Қайднома

Қидирув

Азиз ТУРҒУНБОЕВ: "Навбаҳор"даги ички муҳит жойида, хавотирга ўрин йўқ»

Азиз ТУРҒУНБОЕВ: "Навбаҳор"даги ички муҳит жойида, хавотирга ўрин йўқ»

  13.09.2020 06:41
  0
  233
Азиз ТУРҒУНБОЕВ:

«Навбаҳор» Суперлиганинг марказлашган тизим асосида Тошкентда ўтказилган  4та турида атиги 2 очко олди ва бу билан кўпчилик ҳафсаласини пир қилгани рост. Ҳа, номдор мураббий ва кучли таркибга эга жамоа охирги пайтлар негадир ўзига унча ўхшамаяпти. Жумладан, «лочинлар» иккинчи даврани бошлаб берган ўйинда «Пахтакор»га қарши майдонга тушиб, рақибга наманганлик мухлислар кутган даражада қаршилик кўрсата олишмади. Яъни мезбонларнинг ўйиннинг катта қисмида ҳимояланишларига тўғри келди. Энг муҳими, ҳисобда олдинга чиқиб олган пойтахт клуби ўйинда назоратни ўз қўлига олган паллада «лочинлар» сафидаги истеъдодли ярим ҳимоячи Азиз Турғунбоев рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни тенглаштириш баробарида майдондаги кураш мувозанатини ҳам нисбатан тиклади. Шунинг учун бўлса керак, якунда айнан Турғунбоевни учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этишди. Биз ўз навбатида, фурсатдан фойдаланиб, «Навбаҳор» етакчиларидан бирини суҳбатга тортдик.

- Аввало, ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинганингиз билан табриклаймиз. Таассуротларингиз қандай, умумий фикрингиз...?

- Раҳмат. Биринчи галда, ҳамюрт­ларимизни Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллик байрами билан табриклаб, уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий бахт тилайман. Осмонимиз доимо тинч ва мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин, илоҳим! Энди ўйинга келсак, нима дейишим мумкин? Хабарингиз бор, Тошкентда ташкиллаштирилган марказлашган турларда  омадимиз чопмади. Шу жойда таъкидлашим жоиз, пойтахтдаги баҳсларда жамоамизнинг деярли барча футболчилари майдонга иситма билан тушишди. Чамаси 4 кун давомида йигитларимизда тана ҳарорати жойига тушгани йўқ. Шунга қарамай, футболчилар ўзларида куч топиб, жамоамиз учун жон куйдиришди. Биласиз, инсон иситмалаганида, ҳолсизланади, катта куч йўқотади. Эҳтимол, пойтахтда нурсиз ўйин кўрсатганимизнинг асосий сабаби шудир. Барчасини инобатга олиб, бугун мухлислар олдида ўзимизни оқлаш ниятида фақат ғалабани кўзладик, бор имкониятларни ишга солдик. Тан олиш керак, «Пахтакор» ўта кучли. Лекин ҳар қандай рақибни енгиш мумкин. Буни исботлаш учун майдонда жон-жаҳд билан ҳаракатландик. Тўғри, биринчи бўлимда ташаббусни рақибга бериб қўйдик, оқибатда гол билан жазоландик. Муҳими, иккинчи бўлимда ўйинимизни йўлга қўйиш эвазига ҳисобни тенглаштиришга эришдик. Агар охирида вазиятлардан фойдаланганимизда, ғалаба қозонишимиз ҳам ҳеч гап эмасди. Энди кейинги учрашувларда янада яхшироқ ҳаракат қилиб, бой берилган очколар ўрнини тўлдиришга уринамиз, албатта.

- Жамоа бош мураббийи Андрей Канчельскиснинг келганига бир ярим йилдан ошди. Бироқ «Навбаҳор» ўйинида унинг имзоси кўринмаяпти. Бир қарашда, кучли жамоа­ларга қарши бошқача, ўртамиёналар билан ўзгача руҳда ўйнамоқдасизлар. Бундай беқарорлик нима билан боғлиқ?

- Йўқ, аслида барча ўйинларга бирдай тайёргарлик кўрамиз. Бош мураббий ҳам ҳар бир ўйин олдидан аниқ талаблар қўяди. Бироқ... Эҳтимол, мураббий  етарли даражада руҳий мотивация беришда қийналаётгандир, яна билмадим.

- «Насаф»да Демьяненко йўлга қўйиб кетган ўйин услуби ҳамон амалда. «Бунёдкор»нинг ўзига яраша мактаби бор. Эҳтимол, Арвеладзе «Пахтакор»дан кетса ҳам, у шакллантирган услуб сақланиб қолар... Лекин «Навбаҳор»да ҳалигача Канчельскис услуби кўзга ташланмаяпти...

- Сиз айтаётган жамоаларда ўйин услуби масаласида муайян пойдевор бор. Айни шу фундамент ўйин ташкил қилишда ортиқча муаммо туғдирмайди. «Навбаҳор»нинг ҳалигача муайян ўйин услубига эга эмаслиги эса, аввалги мураббийлар қўнимсизлиги билан боғлиқ, менимча. Тўғри, Канчельскис 1,5 йилдан буён клубимизда ишламоқда, бироқ орада тўхталишлар юзага келганини унутмаслик керак. Назаримда, мураббийнинг ўз фалсафасини тўлиқ сингдириши учун кўпроқ вақт талаб этилади. Оддий мисол, Арвеладзе «Пахтакор»да бирданига натижа бердими? Йўқ. Шунга қарамай, клуб раҳбарияти унга ишонч билдиришда давом этди. Натижада «Пахтакор» 3 йилдан кейин Ўзбекистоннинг мутлақ биринчи рақамли жамоасига айланди.

- «Навбаҳор»га Канчельскис ёрдамчиси сифатида Нўъмон Ҳасанов таклиф қилинди. Бу мутахассис бош мураббий ролида ҳам катта тажриба тўплашга улгурган. «Навбаҳор» охирги 2та ўйинда айнан Ҳасанов бошқарувида майдонга тушди. Айтингчи, унинг ўйинга қаратилган тайёргарлик ғояларида Канчельскис услубига мослашаётган футболчиларни чалғитувчи ҳолатлар сезилмадими?

- Нўъмон Ҳасанов жамоанинг иш жараёнига жуда тез киришиб кетди. Жумладан, бош мураббий билан ҳам қувноқ муносабат ўрнатишга улгурди. Машғулотларда икки мураббийнинг ўзаро фикр алмашиб иш кўраётганига гувоҳ бўляпмиз. Хуллас, футболчиларни чалғитувчи ўзгача ғоя ёки қандайдир тушунмовчиликлар йўқ.

- Ҳасанов «Қўқон-1912»га қарши ўйиндан кейин жамоа футболчиларининг ўзаро муносабати яхши эмаслигини яширмади. Нима, айни дамда ички муҳитда муаммо борми?

- Кўз тегмасин, барчаси зўр. Бу борада хавотирга ўрин йўқ. Жамоамизда аҳил футболчилар оиласи жамланган. Фақат, айтганимдек, марказлаштирилган турларда иштирок этишга соппа-соғ бориб, Тошкентда вирус юқтириб олдик. Қайтараман, йигитларни иситма қийнаб қўйди. Бу хасталик ҳар кимга турлича таъсир қилар экан. Кимдадир югуришга ҳам мадор қолмади, яна баъзи йигитлар асабийлашишди... Хуллас, шу омиллар ортидан бироз тушунмовчилик юзага келгандир, лекин ҳозир ҳаммаси жойида.

- Тошкентдаги 4та ўйинда атиги 2 очко олинди ва мухлисларнинг бунга изоҳ кутишлари табиий...

- Албатта, Наманганда футболчиларга нисбатан талабчанлик юқори. Пойтахтдаги салбий натижалар билан мухлисларимизни ранжитиб қўйганимизни ҳис қилиб турибмиз. Назаримда, у ерда дастлабки ўйин  - «Сурхон»га қарши кечган баҳсда нохолис ҳакамлик қурбонига айланмаганимизда, балки кейингиларида ҳам натижа бошқача бўлармиди? Биласиз, ижобий натижа футболчилар руҳиятини кўтаради ва навбатдаги ўйинларга бевосита ижобий таъсир этади. Бизнинг эса бир вақтнинг ўзида вирус, нохолис ҳакамлик ҳамда рақибга қарши курашишимизга тўғри келди. Хуллас, бир қатор омиллар мазмунли ўйин кўрсатишимизга халақит берди. Насиб этса, энди иккинчи давра ўйинларида хато ва камчиликларни имкон қадар такрорламаслик ҳамда йўқотилган очколар ўрнини тўлдириш асносида вазиятни ўнглашга ҳаракат қиламиз.

- Жамоангиз «Пахтакор» билан баҳсда ҳисобда ортда бораётиб, якунда мувозанатни тиклади. Ке­йинги тургача бўлган вақт кучли рақибга қарши ўйин чарчоғи ва тушкунлик ўрасидан чиқиб олиш учун етарлими?

- Менимча, етарли. Бугун чиндан ҳам, анча кўп тер тўкдик. «Пахтакор»нинг кучи ва имкониятлари тўғрисида ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ. Учрашувда ҳисобда ортда бора туриб, якунда дуранг қайд этганимиз ўз кучимизга нисбатан ишонч ҳиссини ошириши керак. Асосийси, мағлубликни тан олмадик. Буёғига қисқа танаффусдан унумли фойдаланиб, камчиликлар устида жиддий иш олиб боришимиз талаб этилади.

- Вазиятга реал қарасак, «Навбаҳор»да Суперлига орқали ОЧЛга чиқиш имконияти жуда пасайди. Лекин олдинда иккинчи йўл бор - кубок турнири...

- Ҳа, «Пахтакор» Суперлигада барчадан анча илгарилаб кетди, лекин бу чемпионат тугаганини англатмайди. Зеро, футболда ҳар нарса бўлиши, ҳаммаси бирданига кескин ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас. Олдинда ҳали ўйинлар кўп ва албатта, имкон қадар юқорироқ ўринга кўтарилишни истаймиз. Кубок турнирига келсак, бу чиндан ҳам, яна бир имконият. Бинобарин, финал ўйини Наманганда ўтказилади. Қандай бўлмасин, бу имкониятдан оқилона фойдаланишимиз керак.

- Жамоадошингиз Забиҳилло Ўринбоев гарчи тўпурарлик маҳоратини намойиш этолмаётган бўлсада, унда ҳужумни ривожлантириш бўйича кенг имконият мавжуд, фақат олдинги чизиқда ёлғизланиб қолаётгандек...

- Тўғри, аксарият учрашувларда ягона ҳужумчи билан ўйнаяпмиз. Натижада Ўринбоев яккаланиб қолмоқда. Агар ёнига яна бир ҳужумчи қўшилса, Забиҳиллонинг яширин хислатлари юзага чиқармиди? Зеро, у кўп гол урмасада, яратувчанлик, олдинги чизиқда тўпни ўзида сақлаб туриш ва жамоадошларини қулай вазиятга олиб чиқиш хусусиятлари яхши ривожланган. Қисқаси, Ўринбоев фойдали ўйинчи, унинг имкониятларидан кўпроқ фойдаланиш керак.

- Миллий жамоага реал номзод ўйинчилардан бирисиз ва баъзан тиғиз жадвал асосида ишлашингизга тўғри келади. Айтингчи, икки фронтда ҳаракат қилиш толиқтирмаяптими?

- Терма жамоа - катта мактаб. Унинг йиғинида кимдандир нималарнидир ўрганасиз, изланасиз, рақобатлашасиз. Бир сўз билан айтганда, ўсишга эришасиз. Футболчи борки, ўз мамлакати бош жамоасида ўйнашга муносиблигини исботлашга уринади. Бу ўз-ўзидан қўшимча куч-иштиёқ бағишлайди. Миллий жамоа либосини кийиш орзуларингдан бир қисми ушалганини англатади. Шундай экан, бундай имкониятдан оқилона фойдаланиб, бор куч ва маҳоратингни намойиш этишинг шарт. Агар уддаласанг, бу бир катта натижа ҳисобланади. Қисқаси, шахсан мен ҳар гал терма йиғинидан куч-қувватга тўлган ҳолда қайтаман.

- 3 сентябрь куни миллий жамоа­миз билан ўртоқлик ўйини ўтказган Тожикистон термаси ҳам яхшигина ўсишга эришибди...

- Мутахассисларимиз кўп айтадиган иборани такрорлайман - футбол ҳеч қаерда тўхтаб тургани йўқ. Ҳеч қаерда! Тўғри, ер юзининг турли нуқталари ўсиш даражаси турлича. Мана, Тожикистон футболининг сезиларли ўсишга эришганини кўрдик. Умуман, ҳозир бирор рақибга паст назар билан қарайдиган давр эмас. Ахир ҳамма ўйнашни ўрганиб олган...

- Ўтган йили «Пахтакор»га ўтишингиз борасида можаро юзага келди. Ўзингиз эса матбуотда кўриниш беришни унча хоҳламадингиз. Мана, барчаси ортда қолди ва ўша масала ҳақида нимадир де­йиш вақти келгандир...

- Ўшанда қандай оғир вазиятга тушиб қолганимни ёлғиз Аллоҳ билади. Ишонинг, жуда қийин кунларни бошдан кечирдим. Футболчининг ҳаёти шундай экан - ўйнаб турсанггина кераксан. Бошқа пайт сен билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Шукрки, «Навбаҳор»даги икки-уч нафар қадрдон акаларим ҳолимдан хабар олиб туришди. Уларга ана шундай қийин кунларда ёлғизлатиб қўйишмагани учун раҳмат айтишим керак. Зеро, бошқа ҳеч ким ҳаттоки, ҳолимни сўраб қўйишга ҳам ярамади. Майли, бу ҳам бир синов эди, барчаси ортда қолди... Дисквалификация туфайли ўйинларку майли, жамоавий машғулотлардан ҳам узилиб қолдим. Гарчи спорт формасини ушлаб туриш учун якка тартибда шуғулланган бўлсамда, бу билан нимагадир эришиш даргумон. Шунинг учун яшил майдонга қайтгач, бошида бироз қийналдим, ўйиним қовушмади. Яхшики, буни тўғри тушунган мухлислар тезроқ ўзимга келиб олишим учун руҳан далда бериб туришди. Уларга ҳам катта раҳмат. Қолганларга эса Ўзи инсоф берсин.


Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди, "ИНтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz