Қайднома

Қидирув

Басклар учун барҳаёт «Атлетик»...

Басклар учун барҳаёт «Атлетик»...

  13.09.2020 01:22
  0
  149
Басклар учун барҳаёт «Атлетик»...

Испаниянинг энг қадимий клубларидан бири - «Атлетик» (Бильбао) ташкил этилганидан буён муайян анъаналарга амал қилиб келмоқда. Жамоа футболчилари ҳамиша кескин сепаратистларни қўллаб-қувватлашади, 170 нафардан кўп скаутни ўз ичига олган гуруҳ эса «Атлетик» таркибини мунтазам кучайтириш мақсадида дунёнинг турли бурчакларидан басклар авлодига мансуб футболчиларни излайди. Жамоага асос солинишида британиялик талабалар таъсири кучли бўлган, либосидаги қизил ва оқ ранглари эса бирор аниқ маънони англатмайди. Шунчаки, ўша даврда жамоа ихтиёрида фақат шундай футболка бўлган экан...

***

Олис 1894 йилнинг 3 май куни ўз бағрига британиялик талабаларни олган кема Бильбао портида лангар ташлайди. Ўша давр Англияда кенг қулоч ёйиб улгурган футбол Испаниянинг овлоқ ҳудудларига ҳали етиб келмаганди. Жумладан, Бильбао ҳам бўлажак биринчи рақамли спорт туридан бехабар эди. Хуллас, британиялик талабалар  маърузалар ва амалий машғулотлар оралиғидаги танаффусларда тўп тепишарди. Стадион ёки майдонча йўқлиги сабаб, улар юк тушириш учун мўлжалланган докларда ўйнашарди. Буни кўрган маҳаллий ишчилар аввалига томошабинга айланишади, кейин аста-секин ўйинга қўшилишади. Тез орада басклар келгиндилар билан тенгма-тенг ўйнашни ўрганиб олишади...

***

Бильбао футболига оид муҳим факт: 1898-1901 йиллар оралиғида шаҳарда 2та жамоага асос солинган. Биринчиси - Замаку гимназияси битирувчилари тузилган «Бильбао спорт атлетика клуби», иккинчиси - бошқа гимназияга тегишли «Бильбао ФК». Иккинчи жамоа аъзолари учрашувлар ва машғулотлардаги иштирок учун йилига 200 песет иш ҳақи олишган. 1898 йил - «Атлетик» расман ташкил этилган сана. 1902 йили икки жамоа қирол Альфонсо Хlll шарафига бағишланган турнирда муносиб қатнашиш мақсадида бирлашиб, «Бискайя» номини олади. Қарангки, «Барселона», «Эспаньол» ва «Реал»нинг бобокалонлари иштирок этган мусобақада айнан «Бискайя» ғолиб чиқади. 1903 йили жамоага «Атлетик Бильбао» номи берилади. 1910 йили эса клуб қизил-оқ тусли футболкаларни қабул қилади. Аниқроғи, шунга мажбур бўлади. Аслида мутассаддилар Бильбао порт шаҳар эканлигини инобатга олиб, кўк-оқ (қуёш рамзи) рангларини танлашади. Аммо либослар хариди учун Англияга йўл олган клуб вакил бундай футболкаларни тополмай, 50 дона қизил-оқ тусли йўл-йўл форма билан қайтади. 1912 йили «Атлетик» раҳбарияти клубнинг асосий қоидасини қабул қилади: таркибга фақат Баскония ҳудудида туғилган футболчиларни олиш белгиланади. Умуман, «Атлетик» илк даврдан басклар учун тенглик йўлида кураш тимсолига айланади. Дейлик, футболчилар сепаратистларни қўллаб-қувватлаб, қонунга зид тадбирларда ҳам иштирок этишган.

***

Басклар - Испания шимоли ва Франция жанубидаги халқ. Баскония вақтида Наварра қироллиги таркибига кирган. Бу ҳудуд Испания ва Франция тасарруфида бўлган ХlХ аср ярмига қадар Баскония алоҳида ҳуқуқ ва қисман мухториятга эга эди. 1936 йилга келиб, басклар Эускади мустақил давлати шакллантиришга уриниб кўришади. Лекин фуқаролар урушидан кейин Испания тепасига келган диктатор Франциско Франко мамлакат ичидаги кўпмиллатлиликка қарши аёвсиз кураш бошлайди. Жумладан, басклар ва каталонияликларнинг мустақил ҳаёт кечиришларига қарши чиқади, мухториятни бекор қилади. Жумладан, Испания ҳукумати 1941 йили «Атлетик» олдига ўз номини «Атлетико Бильбао»га ўзгартириш талабини қўяди. Чунки «Атлетик» - бу соф баскча ибора. Бироқ клуб талабни рад этди. Кейинги йили Франко жамоадан ўз таркибига фақат баскларни олиш қоидасидан воз кечишини талаб қилади. «Атлетик» эса бунга ҳам кўнмайди. Шу аснода диктаторнинг сиёсати басклар ва жамоа мухлислари ўртасида сўл радикал ҳамда сепаратистлар гуруҳлари кўпайишига олиб келади. Энг машҳури - ETA 2018 йилнинг май ойига қадар фаолият юритди. У басклар маданиятини тарғиб қилишдан ташқари, норозилик намойишлари, қирғин ва террористик фитналар уюштириш билан шуғулланарди.

***

ETA энг шов-шувли ҳаракатини 1973 йили амалга оширганди. Ўшанда Франконинг вориси - адмирал Луис Бланко ўлдирилганди. Бланко ультраконсерваторлар етакчиси бўлиб, доҳий сиёсатини давом эттириш ниятида эди. ETA вакиллари Мадрид марказидаги хонадонлардан бирини ижара келишуви асосида олишган, унинг яқинидаги ерости йўлини миналаштиргандилар. Бланко машинада ўтиб бораётганида, миналар портлаган. Умуман, ETA гуруҳи ва баскониялик футболчилар ўртасида ҳамкорлик кучли эди. Дейлик, «Реал Сосьедад»нинг собиқ вакили Хосе Уранья террорчилар (Испания ҳукумати гуруҳни террорчилар уюшмаси сифатида биларди) билан ҳамкорлик қилган. У 1976 йилги дерби арафасида майдонга икурринья (Франко фармони билан тақиқланган Баскония байроғи) билан тушишдан чўчимаганди. Айтганча, Франко ўлимидан кейин ҳам Баскония дўконларида икурринья сотиш ман этилган, намойишлар Испания давлатига нисбатан жиноят ҳисобланарди. Уранья чевар синглисидан байроқ тикиб беришни сўраган ва уни футболкаси ичида яширинча стадионга олиб кирганди. Шу тариқа байроқ майдон марказига олиб чиқилади ва мухлислар ҳайрон қолишади. Лекин полиция футболчини таъқиб этмайди, у фаолиятини давом эттиради. Тўғри, бир неча йилдан кейин уни айрим бизнесменларни ўғирлашда ETAга ёрдам берганликда айблаб, ҳибсга олишади.

***

Таркибини фақат баск миллатига мансуб футболчилар ҳисобига тўлдириш мажбурияти «Атлетик» олдига трансферлар борасида жиддий муаммолар қўймоқда. Бироқ бу жамоа учун ҳар қандай совриндан муҳим. «Реал Сосьедад» 1988 йилга қадар «Атлетик» ғоясига тўла риоя қилди. Бироқ кейин кутилмаганда, ўз тарихида дастлабки хорижлик футболчи - ирландиялик Жон Олдрижни харид қилди. «Атлетик» эса ҳамон ўз анъаналарига содиқ. Клуб офиси йўлагига осиб қўйилган маънодор шиор ишончни тасдиқлайди: «Шундай академия ва мухлислар кўмаги бор жойда легионерларга эҳтиёж йўқ».

Хуллас, «Атлетик» ҳозиргача муайян шартлар асосида футболчи қабул қилади:

- Бильбаода туғилган ва яшаган бўлиши керак;

- Басклар авлодидан бўлиши керак; - Франциянинг Баскониясида туғилган бўлиши керак (мисоллар - Биксант Лизаразю ва Эмерик Ляпорт);

- Болалик ёки ўсмирлик пайти басклар ватани жамоасида ўйнаган бўлиши керак.

***

Испания Примеросининг 92 йиллик тарихида фақат 3та клуб турнирда мунтазам иштирок этган: «Реал», «Барселона» ва «Атлетик». Бильбао клуби шу давр ичида чемпионатда 8 марта, кубок турнирида эса 14 марта ғолиб чиқди. «Атлетик» музейида яна 2та Испания суперкубоги бор. Бильбаоликлар шунингдек, 1977 ва 2015 йилларда УЕФА кубоги|ЕЛ финалида майдонга тушишган. Эътиборли жиҳати, клуб тарихидаги 32 нафар президентдан ҳеч бири сайловолди кампаниясида асосий ақидалардан воз кечмаган. Мухлислар ҳам садоқат бобида раҳбариятдан қолишмайдилар: сўров натижаларига кўра, улар учун жамоанинг легионерлар кўмагида Примерода ўйнашидан фақат басклар билан қуйи лигаларда иштирок этгани афзалроқ! Мана, «Атлетик» президенти Айтор Элисеги сўзларига эътибор беринг: «Ҳар мавсум биздан яхшироқ имкониятга эга Рақиблар билан куч синашамиз. «Барса» таркибини Неймар билан кучайтиришни истади ва уни харид қилди. Бундай моҳир ҳужумчи бизга ҳам ортиқчалик қилмайди. Аммо уни сотиб ололмаймиз, чунки баск эмас, «Атлетик»ка мос келмайди. Клубимиз Баскониянинг 2 миллион аҳолиси орасидан номзод излайди, «Реал» ёки «Барса» эса 1 ойда шунча номзодни синаб кўрса керак».

***

Жамоада футболчиларга нисбатан қўйилган чекловнинг мураббийларга алоқаси йўқ. «Атлетик»ни басклар ва испанлардан ташқари, инглиз, чех, бразилиялик, венгр, австриялик, серб, француз ва аргентиналик мураббийлар бошқаришган. «Атлетик» энди бу йўналишда ҳам ўз ақидасини жорий этмоқда. Гаиска Гаритано 2009 йилдан буён мураббийлик соҳасида. У 11 йил давомида атиги 2 марта Баскония ташқарисида ишлаган: 4 ой «Вальядолид», 8 ой «Депортиво»га устозлик қилди. «Атлетик» бошқарувини эса 2018 йили қўлга олди. Гаритано - «Атлетик» раҳбарлари учун энг мукаммал мураббий. Унинг отаси Анхель Гаритано вақтида «Атлетик» бош мураббийи ёрдамчиси сифатида ишлаган, ҳозир Бильбао марказий каналида спорт дастурларини олиб бормоқда. Гаисканинг ўзи эса энг ёрқин ўйинларини айнан «Атлетик» таркибида намойиш этган. У басклар диёри, «Атлетик» фалсафаси ва жамоага садоқати хусусида ҳамиша тўлқинланиб гапиради: «Биз - ўзига хос миллат вакилларимиз. Басклармиз ва ўз анъаналаримиз билан фахрланамиз. «Атлетик» - дунёдаги тенги йўқ клуб! Мавсум-2017|2018да Примеродан тушиб кетиш хавфи остида қолгандик. Клуб тарихидаги энг мураккаб вазият. Муҳими, элитада «жон» сақлаб қолишни уддаладик. Чунки басклармиз. Дейлик, раҳбарият вазиятдан чиқиб кетиш учун хорижлик футболчиларни харид қилганида, нима бўларди? Шу йўл билан қаҳрамонга айланармидик? Албатта, йўқ. Асосийси, анъаналаримиз ва тарихимизга хиёнат қилмадик. Иккинчи жамоа таркибида 6 йил ичида атиги 1 марта асосий таркибда майдонга тушганим эсимда. Лекин бу - асл жамоам. Тўйдан кейин Лезама («Атлетик» академияси) яқинидан уй сотиб олдим. Унинг деразалари майдонга қаратилган. Ишдан бўш вақтда болалар жамоалари ўйинларини кузатаман. «Атлетик»ка муҳаббатимни тўлиқ тушунтиролмайман. Клуб басклар қонидан жой олган. Мағлубиятли ўйинлардан кейин ўзимга келишим қийин. Рафиқам ва қизларим ҳам «Атлетик» мухлисалари. Улар оғир дамларда дардимга шерик бўлишади».

***

«Атлетик» аслида бадавлат жамоа. Лекин таркибида ката харажат талаб қиладиган футболчининг ўзи йўқ. Жамоанинг охирги 10 мавсумдаги трансферлар баланси: харид - 102,2 млн. евро, сотув - 221 млн. евро. Энди «Атлетик» каби Примеронинг доимий 2та иштирокчиси кўрсаткичларига қаранг: «Реал» шу даврда 1,151 млрд. сарфлаган, «Барселона» эса 1,375 млрд. евро. Дарвоқе, «Атлетик» шу 10 мавсумнинг 2тасида бирор трансферга қўл урмади, таркибини фақат ёшлар жамоаси вакиллари билан тўлдирди. Клубнинг аввалги президенти Жосу Уррутиа бу масалада дангал гапирганди: «Йўқ, маблағга муҳтож эмасмиз, ихтиёримизда басклар бор. Ўз ақидамизга содиқмиз. Шу орқали савияли таркиб шакллантириш учун катта харажат шарт эмаслигини исботлаяпмиз». Эътиборлиси, «Атлетик» Баскониянинг бошқа жамоалар - «Алавес», Эйбар» ва «Реал Сосьедад» ўйинчиларига ҳам кўз олайтирмайди. Ўринбосарлар жамоаси ва Лезама академияси асосий таркибни муносиб кадрлар билан таъминлашга тайёр. Бискайяда 20, бутун Испанияда 150 нафар скаут иқтидорли баскларни Лизамага жалб этиш билан шуғулланишади. Элисеганинг айтишича, клуб дунёнинг турли бурчакларида ўз академиясини очиб, уларга хорижлик баскларни жалб этишни режалаштирмоқда.

***

Ҳозирги «Атлетик»нинг энг қимматбаҳо футболчиси - Иньяки Уильямс (40 млн. евро)нинг амалдаги шартномаси 2028 йилгача мўлжалланган. Янги келишувда қайд этилган товон пулига мувофиқ, харидор клуб Уильямс трансферига 135 млн. евро тўлаши керак. Элисеганинг хотимаси: «Атлетик» - басклар фахри. Ҳамиша миллатимиз ва тарихимизни ҳимоя қиламиз.  Бу ҳеч қачон ўзгармайди: ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам анъаналаримиздан воз кечмаймиз!»a

«Атлетик» тарихидаги энг қимматбаҳо 5 нафар футболчи (сотув)

1.  Кепа Аррисабалага - 80 млн. евро

2.  Эмерик Ляпорт - 65 млн. евро

3.  Хави Мартинес - 40 млн. евро

4.  Андер Эррера - 36 млн. евро

5.  Асьер Дель Орно - 12 млн. евро

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz