Қайднома

Қидирув

Қайси топ-лига етишмаяпти?

Қайси топ-лига етишмаяпти?

  13.09.2020 04:37
  0
  167
Қайси топ-лига етишмаяпти?

Мазкур мақола Европанинг одатий 5та кучли лигасидан 4тасида ўйнашга улгурган амалдаги футболчиларга бағишланади. Аввало, битта қизиқарли маълумот: мавсум- 2001|2002 еврофутбол статистикаси ихлосмандлари учун алоҳида аҳамият касб этганди. Ўша вақт «Монако» сафида тўп сурган руминиялик ҳужумчи Флорин Рэдучою «кўҳна қитъа»да рейтинг бўйича энг юқорида турувчи кучли 5та лига (Англия, Германия, Испания, Италия ва Франция элит дивизионлари)да ўйнаган биринчи профессионал футболчига айланган. Орадан 10 йил ўтиб, унинг натижасини даниялик ярим ҳимоячи Кристиан Поульсен ҳам такрорлади. Яна бир факт - Рэдучою ҳамон кучли 5та лиганинг ҳар бирида гол уришга муваффақ бўлган ягона футболчи бўлиб қолмоқда. Хуллас, бугун шу икки футболчи издошлари ҳақида гаплашамиз. Қуйидаги ўйинчиларга Рэдучою ва Поульсен қаторига қўшилиш учун 1тагина топ-лига тажрибаси етишмаяпти.

 

Абдул Раҳмон Баба (25 ёш). Ганалик ҳимоячи 2015 йилдан буён «Челси» ихтиёрида, бироқ у «нафақахўрлар» сафида атиги 15 марта майдонга тушди, холос. Хуллас, Баба ижара сафарларидан бўшаётгани йўқ. Ваҳоланки, у миллий жамоаси билан Африка Миллатлар кубоги кумуш медалини қўлга киритишга улгурди. Абдул Раҳмон Германияда бир неча клуб сафида кўриниш берди, жумладан, «Шальке»да ҳам. Лига 1даги фаолия­тида эса «Реймс» шарафини ҳимоя қилиб, 1та гол урди. Ганалик футболчи Европадаги фаолиятининг илк босқичида «Мальорка»да ижара муддатини ўтаган ва Испания Ла Лигасида 2та ўйин ўтказганди.

Абдул Раҳмон Бабага етишмаётган лига: «А» серия

 

Боян Кркич (29 ёш). Испанияликҳужумчи айни пайт Шимолий Америкада «Монреаль Импакт» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. У бунга қадар Европада «Барселона», «Рома», «Милан», «Сток Сити» ва «Майнц» жамоалари либосини кийган, бир неча эсда қоларли голлар урганди.

Боян Кркичга етишмаётган лига: Лига 1

 

Гаэль Какута (28 ёш). Вақтида U-19 тоифасидаги Европа чемпионатида энг яхши футболчи мақомини олган йигит ушбу рўйхатга «зўрға» илинди.  Франциянинг турли ёш тоифасидаги термалари сафида 73та ўйин ўтказган Гаэль катталар миқёсида Конго ДР миллий жамоаси байроғи остида ҳаракатланишга қарор қилди. Какутанинг клуб футболидаги йўлига келсак, у аввалига Англияда «Челси» либосини кийди, кейин «Дижон»га йўл олди, шунингдек, «Севилья» шарафини ҳимоя қилди. Ушбу рўйхатга эса «А» серияда атиги 4 дақиқа ҳаракатлангани эвазига тушди. Какута ўшанда «Лацио»нинг «Аталанта»га қарши ўйини охирида кимсан Мирослав Клозе ўрнини эгаллаганди. Дарвоқе, Гаэль охирги мавсум Лига 2га тушиб кетган «Амьен»да тўп сурди.

Гаэль Какутага етишмаётган лига: Бундеслига.

 

Жонатан де Гузман (32 ёш). Фаолияти давомида «Вильярреал», «Суонси» ва «Наполи»дек иззатталаб клубларда чакки таассурот қолдирмаган фахрий футболчи якунланган мавсум «Айнтрахт» (Франкфурт) шарафини ҳимоя қилди. Айтиш жоиз, у Германия чемпионатида ҳам муносиб кўринди.

Жонатан де Гузманга етишмаётган лига: Лига 1

 

Желсон Фернандеш (33 ёш). Швейцариялик фахрийнинг хизмат дафтарчасида турли даражадаги клублар рўйхати анча узун: «Манчестер Сити», «Сент-Этьен», «Кьево», «Лестер», «Ренн»...  Желсон Фернандеш ҳозир Жонатан де Гузман билан бирга «Айнтрахт»да.

Желсон Фернандешга етишмаётган лига: Ла Лига

 

Жереми Бога (23 ёш). Жуда эрта кунда Европанинг 5та кучли лигасидан 4тасида ўйнашга улгурган иқтидорли йигит. Боганинг энди 23 ёшга тўлганини инобатга олсак, унинг бу натижасига ишониш сал қийинроқ. Хуллас, Кот-Д~Ивуар футболи вакили ҳозирга қадар «Сассуо­ло», «Гранада» ва «Ренн» клубларини кўрди. Англия Премьер-лигасида эса, «Челси» сафида атиги 17 дақиқа ҳаракатган, холос.

Жереми Богага етишмаётган лига: Бундеслига

 

Златан Ибрагимович (38 ёш). Буюк Златаннинг қандай клублар сафида ўйнаганини қанча гол ургани кўпчиликка маълум. «Барселона», «Милан», «МЮ», «ПСЖ» - булар энг саралари... Энди афсонани Германия чемпионатининг қайсидир иштирокчиси либосида кўриш қизиқарли бўларди. Лекин тушунарлики, бунинг эҳтимоли йўқ, ҳисоби...

Златан Ибрагимовичга етишмаётган лига: Бундеслига

 

Карлос Санчес Морено (34 ёш). Мухлислар бу футболчини охирги жаҳон чемпионатидан ўрин олган Колумбия ва Япония миллий жамоалари ўйини туфайли яхши эслаб қолган бўлсалар, ажабмас. Ўшанда Санчес 3-дақиқадаёқ майдондан четлаштирилганди. Колумбиялик таянч ярим ҳимоячиси фаолиятининг катта қисмини «Валансьен»га бағишлади. У яна «Эльче», «Астон Вилла» ва «Фиорентина» жамоаларида ҳам етарлича ўйнади. Карлос Санчес охирги мавсумда Андрей Ярмоленко билан «Вест Хэм»да бирга тўп сурди.

Карлос Санчес Моренога етишмаётган лига: Бундеслига

 

Кевин-Принц Боатенг (33 ёш). Ганалик футболчи ҳозирга қадар «Тоттенхэм», «Боруссия» Д., «Портсмут», «Милан», «Шальке» ва бошқа клубларда ризқ терди. Дейлик, Испания Примеросида «Лас-Пальмас» шарафини бир мавсум ҳимоя қилди, шунингдек, «Барселона» либосида майдонга тушиш бахтига муяссар бўлди. Асосий факт: африкалик футболчи охирги мавсум «Бешиктош»да ижара келишуви асосида ўйнаб, фаолиятидаги клублар сонини 30та (!)га етказиб қўйди.

Кевин-Принц Боатенгга етишмаётган лига: Лига 1

 

Лукас Пиазон (26 ёш). Бразилиялик ярим ҳимоячи «Челси»га тегишли. У Лондон клубининг АПЛ доирасидаги 1тагина ўйинида иштирок этган. Қисқаси, Пиазон ҳам соф «ижара маҳсулоти» - «Малага», «Айнтрахт», «Кьево» ва яна бир қатор клубларда хизмат сафарида бўлди.

Лукас Пиазонга етишмаётган лига: Лига 1

 

Люка Динь (26 ёш). Евро-2016 финалчиси. Тўғри, Динь ўша турнирда Франция миллий жамоасининг бирор ўйинида майдонга тушмади. Шунга қарамай, уни ўз сафига жалб этган клублар рўйхати ҳаммани ажаблантиради: «Лилль», «ПСЖ», «Рома», «Барселона». Динь ҳозир «Эвертон» ихтиёрида.

Люка Динга етишмаётган лига: Бундеслига

 

Миши Батшуайи (26 ёш). Жаҳончемпионати-2018нинг бронза медали совриндори охирги мавсумни ижара келишуви асосида «Кристал Пэлас»да ўтказди. Трансфер ҳуқуқи бўйича «Челси»га тегишли бельгиялик Францияда «Марсель» либосидаги ажойиб ўйинлари билан кўпчилик назарига тушди. Батшуайи жумладан, 2018 йили Дортмунд «Боруссия»си ва «Валенсия»да ҳам ўйнади.

Миши Батшуайига етишмаётган лига: «А» серия

 

Пепе Рейна (37 ёш). Хосе Мануэль Рейна Паэсда футбол тарихида Европанинг кучли 5та лигасида ўйнаган биринчи дарвозабон бўлиш имконияти бор. Охирги мавсумни «Астон Вилла»да ўтказган испаниялик голкипер бунга қадар «Барселона», «Ливерпуль», «Наполи», «Бавария» ва «Милан» каби номдор жамоалар дарвозасини қўриқлади. Рейнанинг Испания миллий жамоаси билан жаҳон ва Европа чемпионатларида ғолиб чиққанини алоҳида айтиш жоиз.

Пепе Рейнага етишмаётган лига: Лига 1

 

Симон Кьер (31 ёш). Даниялик ҳимоячи миллий жамоада 100та ўйин маррасига етди, ҳисоб (95та учрашув). Кьернинг клуб футболидаги фаолияти ҳам хилма-хил клубларга бой. Симон шу йил январда «Милан» аъзосига айланди. У бунга қадар «Палермо», «Вольф­сбург», «Лилль» ва «Севилья» либосида майдонга тушишга улгурганди. Оддий айтганда, Симон Кьер Европанинг кучли 5та чемпионати ҳавосидан баҳраманд бўлган даниялик иккинчи футболчи сифатида тарихга кириши мумкин.

Симон Кьерга етишмаётган лига: АПЛ

 

Стеван Йоветич (30 ёш). Черногориялик ҳужумчи фаолиятидаги асосий клуб - бу «Фиорентина». Ҳар ҳолда, Стеван Флоренция жамоаси сафида 100тадан ортиқ ўйин ўтказди. Умуман, якунланган мавсум «Монако»да тўп сурган футболчи «Манчестер Сити», «Интер» ва «Севилья»да ҳам кўриниш берди.

Стеван Йоветичга етишмаётган лига: Бундеслига

 

Стивен Н~Зонзи (31 ёш). 2018 йили Франция миллий жамоаси сафида жаҳон чемпиони мақомига эришган футболчи клуб миқёсида «Блэкберн», «Сток Сити» ва «Севилья»даги ўйинлари билан танилди. Шундан кейин «Рома» сафига қўшилган Стивен ҳамон «бўрилар» ихтиё­рида. Тўғри, уни жорий йил январда «Ренн»га юборишди - ижара сафари. Дарвоқе, камтарин клуб Лига 1 турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб, ЧЛ саралаш босқичида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди. Натижада «Ренн» франциялик футболчининг ижара келишуви муддатини яна бир йилга узайтирди.

Стивен Н~Зонзига етишмаётган лига: Бундеслига

 

Филиппе Коутиньо (28 ёш). Бразилиялик футболчи Миланнинг «Интер» клубида омма эътиборини ўзига қаратди ва фаолиятидаги энг ёрқин ўйинларини «Ливерпуль» сафида кўрсатди. Филиппе шу тариқа «Барселона»га йўлланма олди, аммо Каталонияда омадсизликка учради. Бавария»даги ижара муддати ҳам кутилган даражада самарали кечмади, гарчи футболчи ЧЛ 1|4 финалида собиқ клубини қисқа вақт ичида 2та гол билан жазолаган бўлсада. Қизиқ, Коутиньонинг кейинги фаолияти қандай тус оларкин?

Филиппе Коутиньога етишмаётган лига: Лига 1

 

Франсис Коклен (29 ёш). Мухлислар франциялик ярим ҳимоячининг «Арсенал»даги ўйинларини ҳали унутишмаган. Бироқ Лондон клуби унинг учун ўтмишга айланиб улгурди. Коклен яқинда якунланган мавсум ўзига ўхшамаган «Валенсия»дан «Вильярреал»га кўчиб ўтди. Франсис «канонирлар» ихтиёрида бўлган пайти ижара келишувлари асосида Лига 1 ва Бундеслигада тегишлича «Лорьян» ҳамда «Фрайбург»да ҳам тажриба оширганди.

Франсис Кокленга етишмаётган лига: «А» серия

 

Штефан Лихтштайнер (36 ёш). Швейцариялик ҳимоя­чи миллий жамоа сафидаги ўйинлари сони бўйича XXI асрда ўйнаган футболчилар орасида рекордчидир. Лихт­штайнер ҳамон Швейцария бош жамоасида. Демак, у ҳар бир ўйинда ўз рекордини янгилаб бораверади. Штефаннинг клуб миқёсидаги фаолияти ҳам чакки эмас: «Лилль», «Лацио», «Ювентус» ва «Арсенал». У охирги мавсумда «Аугсбург»да ўйнади.

Штефан Лихтштайнерга етишмаётган лига: Ла Лига

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz