйинимиз сифатига таъсир ўтказолмайди. Аммо келажакни ҳам унутмаслик керак, мен айнан шундан қўрқаман. Дейлик, 6 ой ўтади ва барчамиз жисмоний ва руҳий томондан толиққанимизни ҳис қиламиз. Шуниси ёмон...».

«Манчестер Юнайтед»

Бруно Фернандеш келиши билан «Манчестер Юнайтед»нинг ҳужумида  ранг-баранглик кўзга ташланди. Эҳтимол, португалиялик футболчи етакчилик фазилати ва ижро маҳорати билан унча мақтанолмасдир, бу борада бироз ношуддек кўрингандир, аммо асосийси, у қизиқишини деярли йўқотиб улгурган Поль Погбани жонлантирди. Тўғри, «Севилья»га қарши ўйин кўрсатганидек, 25 ёшли ярим ҳимоячи ҳар доим ҳам жамоани қутқаролмайди. Мавжуд муаммони бартараф этишда ёрдам бериши тахмин қилинган трансфер амалга ошмади - «Манчестер Юнайтед» Жейдон Санчо билан шартнома тузишга уринди, аммо. Анг­лиялик вингер шубҳасиз, «қизил иблислар» ҳужум ҳаракатига кучли турт­ки бериши мумкин эди. «МЮ»нинг янги хариди - Донни ван да Бек ҳам чакки эмас, лекин энг муҳим паллада қўпол хатоларга йўл қўяётган ҳимоячи чизиғи ҳақида дадил гапириш қийин, барибир. Ҳа, «қизил иблис­лар»­нинг ҳимоя қўрғони ҳамон топ-клуб даражасига чиққани йўқ. Тан олиш керак, клуб ривожланиш босқи­чида турибди. Оле-Гуннар Сульшер жамоаси янги мавсумда АПЛда кучли тўртликка бемалол даъво қилиши ҳозирдан маълум. Экспертларнинг хулосаларига кўра, Европа Лигасидаги муваффақиятсизликдан кейин норвегиялик мутахассиснинг ўзи ҳам ҳали ўрганиши зарур жиҳатлар борлигини тушуниб етган. Ёш мураббийнинг айни дамдаги энг асосий камчиликларидан бири шуки, у ҳар доим айнан қайси паллада футболчи алмаштириш орқали майдондаги куч мувозанатини янгилашни билмаяпти. Дейлик, ҳаттоки, бир вақтнинг ўзида 5 нафар футболчини ўзгартирди. Қолаверса, Сульшер футболчиларни ҳаддан ташқари тез югуртираётгандек...

 

«Челси»

Лондон жамоанинг айни ҳолати қайсидир маънода «Манчестер Юнайтед»ники билан ўхшаш. Бош мураббий Фрэнк Лэмпард мавсум давомида таниқли ва тажрибали ҳамкасбларига дуч келиб, турли даражада муваффақиятларга ҳам эришди. Аммо «аристократлар» «Бавария»дек «қотил»га дуч келиб, амалда ҳеч қандай каромат кўрсата олишмади. Ҳар ҳолда, умумий - 1:7 ҳисобини бошқа­ча изоҳлаш қийин. Айни пайт Лэмпард томонидан амалга оширилган барча ислоҳотлар ҳужум чизиғига боғлиқ. Ҳаким Зиеш, Тимо Вернер ва Кай Хавертц - бу йигитлар «Челси»ни АПЛдаги энг даҳшатли клублар қаторига қўшишга қодирлар. Аммо фақат ярим ҳимоячиларнинг катта танлови ортидан юзага келган бу улуғворликка бемаъни мудофаа панд бериши мумкин. Зеро, Андреас Крис­тенсен, Курт Зума ва Антонио Рюдигер каби ижрочилар ҳар қандай комбинация учун бирдек ишончли эмаслар. Агар Лэмпард бу муаммони тезроқ ҳал қилмаса, «Челси» ўтган мавсумда бўлгани каби беқарор позиция­да қолиши ҳам ҳеч гап эмас.

АПЛ номидан ЕЛда ўйнайдиган «Лестер», «Арсенал», «Тоттенхэм» клубларида ҳам ўзига яраша плюс-минус жиҳатлари бор, албатта. Мухлислар айниқса, кубоксевар «канонирлар»дан кўп нарса кутишлари тайин. Эҳтимол, Брендан Рожерс ва Жозе Моуриньо ҳам еврофутболга қандайдир янги сов­ғалар ҳозирлашаётгандир...

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz